Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Шу боис давлатимиз раҳбарияти чорвачиликни ривожлантириш, чорва моллари бош сонини кўпайтириш, маҳсулдорлигини ошириш, соҳада самарадорликка эришишга жиддий эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 23 мартдаги «Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2008 йил 21 апрелда қабул қилинган «Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари бу йўлда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. 
Чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самараси ўлароқ кейинги беш йилда қорамоллар бош сони 129, гўшт етиштириш 128, сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш 127 фоизга ошиб, чорвачиликда ялпи маҳсулдорлик 133 фоизга кўпайди. 
Жорий йил бошида чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича махсус Дастур қабул қилиниб, ижросини таъминлаш қатъий назоратга олинди. Унга кўра, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2010 йилга нисбатан 112 фоизга оширишнинг аниқ чора-тадбирлари белгиланган. 
Дастурда лойиҳани амалга оширувчи ҳар бир ҳудуд, ҳар бир туман, ҳар бир фермер хўжалиги, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, уларнинг молиялаштириш манбалари, моддий-техника ресурслари, асбоб-ускуналарни етказиб берувчи ташкилотлар, лойиҳаларни ишга тушириш ва дастлабки маҳсулот ишлаб чиқариш муддатлари, олинадиган умумий маҳсулот ҳажми, яратиладиган иш ўринлари аниқ ҳисоб-китоб қилинган. 
Дастур доирасида 3 мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, бунинг учун 300 млрд сўмга яқин маблағ ажратилади. Ўтган қисқа вақт давомида 1700 га яқин лойиҳа ишга туширилди. Шуларнинг 350 га яқини қорамолчилик, 650 дан ортиғи паррандачилик, қарийб 400 таси балиқчилик, 200 дан ортиғи асаларичилик соҳасидаги лойиҳа тўлиқ молиялаштирилиб, дастлабки маҳсулот бера бошлади. 
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, чорвачиликнинг энг асосий тармоғи бўлган қорамолчиликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири — бу ҳар бир туманда ихтисослашган хўжаликларни ташкил этишдир. Уларда чорва моллари наслини яхшилаш ҳисобига маҳсулдорлигини ошириш, озуқа базасини яратиш, сервис хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни қайта ишлаш ва тизимли равишда истеъмол учун етказиб бериш йўлга қўйилади. 
Ҳозирги кунда Сирдарё вилоятида бу борада эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятнинг деярли барча туманларида бўрдоқичиликка ихтисослашган хўжаликлар ташкил этилиб, уларга етарлича экин майдонлари ажратилган, омихта ем маҳсулотлари тизимли равишда етказиб берилмоқда. Бу бозорларга арзон нархларда гўшт маҳсулотларини доимий етказиб беришга имконият яратяпти. 
Аҳоли, деҳқон ва фермер хўжаликларидаги чорва моллари наслини яхшилашнинг ягона усули сунъий уруғлантириш тизимини яхши йўлга қўйишдир. Бу чорва молларининг маҳсулдорлигини ошириш, пировардида даромадни кўпайтириш ҳисобига аҳоли фаровонлиги юксалишига хизмат қилади. Ҳозирги кунда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 
Жорий йилда 1 млн 480 минг бошга яқин сигир ва таналарни сунъий уруғлантириш режалаштирилган бўлиб, ўтган давр мобайнида 750 мингдан кўпроғи суъний уруғлантирилди. 
Чорвачиликдаги яна бир муҳим масала мустаҳкам озуқа базасини яратишдир. Қабул қилинган Дастурда жорий йилда чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 374,3 минг гектар суғориладиган ер майдонларига озуқа экинлари жойлаштириш белгиланган. Шу мақсадда 46 минг гектарга баҳорги беда, 129 минг гектарга силос учун макка­жўхори, 13 минг гектарга хашаки лавлаги экилди. 
Чорва моллари, айниқса парранда бош сони кескин кўпаяётганлигини инобатга олиб, уларни етарли озуқа билан таъминлаш мақсадида ҳар бир туманда барча фермер хўжаликлари кесимида озуқабоп экинларни экиш дислокацияси ишлаб чиқилди. Улар зарур ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар, уруғлик, банк кредитлари билан таъминланди. 
Кейинги йилларда юртимизда етти хазинанинг бири — паррандачиликни ривожлантириш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолини парранда гўшти ва тухум билан тиббиёт меъёрлари талаби даражасида таъминлашга алоҳида эътибор бериб келинаётир. Бу борада қатор истиқболли лойиҳалар амалаётга жорий этиляпти. 
Шу ўринда бугунги кунда аҳоли хонадонларида саноат усулида парранда боқишни ташкил этиш ор­қали янги иш ўринлари яратилаётганлигини айтиб ўтиш жоиз. Хонадонида саноат усулида парранда боқувчи оилаларни деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтказиб, уларга 3–6 фоизли имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилди. Бу борада Олтинкўл, Жалақудуқ, Урганч, Самарқанд, Бешариқ туманларида амалга оширилаётган ишлар диққатга сазовордир. 
Паррандачиликда амалга оширилаётган лойиҳалар асосан тухум йўналишига ихтисослашган бўлиб, келгусида аҳоли хонадонларида гўшт йўналишидаги товуқларни боқишни йўлга қўйиш бўйича аниқ манзилли дастурлар белгилаб олинди. Бу бозорларимизга мол ва қўй гўштига муқобил бўлган парранда гўштини кўпроқ етказиб бериш орқали нарх-навони пасайтириш имконини беради. 
Ҳозирги кунда барча туманларда битта маҳалладан 100 та хонадон танлаб олиниб, уларга гўшт йўналишида жўжалар етказиб берилди. Ҳисоб-китобларга кўра, республикамизнинг 169 та туманидаги танлаб олинган оилаларда ўртача 50 бошдан парранда боқилса, йил охиригача камида 1000 тоннага яқин парҳез парранда гўшти ишлаб чиқарилади. 
Паррандаларнинг ҳар хил касалликларга чалинишининг олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда. 
Ҳар бир ҳудудда паррандачилик фермер хўжаликлари ва аҳоли учун тўлиқ рацион талабларига жавоб берадиган, парранда ёши, маҳсулдорлиги, йўналишига қараб озуқа таркиби мувофиқлаштирилган емларни, озуқа сифатини сақлай оладиган ихчам қопларда, ойига 1000–2000 тоннагача маҳсулот ишлаб чиқарадиган, илғор технологияларга асосланган ем тайёрлаш кичик заводларини ишга тушириш режалаштириляпти. Шунингдек, жойларда аҳоли хонадонларида боқиладиган паррандалар учун кичик ҳажмдаги пакетларда (5–20 кг) тайёр ем сотадиган ихтисослашган шохобчалар ташкил этилади. 
Кейинги йилларда мамлакатимизда балиқчиликни ривожлантириш борасидаги ишлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Йирик сув ҳавзалари, сув омборлари, ҳатто, фермерларнинг шийпонлари яқинидаги кичик ҳовузларга чавақчалар ташланиб, балиқ етиштиришни кўпайтиришга катта эътибор берилмоқда. Яна бир гап. Ҳозирги кунда жойларда кичик ҳажмли стеклопластик бассейнларда жадаллашган усулда балиқ етиштириш ҳам йўлга қўйилмоқда. 
Дастур бўйича бу йил сунъий ва табиий ҳавзаларга 21,2 млн дона балиқ чавоқлари ташланди. Ҳисоб-китобларга кўра, мавсумда 18 минг тонна балиқ ишлаб чиқариш имкони мавжуд. Бошқача айтганда, ўтган йилга нисбатан қарийб 7,5 минг тонна кўп балиқ овланади. 
Жорий йил 6 ойи мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 111,8 фоиз ўсишга эришилди. 
Фермер хўжаликлари ва табиий кўлларни ижарага олган корхоналарни замонавий технологик воситалар билан жиҳозлаш, гранулаланган омухта ем, минерал ўғитлар ва мавсумий айланма маблағлари учун тижорат банклари томонидан 8 млрд сўм кредит ажратилиши режалаштирилган. 
Бундан ташқари, жорий йилда балиқчилик хўжаликларига 4000 тонна минерал ўғит ажратиш ва уларни олиш учун етарли банк кредитлари билан таъминлаш йўлга қўйилди. Бу сув ҳавзаларини ўз вақтида ўғитлаб, маҳсулдорликни оширишга имкон яратди. Ваҳоланки, ўтган йили балиқчилик хўжаликларига бир килограмм ҳам ўғит ажратилмаган эди. 
Жорий йилнинг ўтган даврида 2341 гектар сунъий сув ҳавзасида 514 та балиқчилик хўжалиги ташкил этилди. Интенсив технологиялар асосида 400 дан ортиқ сунъий ҳавза ишга туширилди, шу жумладан 46 та стеклопластик бассейнлар ўрнатилди. Буларнинг барчаси халқимизнинг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондириш имконини беради. 
Мамлакатимизнинг иқлим шароити чорвачиликнинг яна бир муҳим соҳаси — асаларичиликни ривожлантириш учун жуда қулай. Эрта баҳордан то кеч кузга қадар асалари оилаларидан мўл ва сифатли асал олиш мумкин. Шу боис кейинги йилларда асаларичиликни ривожлантиришга катта эътибор бериляпти. Соҳани ривожлантиришга қаратилган дастурда маҳсулот етиштиришни кўпайтириш борасидаги вазифалар белгилаб олинди. 
Дастурга кўра, жорий йилда янгидан асаларичилик билан шуғулланадиган 932 та субъект, жумладан, 779 та шахсий ёрдамчи ва деҳ­қон хўжаликлари, 152 та фермер хўжаликлари ташкил этиш режалаштирилган. 
Шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларини ташкил этиш борасида жойлардаги ишчи гуруҳлари ва маҳаллий ҳокимиятлар билан биргаликда асаларичилик соҳасига қизиқадиган, талабгор шахсларни аниқлаш, уларнинг ариза ва талабларини ўрганиб тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ҳамда рўйхатдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. 
Асаларичиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича жойларда туман ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, уларга асалари оилалари ва жиҳозларни сотиб олиш учун кредит маблағлари ажратиш ишлари амалга оширилмоқда. 
Асал маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш мақсадида 2011 йилда жами 9 та замонавий технология асосида кичик қайта ишлаш, 12 та асаларичилик жиҳозларини ишлаб чиқариш цехлари ҳамда аҳоли зич жойлашган шаҳар ва туман марказларида савдо дўконларини ташкил этиш ишларини амалга ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланган. 
Чорвачиликни ривожлантириш дастурида белгиланган бу лойиҳаларни амалга ошириш орқали халқимиз дастурхонига арзон ва сифатли маҳсулотларни етказиб бериш каби муҳим вазифани бажаришга эришилади.

Матбуот хизмати 
2.09.2011 й.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech