Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Дунёнинг кўпгина қисмида, қолаверса, минтақамизда, жумладан, мамлакатимизда ҳам сув ресурсларига бўлган талаб ортаётганлиги билан бирга, сувнинг тақчиллиги ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. 2000 йилгача кам сувли мавсум ҳар 6-8 йилда бир марта кузатилган бўлса, охирги йилларда бу жараён ҳар 3-4 йилда такрорланмоқда. Бунда сув тақчиллигини, айниқса, дарёларнинг қуйи қисмида ҳамда канал ва бошқа сув манбаларидан узоқда жойлашган истеъмолчилари чуқур ҳис этмоқдалар.

Республикамизда сув ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланиш асосида суғориладиган майдонлардан олинадиган ҳосил миқдорини ошириш, бу борада озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, сифатини яхшилаш ҳамда ички бозорни тўлдириш орқали мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини янада яхшилаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Республикамизда сувдан самарали ва мақсадли фойдаланиш бўйича кейинги йилларда кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда сувни тежашнинг бир қанча турлари ёрдамида босқичма-босқич зарур бўлган тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар йили 5 минг км. дан ортиқ суғориш, 12 минг км коллектор-дренаж, 50 минг км ариқ тармоқлари тозаланаётган бўлса, 200 км. дан ортиқ каналлар, 30 км лоток ва 500 км коллектор тармоқлари, 400 дан ортиқ гидротехник иншоотлар ва бошқа кўпгина объектлар реконструкция қилинмоқда ва қурилмоқда.

Шу билан биргаликда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиниши ҳам сувни тежалашига ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Мустақиллик йилларида пахта, шоли каби сувни кўп талаб қилувчи экинлар қисқартирилиб, ўрнига бошоқли дон, сабзавот-полиз экинлари ва боғ-узумзорлар майдони кенгайтирилди. Жумладан, 80 йилларга нисбатан пахта майдонлари қарийб 50 фоизга, шоли майдонлари эса 75 фоизга қисқартирилди.

Бажарилган ишлар натижасида сувни тезкор бошқариш ва истеъмолчиларга ўз вақтида кафолатли етказиб бериш имконияти яратилмоқда ҳамда суғориш тармоқларидаги техник йщыотилиши ва фильтрацияси камайишига эришилмоқда.

Жумладан, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш йўналишидаги давлат сиёсатининг натижаси ўлароқ фойдаланилаётган сувларнинг умумий миқдори 80-йилларга нисбатан 20 фоизга камайишига эришилди.

Сув манбаларидан 1 гектар суғориладиган майдонга 90-йилларда 18 минг м3/га ишлатилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 40 фоизга камайди.

Экинларни суғоришда сувдан тежамли фойдаланиш тадбирлари орасида бир қатор ташкилий жиҳатлари борки уларга амал қилиш сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга бевосита хизмат қилади.

Жумладан, фермерлар орасида сувни навбатма-навбат ишлатишни ташкил қилиш, бунда сувни аввал битта далага, кейин эса бошқасига узатилиши натижасида каналдаги сув исрофи 10-20 % га, дала ўқариқларидаги сув исрофи эса 30-35% гача камаяди;
  • суғориш ариқларини лойқа ва бегона ўтлардан тозалаш, бетон ва нов ариқларнинг синган, ёрилган ва тешилган жойларини таъмирлаш тадбирлари ҳам далада сув таъминотини яхшилайди;
  • фермер хўжаликларининг сув олиш қулоқларини сувни бошқариш ва ўлчаш иншоотлари билан жиҳозлаш ишлари сувни адолатли тақсимлаш имконини беради;
  • эрта баҳорда ёки экиш олдидан ўтказилган нам тўпловчи суғоришлар ғўзаларни биринчи суғоришсиз бир текис ундириб олишга тўлиқ имкон беради;
  • сувнинг қатъий ҳисоб-китобининг жорий этилиши ундан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлайди.

Шу билан бирга:

  • суғориладиган ерларни текислаш, ер майдонининг нишаблигига қараб эгатларни қисқа олиш (50-60 м);
  • эгат оралатиб суғориш (20-25 фоиз сув тежалади);
  • сувчилар сонини кўпайтириш ва ҳар 8-10 л/с сувга биттадан сувчи жалб этиш, тунги суғориш ишларини ташкил этиш;
  • Суғоришни шарбат оқизиб ташкил этиш ва қатор орасига ўз вақтида ишлов бериш, сувни ташлама ва зовурга беҳуда ташлаб қўйиш, кўллатиб ва захлатиб суғоришга йўл қўймаслик ҳам ўз самарасини беради.

Мамлакатимизда сув тежовчи технологияларнинг бир қанча турлари қўлланилиб, улар қуйидагилар:

1. Эгатга плёнка тўшаб суғориш;

2. Ўқариқлар ўрнига эгилувчан пленкали қувурлардан фойдаланиш;

3. Тупроқ остидан суғориш технологиясини қўллаш, далага сув бериш миқдори 25–30 фоизгача камаяди, эгат олинмайди;

4. Ёмғирлатиб суғориш (бунда асосан бир йиллик экинлар суғорилади).

5. Томчилатиб суғориш.

Ушбу сув тежовчи технологиялар ичида томчилатиб суғориш алоҳида аҳамиятга эга.

Ушбу технология бошқа суғориш усулларидан фарқли жиҳатлари:

  • -юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари танқислиги шароитида кам сув сарфлаб барқарор юқори ҳосил олиш имконини бериши;
  • тупроқнинг намлиги ва уни яратиш учун берилаётган сувни бошқариш мумкинлиги, яъни сув ҳар бир экиннинг маълум даврдаги эҳтиёжига мос равишда дала бўйлаб бир текис тақсимланиши;
  • экин илдизи ривожланадиган тупроқ қатламида ўсимлик учун мақбул бўлган сув-физик муҳит яратилиши.

Томчилатиб суғоришда қуйидагилар ҳисобига сув тежалади

o суғориш режимини ўсимликнинг сувга бўлган талабига мослиги;

o тупроқдан буғланадиган сувнинг камлиги;

o сувнинг дала бўйлаб тарқалмаслиги ва тупроққа сингиб кетмаслиги;

o сув оқавага ташланмаслиги:

Томчилатиб суғориш натижасида бошқа суғориш усулларига нисбатан 20 фоиздан 60 фоизгача сув тежалади.

Томчилатиб суғоришда сув ўсимликка шланглар воситасида етказиб берилганлиги учун дала тупроғи қотмайди, натижада тупроқни юмшатишга (культивация) ва ариқ олишга ҳожат қолмайди. Тупроғи қотмаган майдон эса мавсум охирида осон ҳайдалади.

Ўғит сув билан бирга берилганлиги боис, ўғитлаш учун техника ишлатишнинг зарурияти йўқолади.

Томчилатиб суғориш тизимини қуриш учун сув насоси, фильтр ҳовуз-тиндиргич, ўғитловчи мослама, магистрал ва тарқатувчи қувурлар, суғориш шланглари, томизгичлар, ёрдамчи ва ўловчи қисмлар керак бўлади. Бундан ташқари қурилиш ишлари ва лойиҳани тузиш харажатлар киритилади.

2013–2014 йилларда ўтказилган тадқиқот ишларига асосан бир гектар майдонга ўртача 6–7 млн сўм атрофида маблағ сарфланади.

Республикамизда ушбу технология учун талаб этиладиган 95 фоиз жиҳоз ва анжомлари чиқарилади. Бундан 5–6 йил бурун мамлакатимиз шароитида томчилатиб суғориш тизимининг баъзи қисмларини ишлаб чиқарувчи биргина Санипласт қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирги кунга келиб бундай корхоналар сони бир қадар кўпайди.

Агар сув насоси “Сувмаш” заводида тайёрланса, фильтр, ҳар хил диаметрдаги пластик қувурлар, шлангалар, ёрдамчи ва уловчи қисмлар “Шўртангазкимё”, “Махсусполимер”, “Жиззахпласмасса” ва бошқа корхоналарда ишлаб чиқилмоқда. Энг асосийси авваллари тўлиқ четдан келтирилган томизгичлар (капельницалар) эндиликда ўзимизда “Пипелайн технологис” (Тошкент ш.), “Агропласт монтаж сервис” (Наманган вилояти) корхоналарида ишлаб чиқарилмоқда.

Сув ресурсларидан фойдаланишнинг самарадорлигини оширишда суғоришнинг сувни тежайдиган илғор технологияларни қўллаш муҳим аҳамиятга эгалигини ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбарияти томонидан ушбу йўналишни ривожлантириш қўллаб-қувватланмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 21 апрелдаги “2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига асосан 2013–2017 йиллар давомида жами 25 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими, 45,6 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш усули ҳамда 34 минг гектар майдонда эса ўқариқлар ўрнига кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш усуллари жорий этилиши белгиланган.

Ушбу Қарорнинг ижросини таъминлаш ҳамда сувни тежайдиган замонавий суғориш усулларни жорий этган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантириш тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 июндаги “Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ва молиялаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида белгиланган имтиёзларда кўзда тутилган.

Ушбу қарорда томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига тежалган сув ресурсларидан бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш учун фойдаланиш ҳуқуқи берилиши белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 367-моддасига киритилган ўзгартиришларга асосан юридик шахслар, ер участкасининг қайси қисмида томчилатиб суғоришдан фойдаланилаётган бўлса, ўша қисмида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб беш йил муддатга 5 йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 июндаги 176-сонли қарорига асосан nомчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ҳар йили тасдиқланадиган Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш Давлат дастурлари асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Шунга кўра, ҳудудий манзилли дастурни шакллантириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимларининг қарорлари билан тегишли равишда ҳудудий ва туман ишчи гуруҳлари ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ҳудудий ишчи гуруҳ раҳбари этиб тайинланган. Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармаси бошлиғи эса ҳудудий ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари ҳисобланади.

Шунингдек, ҳудудий ишчи гуруҳ таркибига тижорат банкларининг вилоят бўлинмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари бошлиқлари, ҳудудий Фермерлар кенгаши раислари, ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармалари бошлиқлари, электр тармоғи ҳудудий ташкилоти бошлиқлари киритилган.

Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳудудий ишчи гуруҳнинг ишчи органи ҳисобланади.

Ҳудди шундай туманларда ҳам туман ишчи гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, туман ҳокими – ишчи гуруҳ раҳбари этиб белгиланган. Шунингдек, гуруҳ таркибига тижорат банкларининг туман бўлинмалари раҳбарлари, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи, туман Фермерлар кенгаши раиси, ирригация тизими бошқармаси раҳбари, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи, электр тармоғи туман ташкилоти бошлиғи ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларнинг раҳбарлари киритилган.

Ушбу ҳудудий ва туман ишчи гуруҳлари томонидан томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишнинг ҳар йилги ҳудудий манзилли дастури қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг номлари, уларнинг жойлашган жойи, томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш майдонлари, қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари, дастлабки қиймати ва молиялаштириш манбалари кўрсатилган ҳолдаги лойиҳалар рўйхатидан иборат бўлган ҳудудий манзилли дастурлари ишлаб чиқилмоқда.

Вазирлик томонидан жойлардан олинган ҳудудий манзилли дастурлар умумлаштирилиб, Давлат дастури лойиҳаси тайёрланади.

Ушбу давлат дастури лойиҳаси Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Жамғармаси Кенгаши аъзолари ҳисобланган вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан келишилиб, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Жамғарма Кенгашига тақдим этилади.

Бундан ташқари, томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича амалга оширилган илмий-тадқиқот ишлари, ишлаб чиқариш тажрибалари ҳамда ушбу технологияни жорий қилиш бўйича мавжуд тавсияларни таҳлил қилиш, томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий қилиш бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари ҳамда фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари учун тавсиялар тайёрлаш ва жойларга етказиш мақсадида Ирригация ва сув муаммолари илмий-текшириш институти қошида юридик шахс мақомидаги суғориш технологиялари бўйича консалтинг маркази ташкил қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан томчилатиб суғориш ва бошқа сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш бўйича тасдиқланган ҳудудий манзилий дастурлари умумлаштирилиб, 2015 йилда томчилатиб, эгатга плёнка тўшаб ҳамда кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш усулларини жорий қилиш бўйича ҳудудий Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу Давлат дастури 2015 йилнинг 13 мартида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Жамғарма кенгашининг 01-03/1-250-сонли йиғилиш баёнига асосан тасдиқланди.

Давлат дастурига киритилган томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш лойиҳаларни амалга оширишда фермер хўжаликлари ва бошқа ер эгаларига Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Жамғармасининг кредит линияси ҳисобидан республика бўйича 10 млрд сўм маблағ ажратилди. Мазкур маблағлар тижорат банклари орқали йиллик 6 фоизлик имтиёзли кредит сифатида тақдим қилиниши белгиланган.

Бугунги кунда 2015 йил Давлат дастурига киритилган ҳар бир лойиҳани таҳлил қилиб, жорий қиладиган майдонларда томчилатиб суғориш тизими лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда қурувчи пудратчи ташкилотларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиниши, бунинг учун давлат томонидан яратилаётган қулайликлардан фойдаланиш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади деб ўйлаймиз.

pdf.png Презентация сув тежаш (матбуот анжумани) (2,4 МБ)





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech