Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Ўзбекистоннинг 20 йилда қўлга киритган ютуқлари беқиёс. Буни бошқа соҳалар билан бир қаторда пахтачиликнинг ривожланишидан ҳам кўриш мумкин. Мустақиллик йилларида селекционерларимиз дастлаб жаҳон ва Ватанимиз генофондида сақланаётган намуналар, иқлимлашган, истиқболли навлар ҳамда янги линиялардан фойдаланиб, селекция усулларига асосланган ҳолда янги навларни яратиб мамлакатимизнинг барча минтақаларида экиш учун тавсия беришди. 
Охирги йигирма йилда селекционерларимиз 150 дан ортиқ янги ғўза навларини яратдилар. Булардан 42 таси Ўзбекистон Давлат реестрига киритилди. 
Селекционерларимизнинг асосий мақсади рақобатбардош ва харидоргир навларни ишлаб чиқаришга ҳавола этиб пахтамизнинг шуҳратини янада оширишдир. Янги яратилаётган навларимиз жаҳон бозори талабларига тўла жавоб беради. Олимларимиз кўп йиллик изланишлар натижасида ғўзани тола чиқишини 28-32 фоиздан 37-40 фоизгача, тола узунлигини 25-28 мм. дан 33-35 мм. гача, бир кўсакдаги пахта вазнини 4-5 граммдан 6,5-9 граммгача оширишга эришдилар. 
Яратилаётган янги ғўза навларнинг нафақат хўжалик хусусиятлари (тезпишарлиги, саноат талабига жавоб бериши, юқори ҳосилдорлиги), балки турли касалликларга бардошли бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Селекционер олимлар бундай ғўза навларини ана шу хусусиятлари кучли бўлган ёввойи, ярим ёввойи – рудераль шаклларга айланган ғўзаларни ўрганиш ва селекция жараёнида қўллаш орқали яратадилар. Англиянинг “Cotton Outlook” журналида, К.Вербек эътироф этганидек: “Ўзбекисон пахта етиштириш технологиясининг икки йўналишида, яъни кўсак қуртини кенг қамровли биологик назорат қилиш ва эртапишар навлар селекцияси дастури бўйича дунёда пешқадам”дир. 
Республикамизда етиштирилаётган пахта ўзининг сифати билан ажралиб туради. Бу пахтачилик бўйича кўп йиллик тажрибалар тўплангани, ҳукуматимиз томонидан фермерлар самарали меҳнат қилишлари учун барча шарт-шароитлар яратилгани туфайли, табиат инжиқликларига қарамай, ҳар йили мўл ва сифатли ҳосил олишга эришилаётганини алоҳида таъкидлаб ҳамда пахта тозалаш корхоналарида яхши сақлаш ва пахтани қайта ишлаш жараёнида янги техникани қўллаш тадбирларига аҳамият бериш туфайли толамиз сифати йилдан йилга ўсиб бормоқда. 
Пахта бўйича Халқаро маслаҳат қўмитасининг ижрочи директори Терри Таунсенд, “Cotton Outlook” Халқаро агентлиги Бош муҳаррири Рей Батлер ва бошқалар Халқаро Ўзбекистон пахта ярамаркаси жаҳон пахта бозорининг муҳим воқеа­сига айланиб боришини таъкидладилар. Уларнинг таъкидлашича, республикамиз нафақат сифатли пахта етиштирувчи, балки хом ашёни кафолатли равишда етказиб берувчи ишончли ҳамкор сифатида ҳам тан олинади. 
Истеъмолчилар сотиб олаётган тола сифатини кафолатлаш учун мамлакатимизда мувофиқлаштириш мақсадида сертификатлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 
Шулардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган Халқаро Ўзбекистон пахта ярмаркаси ва ушбу тадбир дои­расида ўтказилаётган конферен­циялар, мулоқотлар ҳам юртимиз пахтакорлари, ишлаб чиқарувчилари учун муҳим тажриба мактабини ўтамоқда. Ушбу ярмаркада иштирокчилар ҳам янги ва истиқболли навларни яратиш, агротехника тадбирлари ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, пахта етиштиришдан то уни териб олиш, сертификатлаш, сақлаш ва ташишни таъминлашгача бўлган барча жараёнларни ўз ичига олган мамлакатимиз пахта саноатини янада ривожлантириш башорати билан танишиш имкониятига эга бўлади. 
Шунингдек, селекцион навларни янгилаш, пахтанинг тола сифати юқори бўлган янги тезпишар навларини жорий этиш ва уларни юртимизнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида оқилона жойлаштириш соҳадаги ишларни ҳар томонлама такомиллаштириш ва жадаллаштириш белгиланган. Катта маҳорат билан амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар республикамизнинг экспорт бозори жуғрофияси янада кенгайишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон пахтасига жаҳон бозорида талаб катталиги ва унинг таклиф этилаётган ҳажми ҳар доим тўла харид қилинаётганини тасдиқлайди. 
Жорий йилда ҳам мамлакатимиздаги 4 та илмий-тадқиқот инс­титутлари олимлари томонидан 6 янги нав Давлат реестрига киритилиб, ҳудудларда экиш учун тавсия этилди. 
Ўзбекистон Ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институти томонидан яратилган ғўзани “Султон”, Ўзбекистон Пахтачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан яратилган “Ибрат”, Қорақалпоғистон Деҳқончилик илмий-тадқиқот институти олимлари етиштирган “Дўстлик-2” ва “Чимбай-5018” ғўза навлари ҳамда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Ўсимликлар экспериментал биологияси илмий-тадқиқот институтини олимлари томонидан яратилган “АН-16” ва “Беш­қаҳрамон” ғўза навлари амалиётга татбиқ этилди. Ґозир ушбу навларни етиштириш агротехникаси ишлаб чиқилмоқда. 
Дунё бозорида толанинг микронейр кўрсаткичининг асосий диапазони 3,5-4,5 чегарасида бўлиши лозим. Ушбу кўрсаткич 4,9 дан юқори ва 3,5 дан паст бўлганда толанинг нархи тушиб кетади. Аммо, кейинги пайтлари тола бозорида микронейр кўрсаткичи 4,2-4,4 бўлган тола харидоргир бўлмоқда. Ана шу талаблар асосида селекционерларимиз янги ғўза навлари яратишда ҳосилдорлик имкониятлари билан бир қаторда пахта толасининг жаҳон андозалари ҳамда тола бозори талабларига жавоб беришига эътибор беришмоқда. 
Бизнинг толамиз шуҳрати жаҳонга кетган. Унинг довруғи янада ошади. Зеро, сифат ва рақобатбордошлик борасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар шундан далолат бераётир. 
Р.Назаров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech