Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Ўзбекистон Республикаси
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг
2015 йил 29 апрелдаги
89-сонли буйруғи билан тасдиқланган

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

I боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) марказий аппаратида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (кейинги ўринларда мурожаат деб аталади) билан ишлаш тартибини белгилайди.

2. Қонунга мувофиқ вазирликка Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

3. Ушбу Низомнинг амал қилиши:

кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;

давлат органларининг, шунингдек, улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ариза – ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат;

таклиф – давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат;

шикоят – бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат;

аноним мурожаат – жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд улар ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатилган, шунингдек, имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган мурожаат;

мурожаатнинг дубликати – айнан бир жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаати нусхаси;

такрорий мурожаат – аввалги мурожаатлар бўйича қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилинган ёки бошқача тарзда норозилик билдирилган, шунингдек, агар такрорий мурожаат келиб тушган пайтда кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддати тугаган бўлса, аввалги мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилмаганлиги ҳақида хабар қилинган, айнан бир жисмоний ёки юридик шахсдан келиб тушган мурожаат;

электрон мурожаат – электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклидаги мурожаат.

5. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрий амалга оширилиб, ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоя қилишга ёхуд унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас.

6. Мурожаат этиш ҳуқуқининг амалга оширилиши бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек, жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак.

7. Мурожаатлар оғзаки ёки ёзма ёхуд электрон шаклда берилиши мумкин.

Вазирликнинг “ишонч телефони”га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.

Вазирликнинг расмий веб-сайти орқали ёки вазирликнинг расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ҳукумат портали) орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги 378-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги Низом талаблари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Низомда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

8. Мурожаатларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари талабларига риоя этилиши, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши учун чоралар кўрилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари тикланишини ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича вазирлик ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши шарт.

9. Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.

Жисмоний ва юридик шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этишлари мумкин.

Мурожаатлар уларнинг тури ва шаклидан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга.

10. Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

11. Жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Юридик шахснинг мурожаатида юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Ёзма мурожаат мурожаат қилувчи жисмоний шахснинг имзоси ёки мурожаат қилувчи юридик шахс раҳбарининг ёхуд ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Жисмоний шахснинг ёзма мурожаатини мурожаат қилувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаат уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши лозим. Электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатларга уларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

12. Мурожаатларни бериш муддатлари, қоидага кўра, белгиланмайди. Айрим ҳолларда, агар бу вазирликнинг мурожаатни кўриб чиқиш бўйича имкониятларига, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ўз вақтида амалга ошириш ва ҳимоя қилишни таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра, вазирликка мурожаатни бериш муддати белгиланиши мумкин.

Бўйсунув тартибида юқори органга ариза ёки шикоят жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёхуд қарор қабул қилинганлиги маълум бўлган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йилдан кечиктирмай берилади.

Ариза ёки шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати вазирлик томонидан тикланади.

13. Вазирликда ушбу Низом талабларига мувофиқ мурожаатлар билан ишлашда электрон ҳужжат айланиши тизими жорий қилиниши мумкин.

2-боб. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

14. Вазирликда мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек, унинг кўриб чиқилишини назорат қилиш Назорат инспекцияси ва девонхона (бундан буён матнда девонхона деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

15. Электрон мурожаатлар келиб тушган куниёқ қоғозга босиб чиқарилиши, иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган тақдирда эса – навбатдаги иш кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак.

16. Вазирликка жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган ёзма ва электрон (қоғозга босиб чиқарилган) мурожаатлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш китоби ва электрон дастурда рўйхатга олинади, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш карточкаси тўлдирилади ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампини қўйиш йўли билан девонхонада рўйхатга олинади.

17. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш китобида мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қабул қилинган сана, мурожаатларнинг дубликат ёки такрорийлиги, мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш жойи, юридик шахснинг номи, унинг манзили, қаердан ва қачон келиб тушгани, мурожаатнинг қисқача мазмуни, масъул ижрочининг фамилияси, исми ва отасининг исми, ижро муддати, кўриб чиқиш натижаси, сана кўрсатилган ҳолда ижро этиш тўғрисидаги белги кўрсатилади.

Мурожаатнинг тартиб рақамида уни қайд этиш китобидаги кирим рақамидан олдин мурожаат муаллифи (юридик шахснинг вакилини) фамилиясининг бош ҳарфи (агар мурожаат битта шахс томонидан имзоланганда) ёки “жам” (мурожаат икки ёки ундан ортиқ шахс, яъни жамоа томонидан имзоланганда) белгилари кўрсатилади.

Қайд этиш штампида вазирликнинг расмий номи, мурожаатнинг келиб тушган санаси ва мурожаатнинг тартиб рақами кўрсатилади.

Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади.

18. Мурожаат почта орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унинг иловалари борлиги текширилади.

Конвертда мурожаатнинг мавжуд эмаслиги ёки унинг яроқсизланганлиги, шунингдек, мурожаатда кўрсатилган иловаларнинг йўқлиги аниқланганда икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бири Девонхонада қолдирилади, иккинчиси мурожаат қилувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича жўнатилади.

Келиб тушган мурожаатлар конвертлари мурожаат этувчининг манзилини, мурожаатнинг жўнатилган ва олинган вақтини аниқлаш учун сақлаб қолиниши мумкин.

19. Оғзаки мурожаатлар билан келган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари Девонхона бошлиғи ёки мурожаатлар билан ишлашга масъул ходими, шунингдек вазирлик таркибий бўлинмаларининг бошлиқлари ёхуд бошқа масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.

Мурожаат қилувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар текширилгандан кейин жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш карточкаси тўлдирилади. Қайд этиш карточкаси оғзаки мурожаат сифатида рўйхатга олинади.

20. Вазирликка жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари оғзаки мурожаат этганда улар томонидан тақдим қилинган ёзма мурожаатлар ҳамда бошқа материаллар қабул қилиниши ва жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш карточкасига илова қилиниши керак.

21. Мурожаатлар девонхона масъул ходими томонидан ўрганиб чиқилиб, мурожаат ва унинг муаллифларига оид маълумотлар девонхонанинг электрон дастурига киритилади.

22. Такрорий ва дубликат мурожаатлар келиб тушганда девонхона томонидан навбатдаги қайд этиш рақами билан рўйхатга олинади, бунда такрорий келган мурожаатларга такрорийлик белгиси, яъни мазкур мурожаатнинг олдинги қайд этиш рақами, дубликат мурожаатларга эса “дубликат” ёзувли белгилари қўйилади.

23. Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай вазирга ёки мурожаатнинг мазмунига қараб тааллуқлилиги бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари ёки вазир ўринбосарларига киритилади.

Вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ёки вазир ўринбосарлари масъул таркибий бўлинмани (ходимни) белгилаган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш бўйича резолюция (топшириқнома) қўяди.

24. Резолюция қўйилган мурожаат девонхона томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш карточкасига қайд қилиниб, назоратга олинади ҳамда резолюция (топшириқнома) қўйилган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида тегишли чоралар кўриш учун резолюция (топшириқнома)да масъул этиб белгиланган ижрочиларга етказилади.

25. Вазирликка келиб тушган мурожаатлар вазирликнинг иш юритувига қабул қилиниши, бўйсуниш тартибида вазирлик тизимидаги ташкилотларга (кейинги ўринларда тизим ташкилотлари деб аталади) юборилиши ёки тегишлилиги бўйича бошқа давлат органига юборилиши мумкин.

26. Вазирликнинг ваколати доирасига кирмайдиган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирмай вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ёки вазир ўринбосарлари томонидан имзоланган хат билан тегишли органларга юборилади, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади. Бунда мурожаатда кўрсатиб ўтилган ҳужжатларнинг асли мурожаатни кўриб чиқиш учун тегишли органга юборилаётган хатга илова қилинади.

Мурожаатни кўриб чиқиши учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчиларга қайтарилади.

27. Мурожаатда фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган жиноятлар тўғрисида маълумотлар баён этилаётганлиги аниқланса, уни Юридик бошқарма билан келишган ҳолда узоғи билан беш кунлик муддатда вазирлик раҳбарияти имзоси билан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиши ва бу ҳақда муаллифга маълум қилиниши таъминланади.

28. Тизим ташкилотлари томонидан кўриб чиқилиши керак бўлган мурожаатлар унга келиб тушган кунидан бошлаб беш кун муддатдан кечиктирмай хат билан ёки вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ёки вазир ўринбосарлари томонидан имзоланган топшириқ билан бирга юборилиши, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар берилиши керак.

29. Агар резолюцияда ижрочи сифатида белгиланган бир бошқармага келиб тушган мурожаат бошқа бир бошқармага тааллуқли бўлса, ушбу мурожаат бошқарма бошлиғининг билдиргисига асосан вазирлик раҳбарияти розилиги билан тегишли бошқармага ўтказилади.

30. Мурожаатларда бир нечта бошқармаларнинг ваколат доирасига тааллуқли масалалар бўлса, ижрочилар орасида биринчи бўлиб қайд этилган мажмуа, Бош бошқарма, бошқарма бошлиғи ижро учун масъул бўлиши билан бир қаторда бошқа ижрочилар ҳам белгиланган муддатда ижросини таъминлаш ва сифатли ижро этилиши учун жавобгар ҳисобланади ҳамда улар томонидан мурожаат бўйича тўла ҳажмда ўрганиш ўтказилиб, ягона топшириқ тайёрланиши, шунингдек, мурожаатга тааллуқли жавобларни биринчи ижрочи бошқа (бошқа ижрочилар ўрганиш натижалари бўйича ўз жавобларини мурожаатнинг сўнги ижро муддатидан камида бир кун олдин тақдим этишлари шарт) ижрочилардан олиб, якуний жавоблар юборилишини таъминлайди.

31. Мурожаатни тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурият юзага келган тақдирда мурожаатни кўриб чиқувчи таркибий бўлинма мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахсдан, шунингдек ушбу давлат органининг ваколатлари доирасида белгиланган тартибда бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.

32. Қонуннинг 18-моддаси бешинчи қисмида белгиланган тартибда бошқа давлат органлари томонидан вазирликка сўров юборилган тақдирда, агар сўралаётган ахборот давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, сўралаётган ахборот сўров юборган давлат органига ўн кун ичида тақдим этилиши шарт.

33. Агар мурожаатда жойнинг ўзида ўрганишни талаб этувчи ҳолат баён қилинган бўлса, шунингдек, бошқа зарур ҳолларда вазирлик мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқишни таъминлаши мумкин. Мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқиш вазирнинг топшириғи ёки унинг розилиги билан амалга оширилади.

34. Мурожаатни мурожаат қилган ёки бошқа шахснинг иштирокисиз кўриб чиқишнинг имконияти бўлмаганда, улар вазирликнинг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин. Чақирилган мурожаат қилувчи келмаган тақдирда вазирлик раҳбарияти томонидан мурожаатни унинг иштирокисиз кўриб чиқиш мумкин эмаслиги тўғрисида жавоб юборилади.

35. Мурожаатларда баён қилинган важларни ўрганиш жараёнида қўшимча маълумотлар, тегишли меъёрий ҳужжатлар ва ноқонуний ҳаракати устидан шикоят қилинаётган мансабдор ёки бошқа шахсларнинг тушунтиришлари талаб қилиб олиниши мумкин.

36. Агар мурожаатда ўртага қўйилган масалалар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига дахлдор бўлса, уларнинг вакиллари мурожаатни кўриб чиқишда иштирок этиш учун вазирлик томонидан тегишли ваколатлар доирасида жалб этилади.

37. Зарур ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш учун вазирлик томонидан тегишли мутахассислар жалб этилиши мумкин.

38. Ҳар бир мурожаатни ўрганиш натижаларига кўра мурожаат этган шахснинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари тўла ёки қисман қаноатлантирилганлиги, важлар ўз тасдиғини топган ёки топмаганлиги, тушунтириш берилганлиги ёки тааллуқлилиги бўйича бошқа идораларга юборилиши тўғрисида якуний тўхтамга келинади.

39. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича вазирлик томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу ҳақда дарҳол ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.

Мурожаатни қониқтирмасдан қолдириш тўғрисидаги қарор вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ёки вазир ўринбосарлари томонидан қабул қилинади.

Мурожаатга жавоб хатида мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асослар (заруриятга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) бўлиши керак.

40. Мурожаатга жавоб хати вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ёки вазир ўринбосарлари томонидан имзоланади.

Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.

41. Жисмоний ёки юридик шахслар жамоа бўлиб мурожаат қилган тақдирда, уларнинг мурожаатлари Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилади. Бунда мурожаатга жавоб мурожаат қилганларнинг рўйхатида биринчи бўлиб кўрсатилган шахсга ёки уларнинг талабига кўра, бошқа шахсга юборилади.

42. Мурожаат, унда кўтарилган барча масалалар Қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига тегишли жавоб юборилган тақдирда кўриб чиқилган ҳисобланади.

Мурожаат қилувчига жавоб юборилган кун мурожаатни кўриб чиқиш тугалланган кун ҳисобланади, бу ҳақда Девонхона мурожаатларни қайд этиш китобига ва жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қайд этиш картокчасига белги қўяди.

Оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар ижродан ёки назоратдан олинмайди.

43. Агар мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, ушбу мурожаат аввал тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича ягона жавоб берилади.

Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилган ва жавоб юборилгандан кейин келиб тушса, у ҳолда давлат органи мурожаат қилувчини бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади.

44. Назоратга олинган мурожаат ушбу мурожаатни назоратга олган вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ёки вазир ўринбосарлари томонидан назоратдан ва ижродан олинади.

45. Девонхона томонидан электрон дастурга мурожаатларнинг ижро ва назоратдан чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумоти киритиб қўйилади.

46. Мурожаатларни белгиланган муддатларда ушбу Низом талаблари асосида тўлақонли кўриб чиқилишини, ўрганиш якунлари бўйича муаллифларни, кўрсатмада белгиланган бўлса, вазирлик раҳбариятини ёки заруратга қараб тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини, хўжалик бирлашмаларини расмий равишда хабардор қилиш масъулияти вазирлик раҳбарияти томонидан мазкур мурожаатни кўриб чиқиш учун масъул этиб белгиланган вазирлик марказий аппарати мажмуаси раҳбари, Бош бошқарма, бошқарма, мустақил бўлим бошлиғи, тизимдаги тегишли ташкилот, корхона ва муассаса раҳбари зиммасига шахсан юклатилади.

47. Вазирликнинг марказий аппаратида назоратга олиниб, алоқа хатлари орқали ижро учун юборилган мурожаатлар вазирлик тизим ташкилотлари томонидан рўйхатга олинади, унда кўрсатиб ўтилган ҳолатлар тўлиқ ўрганилиб, ўрганиш натижалари бўйича хулоса ва тўпланган материалларнинг асли вазирликка тақдим этилади.

48. Юқори давлат органининг назоратида турган мурожаатлар бўйича вазирлик мурожаат қилувчига юборилган жавоб хатининг нусхасини илова қилган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида юқори давлат органига ёзма шаклда хабар беради.

49. Вазирликка оммавий ахборот воситалари таҳририятларидан келиб тушган мурожаатлар мазкур бобда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.

50. Агар мурожаатни кўриб чиқишда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текшириш, шу жумладан, молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) зарурати юзага келса, текшириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

51. Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунга қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунга қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш йўли билан қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун мобайнида мурожаат вазирликнинг хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.

Мурожаатни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза вазирлик томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

52. Кўриб чиқилган мурожаатларни ва улар билан боғлиқ материаллар Девонхонада қоида тариқасида икки йил муддатгача сақланади ва бу муддат ўтгач вазирлик архивига топширилади.

3-боб. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари

53. Ариза ёки шикоят масалани мазмуни бўйича ҳал этиши шарт бўлган давлат органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари давлат органи раҳбари томонидан, истисно тариқасида, кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

54. Таклиф давлат органига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кун муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

Мурожаатнинг назорат муддати вазир томонидан узайтирилади.

55. Айрим ҳолларда, вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ёки вазир ўринбосарлари томонидан мурожаатларни кўриб чиқишнинг қисқартирилган муддати белгиланиши мумкин.

56. Мурожаатлар билан ишлаш муддатлари улар вазирлик девонхонасида қайд қилинган санадан ҳисобланади. Агар тегишли муддатнинг охирги куни дам олиш ва байрам кунларига тўғри келса, навбатдаги иш куни муддат тугайдиган кун ҳисобланади.

4-боб. Мурожаатларни кўрмай қолдириш

57. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

аноним мурожаатлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

58. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш Юридик бошқарманинг розилиги билан мурожаатни кўриб чиқувчи таркибий бўлинма томонидан амалга оширилади.

Мурожаат аноним деб эътироф этилганда бу ҳақда хулоса тузилади. Хулосада мурожаатни аноним деб эътироф этиш учун асослар кўрсатилади. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш тўғрисидаги хулоса Юридик бошқарма бошлиғи ёки унинг ўринбосари ҳамда тегишли таркибий бўлинма раҳбари томонидан тасдиқланади.

Вазирликнинг “ишонч телефонлари”га тушган мурожаатлар Қонунда ва ушбу Низомда назарда тутилган тартибда аноним деб эътироф этилиши мумкин.

Аноним деб эътироф этилган мурожаатлар хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб назоратдан ёки ижродан олинади.

59. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар келиб тушганда, Девонхона ёки таркибий бўлинма уларнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжудлигини текширади.

Агар мурожаатда жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, бу ҳақда Девонхонанинг бошлиғи ёки таркибий бўлинма раҳбари томонидан тасдиқланадиган хулоса тузилади.

Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб ушбу мурожаат кўриб чиқилмайди, бу ҳақда мурожаат қилувчи ёзма равишда хабардор қилинади.

5-боб. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг

вакилларини қабул қилишни ташкил этиш

60. Вазирликда белгиланган кунлар ва соатларда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.

Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш вазир, унинг биринчи ўринбосари, вазирнинг ўринбосарлари ёки бошқа ваколатлари шахс томонидан амалга оширилади.

61. Вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарлари томонидан жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш вазир томонидан тасдиқланган жадвал асосида белгиланган кун, соат ва жойларда амалга оширилади.

Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ушбу мақсадлар учун ташкил этилган махсус хонада амалга оширилади.

62. Вазирлик раҳбариятининг қабул кунлари ва соатларидан бошқа вақтда, улар хизмат сафарида, меҳнат таътилида ва бошқа узрли сабабларга кўра бўлмаган вақтда мурожаат билан келган шахслар мурожаатда баён этилаётган масала моҳиятидан келиб чиққан ҳолда вазирликнинг ушбу масалага мутасадди мажмуалари, Бош бошқармалари, бошқармалари, мустақил бўлимлари, тизимдаги тегишли Республика ташкилотлари, муассасалар раҳбарлари ва масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.

63. Қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот, шунингдек, қабул қилиш тартиби вазирликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек, вазирликнинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса – ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатни, шунингдек, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.

64. Девонхона бошлиғи қабулга келган жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни, шунингдек, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этади.

65. Вазирлик қабулхонасига ариза, таклиф ва шикоят билан келган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари Девонхона бошлиғи, масъул ходими, марказий аппарат мажмуалари, Бош бошқармалари, бошқармалари, мустақил бўлимлари, тизимдаги тегишли Республика ташкилотлари, муассасалар раҳбарлари ва масъул ходимлари томонидан қабул қилинади, мурожаатлар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабулини қайд этиш китобига тегишли тартибда қайд этилади ва вазирлик раҳбарияти резолюцияси билан умумий асосларда ижрога қаратилади.

66. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабулини қайд этиш китобида тартиб рақам, қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатларнинг такрорийлиги, жисмоний шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар ёки юридик шахснинг тўлиқ номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, мурожаатнинг қисқача мазмуни, қабул қилган масъул ходим, ижрочи ходимнинг фамилияси, исми ва шарифи, ижро муддати ва натижаси тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.

67. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабулини қайд этиш китобида қайд этилган мурожаатлар мазкур Низомнинг 2-боби талаблари асосида кўриб чиқилади.

68. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш, агар уларнинг шундай хусусиятга эга бўлган илгариги мурожаати бўйича қарор қабул қилинган бўлса ва бу ҳақда уларга ушбу Низомда белгиланган тартибда хабар қилинган бўлса, рад этилиши мумкин.

69. Агар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилиш пайтида мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш вазирликнинг ваколатига кирмаслиги аниқланган тақдирда, уларга мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилади. Бунда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг талаби билан бу ҳақда ёзма шаклда жавоб берилади.

70. Вазирликнинг шахсий қабулни ўтказувчи раҳбарлари ёки бошқа ваколатли шахслари ҳар қандай масалалар, шу жумладан, вазирлик ваколатларига кирмайдиган масалалар бўйича мурожаат этилганда қабулни рад этишга ҳақли эмас, ушбу Низомнинг 71-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

71. Шахсий қабул давомида вазирлик раҳбариятининг қарорига кўра ҳамда мурожаат этувчининг ёзма розилиги билан махсус техника воситалари (аудио ва видео ёзув, шунингдек, фотосуратга олиш) қўлланилиши мумкин.

72. Вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарлари томонидан сайёр шахсий қабуллар ташкил этилиши мумкин.

73. Сайёр шахсий қабуллар вақтида вазирликнинг бошқа масъул ходимлари иштирок этиши мумкин.

74. Сайёр шахсий қабуллар вазир томонидан тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ ўтказилади.

Зарур ҳолларда жадвалда назарда тутилмаган сайёр шахсий қабуллар ўтказилиши мумкин.

75. Сайёр шахсий қабулларни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот ушбу Низомнинг 63-бандида белгиланган тартибда манфаатдор шахслар эътиборига етказилади, шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

76. Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллар вақтида берилган оғзаки мурожаатлари ушбу Низомнинг 65-бандига мувофиқ расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

6-боб. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик

шахсларнинг ҳуқуқлари ва давлат органларининг мажбуриятлари

77. Мурожаат вазирлик томонидан кўриб чиқилаётганда жисмоний ва юридик шахс мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш ва тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ мурожаатларни кўриб чиқишда бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.

78. Вазирликнинг мурожаатни кўриб чиқувчи мансабдор шахслари ёки бошқа ваколатли шахслари:

жисмоний ва юридик шахсга уларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан, агар уларда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши;

мурожаатни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши, шунингдек агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриши;

мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг зудлик билан ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилиши шарт.

Мурожаат юзасидан қарор қабул қилган вазирликнинг мансабдор ёки бошқа ваколатли шахси, агар жисмоний ёки юридик шахс қарорга рози бўлмаса, унинг юзасидан шикоят бериш тартибини тушунтириши шарт.

79. Вазирлик мурожаатларни кўриб чиқишда қонунга хилоф ҳаракатга (ҳаракатсизликка) барҳам беришга доир чора-тадбирларни дарҳол кўриши, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаши, мурожаат этганлиги муносабати билан жисмоний шахс, унинг вакили, уларнинг оила аъзолари, юридик шахс, унинг вакили ва юридик шахс вакилининг оила аъзолари таъқиб қилинишига белгиланган тартибда барҳам бериши шарт.

80. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар ва, агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборот вазирлик ходимлари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди.

Жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.

7-боб. Мурожаатлар кўриб чиқилишини назорат қилиш. Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш

81. Вазирлик марказий аппаратида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, мурожаатларни кўриб чиқиш учун масъул этиб белгиланган вазирлик марказий аппаратининг тегишли мажмуалари, Бош бошқармалари, бошқармалари, мустақил бўлимлари, тизимдаги тегишли ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари ҳамда маъсул ходимлари томонидан мурожаатларни қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилишини доимий назорат қилиш, мурожаатлар ҳисоби ва ҳисоботини юритиш Девонхона томонидан амалга оширилади.

Девонхона таркибий бўлинмалар томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини мониторингини олиб боради, уларнинг ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради.

Девонхона мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби таркибий бўлинмалар томонидан бузилиши тўғрисида вазирни дарҳол хабардор қилади.

Девонхона мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда вазирга мурожаатлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни, зарурият бўлганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган вазирлик ходимларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифлар билан биргаликда тақдим этади.

82. Вазирлик жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек, жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилишни таъминлайди.

Таҳлил натижалари бўйича Девонхона вазирга вазирликда мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунийлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.

83. Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва уларнинг ижроси аҳволи юзасидан тегишли маълумотлар даврий равишда вазирликнинг ҳайъати ва марказий аппарати мажлислари, вазирлик раҳбарияти ҳузуридаги йиғилишлар муҳокамасига киритилади.

84. Ҳар чорак якуни билан белгиланган муддатларда ўрнатилган шакллардаги ҳисобот ва таҳлилий маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва вазирлик раҳбариятига тақдим этилади.

85. Девонхона мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида қонунчиликда белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўйган масъул ходимлардан тушунтириш хати олади ва мазкур ходимларга нисбатан тегишли чораларни кўриш тўғрисида раҳбариятга таклиф киритади.

8-боб. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби

бузилганлиги учун жавобгарлик

86. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик, жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, жисмоний ва юридик шахсни мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

87. Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек, юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакллари ва бошқа ҳолатларига қараб камситишга йўл қўйилмайди.

88. Жисмоний ёки юридик шахснинг аризаси ёхуд шикояти ана шу мурожаат бўйича қонунга хилоф қарор қабул қилган давлат органи томонидан қаноатлантирилган тақдирда, ариза ёки шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш билан боғлиқ зарарнинг ўрни, аризани ёки шикоятни кўриб чиқиш учун тегишли давлат органининг талаби билан жойларга бориш муносабати билан қилинган харажатларнинг ҳамда ана шу вақт ичида йўқотилган иш ҳақининг ўрни мурожаат этувчига суд тартибида қопланади. Суд тартибида маънавий зиён ҳам компенсация қилиниши мумкин.

89. Жисмоний ёки юридик шахснинг аризасини ёхуд шикоятини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилганлиги муносабати билан унга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш сифатида давлат органи томонидан тўланган маблағлар айбдор мансабдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин.

90. Била туриб ёлғон маълумотлар баён этилган мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органи томонидан қилинган харажатлар жисмоний ёки юридик шахсдан суднинг қарорига кўра ундириб олиниши мумкин.

91. Вазир, вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарлари, бош бошқарма, бошқарма, мустақил бўлимлари бошлиқлари, масъул ходимлари ушбу Низом талабларига қатъий риоя этилиши ва хизматда тўғри фойдаланиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардирлар.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида НИЗОМ
Рўйхатдан ўтиш муддати: 29.04.2015 y.
Файлни юкламоқ
Размер: 36.86 KB



Рўйхатга қайтиш
Комментарии (0)
Комментарии отсутствуют
Фақатгина рўйхатга олинган фойдаланубчилар изоҳ қолдиришлари мумкин.
Киринг, пожалуйста.


Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech