Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.02.2014
Аграр соҳа ходимлари ўтган йилни сарҳисоб қилиб, жорий йилнинг устувор режаларини тузиб олмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида ҳам вазирлик тизимидаги компания, уюшма, бирлашма, корхона ва ташкилотларда 2013 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг якунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 январдаги мажлисида белгилаб берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш борасида зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш хусусида атрофлича фикр юритилди.
  Ҳайъат йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, вазирлик тизимидаги барча олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, компания, уюшма, бирлашма, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
  Йиғилишда таъкидландики, мамлакатимиз иқтисодининг барча соҳаларидаги каби қиш¬лоқ хўжалиги тармоқларида ҳам 2013 йил улкан ютуқларга бой бўлди. Соҳадаги юксалишларни Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида алоҳида эътироф этди.
    Жумладан, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга ўсиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 6,8 фоизга, чакана савдо айланмаси – 14,8 фоизга ошди. Сўнгги 3 йилда мамлакатимизда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми қарийб икки баробар ошди. Фақат ўтган йилнинг ўзида 455 та корхонада маҳаллийлаштириш дастури асосида 1 минг 140 та лойиҳа амалга оширилди.
   Бунинг натижасида ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 баробар кўпайди ва импорт ўрнини босиш бўйича якуний самара 5 миллиард 300 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 9 та лойиҳа бўйича 5334,6 млн сўмлик ёки 143,6 фоиз маҳсулот ишлаб чиқарилди. Изчил юқори ўсиш суръатлари билан бирга, ялпи ички маҳсулотнинг умумий ҳажмида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улушининг камайиш тенденцияси кузатилмоқда.
   Масалан, 2000 йилда бу борадаги кўрсаткич 30,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2013 йилда фақатгина 16,8 фоизни ташкил этди. Бу авваламбор иқтисодиётимизда амалга оширилаётган чуқур таркибий ўзгаришларнинг, мамлакатимиз бир пайтлардаги аграр республикадан босқичма-босқич равишда саноати ривожланган замонавий давлатга айланиб бораётганининг яққол тасдиғидир. Қишлоқ хўжалигининг ўзида ҳам кенг кўламли ўзгаришлар ва сифат жиҳатдан янгиланишлар юз бермоқда.
    Юртимизда экин майдонларини оптималлаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини районлаштириш борасида ҳар томонлама пухта ўйланган сиёсат олиб борилаётгани энг муҳим хом¬ашё ва экспортбоп маҳсулот бўлмиш пахта етиштиришнинг нисбатан барқарор ҳажмини сақлаган ҳолда, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни бир неча баробар кўпайтириш имконини берди.
  Энг муҳими, халқимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлашга замин туғдирди, керак бўлса, уларни чет мамлакатларга экспорт қилишга имкон бермоқда. Хусусан, ғалла етиштириш 2000 йилга нисбатан 2 баробар, картошка – 3,1 марта, сабзавот – 3,2 баробар, узум – 2 марта, гўшт ва сут – 2,1 карра, тухум – 3,4 баробар ошди. Натижада аҳоли жон бошига сабзавот ишлаб чиқариш 283,2 кг, картошка 76 кг, полиз 50,8 кг, мева 76,9 кг ва узум 43,2 кг. га тўғри келмоқда. Бу эса тиббий талаб меъёрига нисбатан 1,5–2,5 баробар кўпдир.
  Мамлакатимизда жами 71 минг 652 та фермер хўжалиги фаолият юритиб, уларга 5 млн. 854 минг 789 гектар ер майдонлари ижарага берилган, бунда бир фермер хўжалигига тўғри келган ўртача ер майдони 81,7 гектарни ташкил этмоқда. 2013 йилда 18 минг 346 та фермер хўжаликларида қўшимча ишлаб чиқариш соҳаларини, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва хизматлар кўрсатишни ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилди.
   Жумладан, 1525 та фермер хўжалигида қорамолчилик, 679 та фермер хўжалигида паррандачилик, 711 та фермер хўжалигида балиқчилик, 695 та фермер хўжалигида асаларичилик йўналишлари ташкил этилди ҳамда 446 та фермер хўжалигида 2,4 минг гектар майдонда интенсив боғлар, 1365 та фермер хўжалигида 5527 гектар майдонда маҳаллий боғлар ва 999 та фермер хўжалигида 4,5 минг гектар майдонда янги токзорлар барпо этилди.
  Ўтган йили миришкор деҳқон ва фермерларимизнинг фидокорона меҳнати билан мисли кўрилмаган натижаларга эришилди – 7 миллион 800 минг тонна ғалла, 8 миллион 400 минг тонна сабзавот етиштирилди. Улкан хирмонга 3 миллион 360 минг тоннадан ортиқ пахта хомашёси етказиб берилди. Бугунги фермер хўжаликлари самарали фаолият юритиш учун ўз ихтиёрида ижара асосидаги етарлича экин майдонларига эга бўлган, юксак самарали замонавий техника билан таъминланган, илғор технологияларни пухта эгаллаган йирик хўжаликлардир.
  Юртбошимизнинг фермер хўжаликлари қишлоқларимизнинг таянч устунидир, дея таърифлагани бежиз эмас. Бу борада кўп тармоқли фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан бирга, уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш ишларини амалга ошириш ва қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатиш каби йўналишларда самарали фаолият кўрсатмоқда ва ўз истиқболини топмоқда.
     Маълумки, 2008 йилдан бошлаб мамлакатимизда қарийб 1 миллион 500 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ер ости сувлари юқори бўлган майдонлар 415 минг гектарга ёки салкам 10 фоизга қисқарди, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 113 минг гектарга камайди. Ўтган йилда “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури” бўйича жами 227,5 млрд сўмлик бюджет маблағлари ажратилиши мўлжалланиб, ушбу маблағлар 100 фоиз ўзлаштирилди.
   Натижада мелиоратив ҳолати ва сув таъминоти яхшиланган 12387 та фермер хўжалигининг 352122 гектар майдонида пахта ҳосилдорлиги 2 ц/га. га ошди. Биргина ўтган йилги мелиорация тадбирлари натижасида келгусида 260 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.
  Юртбошимиз ўз маърузасида уқтириб ўтганидек, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жам¬ғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, барча манфаатдор идоралар, Фермерлар кенгаши ва авваламбор фермер хўжаликлари мазкур дастурда кўзда тутилган чора-тадбирларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаши лозим.
  Ҳайъат йиғилишида бу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди. Бу иш ўринларининг 60,3 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда яратилгани эътиборга моликдир.
  Жумладан, биргина кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш натижасида қишлоқ жойларда 90,9 мингта янги иш ўринлари яратилди. Қишлоқларимиз тобора чирой очиб бораётгани, аҳоли учун барча қулайликларга эга уй-жойлар қурилаётгани нафақат мамлакатимиз аҳли, балки жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. 2009 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг 159 та қишлоқ туманида намунавий лойиҳалар асосида 900 дан ортиқ янги уй-жой массивлари барпо этилди, умумий майдони 4 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 33 минг 500 дан зиёд якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилди. 732 километр асфальт қилинган автомобиль йўллари, мингдан ортиқ ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари қуриб ишга туширилди.
   Хусусан, 2013 йилда қишлоқ жойлардаги 353 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 10 мингта шинам уй-жойлар барпо этилди, бу кўрсаткич 2012 йилга нисбатан 17 фоизга кўпдир. Ушбу мақсадлар учун қарийб 650 миллион доллар қийматидаги маблағ йўналтирилди. Бунинг 106 миллион доллари Осиё тараққиёт банкининг кредит маблағларидир. Жорий йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 8,1 фоизга, саноатни 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6 фоизга, чакана савдо айланмасини 13,9 фоизга кўпайтириш, бозор хизматларини 16,2 фоизга оширган ҳолда, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 55 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.
   Демак, бошқа соҳалардаги каби аграр соҳа ходимлари олдида ҳам улкан вазифалар турибди. Шунингдек, ҳайъат йиғилишида вазирлик ҳамда тизимдаги республика ва ҳудудий ташкилотларда ижро интизоми, ҳужжатлар ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, идоравий иш юритишнинг замонавий услубларини жорий этиш борасида амалга оширилган тадбирлар каби масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ҳайъат йиғилишида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди ва унинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари белгиланди.
    Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech