Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Бугунги кунда дунё аҳолиси сони шиддат билан ўсиб бормоқда. Мамлакатимизда ўтган асрнинг 90-йилларида ўртача жон бошига 0,20 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари тўғри келган бўлиб, бу кўрсаткич 2010 йилда 0,15 гектарни ташкил қилди. Таҳлилларга қараганда, 2030 йилга бориб ҳозирги ер майдонлари ҳажми камаймаган тақдирда ҳам, фақат аҳоли сонининг ўсиши ҳисобига жон бошига 0,12 гектар майдон тўғри келиши кутилмоқда. Бу келгусида аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш масаласи янада мураккаб бўлишидан далолат беради. 
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг энг устувор йўли – деҳқончилик маҳсулотлари етиштиришда интенсив агротехнологияларни қўллаш, соҳани том маънода модернизация қилишдир. Ушбу масалага Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2010 йил якунлари ва галдаги вазифаларга бағишланган мажлисида алоҳида тўхталиб: «Биз модернизация деганда, кўпинча саноат тармоқларини модернизация қилишни тушунишга ўрганиб қолганмиз. Ҳолбуки, саноат билан бир қаторда иқтисодиётимизнинг қишлоқ хўжалиги каби етакчи соҳасини ҳам модернизация қилиш, унинг таркибига кирадиган деярли барча тармоқ ва ишлаб чиқариш соҳаларининг бутун комплексида техник ва технологик янгилаш ишларини амалга оширишга катта эҳтиёж сезилмоқда», дея таъкидлаган эди. 
Бу борада Қишлоқ ва сув хўжалиги, Молия, Иқтисодиёт вазирликлари ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш бўйича қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда, янги замонавий интенсив агротехнологияларни қўллаш; ерларнинг мелиоратив ҳолатини ва сувдан самарали фойдаланиш орқали тупроқ унумдорлигини ошириш; чорвачиликни ривожлантириш; қишлоқ хўжалигини янги, замонавий, юқори унумли ва тежамкор техникалар билан таъминлаш; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш; қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш каби йўналишларда кенг кўламли вазифалар белгилаб олинди. 
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда, янги замонавий интенсив агротехнологияларни қўллаш натижасида 2015 йилга бориб бошоқли дон етиштириш ҳажмини 10, мева етиштириш ҳажмини 72, сабзавот ва картошка етиштириш ҳажмини 38 % ошириш кўзда тутилмоқда. 
Юртимиз қишлоқ хўжалигининг еткачи тармоғи – пахтачиликда янги агротехнологияларни жорий этиш, селекция ва уруғчиликни такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги экинлари касалликлари ва зараркунандаларига қарши кураш ишларини ривожлантириш Дастурига қуйидаги тадбирлар киритилган: экин майдонларини икки ярусли айланма плуглар билан 35–40 см чуқурликда ағдариб шудгорлаш; чигитни ресурстежамкор, замонавий, юқори унумли 8 қаторли сеялкаларда экиш; ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида 60 см кенгликда чигит экишни кенгайтириш; унумдорлиги паст ерларда ҳамда сув танқис йилларда пахтадан мўл ва сифатли ҳосил олишда чигитни қўшқатор усулида экиш; ер текислашни замонавий лазерли ер текислагичлар ёрдамида амалга ошириш вазифалари белгилаб олинди. 
Шунингдек, ғўза селекцияси жараёнида ёввойи намуналардан самарали фойдаланиш мақсадида қисқа ёруғ кунни яратиб бериш учун «Фитотрон» иссиқхона мажмуасидан кенг кўламда фойдаланиш йўлга қўйилади. «Фитотрон–дала» тизимида селекция ишларини олиб бориш туфайли янги ғўза навларини яратиш муддати 4–5 йилга қисқаради. Ушбу иссиқхона мажмуасидан ғўзанинг қурғоқчиликка, шўрга, гармселга, касаллик ва зараркунандаларга бардошли навларини яратиш учун зарур бўладиган сунъий муҳитлардан фойдаланиш имконияти ортади. 
Юқори тола сифатига эга, эртапишар, узун илдизли ген-нокаут ва маркер-асосланган селекция (МАС) ғўза формалари уруғларини кенг кўпайтириш ва республикамиздаги нав синаш майдонларида синовдан ўтказиш; башорат қилиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида ҳар бир туманда ихтисослашган марказий ва кўчма лабораторияларни ташкил қилиш, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги илмий-тадқиқот институтларнинг фаолиятини оптималлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда асосан эртапишар, серҳосил, касаллик, зараркунанда ҳамда сув танқислиги ва шўрга чидамли, толаси жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган «Бухоро–6», С-6524, «Бухоро–102», «Наманган–77», «Омад», «Бухоро–8», «Ан-Боёвут–2» каби ғўза навлари экилмоқда. Шунингдек, институт-оригинаторлари томонидан бир қатор истиқболли ғўза навлари (С-6541, «Ибрат», «Дўстлик–2», «АН-16», «Султон», «Бешқаҳрамон», «Жондор Қудрати») яратилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилди ва уларнинг уруғчилиги йўлга қўйилди. 
Юқорида таъкидланган вазифаларни амалга ошириш орқали бундай истиқболли навлар янада кўпаяди. Юртимиз пахтакорлари эриша±тган бугунги натижалар янада мустаҳкамланиб, давлатимиз хазинасига пахта толасини сотишдан тушадиган валюта миқдори ортади. Деҳқонларимизнинг моддий манфаатдорлиги ошиб, турмуши янада фаровонлашади. 
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги суғорма деҳқончиликка асосланганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, суғориладиган ерларнинг унумдорлигини оширмасдан туриб, пировард мақсадга эришиб бўлмайди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимизда жами суғориладиган ерларнинг қарийб ярми турли даражада шўрланган. Шу боис, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича яқин йиллар мобайнида кенг кўламли ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. 
Сув истеъмолини илмий асосланган ҳолда режалаштириш, шунингдек, аниқ тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, мелиорация объектларининг техник ҳолатини яхшилаш ва 255 минг гектар ерда коллектор-оқава сувларининг оқиб чиқиб кетишини таъминлаш, 1 млн 132 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарорлаштириш, бу ерларда тупроқ балл-бонитетини 2–3 баллга ошириш, мелиоратив техникалар паркини янгилаш ва сув хўжалиги эксплуатация ташкилотлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги вазифаларга устувор аҳамият қаратилади. 
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илғор техника ва технологияларсиз тасаввур қилиш қийин. Масаланинг бу жиҳати нақадар муҳим аҳамият касб этишини инобатга олган ҳолда соҳани техник-технологик жиҳатдан модернизация қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада қишлоқ хўжалиги техникалари паркини сифат ва миқдор жиҳатдан янгилаш, янги қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва соҳада замонавий, ресурс тежовчи агротехнологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришини молиялаштириш манбаларини диверсификация қилишда бу жараёнга давлат бюджети малағларини тижорат банклари, хўжалик юритиш субъектлари, қишлоқ хўжалиги лизинги билан шуғулланувчи субъектларни кенг жалб қилган ҳолда қисқартириб боришга устувор вазифа сифатида ёндошилмоқда. 
Қишлоқ хўжалик техникаларини янгилаш бўйича хорижнинг илғор компания ва фирмалари билан кенг ҳамкорлик қилиш назарда тутилган. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасини ривожлантириш борасидаги тадбирлар натижасида 2015 йилга бориб мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларни қайта ишлаш 1,5, гўштни қайта ишлаш 2,2, сутни қайта ишлаш 1,6 марта кўпаяди. 
Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида 2015 йилга қадар 500 дан ортиқ лойиҳа ишга туширилади. Жумладан, гўштни қайта ишлаш бўйича 142 та корхона ташкил этилиб қўшимча 25,2 минг тонна маҳсулот; сутни қайта ишлаш бўйича 159 та корхона ишга туширилиб қўшимча 65,6 минг тонна маҳсулот; мева-сабзавотни қайта ишлаш бўйича 189 та корхона фаолияти йўлга қўйилиб қўшимча 89,7 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эришилади. 
Юқоридаги каби чора-тадбирлар қишлоқ хўжалигининг деярли барча тармоқ ва ишлаб чиқариш соҳаларининг бутун комплексини қамраб олади. 
Бу борадаги саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад, мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бири – қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, соҳа самарадорлигини ошириш, халқимизнинг, айниқса, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш, Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар сафидан мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлашдан иборат. 
Матбуот хизмати 
4.09.2011 йил




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech