Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Ҳайъат вазирликнинг юқори органи ҳисобланиб, ўз йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ваколатига кирадиган ва биргаликда муҳокама қилишни талаб қиладиган барча масалаларни кўриб чиқади. Ҳайъатнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида”ги 290-сонли қарори билан тасдиқланган Низом ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг коллегиал органи (ҳайъати) тўғрисида регламент”га асосан амалга оширилади.

Ҳайъатнинг асосий вазифалари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятидаги қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириш ва барқарор ривожлантиришга қаратилган ягона агротехника сиёсатини амалга ошириш, замонавий агротехнологияларни такомиллаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши тармоқларига жорий этиш, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига бозор принциплари ва механизмлари асосида хизмат кўрсатаётган тармоқлар, бўғинлар ва тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш, соҳада иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ирригация тизимларини ҳавзалар бўйича бошқариш принциплари асосида ер усти сув ресурсларининг давлат бошқарувини амалга ошириш, давлат сув хўжалиги тизимидан фойдаланилишини ва унинг замонавийлаштирилишини таъминлаш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича, шунингдек, вазирликнинг энг муҳим буйруқлари ва бошқа ҳужжатларини ҳамда вазирлик ваколатига кирадиган барча масалаларни муҳокама қилиш ва тегишли қарорлар қабул қилишдан иборат.

Ҳайъат аъзолари шахсий таркиби вазирнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири – вазирлик ҳайъати раиси, унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, вазирлик марказий аппарати тузилмасида ташкил этилган қишлоқ ва сув хўжалигининг етакчи соҳаларидаги муаммоларини ҳал этиш бўйича Кенгашлар раислари ҳамда вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирадиган унинг тузилмавий бўлимлари раҳбарлари – ҳайъат аъзолари ҳисобланади. Шунингдек, ҳайъат таркибига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан агросаноат комплекси тизимининг айрим бўлинмалари, вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ҳам киритилади.

Вазирлик ҳайъатининг иш режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг иш режаси ҳисобга олинган ҳолда ҳар ярим йилликка мўлжалланиб тузилади.

Ҳайъат раиси:

Мирзаев Зойир Тоирович

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири


Ҳайъат аъзолари:

Вахабов Аброл Джабарович

Вазирнинг агротехнологиялар масалалари бўйича биринчи ўринбосари


Файзиев Музаффар Юсупалиевич

Вазирнинг қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари


Хамраев Шавкат Рахимович

Вазир ўринбосари – Сув хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи


Тешаев Шухрат Журакулович

Вазир ўринбосари – Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори

Эргашев Собир Файзуллаевич

Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи – вазир ўринбосари


Эргашев Аваз Эргашевич

Пахтачиликни ривожлантириш кенгаши раиси


Зиядуллаев Зохид Файзуллаевич

Ғаллачиликни ривожлантириш кенгаши раиси


Вакант

Сабзавот-полиз экинлари, мева ва узумчиликни ривожлантириш ҳамда
уларни комплекс қайта ишлаш кенгаши раиси


Йўлдошев Равшан Жўраевич

Чорвачиликни ривожлантириш кенгаши раиси


Тошболтаев Муҳаммаджон Тожиалиевич

Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва кимёлаштириш кенгаши раиси


Ишанов Ҳакимжон Ҳамидович

Ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригацияни ривожлантириш ва ер унумдорлигини ошириш кенгаши раиси


Эсонбоев Шамсиддин Эсонбоевич

Тошкент давлат аграр университети доценти


Қишлоқ ва сув хўжалиги
вазирлигининг 2010 йил
24 июлдаги 6/6-сонли ҳайъат қарори билан тасдиқланган

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг

коллегиал органи (ҳайъати) тўғрисида

Р Е Г Л А М Е Н Т

I. Умумий қоидалар.

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг коллегиал органи (бундан кейин ҳайъат деб юритилади) доимий фаолият кўрсатувчи маслаҳат органи ҳисобланади.

2. Ҳайъат ўз ишини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида”ги 290-сонли қарори билан тасдиқланган Низом асосида амалга оширади.

3. Ҳайъат ўз фаолиятини амалдаги қонунчилик, бошқарувни марказлаштириш, коллегиаллик ва яккабошчиликни уйғунлаштиришга мувофиқ қонунийлик, назоратлилик ва Ўзбекистон Республикаси Президентига, Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериш принципи асосида амалга оширади.

II. Ҳайъатнинг асосий вазифалари

4. Ҳайъат Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятининг қуйидагилар билан боғлиқ муҳим масалаларини муҳокама қилади:

қишлоқ хўжалигини замонавийлаштириш ва барқарор ривожлантиришга қаратилган ягона агротехника сиёсатини амалга ошириш;

замонавий агротехнологияларни такомиллаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши тармоқларига жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига бозор принциплари ва механизмлари асосида хизмат кўрсатаётган тармоқлар, бўғинлар ва тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш;

аграр секторда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ижара муносабатларини, фермер хўжаликларини кенг ривожлантириш ишларини мувофиқлаштириш;

қишлоқ хўжалигини юритишни ва қишлоқ хўжалиги экинларини навлар бўйича жойлаштиришни такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқиш;

селекция, уруғчилик, наслчилик ишлари, ветеринария, ўсимликлар карантини соҳасида давлат сиёсатини олиб бориш ҳамда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш;

ирригация тизимларини ҳавзалар бўйича бошқариш принциплари асосида ер усти сув ресурсларининг давлат бошқарувини амалга;

давлат сув хўжалиги тизимидан фойдаланилишини ва унинг замонавийлаштирилишини таъминлаш;

илгаридан суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва янги ерларни ўзлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;

қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалигида инвестиция сиёсатини ишлаб чиқишда қатнашиш;

ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш;

ўрмон хўжалигидан фойдаланиш, уни қўриқлаш, ҳимоя қилиш ва ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш;

ўзига қарашли ташкилотлар ва корхоналарни илмий-техник ва ахборот билан таъминлаш, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва такомиллаштириш;

қишлоқ хўжалигида ўсимликларни кимёвий ва биологик ҳимоя қилиш, ўсимликлар касалликларининг олдини олиш ва қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига, бегона ўтларга ва чигирткага қарши курашиш бўйича ягона техника ва технология сиёсатини ўтказиш;

вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимлар учун кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, вазирлик марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ва унинг қошидаги ташкилотлар, вазирлик тасарруфидаги уюшма, бирлашма, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари, корхона ва ташкилотлар раҳбар ва ходимларининг уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш бўйича шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига тақдим этиладиган ва вазирлик амалга оширадиган қонун лойиҳалари;

вазирлик томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурлари, идоралараро режалар ва вазирликнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларини амалга ошириш.

5. Ҳайъат Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ваколатига кирадиган ва биргаликда муҳокама қилишни талаб қиладиган ҳар қандай масалани кўриб чиқишга ҳақли.

III. Ҳайъат таркиби

6. Ҳайъат аъзолари сони ва шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

7. Ҳайъат таркибига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, вазирлик марказий аппарати тузилмасида ташкил этилган пахтачиликни ривожлантириш, ғаллачиликни ривожлантириш, сабзавот-полиз экинлари, мева ва узумчиликни ривожлантириш ҳамда уларни комплекс қайта ишлаш, чорвачиликни ривожлантириш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ирригацияни ривожлантириш ва ерлар унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва кимёлаштириш муаммоларини ҳал этиш бўйича Кенгашлар раислари ҳамда вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирадиган тузилмавий бўлинмалари раҳбарлари киради. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси агросаноат комплекси тизимининг айрим бўлинмалари, вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ҳам киритилади.

Ҳайъат фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида унинг таркиби вақти-вақти билан қисман алмаштирилади.

Ҳайъат аъзоси эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ҳолатда (ҳайъат таркибига лавозими бўйича кирадиган аъзолар бундан мустасно) ҳайъат таркибига киритиладиган номзод бўйича таклифлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республиаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.

8. Ҳайъат раиси:

ҳайъат фаолиятини ташкил этади, унинг мажлисларини бошқаради, мажбурият ва топшириқларни унинг аъзолари ўртасида тақсимлайди, мажлислар режалари бажарилиши, ҳайъат қарорлари ижроси устидан умумий назорат қилади;

ҳайъатга кўриб чиқиш учун тақдим этилган масалаларни биргаликда муҳокама этиш ва ҳал этиш учун зарур шароитларни яратади;

ҳайъат фаолияти ва у қабул қилган қарорлар юзасидан шахсий жавобгар ҳисобланади;

зарурат туғилганда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ҳайъат мажлисларида қабул қилинган қарорлар ҳамда уларнинг ижроси юзасидан ахборот беради;

махфий масалалар, шунингдек, давлат сирига кирадиган маълумотларга тааллуқли масалаларни кўриб чиқиш учун ёпиқ мажлислар ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ҳайъат раиси бўлмаганда унинг вазифасини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг агротехнологиялар масалалари бўйича биринчи ўринбосари ёки бошқа ўринбосарларидан бири бажаради.

9. Ҳайъат аъзолари:

ҳайъат иши режалари лойиҳалари, кун тартиби ва унинг мажлисларини ўтказиш тартиби бўйича, ҳайъат мажлисларининг тасдиқланган режасига қўшимчалар ва ўзгартишлар тўғрисида таклифлар, эътирозлар ва тузатишлар киритиш, ҳайъатнинг навбатдан ташқари мажлисларини ўтказиш, кўриб чиқиладиган муаммоларга оид ҳужжатлар ва ҳайъат томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси тўғрисидаги материаллар билан танишиш, маъруза қилувчилар ва сўз чиқувчиларга саволлар бериш, муҳокама этиладиган масалалар мазмун-моҳияти бўйича ўз фикрини, қабул қилинадиган қарорлар лойиҳалари ва ҳайъат мажлиси протоколи бўйича эътироф ва таклифлар билдириш, зарурат туғилганда овоз беришда мажлис протоколига алоҳида фикр киритиш ёки протоколга алоҳида фикрнинг ёзма баёнини илова қилиш ҳуқуқига эга;

масалаларни муҳокама этиш ва овоз беришда тенг ҳуқуқларга эга;

ҳайъат мажлисларини ташкил этиш, кўриб чиқиладиган масалалар юзасидан материаллар тайёрлаш, ҳайъат қарорларини ижросини ташкил қилишда иштирок этади, уларнинг амалга оширилиши устидан назорат қилади, ҳайъат топшириқларини бажаради;

ҳайъат мажлисларида шахсан иштирок этишга мажбур ва ўз ваколатларини бошқа шахсларга беришга ҳаққи йўқ.

Аъзолар ҳайъат мажлисларидан ҳайъат раисининг ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг рухсати билан озод этилади. Бунда ҳайъат аъзоси муҳокама этиладиган масалалар бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақли.

IV. Ҳайъат фаолиятини ташкил этиш

1. Ҳайъат ишини режалаштириш

10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳайъатининг иш режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси иш режаси ҳисобга олинган ҳолда ҳар ярим йилга мўлжалланиб тузилади, ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилади ва унинг раиси томонидан тасдиқланади.

11. Ҳайъат ишлари вазирликда режалаштиришни ташкил этишнинг умумий принциплари ва талабларига мувофиқ режалаштирилади. Ҳайъат мажлисларини ўтказиш ҳар чоракда камида бир маротаба режалаштирилади ва ўтказилади. Ҳайъатнинг битта мажлисида камида битта асосий масала кўриб чиқилади.

Режада ҳайъат эътиборига кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган масалаларнинг аниқ ифодаси, уларни кўриб чиқиш муддати, масалаларни тайёрлашга масъул ҳайъат аъзолари, ҳайъат мажлисига қарорлар лойиҳалари ва бошқа материалларни ишлаб чиқадиган вазирлик мажмуалари раҳбарлари ўринбосарлари, бош бошқарма ва бошқарма ҳамда мустақил бўлимлари раҳбарлари (кейинги ўринда ижрочилар) кўрсатилади.

12. Ҳайъат мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар ҳайъат раиси ва унинг аъзолари, шунингдек, вазирликнинг 2005 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида ишни ташкил этиш ва юритиш билан боғлиқ меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 43-сонли буйруғи билан тасдиқланган Йўриқнома талаблари асосида вазирлик марказий аппаратининг мажмуа раҳбарлари ўринбосарлари, бош бошқарма ва бошқарма, мустақил бўлимлар раҳбарлари томонидан тақдим этилади.

13. Ҳайъатнинг навбатдаги ярим йил учун мажлислари режаси лойиҳаси бўйича таклифлар Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизматига тегишли йилнинг
1 декабрь ва 1 июнигача тақдим этилади. Режа лойиҳаси бўйича таклифлар қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим: масалалар таърифи ва уларни кўриб чиқиш учун таклиф этилаётган муддатлар, маърузачилар ва масалаларни тайёрлаш учун маъсул шахслар (комиссия ёки ишчи гуруҳи таркиби).

14. Ҳайъат мажлисларни бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўтказишга доир таклифлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири томонидан кўриб чиқилади ҳамда Ишлар бошқармаси томонидан мувофиқлаштирилади.

15. Ҳайъат мажлислари режасининг лойиҳасини тайёрлаш ва мувофиқлаштириш ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) зиммасига юкланади.

16. Ҳайъат масъул котиби тасдиқланган режани ҳайъат аъзоларига, режадан кўчирмаларни ижро этувчи бўлимларга тарқатади.

17. Ҳайъат мажлисларининг тасдиқланган режасига ҳайъат ёки унинг раисининг қарори билан тузатишлар киритилиши ҳамда зарурат туғилганда навбатдан ташқари мажлислар ўтказилиши мумкин.

2. Ҳайъат мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни тайёрлаш

18. Ҳайъат мажлисларида кўриб чиқиш учун масалаларни тайёрлаш муаммо мазмун-моҳиятини чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилишни, аввал қабул қилинган қарорлар ва уларни амалга ошириш тадбирлари самарадорлигини баҳолаш, камчиликлар, уларни юзага келтирадиган шароит ва сабабларни аниқлаш, ишлар аҳволини язшилашга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш, уларни амалга оширишдан кутилаётган натижаларни ўз ичига олади. Зарур ҳолларда вазирлик мажмуалари раҳбарлари ўринбосарлари, бош бошқарма ва бошқарма ҳамда мустақил бўлимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ва уларнинг қошидаги ташкилотлар, вазирлик тасарруфидаги уюшма, бирлашма, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари, корхона ва ташкилотларда кўриб чиқилаётган муаммо бўйича ишлар аҳволини олдиндан текшириш ташкил этилади.

19. Ижро этувчи бўлим ҳайъат мажлислари режасидан кўчирмани олгандан сўнг 10 кун муддатда ҳайъат мажлисини тайёрлаш бўйича тадбирлар режасини тузади, уни масалаларни тайёрлаш учун масъул шахсларда тасдиқлатади, нусхасини ушбу режани амалга оширишда иштирок этадиган барча мажмуалари раҳбарлари ўринбосарлари, бош бошқарма ва бошқарма ҳамда мустақил бўлимларига, шунингдек, Ахборот-таҳлил ваМатбуот хизматига юборади.

20. Ҳайъатга киритиладиган масалаларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш мақсадида бош бошқарма, бошқарма ва бўлимлар томонидан маълумотларни тайёрлаш ва тақдим қилиш қуйидаги тартибда белгиланади:

а) ҳужжатларни (маълумот, жадвал, қисқа маълумотлар ва ҳайъат қарори лойиҳалари) ни тайёрлаш учун аввалдан ишчи гуруҳи тузилади ҳамда зарурий ҳолатларда ҳақиқий аҳволни аниқлаш учун жойларга боришлари мумкин. Соҳага мутасадди вазир ўринбосари томонидан маълумот тайёрланишининг сифати баҳоланади. Ҳайъатда кўриб чиқиш учун сифатсиз тайёрланган масалалар кенгаш жараёнида кун тартибидан чиқарилади, бунда айбдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади;

б) ҳайъат кенгашига ўн беш кун қолганда ҳайъатнинг йиллик иш режасига киритилган масалалар бўйича маълумотлар, қарор лойиҳалари ва бошқа керакли ҳужжатлар тўлиқ тайёрланиб, сўнгра тегишли бошқармалар бошлиқлари ва вазир ўринбосарлари билан келишилган ҳолда имзоси олиниб, Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизматига умумлаштириш учун топширилиши шарт. Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизматига топшириладиган ҳайъат қарори лойиҳалари уч қисмдан иборат бўлиши шарт:

- биринчи қисми изоҳ (преамбула) дан иборат бўлиб, бу қисмида ҳайъат қарори лойиҳасини тайёрлашдан мақсад ва муҳокама этилаётган масаланинг қисқача таҳлили аниқ кўрсатилиши лозим;

- иккинчи қисми (асосий қисм) да ижро муддати кўрсатилган топшириқлар ва уни бажарувчи ижрочилар аниқ қилиб белгилаб қўйилиши, агарда ҳайъат қарори орқали бирор бир ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланиладиган бўлса, унинг сабаблари, таҳлиллари ва далиллари тўлиқ кўрсатилиши лозим;

- учинчи қисм (якунловчи қисм) да ҳайъат қарорининг ижросини назорат қилиш албатта битта ходимга юклатилиши лозим.

в) зарурат туғилганда – ҳужжатлар лойиҳалари бўйича мавжуд келишмовчиликлар тўғрисида лойиҳаларни тайёрлаш ва мувофиқлаштириш давомида келиб тушган фикр ва таклифларни амалга оширишни рад этиш асосланган маълумотнома;

г) ҳайъатга таклиф этилганлар рўйхати;

д) ҳайъат мажлисида сўзга чиқувчилар рўйхати;

е) ҳайъат раиси кўрсатмаси бўйича бошқа ҳужжатлар.

21. Маълумотнома кўриб чиқиладиган масала моҳиятининг қисқача ва объектив баёнини, ушбу йўналишдаги ишлардаги мавжуд камчиликлар ва уларнинг сабаблари, муаммолар ва уларни ҳал этиш услубларини ўз ичига олиши керак.

Фаолиятни такомиллаштириш бўйича таклиф этиладиган чора-тадбирлар, одатда, комплекс хусусиятга эга бўлиши даркор.

22. Ҳайъат қарор ва уни эълон қилувчи буйруқ лойиҳалари белгиланган тартибда мувофиқлаштирилади.

Мажлисларни чақирмасдан ҳайъат аъзолари ўртасида сўров ўтказиш орқали қабул қилинадиган ҳужжатлар лойиҳалари ҳайъатнинг барча аъзолари томонидан келишилади ва имзоланади.

23. Барча материаллар ижро этувчи бўлим раҳбари, масалаларни тайёрлаш учун масъул шахс ва вазирликнинг тегишли фаолият йўналишига раҳбарлик қиладиган ўринбосари томонидан ўзаро келишилади ва имзоланади.

Бундан ташқари, ҳайъат қарори ва уни эълон қилувчи буйруқ лойиҳалари, вазирлик таркибий бўлимларининг уларни тайёрлашда иштирок этган ва манфаатдор бўлган раҳбарлари ҳамда муҳаррир томонидан имзоланади.

24. Белгиланган тартибда келишилган материаллар уларни тайёрлаш режасида кўрсатилган муддатларга мувофиқ, масала кўриб чиқилиши режалаштирилган ойнинг 5 кунидан кечитирилмасдан ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) га тақдим этилади.

25. Қўйиладиган талаблар бузилган ҳолда тайёрланган ёки тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган материалларни ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) қабул қилмайди. Олинган материаллар ижро этувчи бўлимларга камчиликларни бартараф этиш мақсадида қайта ишлаш учун қайтариб берилиши мумкин ва бу ҳақида масалаларни тайёрлаш учун масъул шахсларга ҳамда вазирнинг тегишли ўринбосарига маълум қилинади.

26. Ҳайъат материаллари айрим сабабларга кўра кўрсатилган муддатда тақдим этилмаган ёки масалани тайёрлаш учун масъул шахснинг фикрига кўра уни кўриб чиқиш зарурати бекор қилинган ҳолларда, бу ҳақда ҳайъат раисига ёзма равишда маълум қилинади.

27. Етарлича ишлаб чиқилмаган масалалар ҳайъат раиси ёки ҳайъат қарори билан муҳокама қилинмайди, материаллар ижро этувчига қайта ишлаш учун қайтарилади.

28. Ижро этувчи бўлимлар раҳбарлари ва масалани тайёрлаш учун масъул шахслар ҳайъат мажлисларига материаллар лойиҳаларини ишлаб чиқиш сифати ва уларни ўз вақтида тақдим этиш ҳамда улардаги маълумотлар аниқлиги учун жавобгар ҳисобланади.

29. Ҳайъат мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларни ўрганиш, ҳайъат қарорлари лойиҳалари ва бошқа материалларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлаш, шунингдек, қабул қилинган қарорлар ижросини текшириш учун вақтинчалик комиссиялар ва ишчи гуруҳлари ташкил этилиши мумкин. Уларнинг фаолияти натижалари ҳақида ҳайъатга маълум қилинади. Комиссиялар ва ишчи гуруҳларининг алоҳида фикрга эга аъзолари ўз фикрларини ҳайъат аъзолари ёки унинг раиси эътиборига ҳавола этиш ҳуқуқига эга.

3. Ҳайъат мажлисларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби

30. Ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) ҳайъат иши режасига мувофиқ тайёрланган материаллар мавжуд бўлганда кун тартиби ва ҳайъат йиғилишини олиб бориш тартиби лойиҳасини ишлаб чиқади, мажлис қатнашчилари ва улар ичидан сўзга чиқувчилар рўйхатини тузади, уни тегишли вазир ўринбосарлари билан келишади.

31. Ҳайъат мажлиси кун тартиби, жумладан, уни ўтказиш вақти ва жойи раиси томонидан белгиланади.

32. Ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) навбатдаги мажлис учун материалларни олгандан сўнг уларни кўпайтиради ва ҳайъат аъзоларига, шунингдек, вазирликнинг манфаатдор таркибий бўлимларига тарқатади. Материаллар бошқаларга ҳайъат раиси билан келишилган ҳолда юборилади.

33. Ҳайъат мажлисига вазирлик мажмуалари раҳбарлари ўринбосарлари, бош бошқарма ва бошқарма ҳамда мустақил бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ва унинг қошидаги ташкилотлар, вазирлик тасарруфидаги уюшма, бирлашма, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, илмий ходимлар ва мутахассислар таклиф этилиши мумкин. Уларнинг ҳайъат мажлисларида иштироки ҳақидаги масала ҳар бир конкрет ҳолатда ҳал этилади.

34. Ҳайъат мажлисига таклиф этиладиган вазирлик мажмуалари раҳбарлари ўринбосарлари, бош бошқарма ва бошқарма ҳамда мустақил бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ва унинг қошидаги ташкилотлар, вазирлик тасарруфидаги уюшма, бирлашма, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мансабдор шахслари, жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини ҳайъат раиси ёки унинг топшириғига биноан ҳайъат йиғилишига масалана тайёрлаган ижрочи ҳамда вазирликнинг Назорат инспекцияси ва девонхонаси хабардор қилади.

35. Ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) вазирликнинг ҳайъат мажлисларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда иштирок этадиган техник, хўжалик ва бошқа бўлимлари (Хизмат кўрсатиш бўлими) ни хабардор қилади, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилади, улар томонидан ўтказиладиган тадбирларни мувофиқлаштиради ва назорат қилади.

36. Ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) Назорат инспекцияси ва девонхона билан ҳамкорликда мажлислардан олдин иштирокчиларни рўйхатга олишни ташкил қилади ҳамда рўйхатга олиш якунлангач, ҳайъат ҳайъат раиси (раислик қилувчи) га ҳайъат аъзолари ҳамда таклиф этилган шахсларнинг ҳозир бўлгани ҳақида маълум қилади.

37. Ҳайъат мажлисига таклиф этилган шахслар ўзларига тааллуқли масалаларни муҳокама қилишда иштирок этади. Раиснинг (раислик қилувчи) рухсати билан улар музокараларда сўзга чиқиши, фикр ва таклифлар билдириши, муҳокама этиладиган масалалар ва тайёрланган ҳужжатлар лойиҳалари моҳияти юзасидан маълумотномалар тақдим этиши мумкин.

38. Ҳайъат раиси (раислик қилувчи) мажлисни очади ва ёпади, ҳайъат аъзоларига мажлисга таклиф қилинган шахслар ҳақида ахборот беради, муҳокамасини ташкил этади (маъруза қилиш учун сўз беради, регламентга риоя қилишни кузатади, тайёрланган ҳужжатлар лойиҳалари, кўриб чиқиладиган масалалар бўйича таклифларни овозга қўяди ва овоз бериш натижаларини эълон қилади), расмий талаблар, маълумотномалар, аризалар ва таклифларни эълон қилади.

39. Ҳайъат мажлиси куни тартиби ва уни ўтказиш тартибини аниқлаш ҳамда тасдиқлаш билан бошланади.

40. Маърузалар учун вақт, одатда, 20–30 дақиқа, музокараларда сўзга чиқиш учун 5–7 дақиқа, маълумотлар ва маълумотномалар учун 3 дақиқа қилиб белгиланади. Зарур ҳолларда раис (раислик қилувчи) маърузалар учун вақтни ўзгартириши мумкин.

41. Ҳайъат мажлисида масалалар муҳокамаси чоғида ҳужжатлар лойиҳалари бўйича тушган принципиал фикрлар ва таклифлар кўриб чиқилиши даркор. Муҳокама натижалари раислик қилувчининг кўрсатмасига биноан мажлис протоколида акс эттирилади.

42. Ҳайъат мажлисларида овозларни ёзиб олиш ёки стенограммасини ёзиб олиш, кино, видео ва фото суратга олиш раиси (раислик қилувчи) билан келишган ҳолда ёки ҳайъат қарорига биноан амалга оширилади.

43. Овозларни ёзиб олиш, стенограммани юритиш, кино, видео ва фото суратга олишни ташкил қилиш вазирликнинг тегишли бўлимлари куч ва воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

44. Маърузалар ва чиқишлар матнлари мажлис тугагач, умумлаштириш учун ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) га топширилади.

4. Ҳайъат қарорларини қабул қилиш тартиби

45. Ҳайъат мажлиси унда аъзоларнинг ярмидан кўпи қатнашганда қонуний ҳисобланади.

46. Муҳокама қилинадиган ҳар бир масала юзасидан мажлисда қатнашадиган ҳайъат аъзоларининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилинади.

47. Давлат бошқаруви органи раҳбари ва ҳайъат ўртасида келишмовчилик юзага келган ҳолатда давлат бошқаруви органи раҳбари ўз қарорини амалга оширади ва юзага келган келишмовчилик хусусида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилади.

48. Ҳайъат қарори ҳайъат раиси ёки унинг вазифасини бажарувич шахс (раислик қилувчи) томонидан имзоланади ва давлат бошқаруви органи раҳбари буйруғи билан эълон қилинади.

49. Ҳайъатнинг ташкилий, процедура ва назорат масалалари бўйича қарорлари мажлис протоколига киритилади (буйруқа биноан эълон қилинмасдан). Улардаги кўрсатмалар (топшириқлар) белгиланган тартибда ижро этилиши шарт.

50. Айрим ҳолатларда ҳайъатнинг кечиктириб бўлмайдиган масалалар бўйича қарорлари сўров ўтказиш тартибида қабул қилиниши мумкин.

51. Давлат бошқаруви органи ҳайъати ва бошқа ҳайъат органларининг қўшма мажлисларида қабул қилинган қарорлар қўшма буйруқлар асосида эълон қилинади.

Ҳайъатнинг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ва идоралараро хусусиятга эга қарорлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида белгиланган тартибда давлат рўйхатига олиниши даркор.

52. Ҳайъат томонидан кўриб чиқилган ва маъқулланган ҳужжатлар лойиҳалари (низомлар, йўриқномалар, режалар ва бошқа ҳужжатлар) белгиланган тартибда тасдиқланади ва амалга жорий қилинади.

5. Ҳайъат мажлисларини ҳужжат асосида расмийлаштириш тартиби

53. Ҳайъат мажлиси якуни бўйича қисқача протокол тузилади. Протоколда унинг тартиб рақами, мажлис ўтказилган жой, раислик қилувчи, ҳайъатнинг иштирок этган аъзолари, таклиф этилганлар фамилияси ва лавозими, кўриб чиқилган масалалар, маърузачилар ва сўзга чиққан фамилияси, ташкилий-фармойиш хусусиятига эга қарорлар ёки аниқ топшириқлар кўрсатилади. Протоколга киритилган топшириқлар мансабдор шахслар (ижро этувчи бўлимлар) ва бажариш муддатлари кўрсатилган ҳолда, қисқача шаклда баён қилиниши лозим.

54. Протоколларни расмийлаштириш ва мувофиқлаштириш ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) зиммасига юкланади.

Протоколлар ҳайъат раиси томонидан имзоланади ва зарурат туғилганда, вазирнинг бошқа ўринбосарлари, ҳайъатнинг бошқа аъзолари, вазирликнинг манфаатдор таркибий тузилмалари раҳбарлари билан ўзаро келишилади.

Протоколлар биринчи навбатда кўриб чиқилади ва мувофиқлаштирилади. Протоколларни тайёрлашга вазирликнинг манфаатдор бўлимлари жалб қилиниши мумкин.

55. Протоколлар ҳайъат раиси (раислик қилувчи) томонидан имзоланади ва унинг масъул котиби томонидан тасдиқланади.

56. Протоколларга иштирокчиларнинг ёзма маърузалари ва чиқишлари, бошқа ҳужжатлар, раис (раислик қилувчи) кўрсатмаси ёки ҳайъат қарорига биноан мажлислар стенограммалари илова қилинади.

57. Протоколлардан кўчирмалар вазирликнинг манфаатдор бўлимлари, унинг ҳудудий органлари ва муассасалари раҳбарларига тарқатилади.

Протоколлардан кўчирмалар ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) томонидан тасдиқланади.

6. Ҳайъат қарорлари ва бошқа ҳужжатларини қайта ишлаш тартиби

58. Қарорлар, уларни эълон қиладиган ҳужжатлар лойиҳалари, ҳайъат мажлисида кўриб чиқилган бошқа ҳужжатларни бевосита қайта ишлаш, уларни ўзаро мувофиқлаштириш ижро этувчи бўлим зиммасига юкланади. Ҳужжатларни қайта ишлаш муддати, одатда, агар алоҳида белгиланган бўлмаса, 10 кундан ошмаслиги даркор.

Ҳужжатлар лойиҳалари, агарда уларни қайта ишлаш жараёнида жиддий ўзгартишлар киритилган бўлса, такроран имзоланиши лозим.

Белгиланган тартибга қўшимча равишда қайта ишланган ҳужжатлар ҳайъат мажлисида билдирилган фикр ва таклифлари кўриб чиқилган аъзолар томонидан мувофиқлаштирилади ва имзоланади.

59. Ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) ҳужжатлар лойиҳаларини қайта ишлаш, уларни мувофиқлаштиришда иштирок этади, билдирилган фикр ва таклифларнинг тўлиқ амалга оширилишини назорат қилади.

60. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири (ҳайъат раиси) га имзо қўйиш учун тайёрланган қарорлар протокол билан биргаликда ҳайъат масъул котиби (Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи) томонидан белгиланган тартибда тақдим этилади.

7. Ҳайъат қарорлари ижросини назорат қилиш

61. Ҳайъат мажлисларида қабул қилинган қарорлар вазирликнинг 2005 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида ишни ташкил этиш ва юритиш билан боғлиқ меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 43-сонли буйруғи билан тасдиқланган Йўриқнома талаблари асосида вазирликнинг Назорат инспекцияси ва девонхонаси томонидан 3-б назорат варақаси очилади ва белгиланган тартибда назоратга олинади.

62. Ҳайъат мажлисларида қабул қилинган қарорлар ижросини ташкил этиш вазирлик марказий аппаратининг мажмуа раҳбарлари ўринбосарлари, бош бошқарма ва бошқарма, мустақил бўлимлар раҳбарларига, унинг ижросини назорат қилиш эса тегишли вазир ўринбосарлари томонидан амалга оширилади.

63. Ҳайъат ўз мажлисларида қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилиши ҳақидаги масалаларни мунтазам кўриб чиқади, уларнинг бажарилишини назорат қилишга масъул шахслар, вазирлик мажмуалари раҳбарлари ўринбосарлари, бош бошқарма ва бошқарма ҳамда мустақил бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ва унинг қошидаги ташкилотлар, вазирлик тасарруфидаги уюшма, бирлашма, олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг бажарилган ишлар натижалари хусусидаги ҳисоботларини тинглайди. Мунтазам ўз фаолиятини сарҳисоб қилади, ҳайъат қарорларини тайёрлаш ва амалга оширишда унинг аъзолари ишлари натижаларини кўриб чиқади.

8. Ҳайъат масъул котиби

64. Ҳайъат масъул котиби вазирлик марказий аппарати ходимлари орасидан ҳайъат қарорига биноан танланади.

65. Ҳайъат масъул котиби:

вазирлик ҳайъатининг мажлисларини тайёрлаш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни амалга оширади;

вазирлик мажмуалари раҳбарлари ўринбосарлари, бош бошқарма ва бошқарма ҳамда мустақил бўлимлари таклифлари асосида вазирлик ҳайъати иш режасини ишлаб чиқади, лойиҳаларни тегишли вазир ўринбосарлари ва ҳайъат аъзолари билан келишилгандан сўнг ҳайъат муҳокамасига киритади;

марказий аппарат бўлимлари раҳбарларининг ҳайъатга материалларни тақдим этиши устидан назоратни таъминлайди;

Ишлар бошқармаси бошлиғининг розилиги билан қониқарсиз тайёрланган ҳужжатларни қайта ишлаш учун қайтаради;

ҳайъат материалларини ўз вақтида кўпайтириш ва уларни Ишлар бошқармаси бошлиғининг кўрсатмасига биноан ҳайъат аъзолари ҳамда бошқа шахсларга тарқатилишини таъминлайди;

ҳайъат ўтказилишини ташкил қилишни таъминлайди (зални тайёрлаш, мажлис қатнашчиларини рўйхатга олиш, протокол юритиш, ҳайъат мажлислари аудио ёзуви ва стенгораммаси);

ҳайъат мажлислари протоколларини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири (ҳайъат раиси)га имзога тайёрлайди;

ҳайъат қарорлари ва у қабул қилган ҳужжатларни қатнашчилар муҳокама қилинган масалалар юзасидан билдирган фикр ва таклифлари ҳисобга олинган ҳолда, ушбу ҳужжатларни тақдим этган мансабдор шахслар томонидан қайта ишланишини таъминлайди;

тайёрланган ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири (ҳайъат раиси) га маъруза қилиш ва имзо қўйиши учун тақдим этилишини таъминлайди;

ҳайъат раиси томонидан имзоланган ҳужжатлардан ўз вақтида нусха кўчириш, уларни вазирликнинг мансабдор шахслари, ҳудудий органлари ва муассасаларига ижро этиш учун юборишни ташкил қилади.

Регламент
Hajmi: 38.40 КБ
Format: docx

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири
томонидан 2016 йил 8 январда тасдиқланган

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг

ҳозир бўлиши тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, ахборотдан фойдаланувчиларнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунининг 7-моддасига асосан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчи ҳисобланади.

2. Мазкур Низом талаблари вазирлик томонидан очиқ ҳайъат мажлисида иштирок этиш учун таклиф этилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

3. Вазирликнинг ҳайъат мажлислари очиқ тарзда ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

4. Вазирликнинг очиқ ҳайъат мажлисларини ташкил этиш ҳамда унда ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратишга Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати бошлиғи – ҳайъат масъул котиби мутасадди ҳисобланади.

5. Вазирликнинг очиқ ҳайъат мажлислари кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақти вазир томонидан тасдиқланади.

6. Вазирликнинг расмий веб-сайти ҳамда ахборот стендида очиқ ҳайъат мажлисларининг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт ҳамда бошқа зарур ахборотлар мажлис ўтказилишидан камида уч кун олдин жойлаштирилиши шарт.

II боб. Ахборотдан фойдаланувчиларининг очиқ ҳайъат мажлисларида қатнашишини ташкил қилиш

7. Ахборотдан фойдаланувчи очиқ ҳайъат мажлисларида қатнашиш учун вазирликка сўров билан мурожаат қилади. Сўров Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилади.

Ахборотдан фойдаланувчининг идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўровлар аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

8. Ахборотдан фойдаланувчи очиқ ҳайъат мажлисида қатнашиш учун вазирликка сўров билан мурожаат қилган тақдирда, ушбу сўров шу куниёқ махсус журналда рўйхатга олинади ва зудлик билан кўриб чиқилади. Мазкур журнал ҳайъат масъул котиби томонидан юритилади.

9. Сўровга асосан ҳайъат масъул котиби ахборотдан фойдаланувчини очиқ ҳайъат мажлисида иштирок этувчилар рўйхатига киритади ҳамда бу ҳақда уни хабардор қилади. Очиқ ҳайъат мажлисининг ўтказилиш санаси, вақти ёки жойи ўзгарган тақдирда, бу ҳақда ахборотдан фойдаланувчиларга маълум қилинади.

10. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлисига шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида киритилади.

11. Ахборотдан фойдаланувчи очиқ ҳайъат мажлисига келмаган тақдирда, ҳайъат масъул котиби томонидан бу ҳақда махсус журналга ёзиб қўйилади.

12. Очиқ ҳайъат мажлиси ўтказилиши режалаштирилган залнинг ташкилий-техник имкониятлари ҳамда ахборотдан фойдаланувчилар сонидан келиб чиқиб, улар учун жой тайёрланади. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлиси ўтказиладиган залга махсус журналдаги қайд этиш кетма-кетлиги асосида жойлаштирилади.

Ахборотдан фойдаланувчилар сонининг кўплиги сабабли, уларни очиқ ҳайъат мажлиси ўтказилаётган залга жойлаштириш имкони бўлмаган тақдирда, улар очиқ ҳайъат мажлисининг боришини видео тасвир орқали монеликсиз кузатиб боришлари мумкин бўлган хонага жойлаштирилиши мумкин.

13. Очиқ ҳайъат мажлисида иштирок этиш истагини билдирган ахборотдан фойдаланувчиларни рўйхатга олиш мажлис ўтказилиши режалаштирилган кунга бир иш куни қолганда тўхтатилади.

14. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлиси бошлангунга қадар белгиланган жойга етиб келиши, рўйхатдан ўтиши ва белгиланган жойга ўтириши лозим. Ахборотдан фойдаланувчилар раислик қилувчи томонидан мажлис бошланганлиги эълон қилингандан сўнг келган тақдирда, кечикиб келган ҳисобланади ва ҳайъат мажлисига киритилмайди.

15. Ахборотдан фойдаланувчилар очиқ ҳайъат мажлисининг тасдиқланган регламентида белгиланган тартибда мажлисда ҳайъат аъзоларига саволлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

16. Ахборотдан фойдаланувчи томонидан ҳайъат мажлислари давомида ҳайъат мажлиси муҳокамасига тааллуқли бўлмаган ва ушбу мажлисда муҳокама қилинмаган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилган ёки саволлар билан мурожаат этилган тақдирда, унга мазкур масала бўйича ахборот олиш тартиби тушунтирилади.

17. Ахборотдан фойдаланувчи ҳайъат мажлиси ўтказилаётган вақтда тартибни бузмаслиги шарт. Ахборотдан фойдаланувчи мажлис ўтказилаётган вақтда тартибни бузган тақдирда, раислик қилувчи томонидан огоҳлантирилади.

Ахборотдан фойдаланувчи тартибни такроран бузган тақдирда, у раислик қилувчи томонидан мажлис ўтказилаётган залдан чиқариб юборилади. Мазкур ҳолат юзасидан ҳайъат масъул котиби далолатнома тузади ва далолатнома раислик қилувчи томонидан имзоланади.

18. Ахборотдан фойдаланувчиларга очиқ ҳайъат мажлисини фотосуратга, видео тасвирга олишга, овоз ёзиш воситаларидан фойдаланишга рухсат берилмайди.

19. Ҳайъат мажлиси баённомасида очиқ ҳайъат мажлисларида қатнашган ахборотдан фойдаланувчиларнинг иштироки ҳақида тегишли маълумотлар кўрсатилиши лозим.

III боб. Якуний қоида

20. Ахборотдан фойдаланувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг очиқ ҳайъат мажлисларида ҳозир бўлиши билан боғлиқ барча тартиб-қоидалари Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ тартибга солинади.



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech