Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.01.2017

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органлари, муассасалари ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Фуқароларимизнинг бу борадаги ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни билан янада мустаҳкамланди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ислоҳотлар босқичма-босқич, изчил амалга оширилиб, Ўзбекистоннинг дунёдаги ривожланган давлатлар сафига қўшилишига эришиш, халқимизнинг фаровон турмушидан мамнун бўлиб бахтли ҳаёт кечириши учун мустаҳкам пойдевор яратиш, давлат томонидан юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилиши натижасида инсон, унинг шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилди.

Фуқароларимизнинг конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиши, уларнинг бевосита республикамиз раҳбариятига мурожаат этишлари мақсадида 2016 йил 25 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Интернет тармоғидаги виртуал қабулхонаси – pm.gov.uz портали ишга туширилиб, 23 декабрдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига айлантирилиши бу борада яна бир муҳим тадбир бўлди. Мазкур портал орқали Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига 2016 йилнинг 29 декабрь ҳолатига 381 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларда кўтарилган масалалар қонунчиликда белгиланган муддатда кўриб чиқилиб, уларда қайд этилган муаммоларни бартараф этиш, саволларга атрофлича жавоб бериш чоралари кўрилди.

Жумладан, Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги “Абдулла Хумоюн Барака” фермер хўжалиги раҳбари Назокат Жалолова Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига йўллаган мурожаатида 2017 йил ҳосили учун 38 гектар майдонга кузги ғалла экиши зарурлиги, лекин мутасадди корхоналардан етарлича уруғлик ва кимёвий ўғитларни олаолмаётганлигини маълум қилган.

Ушбу мурожаат вазирлик ҳамда вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилиб, фермер хўжалигига “Тошкентдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамиятига қарашли Оққўрғон туман дон қабул қилиш ва тарқатиш шохобчасидан етарли миқдорда уруғлик дон ва “Тошкентагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг туман бўлимидан 1265 кг минерал ўғит олинишига амалий ёрдам берилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-2 даҳаси 58-уй 19-хонадонда яшовчи фуқаро Абдурашид Саиджонов Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг Сув хўжалиги ва мелиорацияси факультетини битирганлигини, лекин мутахассислиги бўйича иш топаолмаётганлигини баён этиб, ушбу масалада ёрдам беришни сўраб мурожаат йўллаган.

А.Саиджоновнинг аризаси вазирликнинг тегишли бошқармалари томонидан кўриб чиқилиб, у вазирлик тизимидаги “Сувлойиҳа” сув хўжалиги иншоотларини лойиҳалаш бирлашмасига III тоифали муҳандис лавозимига ишга қабул қилинди.

Яна бир мисол. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри Қурилишчи кўчаси 25-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Гулчеҳра Айтниязова мурожаатида “Агроинтехника” МТП давлат корхонасида 2016 йилнинг 1 апрелига қадар ҳисобчи лавозимида ишлаганлиги, бироқ иш ҳақи берилиши кечиктирилаётганлигини таъкидлаган.

Мурожаатни ўрганиш натижасида Г.Айтниязовага 6 миллион 435 минг 665 сўмлик иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилиши таъминланди.

Ҳозирги кунда вазирлик томонидан жисмоний ва юридик шахсларга электрон кўринишдаги интерфаол хизматлари кўрсатишга жиддий эътибор берилмоқда. Жумладан, аҳоли, хусусан, кичик бизнес вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиш мақсадида (0-371) 241-00-03, 241-46-58 рақамли ишонч телефонлари ташкил этилган. Бундан ташқари, вазирликнинг Интернетдаги agro.uz расмий веб-саҳифаси ҳамда info@agro.uz электрон почтаси орқали ҳам кўплаб ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушмоқда. Масалан, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Осиё кўчаси 4-уйда яшовчи фуқаро Жаҳонгирмирзо Мирзақобилов 2016 йил 23 ноябрда вазирликнинг info@agro.uz электрон почтаси орқали йўллаган мурожаатида, Тошкент ирригация ва мелиорация институтининг талабаси эканлигини, оилавий шароити туфайли дарслардан бўш вақтларида ишлашга мажбур эканлигини, шаҳар “Сувсоз” давлат унитар корхонаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометрология хизмати маркази ва бошқа жойларга иш сўраб борса-да, иш топа олмаганлигини билдирган.

Ушбу марожаат вазирлик томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, Ж.Мирзақобилов оилавий шароити инобатга олинган ҳолда ўзи таҳсил олаётган олийгоҳга биринчи тоифали муҳандис лавозимига ўриндошлик асосида 0,5 ставкага ишга қабул қилинишига амалий ёрдам берилди.

Шу билан биргаликда, 2016 йилнинг 1 декабрида ишга туширилган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг vazir.agro.uz виртуал қабулхонаси орқали ҳам мурожаат қилувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Эндиликда фуқаролар, тадбиркорлар ва юридик шахслар ушбу виртуал қабулхона орқали вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилот, муассаса ва корхоналар фаолиятига оид савол, ариза, шикоят ва таклифларини Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирига бевосита йўлламоқда.

2016 йилнинг 31 декабрь ҳолатига мазкур виртуал қабулхона орқали 31 та мурожаат келиб тушган. Шунинг 22 тасини жисмоний шахслар, 3 тасини якка тартибда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар, қолганларини эса юридик шахслар йўллаган. Улардан 21 тасида кўтарилган масалалар ечимини топган бўлса, қолганлари кўриб чиқиш жараёнида.

Умуман олганда, вазирликда 2016 йил 27 декабргача жисмоний ва юридик шахсларнинг 1893 та мурожаати рўйхатга олинган. Ушбу марожаатларнинг барчаси қонунчиликда белгиланган муддат ва тартибда кўриб чиқилиши таъминланмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вазирликка йўлланаётган мурожаатларнинг аксариятини қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқлари бўйича фаолиятни тўғри ва самарали юритиш юзасидан берилган саволлар ташкил этади. Шу ўринда, Ўзбе­кистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ташкил этилган agro.uz веб-сайтида вазирлик фаолияти билан боғлиқ кўплаб масалалар даврий равишда ёритилиб, таҳлилий маълумотлар жойлаштирилиб борилмоқда. Сайтнинг “Фермерлар учун тавсиялар”, “Фойдали маслаҳатлар” бўлимларида эса соҳа олим ва мутахассисларининг деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятини самарали юритиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари агротехника тадбирларини мамлакатимиз минтақаларининг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда тўғри ва сифатли ўтказиш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш, ирригация ва мелиорация, чорвачиликдаги муҳим тадбирлар юзасидан илмий асосланган тавсиялар эълон қилинмоқда.

Фермерлар, қишлоқ тадбиркорлари, шахсий томорқа эгалари ушбу тавсия ва маслаҳатлардан фойдаланишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони асосида вазирлик ва унинг тизимидаги корхона ва муассасаларда бу борадаги ишларни янада фаоллаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, вазирлик раҳбарияти ва мутахассислари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳар битта шикоят, ариза ва таклифлари эътибордан четда қолдирилмасдан, уларда кўтарилган муаммоларни бартараф этиш изчил тадбирлар кўрилмоқда.

   О.Норбеков, Қ.Маматмуратов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech