Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
03.12.2015

Республикамизда қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларини, шу жумладан мевачиликни жадал ривожлантириш, тупроқ унумдорлигини кўтариш, мева ҳосилдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳамда улардан қайта ишлаш саноатида тайёрланадиган маҳсулотларни кўпайтиришга, халқимизнинг мевага бўлган талабини тўла қондиришига қаратилиши зарур.

Боғдорчиликка ихтисослашган ширкат хўжаликларини фермер хўжаликларига айлантирилиши, мамлакатимизда мевага бўлган эътиборни янада кучайтириб, уларнинг ҳосилдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини кўтариш ҳамда мева маҳсулотини қайта ишлаб, уларни чет мамлакатларга экспорт қилиш имкониятлари яратилди.

Боғбон фермерлар зиммасига мева етиштиришда унинг ҳосилдорлигини кескин кўтариш, маҳсулот сифатини яхшилаш, қуруқ мева тайёрлаш ҳажмини ошириш, аҳолини ҳамда қайта ишлаш саноатини хомашё билан тўлиқ таъминлаб, юқори сифатли маҳсулотни четга чиқариш юклатилади.

Боғдорчиликни юқори поғонага кўтаришда фермерларимиз илм-фан ютуқлари ва тавсия этилган технологияларни ўз вақтида ва юқори агротехника даражасида амалга оширишлари зарур.

Тупроқ-иқлим шароитларининг қулайлиги, мева турлари ва ажойиб навларининг мавжудлиги, улардан юқори, мўл ва сифатли ҳосил олиш имкониятини беради.

Боғлардан мўл ҳосил олишда зарур бўлган агротехник тадбирларни ўз вақтида юқори даражада бажарилиши қуйидаги тавсияномада баён этилган.

ЁШ БОҒЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ

Мевали дарахтлар дастлабки йиллари ажратилган озиқланиш майдонининг ҳаммасидан фойдаланмайди, шу туфайли ёш боғлар қатор ораларида 2–3 йил давомида дарахт шохлари туташгунча турли қишлок хўжалик экинларини етиштириш мумкин. Пахта, сабзавот, полиз ва бошқа шудгорлаб экиладиган эртаки ва ўртаки экинлар етиштириш тавсия қилинади.

Шўрланган ерларда дастлабки йиллари беда экиш мақсадга мувофиқдир, чунки у мазкур шароитда тупроқни азот ва бошқа органик моддалар билан бойитибгина қолмай, балки таркибини яхшилайди, сизот сувлари сатҳини пасайтиради. Бу экин, айниқса, 2–3 йили жуда кўп нам суради, шунинг учун уни суғориш суви билан таъминланган ёш боғларга ҳам экиш мумкин. Шу нарса аниқланганки, беда ўзи сурадиган катта миқдордаги суви билан бирга кўплаб озиқа моддаларни ҳам олади. Боғ қатор ораларига беда экилганда, биринчи йили тупроқдаги эрийдиган азот ва фосфор миқдори кескин камаяди, натижада дарахтларнинг озиқланиш режими ёмонлашади. Шунинг учун ерга қўшимча озиқа сифатида минерал ўғитлар солиш керак.

Ўсимликларни парваришлашда ўсимлик танаси атрофидаги тупроқ ҳар йили эрта баҳорда 12–15 см чуқурликда юмшатилиши керак. Ёз бўйи ниҳоллар унинг икки томонидан 25–30 см масофада олинган ариқлар орқали 8–10 маротаба суғорилади. Суғориш муддатлари қуйидагича: апрелда бир маротаба, май-июнда икки маротаба, июлда уч маротаба, август-сентябрь ойларида бир маротаба. Ҳар суғоришдан кейин эгатлар культиватор билан юмшатилади.

Боғда дарахт қаторлари ораси октябрь ойининг охири – ноябрь ойининг бошларида 25–27 см чуқурликда шудгор қилиб ишлов берилади.

Эрта баҳорда ер 15–17 см чуқурликда юмшатилади. Бу иш тракторга осиладиган МПВ-1, КСЛ-5 қуроллар ёрдамида бажарилади. Дарахт танасига яқин ерларни юмшатиш учун ФА-76 фрезадан фойдаланилади.

Бегона ўтларнинг пайдо бўлишига қараб дарахт танаси ёнидан ерлар ФА-76 фрезаси билан юмшатилади.

Ҳар йили мева дарахтлари тўлиқ ҳосилга киргунча гектарига кузда 40–50 кг фосфор, 30–40 кг калий ва баҳорда 60–70 кг азот ўғитлари солинади.

Боғнинг қатор ораларига дарахтлар 5–6 ёшга тўлгунча оралиқ эртаки ва ўртаки экинлар (картошка, қанд лавлаги, қизилча, саримсоқ пиёз, редиска, туруп, майда ошқовоқ, помидор, карам, ловия, нўхат, полиз экинлари) экилади. Улар парвариш қилинаётган экиннинг агротехника талаблари асосида ўғитланади ва суғорилади.

Боғнинг қатор ораларига оралиқ экинлар экканда дастлабки 1–2 йилларда дарахт танаси ёнидан 1 м кенгликда оралиқ қолдириш керак. Кейинги йилларда оралиқ бўш жой 0,5 м дан кенгайтириб борилади. Боғ тўла ҳосил бера бошлагач, оралиқ экинлар экилмайди.

Кўчат экилган йилнинг кузида, ёзда нобуд бўлган кўчатлар ўрнига шу нав кўчатидан ўтқазилади.

Мевали дарахтлар қуйидаги схемада экилади

Т у р л а р

Суғориладиган бўз тупроқ

Шағалли-қумлик тупроқ

Тоғли ҳудуд

Масофа, м.

Қатор ораси

Кўчат ораси

Қатор ораси

Кўчат ораси

Қатор ораси

Кўчат ораси

Олма

8

7

8

6

6–8

6

Олма (ўрта бўй пайвандтагда)

6

5–6





Нок

8

6

8

5

6–8

5

Беҳи

6

4

5

4

-

-

Ўрик

8

7

8

6

8

6

Олхўри ва йирик мевали

7–6

5

6

4

-

-

Шафтоли

6

4

5

4

-

-

Гилос

8

7

8

6

-

-

Олча

6

4

6

4

-

-

Хурмо

6

6





ҲОСИЛЛИ БОҒЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ

Боғларда тупроқнинг унумдорлигини доимо яхшилаб борилиши керак. Дарахтларга тўғри шакл бериш ва қирқиш билан бирга тупроққа етарли даражада органик ва минерал ўғитлар солиб туриш, ерга ўз вақтида ва юқори сифатли ишлов бериш, ўсимлик ва меваларни зараркунандалар ҳамда касалликлардан сақлаш, йилнинг ҳамма фаслида тупроқни етарли намликда бўлишини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор бериш лозим. Ҳосил бераётган боғларда келгуси йил ҳосили пухта замин яратишнинг асосий тартиби – бу ерни баҳорда (ҳеч нарса экмай) яхши ўғитлаб, шудгорлаб қўйишдир. Шу билан бирга органик ўғитларни кўпи билан ҳар 3 йилда бир маротаба чиринди сифатида гектарига 20–25 тоннадан солиш керак. Бундай ўғитлар етишмаса 2–3 йилда бир маротаба қатор ораларига сидерат экинлар экилади. Уларни сентябрь ойи охирида экиб, гуллаш пайтида – май ойининг бошларида ерга ҳайдаб юборилади. Кўк поянинг тупроқ остига яхши тушиши учун экин ер ҳайдалиши олдидан КИР-1,5 ротацион ўриш машинаси билан майдалаб чиқилади.

Ҳар йили кузги шудгор ўрнига ноябрь ойида 15–17 см чуқурликда культивация қилиниши мумкин. Фақат ерга органик ўғит солинсагина у плуг билан 20–22 см чуқурликда ҳайдалади. Эрта баҳорда қатор оралари қайта юмшатилади ҳамда бу иш ёз бўйи ҳар бир суғоришдан кейин такрорланади. Бунда ишлов берувчи МПВ-1 машинаси КЗУ-03 культиватори билан амалга оширилади. Дарахт танасига яқин жойларга (10–12 см. дан чуқур бўлмаган) ишлов бериш учун ФА-76 механик фрезадан фойдаланилади.

Дарахтлар суст ўсаётган бўлса (30–40 см. дан кам) ўғитни 1 м2 жойга 40–60 г ҳисобида бевосита уларнинг танаси атрофига солиш керак. Дарахтлар катталашган сайин уларнинг танаси атрофининг доираси кенгайтириб борилади.

ЎҒИТЛАШ

Ҳосилли боғга 2–3 йилда бир маротаба гўнг (гектарига 20–40 т) ҳар йили минерал ўғит (гектарига соф ҳолда 120 кг азот, 90 кг фосфор, 70 кг калий) солинади. Гўнг бўлмаса ўғитлар миқдори 30–40 % кўпайтирилади. Уч йилда бир маротаба фосфор-калий (гектарига Р180К90 кг соф ҳолда) ўғити солиб, ер чуқур (40–45 см) шудгор қилинади. Фосфор, калий ўғитлари ва гўнг кузги шудгор олдидан солинади, азот ўғити дарахт гуллашидан 2–3 ҳафта олдин гектарига 120 кг (соф ҳолда) миқдорида 20–25 см чуқурликка солинади.

Шағалли тупроқ ерларда ўғитлар миқдори 50% кўпайтирилади, азот уч маротаба – баҳорда, июнь ва июль ойларида солинади.

Йил давомида 800–1000 мм ёғин тушадиган тоғ ҳудудларида (денгиз сатҳидан 800–1200 м баландликда) ўғитлар қуйидаги тартибда солинади. Кузда (октябрь-ноябрь ойларида) ҳар гектар ерга азотнинг умумий миқдорининг 30–40% аммофос билан сульфат аммоний сифатида, соф ҳолда калий 30–40 кг, фосфор 60–70 кг органик ўғит билан биргаликда берилади. Азот ўғитининг қолган қисми (60–70%) баҳор ойларида (март-апрель) 10–12 см чуқурликда солинади. Органик минерал ўғитларнинг ушбу муддатларда солиниши уларнинг ёғинлар таъсирида тупроққа тез сингишини таъминлайди.

Ўғитлар ерга РОУ-5, НРУ-0,5, МПВ-1, КСЛ-5, ПТ-4 машиналари ёрдамида солинади.

Дарахтлар экилган қумлоқ, бўз ерларга солинадиган минерал ўғитларнинг меъёри қуйидагича: азот 120, фосфор 90., калий 45 кг/га.

Азот ўғити икки маротаба – апрель ва июль ойларида тенг миқдорда, фосфор ва калий кузда ва июль ойида тенг иккига бўлиб солинади. Бу ёзнинг иккинчи ярмида ҳосил куртакларининг шаклланишига ҳамда дарахтнинг қишга яхши тайёргарлик кўришига ёрдам беради. Ер ҳайдалган бўлса, ўғит марказдан қочирадиган НРУ-0,5 сочувчи осма механизм билан сепилади. Фосфор ва калий ўғитларини ерга чуқурроқ 20–22 см қилиб солиш учун МПВ-1 машинасидан фойдаланилади.

Боғ гўнг шалтоғи, парранда гўнгги билан озиқлантирилса яхши самара беради. Бу ўғитларга 5–6 ҳисса сув қўшиб, бир текисда суюлтириб солинади ёки сув улар солиб қўйилган чуқур орқали оқизилади.

Чиринди ва азотга бой тупроқли, оддий шох-шаббали, юмалоқ тупли боғлардаги ерга гектарига 120 кг азот, 90 кг фосфор, 45 кг калий солинади.

СУҒОРИШ

Ҳосил берувчи боғларда қишки яхоб (қовус) сувлари ноябрь ойидан март ойи охиригача 2–3 маротаба гектарига 1500–2000 м3 ҳисобида берилади.

Қатор ораларини суғориш учун 70–80 см узоқликда 22–24 см чуқурликда ариқ очилади. Сув 24–36 соат давомида ер яхши захлагунча жилдиратиб, оқизиб қўйилади.

Ёзда суғориш миқдори дарахтларнинг ёшига, ер ости сувининг сатҳига, қатор ораларида етиштирилаётган экинларга боғлиқ бўлади. Боғ суғориладиган бўз ерларда ўсимликнинг ўсиш даврида 4–6 маротаба, шағалли ерларда 10–12 маротаба суғорилади. Суғориш миқдори қатор ораларининг ҳолатига қараб 800–1000м3, шағалли ерларда гектарига 300–500 м3 дан иборат бўлади.

Ҳосил берувчи баланд бўйли боғда ҳар бир қатор оралиғида 5–6 қатор қилиб олинган ариқлар орқали суғорилади.

Вегетация даврида ер ости қатлами чуқур бўлган қумоқ бўз ерларда боғ ёз пайтида гектарига 800–850 м3 меъёрда 4–5 маротаба, куз (сентябр, октябрь) гектарига 450–500 м3 меъёрда 1–2 маротаба суғорилади. Қишки нам тўплаш суви эса гектарига 1700–2000 м3 меъёрда бир маротаба ноябрь ойида берилади. Боғ мана шундай тартибда суғорилса, ўртача гектарига бир йилда 6000–6500 м3 сув сарф бўлади. Суғориш учун ариқлар қатор ораларида дарахтлар қаторидан 80–90 см масофада олинади. Ариқлар оралиғи ҳам шундай узоқликда бўлади.

Ер ости шағал бўлган, шунингдек, енгил қумоқ ва қумоқ тупроқли ерларда вегетация сувлари оддий боғларда гектарига 400–450 м3 миқдордаги сув 8–10 маротабага етказилади. Шунингдек, гектарига 500–600 м3 миқдорида 2–3 маротаба қишки яхоб суви берилади. Ер ости шағал бўлган ерларда минерал ўғитлар оз-оз миқдорда тез-тез солиниши керак. Чунки, акс ҳолда, суғориш пайтида минерал ўғитлар ювилиб, ернинг чуқур қатламига тушиб кетади. Бу ерларда органик минерал ўғитлар айниқса яхши самара беради. Улар ернинг нам сақлаш ва ҳосилдорлик хусусиятини оширади. Ўғитнинг тахминий йиллик миқдори қуйидагича: гўнг гектарига 20 т, азот – 120 кг, фосфор – 50 кг, агар фақат минерал ўғитлар солинса: азот – 240, фосфор – 120, калий – 30 кг бўлади.

Барча ҳолларда азот ўғити икки-уч маротаба – апрель ва июль ойларида тенг миқдорда, фосфор ва калий 50 фоиздан кузда ва июнь-июль ойларида солинади.

МЕВАЛИ ДАРАХТЛАРНИ КЕСИШ ВА УЛАРГА ШАКЛ БЕРИШ

Кучли пайвандтагда ўсадиган ва ўрта ҳолда ўсадиган пайвандтакка улаб ўстирилган мева дарахтларига шакл беришнинг асосий тартиби – бу ярусли (қаватли) қилиб шакллантиришдир. Республикамизда олма ва нокларнинг кўпчилик навларига нисбатан шу усул қўлланилади. Тўла шакл берилган мева дарахтлари биринчи қаватда 3–4 дона асосий шохга эга бўлиши керак. Уларни шакллантириш билан бир қаторда иккинчи ва учинчи қават шохлари ҳам қолдирилади. Иккинчи қаватнинг биринчи шохи асосий шохларидан 30–40 см, иккинчи шох биринчи шохдан 25–30 см масофада қолдирилади. Учинчи қават шохлари ҳам шу тартибда қолдирилади.

3–4 йил шакл берилган ёш дарахтларни кўп буташ тавсия этилмайди. Чунки бу уларнинг ўсишини кучайтириб, ҳосил беришини кечиктириб юборади.

Олма дарахти тўлиқ ҳосилга киргунга қадар шохларини ўртача қисқартирилиб ва сийраклаштирилиб шакл берилади. Бунда бир-бирига соя ва ҳалақит берадиган ҳамма шох ва новдалар олиб ташланиб, дарахт шох-шаббаси маромида сийраклаштирилади.

Олма дарахти тўла ҳосил бера бошлаганидан кейин унинг ўсиши ва ҳосилдорлигини сақлаб туриш учун меъёрида буталади. Бунда фақат майда шох-шаббасини қалинлаштириб юбориши мумкин бўлган новдалар ва бачкилар олиб ташланади, баъзи янгидан ўсиб чиққан узун новдаларни, ҳосил шохига айлантириш учун қисқартирилади. Ҳаддан ташқари йирик шохлар уларни бошқа шохларига тенглаштириш учун қисқартириб буталади.

Дарахтлар ўсишдан орқада қолса (10–15 см), бир йиллик новдаларнинг нормал ўсишини таъминлаш учун 3–5 ёшли яхши ўсган она шохларига тақаб кесилади.

Дарахт ҳосил қилмайдиган йилда буташ системаси қуйидагича бўлади: шу йили ўсиб чиққан новдалар кўпроқ калталаштирилади, ҳалқасимон мева шохлари сийраклаштирилиб, мураккаб ҳалқасимон новдалар калталаштирилади. Натижада бир йиллик новдаларнинг ўсиши тезлашади, ҳосил куртакларининг шаклланиши сустлашади. Дарахт ҳосил берган йили: буталмаган бўлса, бу ишни ҳосил берган йили қилиш керак. Бундай ҳолатда новдалар 35–40 см ўсган эски шохларига тақаб кесилади. Ҳосил куртакларини кўплаб шакллантириш учун ўсган бир йиллик новдалар қисқартирилади.

Нок дарахтлари ҳам худди олма сингари кесилади. Шунингдек, навлар хусусиятини ҳам эътиборга олиш керак. Кам шохлайдиган, аммо бир йиллик новдалари тез ўсган ва асосий ҳалқали мева шохлари кўп бўлган новдаларни уларнинг узунлигига қараб ярим ёки учдан бири кесиб ташланади. Кўп шохлайдиган ва асосан чивиқсимон новдаларида ҳосил берадиган дарахтларнинг шох-шаббалари сийраклаштирилади.

Беҳи дарахтига олма дарахтига шакл берилганидек, ярусли сийраклаштирилган ҳолда шакл берилади. Дарахтнинг кўп йиллик шохларини шакллашда уларнинг бир-бирига мойиллаштириб буташ керак, ўткир бурчакли бўлиб қолишига йўл қўймаслик лозим.

Дарахт тўла ҳосилга киргач, новдаларнинг ўсиши кескин камаяди ва мева бериш калта шохларига ўтади. Бу даврда ҳосилли шохларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетишининг олдини олиш учун пастроқда жойлашган ҳосилли шохга тақаб шох қисқартириб кесилади.

Ўсиш сустлашган чоғда (охирги навдалар 25–30 см. дан қисқа бўлса) 3–4 йилда бир маротаба 2–3 йиллик шохларига тақаб шох-шаббаларини ёшартириб каллакланади.

Дарахт кесиклари 3 см. дан катта бўлса, кесилган жой албатта боғ малҳами (канифоль, асалари мўми, ёғ) ёки бўёқ билан бўялади. Бу тадбир дарахтга қорасон касаллиги тушиб кетишдан сақлайди.

Данакли мева дарахтларининг шохларини мустаҳкам шаклланиши, ўсиши ва ҳосил беришини тартибга солиш, ҳосилдорлик ва мева сифатини яхшилаш учун буташ зарур. Ҳар бир данакли мева дарахтининг тури ўзига хос шакл бериш ва буташни талаб қилади.

Данакли мева дарахтлари кўпинча 3–4 ёшида ҳосилга киради, эскироқ шохларда шаклланган ҳосил новдалари эса уруғлиларга нисбатан унча кўп яшамайди, оқибатда шохлар ичи тезда бўшлиққа айланади. Бунга йўл қўймаслик учун буташ йўли билан ҳар йили кўплаб бир йиллик новдалар ўсиб чиқиши ва уларни шохлар орасига тўғри жойлаштириб, ҳосил тугишига эришиш зарур. Шохлар буталганда бир йиллик новдалар сони кўпаяди ва агар у ёруғда жойлашган бўлса, мева шаклланишига кўмаклашади.

Ўрик дастлабки йиллари тез ўсади, баъзан эса муддатидан олдин ён шохлари пайдо бўлади. Улар бир ёшида ҳам мевага кириши, калта ҳосил шохчаларида мева тугиши мумкин.

Гул куртаклари кучсиз ва ўртача новдаларда учи яқинида, кучлиларида эса бутун узунлиги бўйлаб пайдо бўлади. Калта шохчалар тананинг турли қисмида ўсиб чиқиб, узоқ яшамаслиги билан ажралиб туради. Уларнинг ҳосил бериш муддат чегараси 3–4 йил. Аста-секин ёши катталашиши билан асосан йил сайин камайиб борувчи бир йиллик шохларига уйғунлашади.

Ўрикка шакл беришнинг яхши усули қаватлаб сийраклатишдир. Биринчи қаватда иккита шох қолдирилиши мумкин, кейинги шохлар бир-биридан 30–35 см масофада жойлаштирилади.

Кўчат ўтказилгандан кейинги дастлабки 2–4 йилларда ўрик шохлари тиккасига кучли ўсиб, кам шохлайди. Шунинг учун ҳар йили биринчи йилдан бошлаб баҳорда сийраклаштиришдан ташқари, тананинг давоми бўлмиш бир йиллик новдалар кескин қисқартирилади.

Ёши катта дарахтларнингг (15–20 ёшли) 2–3 йиллик (ён шохлари) шохлари қирқилиб кучлироқ ёшартирилади. Янада қарироқ ёки ўсишдан қолаётган дарахтларнинг 5–7 йиллик шохлари қирқилиб ёшартирилади.

Тошлоқ ерларда ўриклар 12 ёшидаёқ озроқ 2–4 йиллик шохлари, 17–20 ёшида эса 5–6 йиллик қалин шохлар ва шаббалар кесиб ёшартирилади. 30–35 ёшида 7–8 йиллик шохлар қирқилади.

Олхўри тез ўсиб-ривожланувчи мевали дарахт туридир. У қанчалик тезпишарлигига қараб ўтқазилгандан кейин 3–4 ёки 5–6 йили ҳосилга киради. Ўтқазилгандан кейинги дастлабки 5–6 йилда пастки қисми яланғоч қолмаслиги учун шохларга сийраклаштириб ёки калталаштириб шакл берилади.

Тез ўсувчи учбурчаксимон шохловчи навлар (Венгерка домашняя, Самаркандский Чернослив ва бошқалар)нинг ёнидан чиққан биринчи қатордаги асосий новдалари қирқилади. Бу шохларнинг кенгайиши ва пасайишига имкон беради.

Тарвақайлаган шохли паст бўйли дарахтларнинг новдалари сийраклаштирилади. Новдалар фақат ўсишини тартибга солиш учун буталади. Олхўри ҳам бошқа мевали дарахт турлари каби асосий танадан ёнга ўсган шохлар шакллангандан сўнг кесилиб бўйига ўсиши чегараланади.

Мевага кирган даврда новдалар ички қисмига яхши ёруғлик тушиши учунгина буталади. Барча ҳолларда биринчи навбатда касал, қуриган, чириган новдалар кесиб ташланади. Бу даврда фақат узун (50–60 см) ва осилган новдалар буталади. Асосий шохлари ўсишдан тўхтагач (15–20 см гача), дарахтни ёшартириш учун 2–3 ёшли шохлари қисқартирилади. Қарироқ дарахтлар янада кўпроқ ёшартирилади. Қулай шароитларда олхўри 20 ёш ва ундан ҳам кўпроқ ёшгача энг юқори ҳосил беради.

Гилос баланд ўсиши ва кам шохланиши билан ажралиб туради. Дарахтга сийраклатиш қаватлаш усулида шакл берилади, ён шохлари 2–3 қават қилиб қолдирилади. Куртак унишини ошириш ва новдаларнинг яланғочланишини камайтириш мақсадида асосий шохлардаги ўқ новдалар қисқартирилади. Бу усул ёшлигида ва мева тугиш даврида бутаб шохларга шакл беришда қўлланилади.

Ёш дарахтларда янги новдалар 40–50 см. га етганда учини чилпиш яхши натижа беради. Қисқартириш ва чилпиш шохларга мужассамлик бағишлайди ва бўйга ўсувчи ҳамда гул новдалари чиқишига имкон яратади. Кўп шохлайдиган навларнинг фақат узун (50 см. дан ортиқ) новдалари қисқартирилади. Гилос шохларига шакл беришда дарахтларнинг бўйига ўсиши ва ёнга тарвақайлаши кескин чекланади. Агар шох учларининг ўсиши сусайган бўлса, 2–3 ёшли шохлар қисқартирилади.

Дарахтларнинг қариш даврида 4–5 ёшли шохлари кесилиб кўпроқ ёшартирилади.

Олчани буташга бошқа меваларга нисбатан камроқ аҳамият берилади. Зарур ҳолда зичлашиб кетган шохлар сийраклаштирилади ва синган, касал, қуриётган новдалар буталади.

Ўсиши сусайиб (10 см. гача) ва ҳосили камайиб қуриётган даврида туп ҳолатига қараб 3–5 ёшли ва ундан каттароқ шохлари кесилиб ёшартирилади.

Шафтолини буташ унинг жуда ёруғлик севиши, кучли ўсиши ва ниҳоятда сершохлиги ва асосан ўтган йилги новдаларида ҳосил куртаклари чиқариш хусусиятлари билан боғлиқ. Шохлари тез ўсиб, кўплаб новдалар ва бачкилар чиқаради, улар узоқ яшамай, тезда қурийди, таналари яланғочланади, сиртки шохлар кўпроқ ҳосил беради. шунинг учун данакли мева дарахтлари орасида шафтолини кучли буташ талаб қилинади.

Шафтоли одатда, унга танасининг бўйи 40–50 см бўлганда косасимон қилиб шакл берилади. Аммо, баланд ўсган дарахтлар мўл ҳосил берганда косасимон шакллилари кўпинча синиб кетади. Шунинг учун биринчи қатордаги 3–4 новдадан иборат танада бир-биридан 10–15 см оралиқда текис жойлашган (яъни қўшилган куртаклардан иборат бўлмаган) яхшиланган косасимон шакл тавсия этилади.

Шафтоли кўчати ўтказилиши билан кучли буталади. Пастки ён шохлари 30–35 см қолдириб, 2-бирмунча кучсизроқ 15–20, 3–4- 10–15 см қолдириб кесилади. Барча ортиқча шаклланишга ҳалақит бериб, ички қисмга соя берувчи шох-шаббалар ҳалқасимон қилиб олиб ташланади. Агар 2-қаторда йўғон новдалар бўлса, улар ҳам қирқилади.

Дастлабки 2–3 йил ҳар йили бачки новдалар 1/2–1/3 га қисқартирилади ва шохлар сийраклаштирилади.

5–6 ёшлигида буташда аралаш новдалар қолдирилади, улар дарахтни ёшартириш учун эски она шохларни алмаштиришга керак бўлади. Шу мақсадда биринчи ёки иккинчи қатор ён шохлари буталади. Кесилган жойидан, одатда кучли новдалар ўсиб чиқади, улар яхши парваришланса, иккинчи йили ён шохларни алмаштирувчи мевали шохга айланади. Ён шохларни бундай алмаштириш 8-9 йилда шохлар туби яқинида мева туга бошлайди.

Мева ҳосилдорлигини оширишда, маҳсулотни юқори кўтаришда, сифатини яхшилашда асосий шартлардан бири, илмий асосланган турларни тупроқ-иқлим шароитига жавоб берадиган мева тури ва навларини ҳудудлар бўйича жойлаштиришдир.

Республикамиз бир нечта асосий тупроқ ҳудудларига эга: бу бўз тупроқлар, шўр тупроқлар, шағалли ва қумли ерлар, тоғ ва тоғ олди ерлардаги ҳудудлар.

Боғдорчиликни ривожлантиришда минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги мева турларини жойлаштириш тавсия этилади:

Андижон вилоятида: Андижон ҳудудида – ўрик, шафтоли, олхўри; Хўжаобод ҳудудига – олма, нок, бехи, олхўри;

Бухоро вилоятида: олма, ўрик, олхўри;

Жиззах вилоятида: олма, нок, шафтоли, олхўри; тоғли ҳудудларда – олма, бодом, ёнғоқ;

Қашқадарё вилоятида: тоғли ҳудудларда – олма, ўрик, олхўри, бодом; тоғли ҳудудларда – олма, нок, олхўри, анор;

Навоий вилоятида: олма, нок, ўрик, олхўри, шафтоли;

Наманган вилоятида: олма, нок, ўрик, шафтоли, олхўри, анор, хурмо; тоғли ҳудудларда – олма, нок, ўрик, шафтоли, олхўри, ёнғоқ, бодом;

Самарқанд вилоятида: олма, нок, ўрик, шафтоли, олхўри, гилос, ёнғоқ; тоғли ҳудудларда – олма, нок, олхўри;

Сурхондарё вилоятида: олма, ўрик, олхўри шафтоли, анор, хурмо, ёнғоқ, бодом; тоғли ҳудудларда – олма, нок, ўрик, шафтоли, олхўри, анор, хурмо, анжир, ёнғоқ, бодом;

Сирдарё вилоятида: Мирзачўл ҳудудида – олма, шафтоли, олхўри, анор; Ховост ҳудудида – олма, нок, олхўри, ёнғоқ;

Тошкент вилоятда: Тошкент ҳудуди – олма, нок, беҳи, шафтоли, олхўри, гилос; Бўстонлиқ ҳудудида – олма, нок, олхўри, ёнғоқ, бодом; Паркент ҳудудида – олма, нок, олхўри, гилос, олча, ёнғоқ; Оҳангарон ҳудудида – олма, олхўри, ёнғоқ;

Фарғона вилоятида: ўрик, шафтоли, олхўри, олма, гилос, анор, ёнғоқ, бодом; тоғли ҳудудларда – ўрик, шафтоли, олхўри, олма , нок, ёнғоқ, бодом;

Хоразм вилоятида: олма, нок, ўрик, олхўри, шафтоли;

Қорақалпоғистон Республикасида: олма, нок, олхўри, ўрик меваларини экиш тавсия этилади.

БОҒЛАРНИ ЗАРАРКУНАНДА ВА КАСАЛЛИКЛАРДАН ҲИМОЯЛАШ

Мева боғларининг маҳсулдорлигини оширишда асосий омиллардан бири касаллик ва заракунандалардан ўз вақтида ва сифатли ҳимоя тадбирларини бажаришдир. Охирги йилларда зараркунанда ва касалликлар боғларга катта путур етказмоқда.

Уруғли мева боғларига зараркунандалардан калифорния ва гунафша ранг қалкондорлар, олма қурти, гилофли ва гирдак куялари, мева куяси, нок шира бургаси, мева қўнғир рангли ва ўргимчак канаси, бир қанча шира турлари ва тоғ ва тоғолди минтақаларда калмараз, ун шудринг касалликлари кенг тарқалган. Охирги йилларда монилиоз касаллиги ҳам кенг тарқалмоқда.

Юртимизда боғ ва токзорларни ҳимоялаш тадбирлар тизими асосан агротехник ва қисқартирилган кимёвий кураш чораларининг уйғунлашганлиги билан характерлидир.

Шу асосда боғ ва токзорларда, уларнинг парвариш даражасига боғланган ҳолда, эҳтиёжга қараб, 2–3дан то 4–5 маротаба пуркаш ишлари ўтказилади.

Калифорния, гунафша ранг қалқондорлар, нок шира бургаси, каналар ва бошқа зараркунандаларнинг захираларига қарши олма, нок ва беҳизорни эрта баҳорда куртаклар ёзилгунга қадар 5 фоизли (1 гектарга сарфи 60–100 кг) № 30 препарати пуркалади. № 30 препарати бўлмаса, шу даврда Золон ёки Карбофос препаратларининг 0,6–0,8 фоизлигини қўлласа ҳам бўлади.

Данитол, Фуфанон препаратлари (1 гектарга сарфи 1,5–3 кг) ҳам самаралидир.

Нок шира бургасига қарши нокзорлар гуллаш арафасида шу препаратлар билан такрор дориланади.

Олма қурти республикамизнинг ҳамма минтақаларида тарқалган хавфли заракунандадир. Кураш чоралари олиб борилмаса олма меваси 80-90 фоизгача тўкилиб кетади.

Олмазорларни мевахўр қуртидан ўз вақтида ҳимоя қилиш мақсадида зараркунанда капалагининг учиш муддати аниқланиб турилади. Баҳорда биринчи капалакнинг учиш даври олманинг Ренет Симиренко, Голден Делишес навлари гуллаб бўлган вақтга тўғри келади. Иккинчи авлод берадиган капалакнинг оммавий учиш даври олма гуллагандан 45–47 кун, учинчи авлодиники эса 92-96 кундан кейин бошланади.

Тоғ ва тоғолди ҳудудлар шароитида ёз анча салқин бўлади. Шунинг учун биринчи авлод берадиган капалагининг учиш даври олманинг Ренет Симиренко нави гуллаб бўлгандан 10–12 кун кейин, иккинчи авлод капалагининг учиш вақти эса 55–60 кун ўтгач бошланади.

Дорилаш муддатларини феромонли тутқичлар билан ҳам аниқласа бўлади. Тутқичлар 3–5 гектарга 1 тадан илинади. 5 кун ичида ҳар бир тутқич билан ўртача 5–10 тадан капалак тутилса, ўша боғда ишловлар бошланади.

Дорилаш ишлари олманинг ривожига қараб белгиланганда биринчи пуркаш Ренет Симиренко навли олма гуллаб бўлгандан сўнг ўтказилади, 12–15 кундан кейин такрорланади. Учинчи дорилаш олма гуллагандан бир ярим ой кейин эрта пишиб етиладиган Жоноқи, Самарқанд тўнғичи, Тошкент баровинкаси каби навлар фақат икки маротаба дориланади.

Кўрсатилган муддатларда қуйидаги препаратлардан бири қўлланилади: Карбофос ёки Золон (Бензофосфат) ёки БИ-58 (100 л сувга 200–300 г, 1 гектарга 2–4 л) ёки Каратэ (100 л сувга 30–40 г, 1 гектарга 0,4–0,8 л) ёки Донитол, Фуфанон (100 л сувга 100 г, 1 гектарга 1,5–3,0 л), Децис, Суми-альфа, Талстар препаратлари ҳам самаралидир.

Бордию боғларда мева каналарининг кўпайиш хавфи бўлса, бунда юқоридаги пуркашларда каналарга қарши қўлланиладиган препаратлардан (ҳўлланиладиган олтингугурт, омайт) қўшиб омухта қилиб пуркалади.

Ҳаваскор боғбонлар томорқа шароитида кўрсатилган муддатларда Карбофос ёки Бензофосфат (Золон) препаратини 10 л сувга 20 г солиб пуркашлари мумкин.

Тамаки қайнатмасидан ҳам фойдаланилса бўлади. Бунда 1 кг тамаки чиқиндиси 10 л қайноқ сувда бўктирилади ва 1 суткадан кейин сузиб олиниб, 2 баробар сув қўшилади. 10 л қайнатмага 40–50 г совун қўшиб ишланади.

Дарахтларга тутқич белбоғлар боғлаб йиғилган қуртлар йўқ қилинса химикатларни камроқ ишлатиш имкони туғилади. Белбоғ олма гуллагандан 15–20 кун кейин боғланади. Ҳафтада бир маротаба ечиб, тўпланган қуртлар йўқ қилингач яна боғлаб қўйилади. Шунингдек, тўкилган олмалар кечқурун (эрталаб эмас) териб олинади. Уларда учраган қуртлар қириб ташланади. Белбоғлардан август ойигача фойдаланилади.

Мева каналари. Мева дарахтлари, айниқса олмага кўп зарар етказади. Кана баргнинг ширасини сўради, оқибатда барги қовжирайди, қўнғир тусга киради ва тўкилади. Оқибатда дарахт ривожланишдан қолади.

Барглар ёзилгунга қадар қалқондорларга қарши ўтказиладиган тадбирлар мева каналарига қарши ҳам самаралидир.

Бордию бу тадбир ўтказилмаган бўлса, каналарга қарши кураш тадбирларини олма қуртига қарши ишлов бериш билан биргаликда олиб бориш мумкин. Қуртга қарши тайёрланган иш суюқлигига намланувчи ёки каллоидли олтингугуртни 100 л сувга 0,6–1 кг ҳисобидан қўшилади ёки бўлмаса Данитол, Омайт, Неорон препаратларини 100 л сувга 150 г ҳисобидан қўшиш мумкин. Оҳак-олтингугурт қайнатмасининг 10 лиги ҳам самаралидир. Боғларни туйилган олтингугурт билан чанглатса ҳам бўлади.

Нок дарахтига асосан нок барг бургаси, нок шира бити ва олма қурти кўп зарар келтиради.

Нок барг бургаси (шира бургаси) нокнинг энг хавфли зараркунандаси ҳисобланади. Бурга ва унинг личинкалари куртак, барг, новда ва меваларнинг ширасини сўради ҳамда шу билан бирга ўзидан ёпишқоқ ширин суюқлик шира ажратади. Зараркунанда кўпайган даврда дарахтлар ёпишқоқ нок бургаси чиқиндилари билан қопланади, барглари қораяди ва тўкилиб кетади. Мевалар қаттиқ бўлиб қолади, дарахтлар заифлашади, келгуси йил ҳосили камаяди.

Кураш чоралари. Нок шира бургасига қарши эрта баҳорда қалқондорларга тавсия этилган тадбирларни қўллаш самарали натижа беради. Мавсумда олма қуртига қарши ўтказиладиган пуркашлар нок дарахтларида ҳам ўтказилади.

Томорқа шароитида ҳашарот кўпая борса Карбофос ёки Бензофосфат, Золон (10 л сувга 20 г) ёки бўлмаса тамаки қайнатмасидан фойдаланиш мумкин.

Мамлакатимиз шароитида нок мевасини олма қурти кўп шикастлайди. Шунинг учун кураш чоралари олма дарахтида қандай олиб борилса, нок дарахтида ҳам шундай амалга оширилади.

Олма ва нокнинг парша касаллиги (калмараз) серёғин, салқин тоғ ва тоғолди шароитларида анча кенг тарқалган. Замбуруғ барг, гул, мева ва ёш новдаларни зарарлайди. Уларда тўқ жигарранг, деярли қора рангли доғлар пайдо бўлади. Зарарланган новда ва мевалар шакли ўзгаради, ёрилади. Гул ва барглар тўкилади. Касаллик юқуми тўкилган баргларда, нокда эса новдаларда қишлайди.

Юртимиз шароитида кўкламда ёғингарчилик кўп бўлган йилларда қўтир касаллиги авж олади.

Кураш чоралари. Ҳимоя тадбирларини кузда – барглар ёппасига тўкилиш даврда ёки эрта баҳорда – дарахтлар барг ёзишидан аввал ўтказиш тавсия қилинади. Бу даврларда Бордо суюқлигининг 3 фоизли (100 л сувга 3 кг мис купороси ва 3 кг сўндирилмаган оҳак) эритмаси сепилади. Унинг иложи бўлмаса темир купороси (100 л сувга 2–3 кг) ёки мис купороси (100 л сувга 1 кг) сепилади. Мавсум давомида пуркаш ишлари такрорлаб турилади.

Дастлабки ишлов бериш куртаклар ёзила бошлаганда ўтказилади ва у пайтда Бордо суюқлигининг 1 фоизли (100 л сувга 1 кг мис купороси ва + 1 кг оҳак ёки 1 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси ёки Вектра (100 л сувга 30 г) ёки Сапроль (100 л сувга 100 г) эритмаси пуркалади. Ёғингарчилик бўлиб турса, кейинги пуркашлар олма қуртига қарши кураш билан биргаликда амалга оширилади.

Беҳи дарахтларига асосан олма қурти ва монилиоз касаллиги кўп зарар келтиради. Беҳи гулдан чиққач мевасининг сирти жуда сертук, эти қаттиқ бўлади. Шу сабабли беҳи олма қуртининг биринчи авлодидан деярли зарарланмайди. Аммо олма қуртининг кейинги авлодлари жуда жадал ривожланади. Оқибатда беҳи меваси қурт билан кўп зарарланади.

Кураш чоралари. Беҳи дарахтлари зараркунанданинг иккинчи ва учинчи авлод қуртларига қарши дориланади.

Биринчи пуркаш олма дарахтлари гуллагандан 45–47 кун ўтгач июннинг ўрталарида ўтказилади. 12–15 кундан сўнг такрор дориланади. Учинчи дорилаш эса июлнинг охири-августнинг бошларида амалга оширилади. Бунда олма ва нок дарахтида олма қуртига қарши ишлатиладиган препаратлардан бири қўлланилади.

Монилиоз (монилиал куйиш) касаллиги охирги 4–5 йилда кенг тарқалмоқда. Беҳининг мева тугунчалари ва барглари тукли бўлгани учун ёғингарчиликдан ва шудринг тушишдан кейинги нам кўпроқ сақланади ва замбуруғнинг авж олиб ривожланишига қулай шароит туғдиради. Оқибатда гул ва мева тугунчалари кучли шикастланади ва қуриб қолади.

Кураш чоралари. Эрта баҳорда куртаклар бўртиш арафасида ёки кузда дарахтларни 3–4 фоизли Бордо суюқлиги билан жиққа ҳўллаб ювиш зарур. 5 градусли оҳак-олтингугурт қайнатмаси (ИСО) ёки 3 фоизли темир купоросини қўлласа ҳам бўлади.

Дарахтлар гуллар арафасида ва гулдан чиққач 1 фоизли Бордо суюқлиги билан 1–2 марта дориланади. Топсин-М препаратини 0,1 фоизли қилиб сепиш ҳам самаралидир.

Беҳи гулдан чиқиб, зарарланган мевалари ва новдалари аниқ бўлгач (гуллагандан сўнг 15–20 кун ўтгач) барча шикастланган мевали новда ва шохлар кесиб олиниб ёқиб ташланади. Зарарланиб тўкилган барглар ва мева тугунчалари дарахт атрофини 20–30 см чуқурликда ағдариб чопиш йўли билан йўқ қилинади.

Данакли мева дарахтлари бир қатор ширалар, қалқондорлар ва сохта қалқондорлар, олхўри қурти, касалликлардан клястероспориоз, гоммоз (елим чиқиши) монилиал куйиш ва шафтолининг барг бужмайишидан кўп шикастланади.

Олхўри қурти олхўри, тоғолча мевасини кўп зарарлайди. Қурт тушган мевалар пишиб улгурмасдан тўкилиб кетади ва истеъмолга ярамайди. Тухумдан чиққан қурт мевани тешиб киради. Кемириб ичкарига кирган жойда елим ҳосил бўлади. Иккинчи авлод берадиган капалаклар олхўри гуллаб бўлгандан 1,5–2 ой кейин учади. Иккинчи авлод қуртлари «Исполинская» каби кечпишар навларни кучли зарарлайди.

Кураш чоралари. Дарахт илдиз буғизининг атрофи ва дарахт қатор оралари ағдариб чопилади. Дорилаш дарахт гулдан чиққандан икки ҳафта кейин ўтказилади. Иккинчи маротаба эса биринчи дорилашдан 1,5–2 ой ўтгандан кейин пуркалади. Олма қуртига қарши мўлжалланган препаратлар қўлланилади.

Сохта қалқондорлар олхўри, тоғолча, гилос, шафтоли дарахтларини кучли шикастлайди. Май ва июнь ойларида дарахтларни шира босиб кетади. Личинкалари новда, шох ва барг ширасини суради. Оқибатда новдалар ва шохлар қуриб қолади.

Кураш чоралари. Уларга қарши курашда қалқондорлар учун тавсия қилинган эрта баҳорда ўтказиладиган кураш тадбирлари қўлланилади. Бу жараёнда зарарланган дарахтларни озиқлантириш ва суғориш ишларига кўпроқ эътибор берилади. Дарахтлар гулдан чиққандан кейин дарҳол олма ва олхўри қуртига қарши тавсия этилган препаратлар қўлланилади.

Ўрик дарахтларида клястероспориоз кўп зарар келтиради. Шафтоли, олча, бодом, гилосни камроқ шикастлайди. Шох-шаббалари қалинлашиб, мевага кирган ўрик дарахтлари бу касалликдан кўпроқ зарарланади. Баргнинг зарарланган жойидаги тўқималар тўкилиб кетади ва тешикчалар ҳосил бўлади. Меваларда эса қўнғир тусли шишлар пайдо бўлади, елим чиқади. Касалланган куртаклар қуриб қолади. Новдаларнинг пўсти ёрилиб кетади ва елим чиқаради, гуллари тўкилиб кетади.

Кураш чоралари. Ўрик дарахтларига кузда ва келгуси йил эрта баҳорда гул куртаклари бўрта бошлаган даврда 3 фоизли Бордо суюқлиги пуркалади. Дарахтлар гулдан чиққач Бордо суюқлиги 1 фоизли қилиб сепилади. 8–10 кундан сўнг пуркаш такрорланади.

Шафтоли ва олхўри дарахтларига эрта кўкламда куртаклар бўртишидан олдинроқ бир марта 3 фоизли Бордо суюқлиги пуркалади. Гулдан чиққач 1 фоизли Бордо суюқлиги 1–2 марта сепилади. Бу тадбирлар шафтолининг барг бужмайиши касаллигига қарши ҳам самаралидир. Мавсумда Топсин-М, Вектра, Топаз препаратларини қўлласа ҳам бўлади.

ИНТЕНСИВ БОҒЛАР ТАШКИЛ ЭТИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ

Янги боғлар ташкил этишда интенсив, тез ҳосилга кирувчи пакана ва ярим пакана пайвандтагларга уланган мевали дарахтлар кўчатлари экилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилда республикамизда 2,4 минг гектар майдонда интенсив боғлар ташкил этилди.

Интенсив боғларнинг афзаллиги шундаки, бу дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун улар билан ишлаш қулай (ишлов бериш, суғориш, кесиш, шакл бериш, дори сепиш ва мевани териш). Бундай боғларда дарахт танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун мевасининг сифати юқори бўлади. Мевасини териш ҳам анча қулай. Айниқса, симбағазга олинган боғларда нарвон ишлатмасдан ҳосил терилади, бунда иш унумли, юқори бўлиши билан бирга терилган маҳсулотнинг товарбоплиги ҳам ортиб, нобуд бўладиган мевалар сони камаяди.

Интенсив боғларнинг ҳосилдорлигининг юқорилигини таъминлашда, тупроқни доим озиқлантириб туриш зарур. Бунинг учун ҳар йили 30–40 т чиринди, соф ҳолда 240–260 кг азот, 120–150 кг фосфор ва 60–70 кг калий солиб турилади.

Ушбу агротехник жараёнлар ўз вақтида ўтказилса, ҳар бир гектар майдондан 4–5 йили 50–60 т ҳосил олишга эришилади.

Пакана пайвандтагларга уланган кўчатларнинг турлари ва навларига қараб, парвариш ишларини олиб боришлари талаб этилади.

Интенсив боғларни ташкил этиш ҳамда уларни парвариш қилиш учун қуйидагилар тавсия этилади.

1. Кўчат экиш учун майдонни тайёрлаш

Кузда кўчат экиш учун танлаб олинган майдон плантаж плуги билан 50–60 см чуқурликда ҳайдалган бўлиши керак. Агарда майдон ҳайдалмаган бўлса, баҳорда 35–40 см чуқурликда ер ҳайдалиб, текисланиб, кўчат экиш учун режа тортилади. Режа тортишда экиладиган кўчат турларига қараб, пакана пайвандтагга уланган олма кўчатлари 3,5 х 2,5 м, ўрта ўсувчи 3,5 х 3 м, нок кўчатлари учун 3,5 х 2 м, ўрта ўсувчи 3,5 х 2,5 м, ММ–106 пайвандтагга уланган ўрта ўсувчи кўчатларда олма 6 х 4 м, 6 х 5 м, нок учун 5 х 3 м, 5 х 4 м схемалари тавсия этилади.

Олинадиган ҳосилдорликни миқдори фақат нав ва пайвандтагдан, агротехника савиясидан эмас, балки ўсимликларнинг қатор ораси ва дарахт оралиғига ҳам боғлиқ.

Майдонда қанча кўчат кўп бўлса, ҳосил шунча кўп бўлади, лекин дарахтларнинг жойлашиш зичлигининг ҳам чегараси бор. Бу дарахтларнинг ҳажмига ва қатор ораларининг техника билан ишлов бериш даражасига ҳам боғлиқ. Ҳосилни сифати ва миқдорига дарахт танасига тушадиган ёруғликни сифати ва миқдорига ҳам узвий боғлиқ.

2. Кўчат экиш

Кўчат экиладиган чуқурларни чуқурлиги ва кенглиги 60 х 60 см бўлиб, чуқур қазишда тупроқ устининг 20–25 см қисми чуқурнинг бир томонига олиб, чуқурнинг қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Чуқурга кўчат экишдан олдин 350–400 г фосфорли, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади.

Кўчатни экишдан олдин алоҳида тайёрланган шатмоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда қаймоқсимон қилиб тайёрланади) ботириб олиб экилади. Кўчат чуқурга қуйилиб, олдин олинган тупроқ чуқур тагига солиниб, илдиз пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида бўлиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўла сув қуйилади. Бунда тупроқ зичланиб, кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб тўлдирилади.

3. Кўчатларни парваришлаш

Экилган кўчатлар вегетация даврида кўчатларнинг атрофлари қатқалоқ бўлиб қолмаслиги учун юмшатиб турилади. Тупроқ шароитига қараб 10–12 мартадан 16–20 мартагача суғорилади. Ҳар суғоришдан сўнг тупроқ культивация қилинади. Зарурият бўлган вақтда ёш ниҳолларнинг касаллик ва зараркунандаларига қарши ишлов берилади.

Янги экилган кўчатларни дастлабки даврида сув билан таъминлашга катта эътибор бериш зарур. Кўчатлар тўлиқ кўкариб кетиши учун (агар томчилатиб суғориш тизимлари ишга тушмаган бўлса) кўчат атрофини айлана шаклида ариқ олиниб, ариқ тўлгунча сув қуйиш лозим ёки ариқ орқали суғорилса, кўчат атрофидан сувни айлантириб ўтказиб суғориш зарур. Об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб ёш боғларга йил давомида 12–20 маротабагача сув берилади. Кўчатлар атрофини қатқалоқ бўлиб қолмаслиги учун ҳар сувдан сўнг 10–12 см чуқурликда юмшатиб турилади.

Ёш боғларни касаллик ва зараркунандаларга чидамлилик даражаси анча паст бўлади. Шунинг учун буларни олдини олиб ёки зарурият туғилган ҳолда кураш чораларини қўллаш зарур.

4. Шакл бериш

Ўзбекистон шароитида пакана пайвандтагда экилган интенсив боғларда кўчатларга 60 см юқоридан кесилиб, шакл берилади. Четдан келаётган кўчатларни веретино шаклида, яъни асосий лидер новда қолдирилиб, ёнига кўпроқ новда беришга қаратилади, яъни шохлатилади. Шакл беришда кўчатнинг асосий лидер шохида штамби учун 50 см қолдирилиб, ундан юқорисига 8–10 кўз қолдирилиб, ундан сўнг яна шип 3 та кўз қолдирилиб, ортиқчаси кесилади.

Келажакда етарли шохлаши учун 50 см танасидан юқорида жойлашган 3 кўз ойсимон шаклида (кўчат кўчатхонасида шохламаган бўлса) кўзни ўсиши қисмидан кербовка (кесиш) қилинади ва яна учта кўз ташлаб яна учта кўз тўғри чизим шаклида кербовка қилинади. Бу жараённи кўчат яхши ўса бошлаган даврида қилса яхши натижа беради. Шохланган шохлар июль-август ойларида 900 экилади ва боғланади. Ёш ўсган новдаларда мева куртакларини ҳосил қилиш мақсадида улар маълум вақтида чилпиб (чеканка) турилади. Бу усул мева куртакларини кўпроқ ҳосил бўлишини таъминлайди.

5. Темир бетон устунлар ўрнатиш ва сим тортиш

Экилган кўчатларни биринчи йилни ўзида симбағазларга боғлаб, парвариш қилиш учун темир бетон устунлар ўрнатилинади. Экилган кўчатларни схемасига қараб, бир гектар майдонга қатор ораси 3 м бўлса, 429 дона, 3,5 м – 370 дона, 4 м бўлганда – 325 дона темир бетон устун сарф бўлади. Рухланган 2,5 мм қалинликдаги симдан 450–600 кг сарфланади.

6. Кўчатларни симбағазларга боғлаб парвариш қилиш

Янги экилган олма, нок боғларига темир бетон устунлар ҳамда сим тортилгач, кўчатларнинг новдалари симларга боғлаб чиқилади ҳамда келажакда новдалар ўсиб-ривожланиши учун парвариш ишлари олиб борилади.

7. Ўғитлаш. Ёш экилган кўчатлар яхши ривожланиб, ўсиши учун апрель ойининг иккинчи ярмида ҳар бир кўчат атрофига 100–120 г. дан азотли ўғит солинади. Иккинчи марта июнь ойида шунча миқдорда яна азотли ўғит солинади.

Томчилатиб суғориш системаси мавжуд бўлган боғларда барча минерал озуқаларни сув орқали топчилатиб бериш мақсадга мувофиқдир. Бунда ўғитни ўзлаштириш самарадорлиги анча юқори бўлади.

Ёш пакана пайвандтагли боғлар орасига биринчи йили сабзавот, полиз, картошка экинлари экиш мумкин. Иккинчи йилдан ушбу экинлар экиш тавсия этилмайди. Чунки боғ қатор орасига ишлов берилиши сабабли экинлар экилмайди.

Биринчи йили ёш кўчатлар қишга яхши тайёрланиши боис сентябрь ойининг иккинчи ярмидан суғориш тавсия этилмайди.

Октябрь-ноябрь ойларида ёш ниҳоллар ораси ҳамда кўчатларнинг қатор ораси чопилиб, юмшатилади, бегона ўтлардан тозаланади. Тупроқда намлик яхши сақланади.

Кузда ноябрь ойида фосфорли ҳамда калий ўғит, яъни гектарига 90 кг, фосфор 45 кг калий ва 20 т органик ўғит солиниб чопилади.

Янги экилган интенсив боғлар иккинчи йилдан бошлаб ҳосилга киради,
4–5 йили тўлиқ ҳосил бера бошлайди.

ТОКЗОРЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ

ТОКЗОР МАЙДОНИНИ ТАЙЁРЛАШ ВА ТУПРОҚҚА ИШЛОВ БЕРИШ

Токзор барпо этишдан олдин майдонни танлаш, тошлардан тозалаш керак. Механизмларни ишлаши ва токзорларни суғоришда яхши шароит яратиш учун нотекис майдонлар текисланади. Ерни тайёрлаш ишлари бульдозер, скрепер, грейдер ва бошқа техникалар ёрдамида ўтказилади.

Сизот сувлар юза жойлашган шўрҳок ерларда улар сатҳини пасайтириш учун вертикал ёки горизонтал зовурлар қурилади. Кучли шўрланган ерлар дастлаб яхшилаб ювилади. Ён бағирнинг тиклиги 10о дан ортиқ бўлган тоғли ҳудудларлар террасер, бульдозер, грейдерлар билан террасаланади. Террасаларнинг кенглиги камида 4 м бўлиши зарур. Агар ён бағирнинг тиклиги 10о дан кам бўлса, у ҳолда токлар контур усулда ўтқазилади.

Барча тайёргарлик ишлари тугалланганидан кейин тупроққа ишлов берилади. Токзорлар маҳсулдор бўлиши учун биринчи навбатда ток илдизларининг ривожланиши учун оптимал шароит-яхши сув-ҳаво ва озуқа режимини яратиш зарур. Бунинг учун кўчат ўтқазишдан олдин токзор барпо этиладиган майдон 50–60 см чуқурликда тупроқ қатламини тўлиқ ағдариб ҳайдалади. Бу ишлар Т-4 ёки Т-100 трактори билан агрегатланадиган ППН-50 плантаж плуги воситасида бажарилади. Тупроқ яхши юмшаши ва устки унумдор қатлам кўмилиши учун ток илдиз ривожланиш ҳудудида ерни чимқирқар ёрдамида 50–60 см чуқурликда ҳайдаш зарур. Чуқур ҳайдашдан олдин унумсиз тупроқларга гектарига 20–30 тоннадан органик уғитлар ёки ҳосилга кирган токзорларга солинадиган асосий ўғитлар миқдоридан икки маротаба кўпроқ фосфорли ва калийли ўғитлар солиш мақсадга мувофиқдир. Қўриқ ва бўз ерларга ток ўтқазишдан олдин ўғит солмаса ҳам бўлади.

ТОК КЎЧАТЛАРИНИ ЎТҚАЗИШ

Майдонга ток кўчати ўтқазишдан олдин уни квартал, карталарга бўлиш ва улар орасидаги йўллар чегараларни белгилаш учун қозиқлар қоқилади, қаторлар йўналиши танланади.

Суғориладиган токзорлар қаторлар йўналиши майдон нишаблигига мос бўлиши керак. Рельеф шароити бўйича бир неча томондан суғориш мумкин бўлган жойларда қаторлар йўналишини танлашда уларнинг умумий узунлиги, нишаби, доимо эсадиган шамоллар йўналишини ҳисобга олиш зарур.

Ён бағирларда токзорлар барпо этишда қор-ёмғир сувларини сақлаб қолиш, шунингдек, нурашга қарши курашиш учун қаторлар асосан ён бағирга нисбатан кўндалангига ёки жой юзасига параллел равишда контур бўйлаб, террасаланган ён бағирларда терраса йўналиши бўйлаб жойлаштирилади.

Ўсимликларни ўтказиш қалинлиги тупроқларнинг яхши ўсиши ва мева қилиши учун қулай шароит яратиш ва тупроққа ишлов бериш, тупларни кўмиш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш билан боғлиқ, барча жараёнларни комплекс механизациялаштиришга имкон бериш керак.

Кўчатларни баҳорда куртаклар ёзилмасдан олдин ўтқазиш мақсадга мувофиқдир, кузги ва қишки даврда илиқ кунларда ҳам ўтқазиш мумкин, лекин бунда кўчатлар 20 см баландликда тупроқ билан кўмилади.

Кўчатни сув билан мунтазам таъминланмаган, қондириб суғориш имконияти бўлмаган лалмикор ва шартли суғориладиган ерларда куз, қишда ўтқазиш мақсадга мувофиқдир.

Ўтқазишдан олдин кўчатларнинг уч қисмида ўсган илдизлар қирқилади, паст томондаги илдизлар бир оз қисқартирилади. Кучли ўсган ва тўғри жойлашган новдада бир иккита, икки-учта кўзча қолдириб, ортиқчаси кесиб ташланади.

Илдизлар ўтқазиш вақтида ва ўтқазилгандан кейин суғоришгача қуриб қолмаслиги учун улар янги гўнг ва лой аралашмасидан тайёрланган суюқликка ботириб олинади.

Ҳар бир кўчатнинг ўсиш қуввати унинг тутиш ва кейинги ривожланишига катта таъсир этишини ҳисобга олиб ўтқазишдан олдин кўчатларни гуруҳларга ажратиш лозим.

Аввалги йилларда барпо этилган токзорларнинг тутмаган кўчатлари ўрнига ривожланган кўчатларни, янги барпо этиладиган токзорга яхши ривожланган кўчатларни ўтказиш керак.

Кучсиз ривожланган кўчатлардан сўнги навбатда фойдаланиш зарур, улар асосан бир майдонга ўтқазилади ёки тутмаган кўчатлар ўрнига ўтқазиш учун кўчатзорда қолдирилади. Бир хил ривожланган кўчатларни ўтқазиш, уларни парвариши ва бир вақтда тўлиқ ҳосилга киришини таъминлайди.

Кўчатлар махсус НЮ-19, МПС машиналарида, шунингдек, гидробурғилар ёрдамида 50 см чуқурликда ўтқазилади. Кўчатлар қўлда шундай ўтқазиладики, бунда уларнинг пастки илдизлари чуқурча тубига тўкилган тупроқ уюмида бир текис тақсимланади, сўнгра ер устида битта-иккита кўзча қолдириб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатлар ўтқазилиши билан тупроқ билан кўмилади ва суғорилади. Лалмикор ерларда ўтқазилгандан кейин ҳар бир туп тагига камида 10 л сув қуйилади.

Кузда ва қишда ўтказилган кўчатларни совуқ уришдан сақлаш учун улар камида 20 см қалинликда тупроқ билан кўмилади.

ЁШ ТОКЗОРЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ

Кўчатларнинг тутиши ва ривожланиши, уларнинг мевага кириши, бўлажак ҳосил ва унинг сифати ёш токзорни парваришлашга боғлиқ.

Қатқалоқ пайдо бўлишига, бегона ўтларнинг ривожланишига йўл қўймаслик зарур. Ток кўчатлари ўтқазилгач дастлабки йилда уларнинг илдиз тизими унча яхши ривожланмаган бўлади. Шу сабабли токзорни деярли ҳар ойда суғориб туриш лозим. Бунда тупроқ камида бир метр чуқурликда намланиши керак. Бундан ташқари, ноябрдан мартгача бир-икки марта захира суви берилади. Сизот сувлар юза жойлашган ерларда кўпи билан 3–4, шағалли ерларда 1,5–2 марта кўпроқ, вегетация суғоришлари ўтказилади. Ҳар суғоришдан 2–3 кун ўтгач қатор оралари культивация қилинади.

Ердан ва сувдан унумли фойдаланиш учун токзор қатор ораларига дастлабки икки йилда сабзавот, полиз экинлари, эртаги картошка ва бошқа (баланд бўйли ўсимликлардан ташқари) экинлар экилади. Бу экинларни токзор қаторидан камида 50 см масофада жойлаштириш зарур.

Кўчатлар ўтқазилган йили ток баргларини ранги ўзгаришидан (август-сентябрь) ва тўкилишидан олдин навлар аралашганлигини аниқлаш учун улар белгиланади ва ўрнига шу асосий нав кўчатлари октябрда ёки эрта баҳорда экилади. Тутмаган кўчатлар ўрни ҳам тўлдирилади. Токлар ўтқазилган йили кесмасдан қўлда кўмилади.

Баҳорда куртаклар бўртмасдан олдин туплар очилади. Дастлабки йилларда токлар баҳорда кесилади. Токзорлар иккинчи йили биринчи йилдагидек, учинчи йили ҳосилга кирган токзорлар каби парвариш қилинади. Агар дастлабки икки йилда токзорда айрим туплар қуриган бўлса, уларнинг ўрнига ўша навли кучли кўчатлар ўтқазилади.

Учинчи йилдан бошлаб (кучли тупларда иккинчи йилдан) нобуд бўлган туплар асосан пархиш қилиш йўли билан тикланади. Бунда оналик тупдаги соғлом, пишган бир йиллик новда олиниб, қатор бўйлаб 50–60 см чуқурликда ковланган чуқурга ётқизилади. Чуқурга ётқизилган новданинг учи керакли жойда тупроқ юзасига чиқарилади, қолган қисми эса кўчат ўтқазилгандаги каби тупроқ билан кўмилади. Тупроқ юзасига чиққан новда икки-учта кўзча қолдириб кесилади ва қозиққа боғланади. Икки-уч йилдан кейин пархиш оналик тупдан ажратилади. Яхши ривожланган ўсимликдан пархиш ётқизиш учун июль-сентябрь ойлари қулай. Жойлашган, зарур узунликка эга кўк новдалардан қолдирилади. Барглари узиб ташланган кўк новдалар ерга пишган новдалар каби ётқизилади.

ТОК ЎТҚАЗИШ СХЕМАСИ

Ток ўтқазиш қалинлиги тупроқ-иқлим шароитига, маълум навдаги тупларнинг ўсиш кучига, шунингдек, ўстириш усулларига боғлиқ. Тупроқ қанчалик унумдор ва туплар қанчалик кучли бўлса, озиқланиш майдони шунчалик катта бўлади. Унумсиз тупроқларда (шағалли, қумли ва бошқ) ток кучсиз ўсади, озиқланиш майдони ҳам кичик бўлади (жадвал).

Ток тупларини жойлаштириш схемаси

Ўстириш тизими

Қаторлар орасидаги масофа, м

Қатордаги туплар

орасидаги масофа, м

Кучли ўсувчи навлар

Ўртача ўсувчи навлар

Сизот сувлар чуқур жойлашган типик бўз тупроқли ерлардаги токзорлар

Тик симбағаз

Қайирма симбағаз

3

3,5

3

2,5

2,5

2

Сизот сувлар юза жойлашган ерлардаги токзорлар

Тик симбағаз

Қайирма симбағаз

3

3,5–4

3

3,5

2,5

2,5

Шағалли ерлардаги суғориладиган токзорлар

Тик симбағаз

3

2

1,5

Тоғ ва тоғолди ҳудудларидаги шартли суғориладиган токзорлар

Тик симбағаз

Қайирма симбағаз

3

3,5

2,5

2,5

2,5

2

Лалмикор ерлардаги токзорлар

Тик симбағаз

Қайирма симбағаз

Террасалардаги

тик симбағаз

3

3,5–4,0

-

2,5

3,0

3,0

2,5

2,5

2,5






Тавсия этилаётган ток кўчатларини ўтказиш схемаси мавжуд машина ва механизмлардан самарали фойдаланишга имкон беради.

ҲОСИЛЛИ ТОКЗОРЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ

Табиий шароитдан тўлиқ фойдаланиш ва ҳар бир майдондан юқори ҳосил олиш учун токларни парваришлашнинг турли тизимлари қўлланилади. Бунда ўсиш шароити, хусусияти ва олинадиган маҳсулотдан қайси мақсадда фойдаланиши ҳисобга олинади.

Ўсиш кучи турлича бўлган техник навларни, ўртача ўсадиган кишмиш ва хураки навлар, шунингдек, лалмикор ерларда ўстириладиган токларни тик симбағазда, кучли ўсувчи, хураки ва кишмиш навларни қайирма симбағазда ўстириш керак.

Ўстириш тизимига кўра ток тупларини шакллантириш учун кўчат ўтқазилгандан сўнг иккинчи йили устун ўрнатилиши зарур. Темир-бетон устунлар узоқ хизмат қилади ва иқтисодий жиҳатдан фойдалидир. Ёғоч устунларни акация дарахтидан ясаш мақсадга мувофиқ бўлиб, уларни темир-бетон асосга ўрнатиш зарур, бу уларнинг мустаҳкамлигини оширади.

ТИК СИМБАҒАЗ

Симбағазни ясаш учун даставвал қатор четларига устунлар ўрнатилади; уларнинг кесими оралиқ устунлар кесимидан каттароқ бўлиши керак. 3 м узунликдаги оралиқ устунлар токзор қатори бўйлаб бир-биридан 8 м масофада ўрнатилади. Четки устунлар охирги тупдан туплар орасидаги масофанинг ярмига тенг масофада ўрнатилади ва улар қатор ичидан темир-бетон тиргак билан ёки ташқи томондан лангар қўйиб маҳкамланади. Тортиладиган симларнинг миқдори тупнинг ўсиш кучига боғлиқ ва суғориладиган токзорларда тўрт-беш, лалмикор ерлардаги токзорларда уч-тўрт қатор бўлиши мумкин.

Симбағазни ўрнатиш учун 2,5–3 мм. ли рухланган симдан фойдаланилади. Симбағазга материаллар сарфи токзорларга сарфланадиган материаллар миқдорида берилган.

Пастки қатордаги биринчи сим ер юзасида 50–60 см баландликда, иккинчи ва кейингилари бир-биридан 40–50 см масофада тортилади.

Бир гектар тик симбағазли токзорга сарфланадиган материаллар миқдори:

Тик симбағаз қатор орасидаги масофа – 3 м.

Қаторлар сони – 33 та.

Устунлар– 297 дона.

Лангар – 66 дона.

Оралиқ – 297 дона.

Жами– 363 дона хода ёки темир-бетон.

Симбағазга тортиладиган 2,5 мм. ли сим – 520 кг.

Улаш учун 3–4 мм. ли сим – 225 кг.

ТОК ТУПИГА ШАКЛ БЕРИШ ВА КЕСИШ

Ток кесиш муҳим агротехник усул бўлиб, токнинг ўсиши ва мева қилишини тартибга солади. Бу усул ёрдамида токни парваришлаш учун қулай шакл берилиб, у токзорлардан фойдаланиш давомида сақлаб турилади. Токка тўғри шакл берилиши ва оқилона ўстириш тизими тупдан узоқ вақт ва юқори ҳосил олинишини таъминлайди, қуёш нуридан, иссиқлик, сув ва озуқа моддаларидан тўлиқроқ фойдаланишга, шунингдек, механизацияни кенг қўлланишига имкон беради.

Ток қишга кўмиладиган минтақада кўп енгли елпиғичсимон шакл бериш усули кенг қўлланилади, бу ток тупларни кўмишини осонлаштиради, мўл ҳосил берадиган кўзчаларни қолдиришга имкон беради.

Тупни бир томонга елпиғичсимон шакллантиришда қатордаги туплар орасидаги масофа навларнинг ўсиш кучига боғлиқ: кучли ўсадиган навлар учун 2,5 м, ўртача ўсадиганлар учун 2 м. Бир томонлама елпиғичсимон шакл бериш учун тупда фақат керакли томонга ўсган новда ва енглар қолдирилади. Тупларни шакллантиришда ва улардан фойдаланишда ўз вақтида ва тўғри ҳомток қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Шакллантирилган тупларни ҳар йили кесишдан асосий мақсад яхши, сифатли юқори ҳосил олишни таъминлаш, туп шаклини сақлаш, нав хусусиятлари ва қўлланиладиган агротехника ва муайян ўсиш шароитига кўра кўзчалар миқдорини тартибга солишдан иборатдир.

Тупда етарли миқдорда куртаклар бўлмаса, ривожланадиган новдалар сони камайиб кетади, куртаклар меъёрдан ортиқча бўлса, ҳосилдорлик пасаяди, узум боши ва мевасининг ўртача оғирлиги камаяди, кейинги йили мева олиш учун фойдаланиш мумкин бўлган новдалар узунлиги ва сони қисқаради.

Токзорларда ток кесишни эрта ва ўртапишар навлардан бошлаш зарур, чунки уларнинг новдалари тезроқ пишади.

Шуни қайд қилиш керакки, ҳомтокни (кўк новдаларни боғлаш, тупларда новдалар кам ёки ортиқча бўлганида эрта ёзда чеканкалаш) тўғри ва ўз вақтида ўтказиш кесишни осонлаштиради ва ҳажмини қисқартиради. Ҳомток қилиш вақтида новдаларнинг кесилган жойи кузги кесишдагига нисбатан тезроқ битади.

Токни умум қабул қилинган технология бўйича кесиш зарур. Бунда ўткир ток қайчи ва аррадан фойдаланилади. Енглар фақат ички томондан кесилади, бунда кесилган жойлар яқинидаги зарарланган майдонларнинг туташиб кетишига йўл қўймаслик керак. Бу тупнинг ўсишини сусайтиради ва ҳосилдорлигини камайтиради. Зангларни кунда қолдирмай кесиш, бурчак куртакдан новда ҳосил бўлишини истисно этиш лозим. Ўринбосар новда ҳар доим мевали новдадан пастда ва енгнинг ташқи томонида қолдирилади. Енгда бир неча мевали новда қолдирилганда кесиш узунлигини уларнинг жойлашганлигига кўра табақалаштириш керак: мевали новда енг асосидан қанча узоқда жойлашган бўлса, у шунчалик узоқда қолдирилади. Новдадаги кесик силлиқ бўлиши ва тез битиши учун ток қайчининг бўртиқ кесувчи жағи тупда қоладиган новда ёки енг қисмига қаратилади.

Кузда ток кесишда шакллантириш учун кераксиз новдалар ва ўсиб кетган енглар олиб ташланади, бир йиллик новдалар ишлатилиш мақсадига (новда ёки мевали новда) кўра калталаштирилади.

Мева қиладиган туплар туп бошидан кесилади, бунда скелет новда баргдан тозаланади. Тик ўсувчи новдалар асосга тақаб кесилади. Ўсиб кетган ва эгилмайдиган бўлиб қолган енглар олиб ташланади ёки яхши ривожланган тупнинг ташқи томонига ўсган новдачага қурий бошлаган енглар олиб ташланади. Улар ўрнига бачки новдалар қолдирилади. Тупда пишган новдада тўрттадан кам бўлса, у ҳолда қатор жойлашган кучли новдалар янги енг шакллантириш учун қолдирилади. Енгларда асосга яқин жойлашган икки-учта кучли новда танланади, тупнинг ички томонига қараб ўсган энг пастки 2–3 та кўзча, ундан юқорисида 6–7 та, энг юқорисида 10–15 та кўзча қолдириб кесилади. Енг тез ўсиб кетмаслиги учун ўринбосар новдалар қолдирилади. Иккита ҳосилли новда кучли ҳосилли бўғинни ташкил этади.

Ток кўмиладиган ҳудудларда кузда дастлабки кесиш вақтида тупларда қўшимча куртаклар (қабул қилинган норманинг 20–25% миқдорида) қолдирилади. Баҳорда туплар очилгандан кейин куртаклар қишда шикастланган ва синган новдаларни ҳисобга олган ҳолда қолдирилади.

Токдан ҳар йили мўл ва юқори сифатли ҳосил олиш учун туплардаги куртаклар сони токнинг ўсиш кучи ва мева қилиш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда навлар бўйича табақалаштирилади.

Мева қилиш коэффициенти паст (ривожланган новдалардаги узум бошлари сони) бўлган кучли ўсадиган навлар (Пушти тоифи, Нимранг, Хусайни, Сурхок Китабский, шунингдек Қора кишмиш ва Оқ кишмишда кўзчалар кўпроқ қолдирилади. Енгларда кучайтирилган ҳосилли бўғинлар қолдирилади, ҳосилли новдалар 10–15 та кўзча қолдириб кесилади. Бир тупда 200–300 та кўзча қолдирилади.

Баян-ширей, Кульжинский, Сояки навлари учун озиқланиш майдони 3 х 2,5 м бўлган тупдаги кўзчалар 160–200 тани ташкил этади.

Ўртача ўсувчи Ркацители, Саперави, пушти Мускат, Алеатико навларида кўзчалар сони 150–180 тага етказилади.

Ҳосил новдалари кўп бўлган кучсиз ўсадиган Рислинг, Пино черный навларида 80–100 та кўзча қолдирилади.

Мамлакатимиз шароитида навнинг ўсиш кучи ва муайян новдага кўра (кучлироқ новдалар узунроқ кесилади) новдаларда 6–8, 9–12, 12–15 та куртак қолдириб, ҳар хил узунликда кесилади.

Республикамизнинг кўпгина ҳудудларида тупларни кўмишдан олдин ва уларни очгандан кейин бўладиган совуқлар кўзчаларнинг зарарланишига, енгнинг кўп йиллик қисмларидаги тўқималарнинг қисман қуришига олиб келади.

Йилдан-йилга шикастланишлар кўпайиши оқибатида ҳосилли новдалардаги кўп новдалар қуриши мумкин.

Кучли зарарланган токзорларда қисқа вақт ичида тупнинг ер усти қисмини қайта тиклаш ва бачкилардан ҳосил олиш учун токни яхши парваришлаш зарур. Шуни ҳисобга олиш керакки, туп бошида ва калта кесилган новдаларда ёки кунданинг пастки қисмида ривожланмаган ва ўйғонмаган куртакларнинг катта захираси бор, улардан мевасиз новдалар ривожланиши ва тупларнинг ер усти қисмини қайта тиклаш ва ҳосил олиш учун фойдаланиш мумкин.

Яхши сув озиқа режими қўшимча куртакларнинг ривожланишини кучайтиради. Зарарланган токзорларни биринчи навбатда суғориш зарур. Суғоришдан олдин минерал ўғитлар солиш керак.

Суғоргандан кейин туп бошидан кўплаб бачкилар ўсиб чиқади, улардан қулай жойлашган, тупнинг пастки қисмида ва қатор бўйлаб ўсувчи 8–10 та новда қолдирилади, қолганлари олиб ташланади. Бу ишни иложи борича эртароқ, новдалар синувчанлигида бажариш лозим.

Эгилувчан, тўғри шакллантирилган ва кесилган туп осон ва ихчам жойлашади. Бу токни сифатли кўмишга имкон беради.

Кўп йиллик маълумотларга кўра, республикамизнинг шимолий ҳудудларида кўпинча ноябрнинг биринчи ўн кунлигида ҳарорат -10–12 оС гача пасаяди. Бундай ҳароратда новдалари пишмаган тупларга зарар етади. Бунда кўмилмайдиган токзорларга анча зиён етиши мумкинлигини ҳисобга олиб, токларни кесиш, жойлаш ва кўмиш ишларини октябрнинг иккинчи ярмида тугаллаш керак. Ярим елпиғичсимон шаклда ўстиришда кўп йиллик занглар фақат бир томонга пастки ва иккинчи симга, ҳосил берувчи новдалар биринчи ва иккинчи, истисно тариқасида учинчи симга боғланади.

Муҳим агротехник тадбирлардан бири – ҳомток қилиш: новдаларни чилпиш, бачки новдаларни олиб ташлаш ва чеканка қилишдир. Новдаларнинг ўсиши ва етилиши, ҳосил сифати, ўсимликларни қишга тайёрлаш мана шу агротадбирларнинг ўз вақтида ва тўғри ўтказилишига боғлиқ.

ҲОМТОК ҚИЛИШ

Токда шўралар пайдо бўлиши билан ҳомток қилинади. Новдада шўра ўрнида жингалакларнинг борлиги унинг ҳосил қилмаслигидан далолат беради. Ҳосил қилмаслиги аниқ бўлган новдаларни эрта ҳомток қилиш қўшимча миқдорда новдалар, шу жумладан ҳосил қиладиган новдаларнинг ривожланишига ёрдам беради. Ҳомтокни эрта гуллайдиган навлар ўтказилган майдонлардан бошлаш зарур. Токнинг кўп йиллик зангларидан ўсиб чиққан бачки новдалар биринчи навбатда олиб ташланади. Бунда токни шакллантириш ва зангнинг ўрнини босиш учун керак бўладиган бачки новдалар қолдирилади. Агар токда зарарланиш туфайли ёки бошқа сабабларга кўра кам новда ривожланган бўлса, ҳам бачки новдаларнинг бир қисми озиқланиш юзасини ошириш учун қолдирилади.

Ҳар бир нав учун тупдаги ҳосил қилмайдиган новдалар нисбати олинадиган ҳосил ва новданинг ўсиш кучини, шунингдек, экологик ва агротехник шароитини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Масалан, суғориладиган ерларда етиштириладиган кишмишбоп навларда ҳар иккита ҳосилдор новдага бир-иккита ҳосилсиз новда қолдириш керак. Лалми токзорларда қиш ва баҳор давридаги ёғингарчиликни ҳисобга олган ҳолда ҳомток қилинади. Айни вақтда олинадиган ҳосил миқдори нормаллаштирилади ва ҳар бир ҳосилдор новдага битта ҳосил қилмайдиган новда қолдирилади. Ёғингарчилик кам бўлган йилларда токнинг жуда кучсизланиб кетишининг олдини олиш мақсадида шўрали новдаларнинг учдан бир қисмини олиб ташлаш керак.

Техник навларнинг кўпчилигида ҳосилсиз новдалар оз қолдирилади, чунки уларда кўп миқдорда шўралар яшил новдалар ривожланади.

ТУПРОҚҚА ИШЛОВ БЕРИШ

Токнинг бир меъёрда ўсиши ва ҳосил бериши учун тупроқда баҳор-ёз ва кузда ишлов бериш зарур (сув-ҳаво режимини яхшилаш, бегона ўтларни йўқотиш ва токларни қишки совуқлардан ҳимоялаш учун). Тупроққа кузда
25–30 см чуқурликда ишлов бериш баҳорга келиб тупроқда кўп миқдорда нам тўпланишига, бегона ўтларнинг йўқолишига ёрдам беради.

Агар токзорга кузда ишлов берилмаган бўлса, баҳорда токларни механизация усулида чала очиш билан бир вақтда ер ҳайдалади. Токлар очилгандан кейин қатор ораларидаги тупроқни текислаш учун культивация қилинади ёки бороналанади.

Ўсиш даври давомида тупроқда бегона ўтларни йўқотишда ва тупроқда намни сақлаб туриш учун қатор оралари 10–12 см чуқурликда 3–4 маротаба культивация қилинади. Ҳар бир суғоришдан кейин ҳамда лалми токзорларда эса кучли ёққан ҳар бир ёмғирдан сўнг культивация қилиш керак.

Баҳор-ёз давомида юмшоқ қатлам ҳосил қилиш ва бегона ўтларни йўқотиш учун НЮ-18 плуги ўрнатилган мослама билан ток тупи атрофидаги тупроққа ишлов берилади.

Ҳозирги вақтгача токларнинг бир қисми ер бағирлатиб ўстирилади, бундай токзорларда баҳорда тупроқ чопилади, ёзги суғоришлардан кейин юмшатилади.

Механизмларнинг кўп карра ўтиши ва суғориш натижасида ток қатор оралари тупроғи кучли зичланади, бу ток тупларининг ўсиши ва ҳосилдорлигига салбий таъсир этади.

МПВ машиналарида ўғит солиш билан бир вақтда ҳар бир қатор орасида тупроқни уч из бўйлаб ҳар йили юмшатиш керак, чунки бу ҳолда ён юмшатгичлар тупроққа 35–40 см чуқурликда ботади ва илдиз тизимини унча шикастламайди, марказий юмшатгич эса 55–60 см чуқурликка ботади. Агар иш 55 см чуқурликда уч из бўйлаб юмшатадиган МПВ машинаси билан бажариладиган бўлса, бу ҳолда қатор оралатиб юмшатиш керак.

Шундай юмшатишда тупроқнинг сув ҳаво режими яхшиланиб, илдиз тизими яхши ўсади, ҳосилдорлик 35–40 % ошади.

Лалми токзорларда тупроқ баҳорда чуқур юмшатилади, кейин ўсиш даври давомида 18–20 см чуқурликда юмшатиб турилади. Токни парвариш қилиш ишлари давомида 18–20 см чуқурликда юмшатиб турилади. Токни парвариш қилиш ишлари МПВ, НЮ-18, УОМ-50, пневматик ток очкичлар билан бажарилади.

МПВ, НЮ-18 машиналари билан суғориш эгатлари очилади, қатор оралари культивация қилинади ва ёппасига юмшатилади. МПВ машинасига ўрнатиладиган НЮ–18 мосламаси ёрдамида токлар чала очилади ва қаторлардаги ток туплари атрофидаги тупроққа ишлов берилади.

Т-54В, МТЗ-80 ёки МТЗ-82 тракторларига ўрнатиладиган пневматик ток очгичлар билан ток тўла очилади.

С У Ғ О Р И Ш

Республикамизда токзорларни эгатлаб суғориш кенг тарқалган. Ўқ ариқлардан сув ток қатор ораларида очилган эгатларга оқади. Эгатларнинг чуқурлиги 18–20 см, узунлиги 100 м. дан 300 м. гача, механик таркиби бўйича енгил тупроқларда эгатлар узунлиги оғир тупроқлардагига нисбатан қисқароқ бўлиши керак.

Суғориш эгатлари орасидаги масофа токзор тупроғи ва ток қатор оралари кенглигига боғлиқ. Сув ўтказувчанлиги ўртача ва механик таркиби бўйича оғир тупроқларда ток қаторидан 0,5–0,6 м масофада очилган иккита суғориш эгати кифоя.

Суғоришда навнинг ўзига хос хусусиятлари ва тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олиш зарур. Токнинг яхши ўсиши ва ҳосил қилиши учун тупроқнинг намлиги дала сув сиғимидан 70 фоиздан кам бўлмаслиги энг қулайдир.

Токнинг сувга эҳтиёжи ривожланишининг турли фазаларида бир хил эмас. Шунинг учун вегетациянинг биринчи даврида тупроқ намлигини дала сув сиғимидан 70–80%, иккинчи даврида эса 60–65% даражадасида сақлаб туриш керак.

Ўсиш давомида ҳосилдор токзорларни оғир тупроқларда 2–4 маротаба, сувни тутиб қолиш қобилияти паст тупроқларда (қумли, тошлоқ) 7–9 маротаба суғориш керак. Сизот сувлари юза жойлашган тупроқларда суғоришларни тупроқ намлигига кўра ўтқазиш керак. Суғоришни бошлаш ва уларнинг миқдори ҳам тупроқ намлигига кўра белгиланади. Биринчи ўсиш даврида суғориш муддати тупроқ, об-ҳаво, шунингдек, қишки сув беришга боғлиқ бўлиб, май–июнь ойида ўтказилади.

Оғир соз тупроқларда ўсиш даврида битта суғориш гектарига 700–800 м3, енгил қумоқ, шунингдек, тошлоқ тупроқларда 400–500 м3 ни ташкил этади.

Куз-қиш даврида гектарига 1200–1500 м3 ҳисобидан захира сув берилади, бунда тупроқ 1,5–2 м чуқурликкача намланиши керак. Бундай миқдорда 2–3 маротаба суғоришдан кейин тупроқда кўп миқдорда сув захираси тўпланади. Бу суғоришлар ўсимликнинг ўсиш даврининг биринчи ярмида нам билан таъминлайди. Бу ҳолда ўсиш даврида суғоришлар сонини биттага қисқартириш мумкин.

Баҳорги ёмғирлардан, шунингдек, ҳар бир ўсиш даврида суғоришдан кейин тупроқнинг етилишига қараб намни сақлаб қолиш мақсадида ток қатор ораларини ўз вақтида ва сифатли юмшатиш зарур.

Ток новдаларининг ўз вақтида етилиши, ўсимликларнинг қишга тайёрланиши ва ҳосилнинг пишиши учун суғоришни шимолий ҳудудларда сентябрь бошида, жанубий минтақаларда сентябрь ўрталарида тўхтатиш керак.

Ёғингарчилик 600 мм. дан кам бўлмайдиган тоғ-тоғолди минтақасида ток суғормасдан ўстирилади.

Лалми ва шартли суғориладиган токзорларда ёмғир сувларини тўплаш учун ёмғирдан кейин кузда ер чуқур ҳайдалади ва юмшатилади. Тупроқни ўз вақтида ва сифатли юмшатиш намнинг сақланиб қолишига, суғорилмайдиган токнинг яхши ўсиши ва ҳосил қилишига ёрдам беради.

Баъзи тоғолди-тоғли ҳудудларда, имконият бўлса, токни ҳеч бўлмаганда бир маротаба суғориш зарур. Бу унинг ўсиши ва ҳосил қилишини анча яхшилайди.

Тупроқ ичидан ва томчилаб суғориш усули истиқболлидир. Бундай суғоришда сув тежалади, ёзги ишлов беришлар истисно этилади, ҳосилдорлик 40 фоизга ошади. Нишаб ерларда томчилатиб суғориш самаралидир, бу бошқа экинлар етиштириш учун яроқсиз ерларни қишлоқ- хўжалик оборотига киритиш имконини беради, тупроқ эрозиясини пасайтиради, шунингдек эгатлаб суғоришга нисбатан сувни 40–50 фоизга тежайди.

Ў Ғ И Т Л А Ш

Токчиликда ўғитларни қўллаш самарадорлиги кўпгина омиллар билан белгиланади, улар ичида тупроқнинг табиий унумдорлиги, унинг намланганлиги, умумий ток ўстириш маданияти ва токларнинг тупроқдан озуқа моддаларини истеъмол қилиш қобилияти кабилар муҳим ўрин эгаллайди.

Ҳосил ва токнинг вегетатив массаси билан тупроқдан анча озуқа моддаларининг олиб чиқилиши тупроқнинг табиий унумдорлигини яхшилаш ва уни керакли даражада сақлаб туришни талаб қилади.

Қўриқ ва қайта тикланган ерларда (айниқса, ерларни мукаммал текислашда тупроқ қатлами анча чуқурликда олиб ташланган ҳолларда) янги токзорлар барпо этишдан олдин тупроқ унумдорлигини кўп миқдорда органик ўғитлар (40 тоннагача) солиш қўшимча равишда тегишли миқдорда минерал ўғитлар солиб, 1–2 йил давомида оралиқ экинлар етиштириш йўли билан яхшилаш талаб этилади.

Яхши текисланган, органик моддалар билан бойитилган, кўп йиллик бегона ўтлардан тозаланган майдонларда ток ўтқазишдан 2–3 ой олдин ер чуқур ҳайдалади.

Ток ўстириш учун суғориладиган алмашлаб экилган ерларни ўзлаштиришда чуқур ҳайдашдан олдин минерал ўғитларнинг асосий миқдорини гектарига (120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий) органик ўғитлар гектарига 5 дан 20 тоннагача қўшиб солиш мумкин.

Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида органик ўғитларнинг (айниқса, гўнг) катта самарадорлигини ҳисобга олиб, токчиликда бу ўғитлардан тежаб ва мақсадга мувофиқ фойдаланиш зурар. Бунинг учун гўнг ўрнида таркибида чириган органик моддалар бор чиқиндилар (узум тўпони, ўсимлик қолдиқлари) дан кенг фойдаланиш керак. Уларга фосфор, калий, микроэлементлар (кул, суяк, саноат чиқиндилари) дан иборат минерал моддалар қўшилади.

Бундай органик моддаларни солиш меъёри гўнг солиш меъёрига нисбатан 2–3 маротаба юқори бўлиши керак.

Узумдан мўл ҳосил олинадиган токзорларда ҳар 3–4 йилда гектарига 20–40 т миқдорида органик ўғитлар солиб туриш зарур. Бунда ўғит ток туплари қишга кўмилгандан кейин ерни 25–35 см чуқурликда ҳайдаб, гўнг сочгич билан солинади. Органик ва минерал ўғитларни чуқур ковлагич билан қазиладиган 60 х 60 см. ли чуқурларга солиш жуда самаралидир. Бунда ҳар бир чуқурга 20–30 кг. дан ўғит солинади.

Ўтқазилганининг дастлабки икки йилида ток илдиз тизими кучсиз ривожланиб, тупроқда унча чуқур жойлашмайди ва экишдан олдин тупроқнинг унумдорлигини яхшилаш сув ҳаво режими қулайлигида ўсимликларнинг минерал ўғитлар билан етарлича озиқланишини таъминлайди.

Шу билан бирга ток қатор ораларида полиз ва сабзавот экинларини улар учун қабул қилинган ўғитлаш ва суғориш технологияси бўйича етиштиришда ҳам токзорларда қулай сув озуқа режими яратилади.

Суғориладиган бўз тупроқларда ўстириладиган ҳосилдорлиги гектаридан 200–250 ц. ли токзорларда минерал ўғитларнинг асосий меъёри 120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий (таъсир этувчи модда)ни ташкил этади.

Ҳосилдорлиги янада юқори бўлган, шунингдек, унумсиз тупроқларда (қумлок, тошлоқ) ўстириладиган токзорларда фосфор ва калий меъёрини гектарига 90–120 кг. гача ошириш мумкин.

Ток новдалари яхши ўсмаганда ёки тупда кўп ҳосилли новда ва шўралар ривожланиб, ҳосил мўл бўлган йилларда, ёки физиологик фаол моддалар (Гиббереллин, ТУР) қўлланилганда, токларни биринчи маротаба май ойида, иккинчи маротаба 10–15 кундан кейин гектарига 60 кг азот, 45 кг фосфор ва 15 кг калий билан қўшимча озиқлантириш талаб этилади.

Суғорилмайдиган ерлардаги токзорларда тупроқда етарлича нам тўпланганда (кеч куз ва баҳорда) органик ўғитлар аралашмасини солиш керак, бу ўғитларнинг ўсимлик илдизларига яхши етиб боришини таъминлайди. Бундай шароитда ўғитларни чуқурчаларга солиш айниқса самаралидир. Ўртача қумоқ тупроқларда гектарига 3 т гўнгни гектарига 60 кг. дан азот ва фосфор ва 15 кг калий билан 30–40 см чуқурликка солиш зарур. Оғир қумоқ тупроқларда
1 т гўнг билан 30–40 см чуқурликка солиш зарур. Оғир қумоқ тупроқларда 1 т гўнг гектарига 120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий билан қўшиб 40–50 см чуқурликка солинади.

Комплекс минерал ўғитлар (аммофос, нитрофос ва бошқалар) оддий ўғитларга нисбатан бир қатор агрокимёвий иқтисодий афзалликларга эга.

Озиқа элементлари бўйича уларнинг солиш миқдори оддий ўғитлар учун тавсия этилган солиш миқдори билан бир хил. Шунинг учун озиқа элементлари таркибини кўпайтириш учун комплекс ва оддий ўғитлардан биргаликда фойдаланиш керак. Масалан, суғориладиган ҳосилдор токзорларда ҳар йили баҳорда токлар очилгандан кейин гектарига 225 кг аммософ билан бирга 225 кг аммиакли селитра ва 250 кг калий ёки 455 кг нитрофос ҳисобидан минерал ўғитлар солинади.

Токларга гуллашдан икки ҳафта олдин вентиляторли пуркагичлар билан ишлов берилади. ТУР таъсирида ҳосилдорлик 40 фоизга ошади.

Узум бошининг ўртача оғирлиги яхши мева тугиши ҳисобига 1,5–2 маротаба ортади. Уруғсиз навларга ТУР препаратининг 1 фоизли эритмаси билан гуллашидан 2 ҳафта олдин ишлов бериш мақсадга мувофиқдир, кейин тўпгулларга Гибереллин эритмаси пуркалади.

ТОКЛАРНИ СОВУҚДАН САҚЛАШ

Республикамизнинг катта қисмида айрим йилларда қишда ҳаво ҳарорати
-25–30 оС гача пасаяди. Бу токни қишда кўмишни талаб этади.

Новдаларнинг яхши пишиши ва чиқишини таъминлайдиган юқори агрофонда ўстириладиган токлар яхшироқ қишлайди. Қишки захира суви бериш ҳам совуқнинг зарарли таъсирини сусайтиради.

Худди шунга ўхшаш ҳолни ёз охирида азотли ўғитлардан фойдаланилганда ҳам кузатиш мумкин, чунки бу ўғитлар новдаларнинг ўсиш даврини чўзиб юборади ва пишишини секинлаштиради.

Токлар дастлаб кузда кесилгандан кейин кўмишдан олдин қатор бўйлаб қўндоқлаб ётқизилади, МПВ машиналари бўлса, ток новдалари шу машиналар ёрдамида ётқизилади. Шимолий минтақаларда ток устига ётқизилган тупроқ уюмининг баландлиги 25–30 см, бошқа ҳудудларда эса 20–25 см бўлиши керак.

Шимолий минтақаларда ток учун хавфли кузги совуқлар ноябрнинг бошида тушади, шунинг учун токни кўмиш ишлари 1 ноябрда, қолган туманларда 10 ноябргача тугатилиши керак.

Токлар яхши кўмилиши зарур. Ёмон кўмилган ёки кеч кўмилган ток кузги совуқлардан, кейинчалик эса қишки совуқлардан зарарланади, новдаларни совуқ уради ва улар қуриб қолади.

ТОКЗОРЛАРНИ ҚАЙТА ТИКЛАШ

Токзорларни қайта тиклаш саноат токзорларини кенгайтириш мақсадида ҳосилдор токни кўчириб ўтказиш, комплекс механизация ва илғор технологияни қўлланиш имкониятини яратиш, тупларга шакл бериш ва қатор оралари кенглигини ўзгартириш, кам ҳосилли навларни истиқболли навлар билан алмаштириш, сув таъминотини яхшилаш учун қаторлар йўналишини ўзгартиришни кўзда тутади.

Токзорларни қайта тиклашдан олдин ерларни ўлчаб, съёмка қилиш, асосий текислаш, агромелиоратив ишларни ўтказиш, тупроқни чуқур ҳайдаш ва унумдорлигини тиклаш, майдонни ташкил этиш режаларини тузиш керак. Кўчириб ўтқазиш учун зарур бўладиган иқлимлаштирилган нав кўчатларига бўлган эҳтиёж аниқланади.

Токзорларни қайта тиклаш ва нав таркибини тартибга солишда республикамизда узумчилик тизимини тубдан қайта қуриш ва навлари нисбатини хўраки ҳамда майизбоп навлар фойдасига ўзгартиришни кўзда тутиш керак.

Шу билан бирга республикамизда ялпи узум ҳосилини камайтирмаслик учун бу ишларни режа асосида йилма-йил амалга ошириш ва яхши агротехник парваришлаш ҳисобига эски токзорлардан юқори ҳосил олиш лозим.

Тошкент воҳаси ва Фарғона водийси узумнинг хўраки навларини, Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятлари кишмиш-майизбоп навларини етиштиришга ихтисослашган.

Токзорларда узумнинг қуйидаги хўраки ва кишмишбоп навларини етиштириш мақсадга мувофиқдир. Ўта эртапишар ва эртапишар хўраки навлар – Китоб сурхоки, Эртапишар, Ранний Шредера.

Эрта эртапишар – Қора кишмиш, Кишмиш Ботир ва Кишмиш Суғдиёна; ўртапишар – Хусайни, Қора жанжал, Гўзал қора, Оқ кишмиш, Кишмиш Хишров, Зарафшан кишмиши, Катта Қўрғон; ўрта кечпишар – Мускат Александрийский, Султони, Нимранг, кечки навлар – Ўзбекистон мускати, Пушти тоифи, Октябрьский.

Кейинчалик узумнинг август ойида пишадиган йирик оқ мевали кишмишбоп навлари – Кишмиш Ботир, Кишмиш Хишров, Кишмиш Зарафшон, Кишмиш Суғдиёна экиладиган майдонларни кенгайтириш зарур. Бу кишмишни қулай об-ҳаво шароитида қуритишни таъминлайди. Йирик қора мевали Кишмиш Суғдиёна сентябрь ойида пишади ва ташиш ҳамда узоқ вақт сақлашга ярайди. Юқоридаги барча навлар янгилигича ейиш ва қуритиш мумкин.

Узумнинг хураки-майизбоп Оқ Султони, Катта Қўрғон, Ўзбекистон мускати ва Мускат Александрийский навларидан юқори сифатли майиз олинади.

Токзорларда хўраки навлар билан бирга 10–12% техник навлар бўлиши керак, уларни қайта ишланиб, юқори сифатли шарбатлар, мусалласлар ва шампан виноларни (Кульжинский нави, Ркацители, Сояки, Баян Ширей, Мускат венгерский) ишлаб чиқарилади. Техник навлар парваришлашга кам маблағ талаб этади, бу меҳнат ресурсларидан унумлироқ фойдаланиш имконини беради. Узум бошлари йирик ва ўртача, мевалари серсув ва этли кўпгина техник навлардан жойида ҳўллигича ейиш ва қисман республика ташқарисига чиқариш учун фойдаланиш мумкин.

Бу навлардан хўраки нав сифатида фойдаланиш учун махсус қўшимча тадбирларни амалга ошириш, биринчи навбатда хўраки навлар каби ҳомток қилиш, ҳосили пишиб етила бошлаганда эса узум бошларига қуёш нурларининг яхши тушиши учун баргларини сийраклаштириш тавсия этилади. Бу ишлар шу навнинг хўракилик сифатлари (ранги, қанд тўпланишига, мевалари механик хусусиятлари) нинг яхшиланишига ёрдам беради. Бу навларнинг ҳосили техник ишлов бериш учун териб олинадиган муддатда 10–12 кун кечроқ ва меваларнинг шарбатида қанд моддаси 20 фоиздан кам бўлмаган пайтида узилади.

Янги токзорлар узумчиликдаги мавжуд фан-техника ютуқларидан фодаланган ҳолда барпо этилади. Иқлим шароити токнинг қишлаши учун қулай бўлган Сурҳандарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларинингг бир қисми, Қўқоннинг бир гуруҳ туманларида токни баланд танали қилиб шакллантириб кенг қаторларда ўстириш мақсадга мувофиқдир. Бу ҳосилдорликнинг анча ошишига ва меҳнат харажатларининг камайишига ёрдам беради.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида эртапишар узум навларини кўп миқдорда ўстириш керак. Бу аҳолини 1 ой илгари янги узум билан таъминлаш ва республикадан четга ҳам жўнатиш имконини беради.

Узумнинг хўраки-майизбоп Нимранг, Катта қўрғон навларидан токзор барпо этишда шуни ёдда тутиш керакки, бу навларнинг гули урғочи типли бўлиб, чанглатувчи навлар билан бирга (1–2 қатор оралатиб) ўстиришни талаб этади.

Нимранг нави учун Қора кишмиш, Пушти тоифи ва Мускат венгерский, Катта Қўрғон нави учун Қора кишмиш ва Ркацители навлари чанглатувчи сифатида хизмат қилиш мумкин.

ҲОСИЛНИ ЙИҒИШТИРИШ ВА ТАШИШ

Узум ҳосилини ўз вақтида ва тўғри йиғиштириб олиш учун ҳосилни йиғиштириш режасини тузиш керак. Режа ўз ичига олинадиган ҳосил миқдорини олдиндан аниқлаш, мева сақлагич идишлари, зарур бўладиган транспорт воситалари, қуритиш майдончалари. Маҳсулотни қишда сақлаш учун омборлар тайёрлаш ва шу каби бир қатор ишлаб чиқариш технологик ишларни олади.

Ҳосилни йиғиштириб олиш вақти унинг пишганлиги ёки маълум бир маҳсулот ишлаб чиқариш узумнинг қандлилиги ва кислоталилиги бу мақсад учун яроқлилиги билан белгиланади. Кишмиш навлар қандлилиги 24–25, майизбоп навлар 22–23 фоиздан юқори бўлганда узиб олинади. Оқ мусаллас ишлаб чиқариш учун узум қандлилиги 17–18%, қизил мусаллас учун 18–20%, хўраки навлар таркибида қанд миқдори 16–17% ва ундан юқорилигида йиғиштириб олинади.

Ҳосили қуритиш ёки узоқ жойларга юбориш учун мўлжалланган токзорларни суғориш ҳосил йиғиштириб олишдан 2–3 ҳафта олдин тўхтатилиши керак.

Узумни ҳаво қуруқ вақтда узиш керак. Хўраки навлар танлаб, фақат пишган узум бошларигина узилади. Узум бошлари ўткир боғ қайчи ёки махсус қайчилар билан кесилади, бунда узум бошини бандидан ушлаб туриш керак. Зарарланган ёки шикастланган мевалар алоҳида жойланади. Узилган узум бошлари яшикларга ёки сиқими 10–12 кг. ли саватларга жойланади. Навларни аралаштириб юборишга йўл қўйилмайди.

Узумни қаторнинг ўртасидан бошлаб узиш ва қаторнинг икки томонидаги йўлга олиб чиқиш керак.

Узум махсус шийпон ёки жойида яшикларга жойланади. Узумни яшикларга жойлаштиришда бандлари пастга қаратиб қўйилади, яшикда бўш жойлар бўлмаслиги керак, бундай жойларга массаси 150 г. дан кам бўлган узум бошлари жойланади.

Узумни поездларда ёки самолётда жўнатишда яшик қопқоғининг иккита четки тахтачалари қоқилган бўлиши керак. Яшикларни тахлашда бу тахтачалар рейка қистирмалар учун таянч бўлиб хизмат қилади.

Узум қуритиш учун сиғими кўпи билан 20 кг. ли яшикларга йиғилади ва қуритиш пунктига ташилади, у ерда сараланади ва яроқсизга чиқарилади. Эзилган ва яхши пишмаган йирик узум бошлари ғужумларига бўлинади ва кейинги жараёнга узатилади.

Узум ҳосилдорлигини ошириш, сифатини яхшилашда асосий шартлардан бири, илмий асосланган турларни тупроқ-иқлим шароитига жавоб берадиган узум тури ва навларини ҳудудлар бўйича жойлаштиришдир.

Республикамиз бир нечта асосий тупроқ ҳудудларига эга, бу бўз тупроқлар, шўр тупроқлар, шағалли ва қумли ерлар, тоғ ва тоғ олди ерлардаги ҳудудлар.

Узумчиликни ривожлантиришда, тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда узумчилик ҳудудларига қуйидаги узум турларини жойлаштириш тавсия этилади:

Андижон вилоятида: хўраки ҳамда шароббоп навлар;

Бухоро вилоятида: хўраки, кишмишбоп ва шароббоп навлар;

Жиззах вилоятида: хўраки ва шароббоп навлар тоғ олди ҳудудида;

Қашқадарё вилоятида: хўраки ва кишмишбоп навлар; тоғли ҳудудларида хўраки ва шароббоп навлар;

Навоий вилоятида: хўраки, кишмишбоп ва шароббоп навлар;

Наманган вилоятида: хўраки, кишмишбоп, шароббоп навлар, тоғ олди ҳудудларида хўраки, шароббоп навлар;

Самарқанд вилоятида: хўраки, кишмишбоп, шароббоп навлар; тоғ олди ҳудудларида хўраки, кишмишбоп, шароббоп навлар;

Сирдарё вилоятида: хўраки ва шароббоп навлар;

Тошкент вилоятида: хўраки, шароббоп навлар; тоғли ҳудудларида хўраки, кишмиш ва шароббоп навлар;

Сурхондарё вилоятида: хўраки, кишмишбоп ва шароббоп навлар, тоғли ҳудудларда хўраки ва шароббоп навлар;

Фарғона вилоятида: хўраки, кишмишбоп ва шароббоп навлар; тоғли ва тоғ олди ҳудудларида – хўраки, кишмишбоп ва шароббоп навлар;

Хоразм вилоятида: хўраки ва шароббоп навлар;

Қорақалпоғистон Республикасида хўраки навларни экиш тавсия этилади.

ТОКЗОРЛАРНИ ЗАРАРКУНАНДА ВА КАСАЛЛИКЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ

Мамлакатимиз шароитида ток ўсимлигига асосан зараркунандалардан узумхўр қурт, ун ғуборли ток қурти тоғолди минтақаларда кравчик қўнғизи; касалликлардан оидиум, антракноз, бактериал рак ва қисман хлороз касаллиги жиддий зарар келтиради.

Узумхўр қурти (узум куяси, шингил қурти) узум тўпгули, тугунча, ғўра ва етилиб келаётган ғужум билан озиқланади. Бунда ток ҳосилининг ярмидан кўпроғи чириб кетади сақлашга ва бозорга олиб боришга ярамайди. Шингил қурти мавсумда тўрт авлод бериб ривожланади. Кўкламда капалаклар ток шўрасида тўпгуллар шаклланганда учади ва ғунчаларга тухум қўяди.

Иккинчи авлод капалаклари учиши ток гуллагандан 17–20 кун ўтгач бошланади. Учинчи авлодни берувчи капалаклар июлнинг иккинчи ўн кунлигида учиб чиқиб тухум қўя бошлайди. Муддатларни аниқлашда феромонли тутқичлардан ҳам фойдаланса бўлади.

Кураш чоралари. Узумхўр қуртининг зарарини камайтириш учун шўра хомток, ғўра хомтоклар ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши новдалар чеканка қилиниб барглар сийраклаштирилиши керак.

Бунга қўшимча 2–3 маротаба пуркаш ўтказилиши, биринчи пуркаш, Қора кишмиш, Пушти Тоифи навлари 4–5 та чинбарг чиқарганда, иккинчиси ток гуллагандан 17–20 кун кейин, зарурат бўлса учинчиси иккинчисидан 7–10 кун ўтгач бажарилиши лозим. Токларни Бензофасфат, Золон ёки Карбофос (100 л сувга 300 г) ёки олма қуртига қарши тавсия этилган препаратлардан бирини қўллаб пуркаш самаралидир. Бир йўла кул касаллигини даволаш мақсадида ишчи суюқлигига коллоидли ёки ҳўлланувчи олтингугурт қўшиб пуркалади (100 л сувга 0,8–1 кг). Вектра, Топаз препаратларини қўшса ҳам бўлади. Томорқа шароитида тамаки қайнатмасидан фойдаланса ҳам бўлади.

Ун ғуборли ток қурти ток ширасини сўриб, унинг бутун қисмини зарарлайди. Шикастланган ток барглари сарғайиб, тўкилиб кетади, узум бошлари эса қуриб қолади. Оқибатда ҳосил сезиларли даражада камайиб кетади. Ғужумлари бемаза бўлиб етилади, устилари қуртнинг ширали чиқиндиси билан булғанади.

Кураш чоралари. Агар узумхўр қуртига қарши кураш ўтказилган бўлса, ун ғуборли ток қуртига қарши баҳор, ёз ойларида махсус пуркаш ўтказмаса, ҳам бўлади. Кураш чораларини амалга ошириш зарурати туғилса, кузда ёки эрта баҳорда куртаклар бўртиш олдидан ток туплари 0,2 фоизли Данитол (10 л сувга 20 г) билан жиққа қилиб пуркалади. Золон ёки Карбофос (10 л сувга 30 г) препаратлари ёки тамаки қайнатмасидан ҳам фойдаланса бўлади.

Кравчик (Хумбош) қўнғизи серсув ўсимликлар, шу жумладан, токнинг кўкламги барра новдалари билан озиқланади. Битта қўнғиз 4 тадан 12 тагача кўк новдани қирқиб ташлайди. Тоғли ва тоғолди минтақаларда зараркунанда анча тарқалган. Кравчикнинг зарарлик даври 15–20 кун бўлган баҳорги тури ток тупи учун энг хавфли ҳисобланади. У кенг тарқалган жойларда ҳосилдорлик 60–70 фоизгача пасайиб кетиши мумкин.

Кураш чоралари. Эрта баҳорда ток новдалари ўз вақтида кўтариб боғланади. Қўнғиз инларини бузиб ташлаш мақсадида МПВ-1 (токзорлар тупроғига ишлов берувчи бир қаторли машина) ёки бошқа механизмлар ёрдамида туплар оралиғи тупроғига ишлов берилади. Ер бағирлатиб ўстирилган токзорлар ва сўрига кўтарилмаган ёш токзорлар атрофидаги майдон дориланади. Бу иш дастлабки қўнгизлар қишлов жойларидан чиққандан 3–4 кун ўтгач (10 м2 майдонда 2–3 та топилганда) бажарилади.

Препаратлардан ток мевахўри ва олма қуртига қарши тавсия этилганлари қўлланилади. Бензофосфат кукуни 1 гектарга 3–4 кг ҳисобидан олтингугуртга қўшиб чанглатилса ҳам бўлади.

Токнинг оидиум (ун шудринг, кул, шўра) касаллиги юртимиз шароитида кенг тарқалган. Токлар бу касалликдан ҳимоя қилинмаса, ҳосили 60–80 фоизгача ёки бутунлай нобуд бўлиши мумкин. Замбуруғли бу касаллик токнинг ҳамма яшил қисмларини тўпгул, гултож ва узум ғужуми, узум бандлари, новда, баргларни ҳам зарарлайди. У билан касалланган узум доналари майдалигича қолади, шаклини йўқотиб ёрилиб кетади.

Новдалари ривожланмайди ва яхши етилмайди. Оқибатда келгуси йил ҳосили ҳам кескин камаяди. Шунинг учун фермер хўжалиги ва томорқа шароитида ҳомтоклар ўз вақтида ва сифатли ўтказилмаса ишком ва сўриларда токлар қалинлашиб кетса, узумлар ёрилади ва чириб кетади.

Касаллика, айниқса, Хусайни, Каттақўрғон, Қора кишмиш, Пушти тойфи, Гўзал қора навлари кўпроқ чалинади. Винобоп навлардан Хиндогни, Ркацители, Гулжа узуми кўпроқ зарарланади.

Касалликнинг олдини олиш ва ҳимоя чоралари. Мавсумда шўра ҳомток, ғўра ҳомток ва узумзорларга сув таралган даврда, чилла чиққандан сўнг новдаларни қисқартириш ортиқча баргларни олиб ташлаш зарур. Ҳомтоклардан кейин новдаларни яхши шамоллайдиган ва ёруғлик бемалол тушадиган қилиб тараш керак.

Агротехник тадбирлар ўтказиш билан бир қаторда токларга туйилган олтингугурт билан ишлов бериш яхши самара беради.

Токларда биринчи маротаба эрта баҳорда новдалар боғланиб, 3–4 тадан чинбарг ҳосил бўлганда, 8–10 кундан кейин – иккинчи маротаба, ток гуллаб бўлгандан кейин 2 ҳафта ўтгач, учинчи маротаба олтингугурт чанглатилади. Узумзорларни ёшига ва қалинлигига қараб гектарига 20 кг. дан 35–40 кг. гача олтингугурт сарфланади. Олтингугурт кукуни бўлмаса 1 фоизли ҳўлланувчи олтингугурт пуркалади (100 л сувга 1 кг). Топаз (100 л сувга 50 г) ёки Вектра (100 л сувга 30 г) препаратларини ҳам қўлласа бўлади.

Томорқа шароитида олтингугурт токнинг қалинлигига қараб 10 м2 га
60–100 г сарфланади. Сувда эрийдигани 10 л сувга 100 г миқдорда солинади, новда ва барглар ўта ҳўл бўлгунича пуркалади.

Доғли антракноз (қорасон, чечак) замбуруғли касаллик бўлиб, токнинг барча яшил аъзоларини зарарлайди. Баргларда қўнғир доғлар пайдо бўлади, новданинг пўсти ва ўзи ёрилади, қийшаяди, мўртлашади, бутунлай қуриб қолиши ҳам мумкин. Узум шакли бузилади ва ёрилиб кетади. Бу касаллик кўклам ойлари серёғин келганда жуда ҳам ривожланади.

Кураш чоралари. Касалликга қарши курашда агротехник чоралар профилактик характерга эга. Калий ўғитини кўпроқ бериш керак, шунда ўсимликнинг касалликка чидамлилиги ошади. Кузда ток кесишда зарарланган новдалар ёқиб юборилади. Қатор оралари тупроқ қатламини ағдариб чуқур ҳайдаш, зарур бегона ўтлар босишига мутлақо йўл қўймаслик керак.

Антракноз билан зарарланган токзорлар, кузда кўмишдан олдин 3 фоизли Бордо суюқлиги (100 л сувга 3 кг мис купороси ва 3 кг оҳак) билан барча занг ва новдалари ювиш даражасида пуркалади. 5о ли оҳак-олтингугурт қайнатмаси ҳам самаралидир. Баҳорда, ўтган мавсумда зарарланган токзорлар куртак чиқариши биланоқ 1 фоизли Бордо суюқлиги (100 л сувга 1 кг мис купороси ва 1 кг оҳак) билан пуркалади. Бу даврда оҳак олтингугурт қайнатмасининг (ИСО) 1 градуслигини қўлласа ҳам бўлади. Топсин (100 л сувга 100 г) ёки Вектра (100 л сувга 30 г.) препаратлари ҳам самаралидир. 10–12 кун ўтгач препаратлар қайта пуркалади. Томорқада ҳам куртак ёзила бошлаганда 1 фоизли Бордо суюқлиги сепилади (10 л сувга 100 г мис купороси ва 100 г оҳак) 7–10 кун ўтгач такрорланади.

Бактериал рак (буқоқ) касаллигини келтириб чиқарувчи бактериялар токнинг зангларида ва илдизга яқин қисмида йуғонлиги 10–15 см. гача бўлган рак шишларини келтириб чиқаради. Токнинг ривожланиши сусаяди, айрим занг ва новдаларни баъзан ток тупининг ўзини ҳам қуритади. Кузда яхши ёпилмаган ва совуқлардан шикастланган токзорлар рак касалига кўпроқ чалинади.

Кураш чоралари. Бу касаллик одатда зарарланган токлардан тайёрланган кўчатлар орқали тарқалади. Шунинг учун қаламчалар ниҳоятда соғлом туплардан олиниши керак.

Зарарланган новда ва занглар токзордан олиб чиқиб ташланади ва ёқиб юборилади. Бордо суюқлиги ва оҳак-олтингугурт қайнатмаси антракноз касаллигига қарши қандай қўлланса, рак касаллигига қарши ҳам шундай пуркаш сифати юқори бўлиши керак.

Хлороз (ток баргларини сарғайиши) касаллигига чалинган токзорларда новдалар ўсишдан тўхтайди, тўпгуллар сарғайиб тўкилиб кетади, барглар рангини йўқотади ва қуриб қолади.

Кураш чоралари. Хлорозга қарши курашув ток ёшини ҳисобга олган ҳолда бир тупга 0,3–1 кг ҳисобида темир купороси ишлатилади. Препарат кузда 25–30 см чуқурликда қазилган туп атрофидаги ариқларга солиниб, устига тупроқ ташланади ва суғорилади. Сернам ерлар тупроғи юмшатилади ва нами қочирилади.
    Б.Сулаймонов, Й.Саимназаров, Р.Абдуллаев, У.Набиев




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech