Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 25-сон, 325-модда; 2015 й., 1-сон, 9-модда)

«Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ижро этиш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолини янада тартибга солиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин ва у 2013 йил 1 августдан бошлаб амалга киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

бир ҳафта муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган Низомнинг амалга оширилишини ҳамда унинг талабларига барча сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари томонидан риоя этилишини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар;

бир ой муддатда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқлаштирсинлар;

сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши юзасидан назоратни таъминласинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2013 йил 14 июнь,

171-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 14 июндаги 171-сон қарорига
ИЛОВА

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида» 2013 йил 19 мартдаги 82-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ер усти ва ер ости сувларидан фойдаланишда сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартибини белгилайди.

2. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш ушбу Низомнинг 4 ва 5-бандларида кўрсатилган тегишли ваколатли органлар (кейинги ўринларда рухсат берувчи органлар деб аталади) томонидан берилган рухсатнома асосида амалга оширилади.

3. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сувнинг ҳолатига ва сув объектларига таъсир кўрсатувчи махсус иншоотлар ва қурилмалар қўлланилган ҳолда амалга ошириладиган сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш ҳисобланади. Махсус иншоотлар ва қурилмалар қўлланилмасдан, бироқ сув ва сув объектларининг ҳолатига таъсир кўрсатувчи сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли ҳам айрим ҳолларда сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилишга киритилиши мумкин.

II. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома беришга ваколатли органлар

4. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома:

вилоятлараро ва трансчегаравий аҳамиятга молик табиий сув объектлари сувидан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига, катта ва алоҳида муҳим сув, энергетика ва коммунал-маиший объектлардан фойдаланувчи айрим ташкилотларга — Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан;

вилоят, туманлараро ва туман аҳамиятга молик табиий сув объектларидан сув олинганда — табиатни муҳофаза қилиш ҳудудий қўмиталари томонидан берилади.

5. Сунъий сув объектларининг сувидан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома:

вилоятлараро ва трансчегаравий аҳамиятга молик сув объектларидан сув олинганда — ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига, магистрал каналлар (тизимлар) бошқармаларига, сув омборларидан фойдаланиш бошқармаларига, трансчегаравий сув объектларидан, вилоятлараро аҳамиятга молик сув объектларидан, катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотларга, насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаларига, мелиорация экспедицияларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига, шунингдек катта ва алоҳида муҳим сув, энергетика ва коммунал-маиший объектлардан фойдаланувчи алоҳида ташкилотларга — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан;

вилоят ёки туманлараро аҳамиятга молик сув объектларидан сув олинганда — ирригация тизимлари бошқармаларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига — ирригация тизимларининг ҳавза бошқармалари томонидан;

туман аҳамиятга молик сув объектларидан сув олинганда — сувдан фойдаланувчилар уюшмаларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига — ирригация тизимлари бошқармалари томонидан;

қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув объектларидан сув олинганда — ўзлари хизмат кўрсатадиган зонада жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳамда бошқа сув истеъмолчиларига туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими билан келишилган ҳолда — сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан берилади.

6. Табиий сув объектларининг сувидан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома табиатни муҳофаза қилиш органлари томонидан:

ер усти сувларидан фойдаланилганда — қишлоқ ва сув хўжалиги органлари;

ер ости сувларидан (шу жумладан булоқ сувларидан) фойдаланилганда — геология ва минерал ресурслар органлари;

минерал ва термал сувлардан фойдаланилганда — ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш органлари билан келишилган ҳолда берилади.

7. Ичиш, коммунал-маиший, даволаш, курорт, рекреацион, балиқчилик хўжалиги ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун, сув таъминоти манбаларидан қатъи назар, сув олинганда, шунингдек оқова сувлар сув объектларига ва жой рельефига оқизиб юборилганда сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома давлат санитария назорати органлари билан келишилиши керак.

8. Қишлоқ ва сув хўжалиги органлари, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш органлари даволаш тоифасига киритилган сув объектларидан, истисно ҳолларда, бошқа мақсадларда фойдаланишга ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш, соғлиқни сақлаш, курортлар бошқармасининг тегишли органлари билан келишган ҳолда рухсат беришлари мумкин.

III. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун материалларни тайёрлаш, рухсатнома лойиҳасини келишиш ва рухсатномаларни бериш

9. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун материалларни тайёрлаш, рухсатнома лойиҳасини келишиш ва рухсатномаларни бериш ушбу Низомга 1-иловадаги схема бўйича амалга оширилади.

10. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сув истеъмоли учун рухсатнома сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли турига кўра қуйидагича расмийлаштирилади ва берилади:

ушбу Низомга 2-иловадаги шакл бўйича — саноат, коммунал, транспорт ва бошқа ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун сув объектларидан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахслар учун;

ушбу Низомга 3-иловадаги шакл бўйича — ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари учун;

ушбу Низомга 4-иловадаги шакл бўйича — сув омборларидан (гидроузеллардан) фойдаланиш бошқармалари учун;

ушбу Низомга 5-иловадаги шакл бўйича — ирригация тизимлари бошқармалари учун;

ушбу Низомга 6-иловадаги шакл бўйича — насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармалари, шунингдек насос станцияларининг бошқа бошқармалари учун;

ушбу Низомга 7-иловадаги шакл бўйича — мелиорация экспедициялари учун;

ушбу Низомга 8-иловадаги шакл бўйича – сув истеъмолчилари уюшмалари учун;

ушбу Низомга 9-иловадаги шакл бўйича — фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган бошқа сув истеъмолчилари учун.

Истисно ҳолларда, айрим сувдан фойдаланувчилар ёки сув истеъмолчилари учун, уларнинг сувдан фойдаланиши ёки сув истеъмолининг ўзига хосликлари ҳисобга олинган ҳолда, рухсатномалар шакли ушбу Низомнинг 6, 7 ва 8-бандларига мувофиқ, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (табиий сув объектлари бўйича) ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (сунъий сув объектлари бўйича), шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаменти томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

11. Ишлаётган, лойиҳалаштирилаётган ёки реконструкция қилинаётган объектларда амалга ошириш мўлжалланаётган сувдан махсус фойдаланиш ёки махсус сув истеъмолининг барча турларига битта рухсатнома расмийлаштирилади.

Сувдан фойдаланувчилар ёки сув истеъмолчилари ягона сув олиш манбаи, сув таъминоти ва сув чиқариб ташлаш тизими билан боғлиқ бўлмаган, бир-биридан узоқдаги бир неча майдонларда жойлашган тақдирда сувдан фойдаланувчига ёки сув истеъмолчисига бир нечта рухсатнома берилиши мумкин.

Бунда бир ёки бир нечта рухсатнома бериш тўғрисидаги қарор сувдан фойдаланиш, сув истеъмоли ва сув чиқариб ташлаш хусусияти ва шароитлари, шунингдек сув объекти ва оқова сувларни қабул қилувчининг турини ҳисобга олган ҳолда рухсатномалар бериш бўйича ваколатли органлар томонидан қабул қилинади.

12. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш янги объектларини қуришда, шунингдек ишлаётганларини реконструкция қилишда рухсатнома объектларни қуриш учун ер майдони танлаш бўйича ишлар таркибида буюртмачи томонидан, белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

13. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилишга рухсатнома олиш учун сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчиси:

ушбу Низомга 10 — 18-иловаларга мувофиқ рўйхатга биноан материалларни тайёрлайди;

ушбу Низомга 2 — 9-иловаларга мувофиқ шакл бўйича (истисно ҳолларда алоҳида шакл бўйича) сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома лойиҳасини мустақил равишда ёхуд шартнома асосида жалб этилган ташкилотлар билан биргаликда ишлаб чиқади. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома лойиҳаси уч нусхада тайёрланади, ер ости манбаларидан сув олишда эса — тўрт нусхада тайёрланади;

сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома лойиҳасини (тадбиркорлик субъектлари, шунингдек сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган сув истеъмолчилари бундан мустасно) ушбу Низомнинг 6, 7 ва 8-бандларида кўрсатилган тегишли органлар билан келишади.

14. Тадбиркорлик субъектларининг, шунингдек сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган сув истеъмолчиларининг сувдан махсус фойдаланиши ёки сувни махсус истеъмол қилиши учун рухсатнома лойиҳасини келишиш сувдан махсус фойдаланиш ва сув истеъмолига рухсатнома олиш учун ариза берилгандан кейин рухсатнома берувчи тегишли органлар томонидан мустақил амалга оширилади.

15. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома лойиҳасини ушбу Низомнинг 5-банди бешинчи хатбошида ва 6, 7 ва 8-бандларида кўрсатилган органлар (кейинги ўринларда келишиш органлари деб аталади) томонидан келишиш ушбу Низомга 10 — 18-иловаларга мувофиқ рўйхатга биноан тайёрланган материаллар тақдим этилган ҳолда сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчисининг, шунингдек рухсат берувчи органлар (тадбиркорлик субъектлари, шунингдек сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган сув истеъмолчилари учун) ёзма мурожаат қилган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда амалга оширилади.

16. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатномани келишиш рад этилган ёки унинг лойиҳасини пухта ишлаш зарур бўлган тақдирда рухсатномани келишиш органлари асосли хатни расмийлаштиришлари ва ёзма мурожаат қилинган кундан бошлаб беш кун муддатда, белгиланган тартибда ариза берувчига юборишлари керак.

Ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш ёзма мурожаат қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида амалга оширилади.

17. Сувдан махсус фойдаланувчи ёки сув истеъмолчиси (тадбиркорлик субъектлари, шунингдек сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган сув истеъмолчилари бундан мустасно) рухсатнома лойиҳаси келишилгандан кейин сувдан махсус фойдаланиш ёки сув истеъмоли учун рухсатномалар бериш тўғрисида тегишли рухсатнома бериш органларига ариза беради.

18. Ариза сувдан махсус фойдаланувчи ёки сув истеъмолчисининг имзоси (мансабдор шахснинг) ва муҳри билан тасдиқланади.

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тўғрисидаги аризага:

сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсат берувчи органлар билан келишилган (тадбиркорлик субъектлари, шунингдек сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган сув истеъмолчилари бундан мустасно) рухсатнома лойиҳаси (уч нусхада, ер ости манбаларидан сув олинган тақдирда — тўрт нусхада);

ушбу Низомга 10 — 18-иловаларга мувофиқ рўйхатлар бўйича тегишли материаллар илова қилинади.

19. Тадбиркорлик субъектлари, шунингдек сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган сув истеъмолчилари сувдан махсус фойдаланиш ва сув истеъмоли учун рухсатнома олиш учун аризани сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилишга рухсатнома лойиҳасини рухсатнома бериш органига келишувсиз тақдим этадилар.

20. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома рухсатнома бериш органлари томонидан сувдан фойдаланувчилар ёки сув истеъмолчиларининг ёзма аризаси олинган кундан бошлаб йигирма иш куни мобайнида расмийлаштирилади.

21. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатномани бериш рад этилган ёки рухсатнома лойиҳасини пухта ишлаш зарур бўлган тақдирда рухсатнома бериш органлари ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган муддат мобайнида асосли хат расмийлаштириши ва уни белгиланган тартибда ариза берувчига юбориши керак.

Ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш рухсатнома бериш органи томонидан ариза олинган вақтдан бошлаб ўн иш куни мобайнида амалга оширилади.

22. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун расмийлаштирилган рухсатноманинг бир нусхаси сувдан фойдаланувчига ёки сув истеъмолчисига, иккинчи нусхаси — сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли учун рухсатнома шартларига риоя этишни назорат қилиш учун тегишли рухсатнома бериш ҳудудий органига берилади, учинчи нусхаси рухсатнома бериш органида қолади.

Ер ости сувларидан сув олинганда расмийлаштирилган рухсатноманинг бир нусхаси тегишли геология ва минерал ресурслар органига берилади.

IV. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатномаларнинг амал қилиш муддатлари

23. Ер усти сувларидан ва ер ости сувларининг тасдиқланган эксплуатация захираларидан фойдаланилганда сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома беш йил муддатга берилади.

24. Ер ости сувларининг тасдиқланмаган эксплуатация захираларидан фойдаланилганда сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома уч йил муддатга берилади.

25. Рухсатноманинг амал қилиш муддати тамом бўлишидан бир ойдан кечикмай сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчиси илгари берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги сўров билан рухсатнома бериш органига мурожаат қилишга ҳақлидир.

Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ушбу рухсатномани берган орган томонидан:

рухсатномани берган орган масъул шахсининг;

тегишли келишиш органларининг сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчисининг буюртмасида кўрсатилган сув манбаи ва унинг мақсадида, шунингдек сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг бошқа шартларида бирон-бир ўзгариш бўлмаганлиги тўғрисидаги маълумотни тасдиқловчи хулосаси мавжуд бўлганда узайтирилади.

Сув олиш манбаи ва мақсадлари, шунингдек сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг бошқа шартлари ўзгармаганда рухсатноманинг амал қилиш муддати янги муддатга (кўпи билан уч йилга) узайтирилиши мумкин.

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатноманинг амал қилиш муддати тамом бўлганда, шу билан бирга, сув олиш манбаи, мақсадлари, шунингдек сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг бошқа шартлари ўзгарганда сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчиси сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун янги рухсатнома бериш тўғрисидаги сўров билан рухсат бериш органига белгиланган тартибда мурожаат қилади.

26. Объектларни қуриш ёки реконструкция қилиш даврида сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилишда рухсатнома уларни амалга ошириш даври учун белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Объект фойдаланишга топширилгач ушбу Низомда назарда тутилган тартибда сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома расмийлаштирилади.

V. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатномани қайта расмийлаштириш

27. Сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчиси — юридик шахс қайта ташкил этилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда, сув олиш манбаи ва мақсадлари, шунингдек сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг бошқа шартлари ўзгармаган тақдирда сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчиси қайта рўйхатдан ўтгандан кейин етти иш куни мобайнида рухсатнома бериш органига, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни илова қилган ҳолда, сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

28. Сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчисига берилган давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчиси — жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки фаолият кўрсатиш жойи ўзгарган тақдирда, сув манбаи ва мақсади, шунингдек сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмолининг бошқа шартлари ўзгармаганда сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчиси қайта рўйхатдан ўтгандан кейин етти иш куни мобайнида рухсатнома бериш органига, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни илова қилган ҳолда, сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

29. Сувдан фойдаланувчилар ёки сув истеъмолчилари учун рухсатнома қайта расмийлаштирилгунга қадар рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза берган сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчиси ёхуд унинг ҳуқуқий вориси (меросхўри), ариза қабул қилинган сана тўғрисида рухсатнома бериш органининг белгиси қўйилган ҳолда, рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида берилган ариза асосида унда кўрсатилган хатти-ҳаракатлар ва/ёки фаолиятни содир этади ёки амалга оширади.

30. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатномани қайта расмийлаштириш тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, рухсатнома бериш органи томонидан қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

VI. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатномани рўйхатдан ўтказиш

31. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома расмийлаштирилгандан кейин сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмол қилиш учун берилган рухсатномалар реестрига (кейинги ўринларда реестр деб аталади) киритилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахс — сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчисининг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ва идоравий мансублиги, жисмоний шахс — сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчисининг фамилияси, исми, отасининг исми ва фаолият кўрсатиш жойи;

сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилишнинг мақсади;

сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш амалга ошириладиган сув олиш манбаларининг ва оқова сувларни қабул қилувчиларнинг номи;

сув олишнинг, айланма ва такроран фойдаланиладиган сувларнинг, оқова сувларни оқизиб юборишнинг чекланган ҳисобий ҳажми;

тозалаш иншоотларининг тури ва иш унуми;

рухсатноманинг тартиб рақами, муддати ва берилган санаси.

32. Рухсатноманинг амал қилиш муддати узайтирилган, қайта расмийлаштирилган тақдирда реестрда махсус ёзув қайд этилади.

33. Реестр ҳисобга олувчи иш ҳужжати ҳисобланади ва унга тартиб рақами қўйилган, у ип ўтказиб тикилган ва рухсатнома бериш органининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.

VII. Якунловчи қоидалар

34. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилишни тўхтатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

35. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатномаларни бериш жараёнида пайдо бўладиган низолар ва келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

36. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлганлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

СУВДАН МАХСУС ФОЙДАЛАНИШ ЁКИ СУВНИ МАХСУС ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИШ УЧУН РУХСАТНОМА БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Рўйхатдан ўтиш муддати: 14.06.2013 y.
Файлни юкламоқ
Размер: 1.53 MB



Рўйхатга қайтиш
Комментарии (0)
Комментарии отсутствуют
Фақатгина рўйхатга олинган фойдаланубчилар изоҳ қолдиришлари мумкин.
Киринг, пожалуйста.


Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech