Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Мамлакатимизда май об-ҳавоси ғўзанинг жадал ривожланиши учун қулай келганлиги боис аксарият майдонларда ниҳоллар шоналаш фазасига кирди. Эндиги асосий вазифа, агротехник тадбирларни ўз вақтида, маромига етказиб бажариб, эртаги, мўл ва сифатли ҳосил етиштиришдан иборат. Ўсимликнинг яхши ўсиб ривожланишида қатор ораларига ишлов бериш катта аҳамиятга эга. Бунда тупроқнинг сув-физик, ҳаво ва микробиологик хусусиятлари, шунингдек, озиқа тартиби яхшиланади, бегона ўтларнинг бир қисми йўқотилади, сувдан самарали фойдаланилади. 
Июнь ойида ғўза генератив ва вегетатив органларининг жадал ўсишини ҳисобга олиб, қатор ораларига ишлов беришга алоҳида эътибор бериш талаб қилинади. Культиватор органларини жойлаштириш ва мақбул чуқурликни белгилашда дала тупроғининг механик таркиби, сизот сувларининг жойлашиш чуқурлиги, навнинг морфо-биологик хусусиятларини инобатга олиш талаб этилади. 
Ғўза илдизини шикастлантирмаслик учун қатор ораси 60 см. ли майдонларда культиватор четки органлари ўсимликдан 8–10 см узоқликда, 6–8 см чуқурликда, ўртадагилари 12–14 чуқурликда, ишлов кенглиги 40–44 см, 90 см қатор оралиғида ишчи органлар ўсимликдан 8–10 см узоқликда, 6–8 чуқурликда, кейинги жуфтликлари мос равишда 8–10, 10–12, ўртадагилари 15–16 см чуқурликда, ишлов бериш кенглиги 70–74 см қилиб ўрнатилиши керак. Кейинги культивацияларда ҳам ишчи органлар сонини камайтирмаслик лозим. 
Суғоришдан сўнг тупроққа чуқур ишлов беришда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитини инобатга олиш зарур. Культиваторга эгат боранка ёки кўп миқдорда ККО ўрнатиб, 10–12 см чуқурликда тупроқни юмшатиш, ортиқча нам парланишининг олдини олади. Бу эса суғоришлар орасидаги муддатни 4–5 кунга узайтириш ва ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосил тўплашига зарар етказмаган ҳолда суғориш сувини тежаш имконини беради. Агар жуда ҳам чуқур ишлов берилса, кесак кўчиши оқибатида айрим нохуш ҳолатлар юзага келади. 
Июнь ойида ғўза қатор оралари механик таркиби енгил тупроқларда 2–3, оғир тупроқларда 3–4 марта культивация қилинади. 
Агар экин қатор орасига ишлов бериш кечикса, тупроқдаги ҳаво ва сувнинг алмашинув мувозанати бузилади, бегона ўтлар зарари кўпаяди ва ҳосилдорлик 15–25% гача пасаяди. Тадқиқотларда, культивация 1–2 кун кеч ўтказилса ҳосил 1–2 ц/га, 2–3 кунга кечиктирилса 3–4 ц/га камайиши аниқланган. 
Сув танқислиги шароитида ғўза қатор ораларига 1- ва 2- культивация орасида махсус мослама ёки чизель-культиватор ёрдамида чуқур ишлов берилса, тупроқнинг нам сақлаш қобилияти ошиб, илдиз тизимининг намлик билан таъминланиши яхшиланиб, мавсум давомида 15–20% сув тежаш имкони яратилади. Шунингдек, ғўзанинг ўқ ва ён илдизлари ривожланишига қулай шароит туғилади, ҳосилдорлик 5–6 ц/га. га ошади. 
Кам унумдор ва турли даражада шўрланган тупроқларга чуқур ишлов бериш ҳайдов қатламида тупроқдаги сувда эриган тузларнинг кўтарилишини камайтиради ва намликни мақбуллаштиради. 
Агар чуқур ишлов бериш ўтказилмаса, ғўза илдиз тизими тупроққа чуқур кетмаганлиги ва яхши ривожланмаганлиги сабабли ниҳоллар тез чанқаши ҳисобига ҳосил элементларининг тўкилиши кузатилади. 
Сувдан самарали фойдаланишда ғўза пайкалларида бегона ўтлар тарқалишига йўл қўймаслик муҳим аҳамиятга эга. Агар ерни экишга тайёрлаш ёки ғўзанинг амал-ўсув давридаги биринчи ишлов (культивация) сифатсиз, ишчи органлар нотўғри жойлаштирилган бўлса, бундай далаларда бир ва кўп йиллик бегона ўтлар кўпаяди. Бегона ўтлар (шўра, итузум, қамиш, қўйпечак, шамак, ғумай, саломалайкум, ажриқ ва ҳ.к.) илдиз тизими ғўзанинг илдизига нисбатан тез ўсиб, сув ва озиқани бир неча баравар кўп ўзлаштиради. Культивацияни шундай ўтказиш керакки, культиватор ўсимлик атрофидаги бегона ўтларни тупроқ ёпиб кетсин. 
Ажриқ, қамиш ва бошқа кўп йиллик ўтлар тарқалган майдонларни ғўзанинг вегетация давомида 2–3 марта майин чопиқ қилиш мақсадга мувофиқ. 
Ривожланишдан орқада қолган, жуда секин ва нозик ўсаётган ғўза ниҳоллари озиқага жуда талабчан бўлади. Бу даврда ниҳоллар озиқлантирилмаса, ке­йинги ривожланиш даврларининг чўзилиб кетиши ва пировардида ҳосилга салбий таъсир этиши мумкин. 
Барг орқали озиқлантиришда суспензия меъёрларини белгилашда кўчат қалинлигига, ривожланиш даражасига, барг сатҳи юзасига, қолаверса, илдиз орқали қўлланилган ўғит меъёрларига эътибор бериш керак. 
Бунинг учун шоналашда 100 литр сувга 7–8, гуллаш даврида эса 10–11 кг карбомид ўғитидан тайёрланган суспензиялар қўлланилади. Шунингдек, минерал ўғитлар суспензиясига Гумимакс 0,2–0,3 л/га, Унум 15–20 мл/га, Ростбисол 135 мл/га, Фитовак 200–400 мл/га меъёрларда стимуляторлар қўшиб ишлатилса, ғўзанинг ўсиши ва ривожланишига ижобий таъсири янада ортади, пахта ҳосили ва сифати яхшиланади. Шунингдек, эрта муддатларда ғўза баргидан озиқлантирилган майдонлар суспензия сепилмаган майдонларга нисбатан ғўза ривожланишининг 3–5 кунга тезлашиши тажрибалардан маълум. 
Мўл ва сифатли пахта ҳосили етиштиришда минерал ва органик ўғитлардан тўғри фойдаланиш катта аҳамиятга эга. Шунинг учун, минерал ўғитларни қўллаш муддати, меъёри ва усулини белгилашда илмий тавсияларга қатъий амал қилиш талаб этилади. ўўзани озиқлантиришда минерал ўғитларнинг йиллик меъёри тупроқдаги азот, фосфор, калийнинг ҳаракатчан шакли, режалаштирилган ҳосил миқдори ва бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолда белгиланади. 
Шоналаш даврида ўғитлар ғўзанинг 12–14 см ёнига, 20–22 см чуқурликка берилади. Ўғитларни бир йўла эгат олиш билан биргаликда бериш ва суғориш мақсадга мувофиқ. Бу озиқа моддаларининг тупроқда тўғри тақсимланиши ва ўсимлик илдизига тезроқ етиб боришини таъминлайди. 
Сизот сувлари нисбатан чуқур жойлашган ерларда ғўзани гулга киргунча механик таркиби енгил тупроқларда гектарига 600–700, ўрта ва оғир тупроқларда 700–800 м3 меъёрда суғориш керак. Гуллаш ва ҳосил тугиш даврида эса суғориш меъёри енгил тупроқларда 800–900, ўрта ва оғир тупроқларда 900–1000 м3 атрофида белгиланади. 
Шуни унутмаслик керакки, ғўзани дастлабки ривожланиш даврида, юқори меъёрда ва узоқ муддат суғориш мумкин эмас. Чунки бу даврда тупроқда нам­ликнинг ортиши ғўзанинг бўйи ўсиб кетишига, бўғин оралиқлари 4–5 см ўрнига 6–8 см. га етишига, ҳосил шохлари пояда юқори жойлашишига ҳамда ҳосил камайишига олиб келади. Таъкидлаш жоизки, ғўза сувга келган даврда гули тепага чиқиб кетишига асло йўл қўймаслик керак. 
Ҳарорат юқори бўлганда сув кеч берилса, экин чанқаб паст бўйли бўлиб қолади. Бегона ўтларни йўқотмасдан, ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантирмасдан суғориш тавсия этилмайди. Бундан ташқари, ғўзани шоналаш, гуллаш даврида суғориш кечикиши ҳисобига 6–7 ц/га ҳосил бой берилади. Эрта муддатда суғориш ҳам ғўзанинг ҳосил тўплашига салбий таъсир кўрсатади. 
Суғоришни шарбат усулида ўтказиш сувдан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади. Бунда гўнг ғўзага озиқ бериш билан бирга, мульча вазифасини бажариб, сув буғланишини камайтиради, тупроққа сингишини яхшилайди, намни яхши сақлайди. Бунинг учун ҳар бир контурнинг сув кирадиган жо­йига шарбат учун хандак (ўра) қазилиб, суғоришдан 5–7 кун олдин 1:1 нисбатда сув билан гўнг аралаштирилиб жижа тайёрланади ёки компостдан фойдаланиш мумкин. 
Тупроқдаги намни ортиқча буғланишдан сақлаш ҳамда ғўзани чанқатиб қўймаслик учун эгатларни фақат суғориш олдидан олиш керак. Тупроқ механик таркибини инобатга олиб, суғориш эгатлари узунлигини тўғри белгилаш сувдан самарали фойдаланиш, далани бир текисда намлаб, сувни тежаш имконини беради. Таъкидлаш керакки, нишаблиги юқори ва ўртача майдонларда сув эрозиясининг олдини олиш учун оқава эгат охирига чиққанидан сўнг суғориш меъёрини 2–3 мартагача камайтирган ҳолда суғоришни давом эттириш керак. 
Қатор ораси 60 см бўлган майдонларда суғоришни эгат оралатиб (бир эгат ташлаб) ўтказиш 25 фоизгача сувни тежаш имконини беради. 
Дарё суви етарли бўлмаган шароитда ғўзани суғоришда ҳатто турли даражада шўрланган зовур сувларидан фойдаланиш мумкин. Бунда биринчи марта дарё суви, иккинчи марта литрида 5 граммгача туз бўлган зовур сувлари билан суғорилади. Фақат минераллашган сувлар билан суғорилган тупроқларни дарё суви билан кузда гектарига 2–2,5 минг/м3 меъёрда шўри ювилиши керак. 
Экинлар субирригация усулида суғорилганда суғориш сони 1–1,5 маротаба камаяди, сув тежалади, қатор орасига ишлов бериш сони камайиб, ёнилғи-мойлаш материаллари 10–15% иқтисод бўлади. Бу усулда тупроқ таркибидаги озиқ элементлар сизотгача ювилиб кетмайди. Бу ҳолат биринчидан, тупроқ унумдорлигини барқарорлашга ёрдам беради, иккинчидан, коллекторларни ҳар йили тозалашга эҳтиёж қолмайди. 
Суғорилган майдонлар тупроғи етилиши билан ишлов беришни ташкил этиш талаб қилинади. Агар культивация муддатидан кечикиб ўтказилса, тупроқ намлиги тез қочиб, ишлов пайтида ғўза илдиз тизими шикастланади, ўсиш ва ривожланиши секинлашиб, ҳосилдорлик кескин пасайишига сабаб бўлади. 
Фермер ва мутахассисларимиз ғўза парваришида агротехник тадбирларни юқоридаги тавсиялардан келиб чиққан ҳолда, тўғри ва сифатли ўтказишса, мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга пухта замин ҳозирлаган бўлади.

Ш. Тешаев, Ф. Ҳасанова, С. Исаев, О. Синдаров





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech