Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
22.01.2016

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳанинг барча тармоқларини модернизация қилиш, ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, замонавий ресурстежамкор агротехнологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва маҳсулот таннархини пасайтириш, меҳнат унумдорлигини оширишни рағбатлантириш ҳамда шартномавий-иқтисодий муносабатларни янада такомиллаштиришни таъминлайдиган ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида 2015 йилда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида бир қатор ижобий кўрсаткичларга эришилди.

Жумладан, ҳисобот йилида вазирлик тизимидаги корхоналарда 2014 йилга нисбатан қиёслама баҳоларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 130,0 фоиз, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш 100,8 фоиз, қурилиш-монтаж ишлари ҳажми 103,0 фоизга ошди. Товарлар ва хизматлар экспорти дастури доирасидаги йиллик прогноз кўрсаткичлари 154 фоизга бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан Ҳукумат кафолати остида манзилли дастурлар доирасида вазирлик тизимида амалга оширилаётган 20 та лойиҳа бўйича ҳисобот даврида 79,78 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағ жалб этилиб, 81,94 млн АҚШ доллари ҳажмидаги инвестиция ўзлаштирилди.

“Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури” бўйича жами 350,4 млрд сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштирилиб, 285 минг гектардан ортиқ суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати,
381,6 минг гектар ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланишига эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 февралдаги “2014–2016 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тўғрисида”, 2015 йил
15 февралдаги “2015–2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тўғрисида”ги қарорлари асосида тизимдаги корхоналар томонидан 13 та лойиҳа бўйича
18 млрд 241,3 млн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Фермер хўжаликларининг ер майдонларидан самарали фойдаланилиши, уларнинг молиявий иқтисодий ҳолатининг барқарорлигини оширишни таъминлаш мақсадида, ҳудудларнинг меҳнат ресурслари билан таъминланганлик даражаси каби кўрсаткичларни инобатга олган ҳолда фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкаларини мақбуллаштириш тадбирлари амалга оширилди.

Оптималлаштириш натижаларига кўра, бугунги кунда республикамизда 101 мингдан кўпроқ фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг ўртача майдони 36,1, шу жумладан пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлариники 52,7 гектарни, ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини таъминлаш ва рағбатлантириш ҳамда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар асосида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Ҳисобот йилида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан биргаликда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш бўйича қабул қилинган ҳудудий Дастурларга асосан 21 минг 564 та фермер хўжалигида қўшимча ишлаб чиқариш соҳаларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилди ва бунинг натижасида қишлоқ жойларда 96,2 мингта янги иш ўринлари яратилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 926,8 млрд сўм, шундан 292,9 млрд сўм банк кредитлари ва 63,9 млрд сўм фермер хўжаликларининг ўз маблағлари йўналтирилди.

Фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда улар томонидан шартномавий мажбуриятларини бажаришга бўлган масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, молиявий-иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият юритишини таъминлаш, қўшимча тармоқларни ташкил этиш билан боғлиқ тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Умуман олганда, 2015 йилда қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиши борасида амалга оширилган кенг кўламли тадбирлар ҳамда деҳқон ва фермерларинг фидокорона меҳнати натижасида далаларимиздан
7 миллион 500 минг тоннадан зиёд ғалла, 3 миллион 350 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилди. Бошқа турдаги экинлардан ҳам мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга эришилди. Буларнинг барчаси пировардида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг суръатини 2014 йилга нисбатан қарийб 7 фоизга ўсишини таъминлади.

    Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech