Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
01.02.2017 20:48:05

2016 йилда республикамиз қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳанинг барча тармоқларини модернизация қилиш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, замонавий ресурстежамкор агротехнологияларни жорий этиш, иқтисодий муносабатларни янада такомиллаштириш орқали ишлаб чиқариш самарадорлиги ва барқарорлигини таъминлайдиган ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида қуйидаги натижаларга эришилди.

Жумладан, ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қиёслама баҳоларда 6,6 фоиз ўсишига эришилди. Республика бўйича далалардан 21,1 млн тонна (ўтган йилга нисбатан 11,1% кўп) шундан, 11,3 млн тонна (11,3%) сабзавот, 2,1 млн тонна (10,4%) полиз, 3,0 млн тонна (9,7%) картошка, 3,0 млн тонна (10,8%) мева ва 1,7 млн тонна (9,9%) узум маҳсулотлари етиштирилди. Барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 2 млн 171 минг тонна (ўтган йилга нисбатан 6,8% кўп) гўшт, 9 млн 703 минг тонна (7,5%) сут, 6,1 млрд дона (10,6%) тухум ишлаб чиқарилишига эришилди. Республикамиз пиллакорлари томонидан 451,7 минг қутидан кўпроқ ипак қурти парваришланиб, 26,3 минг тоннадан зиёд пилла хомашёси етиштирилди.

Вазирлик тизимидаги корхоналарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишининг ўсиши ўтган йилга нисбатан 10,4 фоизни ташкил этди. Шунингдек, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичлари 127,5 фоизга бажарилди.

Мамлакатнинг 2016 йил товарлар ва хизматлар экспорти дастури доирасида вазирлик тизими бўйича прогнозга нисбатан 185,1% кўп маҳсулотлар экспорт қилинди.

Лимит доирасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 522,5 млрд сўм (2015 йилда 536,2 млрд сўм) ҳажмдаги капитал қўйилмалари ўзлаштирилиб, шундан 454 млрд 875,8 млн сўмлик ёки режага нисбатан 104,8 фоиз қурилиш-монтаж ишлари бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан республикамиз ҳукумати кафолати остида Манзилли дастурлар доирасида вазирлик томонидан 13 та лойиҳа бўйича 150,0 млн доллар (прогнознозга нисбатан 116,7%) маблағлар ўзлаштирилди.

“Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури” бўйича 2016 йилда жами 427,5 млрд сўмлик маблағ (йиллик прогнозга нисбатан 100%) ўзлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 февралдаги “2014–2016 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тўғрисида”ги ва 2015 йил 11 февралдаги “2015–2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тўғрисида”ги қарорлари асосида тизим корхоналари томонидан 17 та лойиҳа бўйича 24 млрд 437,4 млн сўмлик (прогнозга нисбатан 104,3%) маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Вазирлик тизимида инвестиция, маҳаллийлаштириш, касаначилик ва соҳанинг турли тармоқларини ривожлантириш мақсадли дастурлари доирасида жами 15 минг 721 та (прогнозга нисбатан 105,3 %) янги иш ўринлари яратилди.

Умуман олганда, вазирлик тизимида 2016 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш орқали соҳа иқтисодиётини ривожлантиришнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш бўйича барча ташкилий чоралар кўрилди.

    Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech