Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Ўзбекистон Республикаси

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирилигининг

2016 йил 17 июндаги 106-сонли буйруғи билан тасдиқланган

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги

марказий аппарати, тизимидаги ташкилотлар,

корхоналар ва муассасалар ходимларининг

ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, тизимидаги ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари (бундан буён матнда Одоб-ахлоқ қоидалари деб аталади) эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, туман (шаҳар)лар Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари, Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ва уларнинг тизимидаги ташкилотлар, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан фаолияти мувофиқлаштириладиган ташкилотлар ва корхоналар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ва ҳудудий бўлинмалари (бундан буён матнда қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари деб юритилади) ходимларининг касбий одоб-ахлоқининг умумий принциплари ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари йиғиндисидан иборат.

2. Одоб-ахлоқ қоидалари ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга, улар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга, қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари ходимларида юксак ҳуқуқий онгни шакллантириш, уларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган.

3. Ходимнинг Одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш мажбурияти унинг қишлоқ ва сув хўжалиги органи ёки муассасасига ишга қабул қилинган кундан эътиборан келиб чиқади.

Қишлоқ ва сув хўжалиги органи ёки муассасасига ишга кираётган шахс Одоб-ахлоқ қоидалари билан имзо қўйдирган ҳолда таништирилади.

4. Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари ходимлари қонун ҳужжатлари ҳамда Одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишлари шарт.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари ходимларининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолаш мезонларидан бири ҳисобланади.

2-боб. Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари ходимларининг хизматдаги хулқ-атворининг

асосий принциплари ва қоидалари

5. Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари ходимлари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширишлари керак:

  • қонунийлик;
  • фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;
  • ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик;
  • давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;
  • адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;
  • манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.

6. Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари ходимлари қуйидагиларга мажбур:

  • хизмат вазифаларини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ҳайъати қарорларига, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг буйруқлари ва кўрсатмаларига, Ички тартиб қоидаларига ҳамда мазкур Одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш;
  • ўз хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариш;
  • юқори давлат органлари ва мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажариш;
  • ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида ва ички ҳужжатларда белгиланган лавозим ваколатлари доирасида амалга ошириш;
  • норматив-ҳуқуқий ва идоравий ҳужжатларда белгиланган чеклашлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз хизмат вазифаларини оғишмай бажариш;
  • ўз хизмат вазифаларини бажаришда бирор-бир шахс, гуруҳ ёки ташкилотларга ён босмаслик ва устунлик бермаслик, уларнинг таъсиридан мустақил бўлиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиш, камситиш ҳолатларига йўл қўймаслик;
  • ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи ёки хизмат вазифаларини амалга ошириши жараёнида қонун талабларига зид бўлган бирор-бир шахсий, мулкий ва бошқа манфаатларнинг таъсири билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, шунингдек ўз хизмат фаолиятига бирор-бир таъсир кўрсатиш имкониятига барҳам бериш;
  • хизмат вазифаларини самарали бажариш учун зарур бўлган билим ва малакага эга бўлиш ҳамда касб-маҳоратини доимий равишда ошириб бориш;
  • қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасаларига юклатилган вазифаларни амалга ошириш жараёнида берилган ваколатларни қонун ҳужжатлари доирасида амалга ошириш, сансалорлик ва кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўймаслик;
  • хизмат мавқеидан давлат органлари, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига ноқонуний таъсир кўрсатиш мақсадида фойдаланмаслик;
  • Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар халқларининг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, турли этник, ижтимоий гуруҳлар ва конфессияларнинг маданий ҳамда бошқа хусусиятларини ҳисобга олиш, ижтимоий барқарорликка, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликка кўмаклашиш;
  • умумэътироф этилган ахлоқ қоидаларига риоя қилиш, миллий анъаналар, урф-одатлар ва қадриятларни ҳурмат қилиш;
  • ўзларининг хизмат вазифаларини виждонан бажаришда шубҳа пайдо қилиши мумкин бўлган хулқ-атвордан ўзини тийиш, шунингдек ўз обрўсига ёки қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасаларининг нуфузига зарар етказишга қодир бўлган вазиятларга йўл қўймаслик;
  • юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларга эга бўлиш, шу жумладан юриш-туриш, кийиниш ва муомалада ўз ҳамкасбларига ижобий томондан ўрнак бўлиш;
  • ишониб топширилган хизмат хоналаридан, давлат мулки, моддий-техника жиҳозлари ва материалларидан оқилона фойдаланиш, шу жумладан, вазирликда мавжуд товар-моддий бойликлар, идора жиҳозлари, асбоб-ускуна, электр техника воситаларидан тежамкор, мақсадли ва ахборот, техника, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этган ҳолда самарали фойдаланиш;
  • вазирлик биноси, ўз иш жойида ва ҳудудида жамоат тартиби, ёнғин ва техника хавфсизлигини таъминлашда, мазкур масала юзасидан тегишли йўриқномаларда белгиланган қоидаларга риоя этиш, тартиб-интизом ва хавфсизлик чораларини кўришда ташаббускорлик билан ҳаракат қилиш;
  • қишлоқ ва сув хўжалиги органи ёки муассасасида хабарларни ва хизмат ахборотларини тақдим қилишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиш, иш жойи ва вақтидан ташқари хизмат масалаларини муҳокама қилмаслик;
  • шахсий манфаатдорлиги муносабати билан хизмат вазифаларини холисона бажаришига тўсқинлик қилиши ёки таъсир қилиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида ўз раҳбарига зудлик билан маълум қилиш;
  • қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ёки муассасаларининг бошқа ходимларига ҳамда ишга янги қабул қилинган ходимларга зарур амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш.

7. Ходим иш вақти даврида иш жойида бўлиши (раҳбарият топшириғи ёхуд даволаниш, меҳнат таътили, бошқа узрли сабаблар билан иш жойидан ташқарида бўлган ҳолатлар бундан мустасно), иш вақтида алкоголь, спиртли ёки одамни маст ҳолатга олиб келувчи бошқа ичимликларни истеъмол қилмаслиги, эркин фуқаролик муомаласида бўлиши тақиқланган ёки эркин фуқаролик муомаласида бўлиши чекланган моддалар ва воситаларга эга бўлмаслиги, олиб юрмаслиги ва уларни истеъмол қилмаслиги талаб этилади, ҳушёрликни йўқотиб, маст ва сархуш ҳолатда иш жойига келиши тақиқланади.

8. Ходимнинг иш жойида, шу жумладан, вазирлик биноси ва ҳудудида ҳамда бошқа жамоат жойларида, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар бундан мустасно, шунингдек жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш тақиқланади.

9. Сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар ходимнинг қонун ҳужжатлари талабларини ҳамда Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши учун асос бўла олмайди.

10. Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ходимга ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан бирор-бир моддий бойликларни олиш ёхуд жисмоний ёки юридик шахслардан бошқача наф кўриш тақиқланади.

11. Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари ходимлари коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.

Ходимга ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслардан уларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда муайян ҳаракатни бажариши ёки бажармаслиги эвазига бевосита ўзи ёки воситачи орқали пул, қимматли қоғозлар, моддий бойликлар, совғалар, ссудалар, мулкий моҳиятга молик бўлган хизматлар (шу жумладан, транспорт воситасидан фойдаланиш, даволаниш ва бошқалар) каби таклифлар билан мурожаат қилинган тақдирда, у ноқонуний хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиши ва таклиф қилган шахсни тегишли жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириши лозим.

Бунда ходим порага мойиллик сифатида баҳоланиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга ва сўзларга йўл қўймаслиги, мазкур ҳолат бўйича, шунингдек унга бошқа давлат хизматчилари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилганганлиги маълум бўлган ҳолатларда зудлик билан тегишли таркибий бўлинма раҳбарларини ёзма тарзда хабардор қилиши, бунинг имконияти бўлмаган ҳолатларда эса, телефон орқали хабар бериши ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга дарҳол мурожаат этиши лозим.

Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари раҳбарлари қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши факти тўғрисида мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикр ва мурожаатдаги танқиди учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун ходимларнинг ишдан бўшатилишига ёки бошқача шаклда таъқиб қилинишига йўл қўйилмаслигини таъминлаши керак.

12. Ходим касбий фаолияти давомида ўзига маълум бўлган ахборотнинг сақланишини ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўриши шарт.

13. Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари раҳбарлари ўз бўйсунувидаги ходимларга нисбатан юқори профессионализм, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, қишлоқ ва сув хўжалиги органи ва муассасасида ёки унинг таркибий бўлинмасида маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши, шунингдек ўз бўйсунувидаги ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқиб кетадиган топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, бошқа қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак.

Раҳбар қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслиги, гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизм кўринишларининг, шунингдек ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг қатьий равишда олдини олиши лозим.

Раҳбар:

  • манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши;
  • коррупциянинг олдини олиш, шунингдек тизимда коррупцияга қарши курашишда яқиндан ёрдам бераётган ходимларни турли тазйиқлардан ҳимоялаш ва уларни рағбатлантириш чораларини кўриши;
  • ўз бўйсунувидаги ходимларнинг иш ҳажми ва вазифалар тақсимотини улар эгаллаб турган лавозимидан келиб чиққан ҳолда аниқ белгилаш, уларга хизмат вазифаларидан ташқарига чиқувчи топшириқларни бермаслиги;
  • ўз бўйсунувидаги ходимларга раҳнамолик (асоссиз рағбатлантириш, лавозимини кўтариш ва ҳоказо) ёки уларнинг ножўя ишларига бепарволик (фаолиятидаги камчиликлар учун тегишли чора кўрмаслик, ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатларига эътибор бермаслик), шунингдек интизомий жазо чораси қўллаш борасида ўзига берилган ваколат доирасидан четга чиқиш ёки лозим бўлган ҳолларда жазо чораси қўлламаслик ҳолатларига йўл қўймаслиги;
  • ишга бўлган муносабати ва ижобий хислатлари билан жамоада соғлом ва аҳил маънавий муҳитни шакллантириш чораларини кўриши;
  • ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулк ва молиявий маблағларни асраб-авайлаб, тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт.

Раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги хулқ-атвори принциплари ва қоидаларини бузаётган ходимларнинг шундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги чораларини кўрмаганлиги учун жавоб беради.

14. Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари ходимлари ўзларининг хизматдаги хулқ-атвори билан жамоада бошқа ходимлар билан ўзаро ишчанлик ва амалий ҳамкорлик муҳити қарор топишига интилишлари лозим.

Ходим хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт. Ходим ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Хизмат вазифаларини бажариш чоғида иш шароитлари ва хизмат тадбирларининг шаклига боғлиқ ҳолда ходимнинг ташқи кўриниши фуқароларнинг давлат органига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига ёрдам бериши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши, улар расмийлилиги, вазминлиги ва тартиблилиги билан бошқалардан ажралиб туриши керак.

Ходимлар хизматдан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир эмаслиги, бундай хатти-ҳаракатларда қатнашмаслиги ва уларга йўл қўймаслиги керак.

15. Ходим ўзининг мансаб мавқеи туфайли маълум бўлган сир сақланадиган маълумотдан, шунингдек махфий ва хизмат доирасида фойдаланиш учун белгиси мавжуд бўлган ҳамда бошқа турдаги конфиденциал ахборотдан касби билан боғлиқ бўлмаган фаолиятида фойдаланиши ёки уни ошкор қилиши мумкин эмас.

16. Ходим хизмат сафари даврида:

  • вазирлик, агар чет элга хизмат сафарига юборилган бўлса, мамлакатимиз, миллий маданиятимиз ва маънавиятимиз тўғрисида салбий фикр туғилишига олиб келиши мумкин бўлган қонунга зид хатти-ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликдан ўзини тийиши;
  • махфийлик ва конфиденциаллик режимини қатъий таъминлаши (давлат сирларидан хабардор бўлган шахслар учун);
  • хизмат сафари бўйича харажатлар сметаси доирасида ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиши шарт.

17. Ходим вазирликка ташриф буюрган вазирлик ва идоралар, тизим ташкилотлари ходимлари, ёзма ва оғзаки мурожаатлар билан келган фуқаролар ва юридик шахсларнинг вакиллари билан муносабатда хушмуомала, муҳокама этиладиган масала юзасидан ўз фикрини тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларга асосланган ҳолда қисқа ва аниқ ифода этиши талаб этилади.

18. Чет эл ваколатхоналари, компания, фирма, корпорация, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда моливий муассасаларнинг вакиллари, хорижий давлатлар фуқаролари вазирликка ташрифида, шунингдек улар билан алоқа воситалари орқали муносабатларда ходим ҳушмуомалали бўлиши, мамлакатимиз, миллий маданиятимиз ва маънавиятимиз тўғрисида салбий фикр туғилишига олиб келиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши, муҳокама этиладиган масала юзасидан ўз фикрини аниқ ифода этиши талаб этилади.

19. Ходим томонидан вазирлик раҳбарияти рухсатисиз вазирлик номидан юқори турувчи давлат органларига, шунингдек тўғридан-тўғри чет эл ваколатхоналари, компания, фирма, корпорация, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда молиявий муассасалар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, хорижий давлатлар фуқаролари билан муносабатга киришиш тақиқланади.

20. Ходим вазирликда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда жисмоний ва юридик шахсга уларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан, агар уларда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи ҳамда бошқа конфиденциал маълумотлар мавжуд бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши, мурожаатларни кўриб чиқишда қонунга хилоф ҳаракатга (ҳаракатсизликка) барҳам беришга доир чора-тадбирларни дарҳол кўриши, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаши, мурожаат этганлиги муносабати билан жисмоний шахс, унинг вакили, уларнинг оила аъзолари, юридик шахс, унинг вакили ва юридик шахс вакилининг оила аъзолари таъқиб қилинишига белгиланган тартибда барҳам бериши шарт.

21. Ходим мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти, юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сирини ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ва агар бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, ошкор этмаслиги шарт.

22. Ходим жисмоний ва юридик шахс тўғрисидаги, мурожаатга тааллуқли бўлмаган маълумотларни аниқлашга ҳаракат қилмаслиги, жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилишига йўл қўймаслиги керак.

23. Ходим иш вақтидан ташқари вақтда қонунда белгиланган чекловлар доирасидан четга чиқадиган ҳамда вазирлик мавқеи, давлат хизматчиси обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фаолият билан шуғулланмаслиги ва бундай оқибатларга олиб келувчи ҳар қандай, шу жумладан, оммавий тадбирларда иштирок этмаслиги керак.

24. Турмушда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш ходим хулқ-атворининг таркибий қисми ҳисобланиб, ходим давлат хизматчисига мос камтарона кийиниши талаб этилади.

25. Ходим ўз оила аъзолари, қариндошлари ва бошқа шахслар томонидан унинг хизмат вазифаларига ва вазирлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишига, улар томонидан вазирлик обрўси ва фаолиятига салбий таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслиги лозим.

3-боб. Манфаатлар тўқнашуви

26. Ходим ўз хизмат вазифаларини бажаришда манфаатлар тўқнашувига сабаб бўладиган шахсий манфаатдорлик ҳолатларига йўл қўймаслиги керак.

Манфаатлар тўқнашуви ходимнинг шахсий манфаатлари унинг ўз хизмат вазифаларини холисона ва беғараз бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларда пайдо бўлади.

Ходимнинг шахсий манфаатдорлиги унинг шахсан ўзи ёки яқин қариндошлари, шунингдек улар яқин ёки ишбилармонлик муносабатларида бўладиган бошқа шахслар учун ҳар қандай наф кўриш ёки афзалликларга эга бўлишни ўз ичига олади.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда давлат хизматчилари ўз раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак.

Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисидаги маълумотни олган раҳбар уни тартибга келтириш бўйича ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

27. Ходимларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.

Ходимлар ўзларининг ўз хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига ёки уларга зарар етказиши мумкин бўлган фаолиятни амалга оширмаслиги, шунингдек лавозимни эгалламаслиги керак.

Ходим ҳар қандай ҳолатларда ҳам ўз хизмат мавқеидан мумкин бўлмаган шахсий фойдани олиши мумкин эмас.

Ходим ўз раҳбарини манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича чоралар кўриш мақсадида тижорат ташкилотларининг устав капиталида иштирок этиши тўғрисида хабардор қилиши шарт.

28. Ходим лавозимга тайинланаётганда ва хизмат вазифаларини бажараётганда ўзининг хизмат вазифаларини зарур даражада бажаришига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлигининг мавжудлиги ёки мавжуд бўлиши имконияти тўғрисида маълум қилиши шарт.

4-боб. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

29. Ходим томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши уни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.

30. Ходим томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.

31. Ушбу Одоб-ахлоқ қоидалари нормаларининг бузилишлари махсус таркибий бўлинма ёки Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Одоб-ахлоқ комиссияси, махсус таркибий бўлинма мавжуд бўлмаган тақдирда, тегишли қишлоқ ва сув хўжалиги органи ёки муассасаси ходимларидан камида беш кишидан иборат таркибда тузилади. Одоб-ахлоқ комиссиясининг мақсади, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва унинг фаолиятини ташкил этишнинг бошқа масалалари тегишли қишлоқ ва сув хўжалиги органи ёки муассасаси томонидан тасдиқланган Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низомда белгиланади.

Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши ҳолатларини махсус таркибий бўлинма ёки Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқача тарздаги қоида бузилишларининг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида хулоса чиқарилади.

Одоб-ахлоқ қоидалари бузилган деб топилган ҳолатлар юзасидан тегишли қишлоқ ва сув хўжалиги органи ёки муассасаси раҳбарига интизомий жазо чораси қўллаш тўғрисида таклиф киритилади. Йўл қўйилган қоидабузилишнинг хусусияти, қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атворини ҳисобга олган ҳолда унга нисбатан келгусида Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатларига йўл қўймаслиги тўғрисида огоҳлантириш билан чекланиш мумкин.

Ходим ўзи йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек тегишли раҳбарнинг қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

5-боб. Якуний қоида

32. Ушбу Одоб-ахлоқ қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш қишлоқ ва сув хўжалиги органлари ва муассасалари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ваколатли таркибий бўлинмаси билан келишган ҳолдаги асосли таклифига кўра, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг буйруғига асосан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, тизимидаги ташкилотлар, корхоналар ва муассасалар ходимларининг ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ
Рўйхатдан ўтиш муддати: 17.06.2016 y.
Файлни юкламоқ
Размер: 88.50 KB



Рўйхатга қайтиш
Комментарии (0)
Комментарии отсутствуют
Фақатгина рўйхатга олинган фойдаланубчилар изоҳ қолдиришлари мумкин.
Киринг, пожалуйста.


Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech