Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги

Ёш олимлар кенгаши тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 
25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3982-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги 571-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тўғрисида низомга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) ҳузуридаги 
Ёш олимлар кенгашининг (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқлари, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Кенгаш вазирлик ҳузурида доимий фаолият юритувчи коллегиал маслаҳат органи бўлиб, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ёш олим 
ва тадқиқотчиларнинг илмий-инновацион фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг салоҳиятини самарали рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, бу борада ташкилий, илмий ва техник муаммоларни ҳал қилишнинг янги имкониятларини аниқлаш, шунингдек, олим ва тадқиқотчиларнинг касбий фаолияти соҳасидаги манфаатларини ифода этиш ва муҳим ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш мақсадида ташкил этилади.

2. Кенгаш жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади.

3. Кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, вазирлик буйруқлари ва қарорлари, шунингдек, мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

4. Кенгашнинг тўлиқ номи:

ўзбек тилида: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ёш олимлар кенгаши;

рус тилида: Совет молодых ученых при Министерстве сельского хозяйства Республики Узбекистан;

инглиз тилида: Young Scientists Association of the Ministry of Agriculture of the Republic of Uzbekistan.

5. Кенгашнинг жойлашган жойи (почта манзили): 100140, Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уй.

2-боб. Кенгашнинг асосий вазифалари ва ҳуқуқлари

6. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

қишлоқ хўжалигида инновацион, смарт, био ва нано технологияларни қўллаш ва жорий этиш борасида илмий-тадқиқот, тажриба-синов, 
лойиҳа-конструкторлик ишларида ёш олим ва тадқиқотчиларнинг 
фаол иштирокини таъминлаш;

ички истеъмол ва ташқи бозордаги конъюнктурани таҳлил ва башорат қилган ҳолда халқаро стандартларга жавоб берадиган сифат ва таъм кўрсаткичлари юқори, экологик тоза, таннархи арзон, рақобатбардош қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари селекцияси ва уруғчилигининг замонавий тизими, етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш агротехнологиялари борасида илмий-инновацион таклифлар тайёрлаш, уларни амалга оширишда иштирок этиш;

хорижий давлатлар етакчи илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ҳамда ёш олимлар ва тадқиқотчилар стажировкаларини тизимли йўлга қўйиш асосида маҳаллий илмий-тадқиқот муассасаларининг лаборатория, тажриба-синов базасини янгилаш ва модернизация қилиш юзасидан таклифлар тайёрлаш, уларни амалга оширишда иштирок этиш;

қишлоқ хўжалигида мавжуд тизимли муаммолар, яқин истиқбол 
ва келажакда амалга ошириладиган долзарб вазифалар асосида халқаро ташкилотлар ва молиявий муассасалар, хорижий давлатлар ҳамда давлат бюджетидан ажратиладиган грантлар асосида ҳамкор хорижий ва маҳаллий илмий марказлар билан биргаликда мегалойиҳаларни шакллантириш 
ва амалга оширишда фаол иштирок этиш;

ёш олим ва тадқиқотчиларни мамлакат илм-фани учун долзарб, иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини 2020-2030 йилларда ривожлантириш стратегиясида белгилаб берилган устувор йўналишлар ва вазифалар амалга оширилишига кўмаклашувчи фундаментал, амалий ва инновацион йўналишлардаги илмий фаолиятга жалб килиш;

ёш олимлар фаолияти орқали фанларнинг устувор йўналишлари бўйича илмий тадқиқотлар ташкил қилиш ва олиб боришда иштирок этиш ҳамда “Устоз-шогирд” тизимини мустаҳкамлаш;

илмий тадқиқот муассасалари, кадрлар истеъмолчилари бўлган корхона, ташкилот ва бошқа муассасалар билан ёш олимларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини кучайтириш, илмий анжуманлар, семинарлар ўтказиш, тажриба алмашиш борасида биргаликдаги фаолиятни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;

ёш олимларнинг илмий-тадқиқот ишлари натижаларини таҳлил қилиш, умумлаштириш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

инновацион, стартап тадқиқот лойиҳаларини ўтказишга ҳамда 
илмий-инновацион технопаркда ташкил этиладиган лойиҳаларда амалий ёрдам кўрсатиш;

ёш олимларнинг фаолиятини қўллаб-қувватловчи грант лойиҳалари тўғрисида маълумотлар умумлаштириш ва уларни тарқатиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ва чоп этиш фаолиятини амалга ошириш.

7. Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

вазирлик тизимидаги ташкилот, корхона ва муассасалардан Кенгаш фаолиятига оид маълумотларни олиш;

ёш олимларни фундаментал, амалий ва инновацион тадкиқотларда иштирок этишга тавсия этиш;

ёш олим ва тадқиқотчиларнинг илмий-тадқиқот ишларини давлат грантлари, халқаро ва хорижий грант лойиҳалари ҳамда бошқа танловларда иштирок этиш учун тавсия этиш;

ёш олимлар илмий ишларини муҳокама килиш ва нашрга тавсия этиш;

ёш олимларни хорижий марказлар ва муассасаларда стажировка ўташга тавсия этиш.

8. Кенгаш қуйидаги мажбуриятларга эга:

ёш олимлар илмий-тадқиқот ишларини ташкил қилиш 
ва режалаштиришда кўмаклашиш, уларга илмий тадқиқотни муваффақиятли амалга оширишлари учун тегишли шароит яратишда ёрдам кўрсатиш, уларнинг манфаатларини ваколат доирасида ҳимоя қилиш;

ёш олимларнинг илмий-тадқиқот фаолиятидаги муаммолар тўғрисида вазирликка ўз вақтида хабар бериш ҳамда ушбу муаммонинг ечими тўғрисида раҳбариятга таклифлар киритиш;

ёш олимлар томонидан амалга оширилган илмий тадқиқот ишлари натижаларини амалиётга жорий этиш бўйича уларга кўмаклашиш 
ва бу борада таклифлар ишлаб чиқиш.

3-боб. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш

9. Кенгаш 11-15 нафар аъзодан иборат таркибда вазирлик буйруғи билан ташкил этилади.

10. Кенгаш таркиби вазирлик марказий аппарати, тизимидаги ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар, шу жумладан олий таълим 
ва илмий-тадқиқот муассасаларида фаолият юритаётган 40 ёшгача бўлган 
фан докторлари, 35 ёшгача бўлган фалсафа докторлари (фан номзодлари), докторантлар, илмий тадқиқотчилар, магистрантлар ва иқтидорли талабалардан шакллантирилади.

11. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.

12. Кенгаш фаолиятини учун зарур меҳнат шароитлари, хоналар, ахборот технологиялари воситалари, тегишли жиҳозлар ва иш қуроллари билан таъминлаш Ишчи орган томонидан амалга оширилади.

13. Кенгаш йиғилишлари ойида камида бир марта ўтказилади.

14. Кенгаш қарорлари мажлисда катнашганлар томонидан очиқ овоз бериш оркали оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Кенгашнинг 
ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўз фикр-мулоҳазасиии ёзма равишда баён қилиш ҳуқуқига эга.

Овоз бериш кенгаш аъзоларининг иштироки 2/3 қисмидан кам бўлмаган ҳолда ҳақиқий ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган такдирда 
Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

14. Кенгаш раиси Кенгаш аъзолари томонидан сайланади ва вазирлик буйруғи билан тасдиқланади.

16. Кенгаш раиси Кенгашнинг расмий вакили ҳисобланади, ўзининг ваколати доирасида кенгашнинг барча ишларини ташкил этади 
ва бошқаради, кенгашнинг бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқасини амалга оширади, кенгаш фаолиятига тааллуқли ҳужжатларни имзолайди.

17. Кенгаш раисининг вазифалари:

кенгаш йиғилишларини ўтказилиш вақти ва кун тартиби тўғрисида қарор қабул қилади;

кенгаш номидан ёш олимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;

бир йилда камида бир маротаба қилинган ишлар юзасидан кенгаш йиғилишида ҳисобот беради.

18. Кенгаш раиси хизмат сафари, бетоблиги, таътилдалиги вақтида унинг вазифасини кенгаш аъзоларидан бири бажаради.

19. Кенгашнинг ишини олиб бориш ва ҳужжатларни расмийлаштириш қуйидагича тартибда амалга оширилади:

Кенгаш ўз ишини кенгаш йиғилишида қабул қилинган ва кенгаш раиси томонидан тасдиқланган йиллик режага биноан амалга оширади;

Кенгашнинг мажлислари ва бошқа тадбирлари кенгаш раиси ва котиби томонидан имзоланган баённома билан расмийлаштирилади;

Кенгаш ҳужжатлари расмийлаштирилиши ва сақланаши Кенгаш котиби томонидан амалга оширилади;

қабул қилинган қарорлар бажарилишининг назорати Кенгаш раиси томонидан амалга оширилади.

4-боб. Кенгаш аъзоларининг мақоми

20. Кенгаш аъзолари тенг ҳуқуқ ва мажбуриятга эгадир.

21. Кенгаш аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

кенгаш йиғилишларида иштирок этиш;

кенгаш фаолиятига оид асосланган таклифларни киритиш.

22. Кенгаш аъзоси қуйидаги мажбуриятларни бажаради:

кенгаш фаолиятига тегишли қарор, мажбурият ва топширикларни 
ўз вақтида сифатли бажариш;

ихтиёрий равишда ўз зиммасига олган кенгаш фаолиятига тааллуқли бўлган топшириқ ва мажбуриятларни виждонан ва фаол бажариш.

23. Кенгашга аъзолик қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

ўз аризасига кўра;

кенгаш йиғилишининг тегишли қарорига кўра;

вазирлик тизимидаги ташкилот, корхона ва муассасалардан ишдан бўшаганда;

кенгаш аъзолига йўл қўймайдиган ёшга етганлиги сабабли.

5-боб. Якуний қоидалар

24. Кенгаш ҳар чорак якуни бўйича ўзининг фаолияти натижалари тўғрисида вазирликка ҳисобот беради.

25. Кенгаш фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш вазирлик буйруғи билан амалга оширилади.




Рўйхатга қайтиш
Комментарии (0)
Комментарии отсутствуют
Фақатгина рўйхатга олинган фойдаланубчилар изоҳ қолдиришлари мумкин.
Киринг, пожалуйста.


Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech