Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Она сайёрамизда аҳоли сони тобора ўсиб бораётган бугунги кунда истеъмол товарлари, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу дунёнинг барча мамлакатларида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласини устувор вазифа қилиб қўймоқда. Қолаверса, кейинги йилларда Ер юзида рўй бераётган глобал иқлим ўзгаришлари туфайли ёғингарчилик, қурғоқчилик ва бошқа табиий офатлар содир бўлиши кучайиб, қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигига путур етказмоқда. 
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ташкилоти (ФАО)нинг маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёдаги 86 та давлат ўз аҳолисини озиқ-ов-қат маҳсулотлари билан таъминлай олмайди. Яъни, дунёнинг 1 млрд нафарга яқин аҳолиси очликда кун кечирмоқда. Айрим қўшни мамлакатларда аҳоли эҳтиёжининг атиги 50–55 фоизи ўзида ишлаб чиқарилган дон маҳсулотлари ҳисобига таъминланаётган бир пайтда, Ўзбекистон ўзини-ўзи ғалла билан таъминлабгина қолмасдан, экспортга ҳам чиқармоқда. 
Мамлакатимиз иқтисодиёти, хусусан, қишлоқ хўжалигининг барча жабҳаларида қўлга киритилаётган бугунги залворли ютуқлар, Президентимиз Ислом Каримовнинг раҳнамолигида мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ босқичма-бос­қич амалга ошириб келинаётган кенг кўламли ислоҳотлар маҳсулидир. 
Кези келганда, Юртбошимиз ташаббуси билан 1989 йилда, яъни собиқ иттифоқ давридаёқ, қишлоқ аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг даромадларини ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш мақсадида кўплаб оилаларга томорқа берилганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Бунинг натижасида республикамизда 1,5 миллион оила томорқаларини кенгайтириш, 500 мингдан ортиқ оила эса янги томорқа ери олиш имкониятига эга бўлган. Демак, жами 2 миллиондан ортиқ оила, яъни ўртача 10 миллиондан зиёд қишлоқ аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий муаммоси ижобий ҳал этилган. 
Мазкур йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳа мамлакатимизда ерни ҳақиқий эгасига бериш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш йўлидаги илк қадамлардан бири эди. Кейинчалик бу тажриба такомиллаштирилиб, ширкат хўжаликларининг ерлари хусусий мулкчилик шаклидаги фермер хўжаликларига мерос қолдириш ҳуқуқи билан узоқ муддатга ижарага берилди. Бугунги кунда улар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи асосий субъектга айланди. Ерга, мулкка, ўзи етиштираётган маҳсулотга эгалик ҳиссининг шаклланганлиги боис фермерлар ишни самарали ташкил этиб, ер, сув ва бошқа ресурслардан унумли фойдаланиб, пахта, ғалла ва бошқа экинлардан мўл ҳосил етиштириш, чорвачиликда маҳсулдорликни оширишга эришмоқда. Пировардида бозорларимиз қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан тўлиб, халқимиз дастурхони тўкинлиги таъминланмоқда. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 20 октябрда қабул қилинган «Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида озиқ-овқат экинлари маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини янада ошириш ҳамда уларнинг турларини кўпайтириш ва шу асосда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлароқ қондириш, пировард натижада қишлоқ аҳолиси даромадлари ва турмуш даражасини юксалтириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Унга кўра, кейинги йилларда мамлакатимизда пахта майдонлари бирмунча қисқартирилиб, ғалла, сабзавот, полиз ва бошқа озуқа экинларининг майдонлари кенгайтирилди, янги боғ ва узумзорлар барпо этилди. 
Кейинги пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш, қўшимча қиймат яратиш, янги технологияларни қўллаш натижасида юқори иқтисодий самардорликка эришишга катта эътибор қаратилмоқда. 
Сўнгги 5 йил давомида мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,7 маротаба ошди. Фермер хўжаликлари, агрофирмалар, қайта ишлаш корхоналари томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича 200 дан кўпроқ янги технологик линиялар ўрнатилди. 
Фермер ва деҳ­қон хўжаликлари, аҳоли томорқаларида экинлар экилиши устидан мониторинг ўрнатилди. Бунда аҳолига уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, кўчатлар етказиб беришнинг оптимал тизими яратилди. 
Баҳорда 230 минг гектар ерга сабзовот, 80600 гектар ерга картошка, 57 минг гектар ерга полиз экинлари экилди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 60 минг гектарга кўпдир. Демак, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажми янада ортади. 
Республикамиздаги 236 минг гектар боғнинг 12260 гектари, 133 минг гектар токзорнинг 6 минг гектари қайта реконструкция қилинди. Жами 14600 гектар янги боғ ва 5300 гектар янги токзорлар барпо этилди. Бундан ташқари, 2400 гектар майдонда интенсив мевали боғлар ташкил этилди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, интенсив мевали боғлар 2 йилда ҳосилга кириб, 4–5 йилда гектаридан 50–60 тоннагача ҳосил олишига эришилади. 
Яна бир гап. Тоғ ва ва тоғ олди ҳудудларда янги боғ-токзорлар барпо этиш орқали ушбу ҳудудларда маҳсулотларни қайта ишлайдиган кичик ҳажмли цехлар қуриш, сақлаш ва қадоқлаш минитехнологияларини ўрнатиш ҳисобига янги иш ўринлари яратилади, аҳолининг даромадлари ортади, турмуши фаровонлашади. 
Мева-сабзавотчилик, полизчилик, узумчилик ва картошкачиликни янада ривожлантириш, соҳани модернизация қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, боғдорчиликни ривожлантириш мақсадида пакана ва ярим пакана мевали кўчатларни кўпайтириш учун «Мева-шарбат» боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-ишлаб чиқариш корпорациясига 400 минг дона пайвандтаг олиб келинди. 
Бу 2013 йилнинг кузида 4, 2014 йилда 8, 2015 йилда 16 млн дона кўчат етиштириш имконини беради. 
Халқимизнинг кундалик озиқ-овқат истеъмолида картошка алоҳида ўрин тутади. Бу деҳқонларимиз зиммасига картошкадан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш масъулиятини юклайди. Бунинг учун, аввало, картошка уруғчилигини ривожлантириш зарур. Шу мақсадда Тошкент, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида вируссиз уруғлик картошка етиштириш биотехнология лаборатория-сини ташкил этиш белгиланган. Натижада 2012 йилда 1 минг тонна, 2013 йилда 5 минг тонна, 2014 йилда 20 минг тонна супер элита уруғлик картошка етиштириш имкони яратилади. Пировардида картошка уруғлиги янгилаб борилади ва юқори ҳосилдорликка эришилади. 
Сабзавот ва полиз уруғчилиги тизимини ривожлантириш мақсадида ҳар бир минтақада камида 4–5 та уруғчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, сабзавот ва полиз уруғчилиги бўйича селекция ишларини янада кучайтириш, фермер ва деҳқон хўжаликларини серҳосил, сифатли уруғликлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот инс­титутида биотехнология лабораториясини ўрнатиш кўзда тутиляпти. Натижада 2011 йилда 20,5, 2012 йилда 45,5, 2013 йилда 50 тонна супер элита ва элита сабзавот-полиз уруғлари етиштирилади. 
Юқоридаги чора-тадбирлар яқин келажакда ўз самарасини беради, албатта. Бу эса етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, уларни халқимиз дастурхонига сархиллигича етказиб беришни таъминлайди. Маҳсулотларни сақлаш бўйича 2011–2015 йилларда умумий сиғими 120,8 минг тоннадан ортиқ замонавий музлаткичли омборхоналар қуриш режаси ишлаб чиқилган. Бу аҳолини мева-сабзавот маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаб бориш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади. 
Таъкидлаш жоизки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришнинг пойдевори — ер-сув муносабатлари, ирригация ва мелиорация соҳасида диққатга сазовор ишлар амалга оширилаётир. Кейинги йилларда юртимизда ирригация тизимини ривожлантириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш орқали экинларнинг ҳосилдорлигини оширишга қаратилган тамоман янги тизим шакллантирилди. 
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича биргина 2010 йилда амалга оширилган тадбирлар натижасида 329,5 минг гектар майдонда ер ости сувлари сатҳини қишлоқ хўжалиги экинлари учун мақбул чуқурликда ушлаб туришга эришилди. Республика бўйича 2009 йилга нисбатан кучли ва ўрта шўрланган майдонлар 11,7 минг гектарга камайди. 
Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах вилоятлари, шунингдек, Марказий Фарғона ҳудуди ва Қорақалпоғистон Республикасида ирригация-мелиорация иншоотларини қайта тиклаш учун 2010 йилда халқаро молия институтларининг 62 миллион доллардан зиёд маблағи жалб этилиб, ўзлаштирилди. Мелиоратив тадбирлар амалга оширилган ҳудудларда фақатгина 2009–2010 йилларнинг ўзида пахта ҳосилдорлиги 1,6–2,5, бошоқли дон экинлари ҳосилдорлиги 2–2,7 ц/га. 
Қишлоқ хўжалиги юмушларини бажаришни техникасиз тасаввур қилиш қийин. Давлатимиз раҳбарияти бу масала нақадар муҳим аҳамият касб этишини инобатга олиб, соҳани замонавий техника воситалари, машина-механизмлар билан таъминлашга устувор вазифа сифатида ёндошмоқда. Қишлоқ хўжалигини техника билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига ўтган йили юртимиздаги қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналарида ишлаб чиқарилаётган 1900 донадан кўпроқ техника воситалари лизинг шартлари асосида етказиб берилди. Бунинг учун жами 80 мил­лиард 4 миллион сўм маблағ молиялаштирилди. 
Шу ҳисобдан, 1500 дона ТТЗ русумли трактор, 133 дона «Кейс» русумли трактор, 109 дона «Клаас» русумли трактор ва «Доминатор–130» ғалла комбайнлари сотиб олинди. 
Бу борада амалга оширилаётган ишларни бугунги кун талабларига тўла жавоб беради, деб бўлмайди. Соҳани модернизациялаш ва техник жиҳатдан қайта қуроллантиришда биринчи навбатда, чет элнинг энг илғор компания ва фирмалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарур. 
Аграр соҳа ходимларининг бугунги меҳнатлари замирида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш орқали юртимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, халқимизнинг озиқ-овқат хавф­сизлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишдек юксак вазифалар мужассам.

Матбуот хизмати 
2.08.2011 й.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech