Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Июнь ойи ғўза ривожланишида энг масъулиятли давр ҳисобланади, чунки бу даврда бўлажак ҳосил нишоналари шаклланиши баробарида, экинга турли зараркунандалар: ўргимчаккана, кузги тунлам, тамаки трипси, шира ва қандалалар хавф солади. Таҳлилларига кўра, бу йил деярли барча ғўза майдонларида сўрувчи зараркунандалардан шира ва трипслар ривожланиши кутилмоқда. Ҳарорат етарли даражада иссиқ бўлиб, аҳён-аҳёнда ёғингарчиликнинг кузатилаётганлиги, зараркунандалар, айниқса, кечроқ экилган ва ривожланишдан орқада қолган майдонларда кучли кўпа­йишига шароит яратади. Зарарланган ғўза ниҳолларининг барг­лари бужмайиб, ўсув нуқтаси жиддий шикастланади. 
Шира ва трипслар зарарининг олдини олиш мақсадида ниҳолларни барг орқали минерал ўғитли суспензия билан қўшимча озиқлантиришни давом эттириш тавсия қилинади. 
Трипс ва шира ўчоқлари пайдо бўлган далаларда қуйидаги кимёвий препаратлардан бирини гектар ҳисобига: Камелот, Тагспилан ёки Пилармос 0,15 кг, Талстар 0,3–0,45 л, Дельтафос ёки Примаголд 1 л, Би-58 (янги), Нугор, Далметоат ёки Данадим 1,5–2 л, Багира-Н, Далприд, Имидор, Конфидор, Пиларкинг ёки Танрек 0,15–0,2 л, Энджео 0,15–0,2 л, Политрин-К 0,5 л, Карбофос ёки Фуфанон 0,6 л, Нурел-Д, Циперфос, Дуэт, Сайрен-С, Тагрел-Д, Хлорцирин ёки Ципи плюс 1 л меъёрда пуркаш яхши натижа беради. Бунда моторли қўл пуркагичларидан фойдаланилганда ишчи суюқлиги сарфига қараб препарат миқдорини тўғри белгилаш муҳим аҳамиятга эга. 
Шунингдек, июнь ойида ғўзага ўргимчаккана зарар етказа бошлайди. Зараркунанда эрта баҳорда кунлар исиши билан уйғониб, 8–12 кунда бир авлод бериб кўпаяди. Умуман, йил мобайнида 12–20 марта авлод беради. Урғочиси 100-160 тагача тухум қўяди. 
Ўргимчаккананинг дастлабки авлодлари бегона ўтларда, айниқса, қўйпечакда ривожланади. Бегона ўтлар қуриб дағаллашгандан ке­йин ғўза майдонларига ўтади. Шу боис ўргимчаккана дастлаб дала четидаги ниҳолларни зарарлайди, чунки йўл чанги ўргимчаккана ипларига ўрнашиб, уларни табиий кушандалардан ҳимоя қилади ва қўлланилган кимёвий препаратларнинг самараси паст бўлади. Ҳашарот ингичка толали навларни суст, ўрта толали ғўза навларини кучли зарарлайди. 
Ўргимчаккана асосан баргларнинг орқа томонига жойлашиб олиб, шикаст етказади: баргни жуда ингичка кулранг ўргимчак иплари билан ўрайди. Зарарланган баргларнинг устки томонида унда-бунда оч тусли, кучли зарарланган жойларида эса қўнғир ва қизғиш доғлар пайдо бўлади. Кучли шикастланган барглар тўкилиб, ғўза яланғоч бўлиб қолади. Ўргимчаккананинг зарар етказиши унинг ғўзага тушиш муддати ва ўсимликларда қанча вақт яшашига боғлиқ, яъни қанча барвақт тушса, шунча кўп шикаст етказади. 
Ушбу ҳашаротга қарши унинг кўпайиш ўчоқларида қўл пуркагичлари ёрдамида Абалон, Акаринсект, Вертимек, Даламектин ёки Пилармектин 0,3–0,4; Омайт ёки Узмайт 1,5; Ортус 0,75; Энджео 0,2; Неорон 1–1,2 л/га; Ниссоран ёки Тетрасан 0,1; Сегра 6 кг/га; оҳакли олтингугурт қайнатмаси (ИСО) Боме ўлчови бўйича 1°С ли ҳисобида қўлланилади. 
Ғўза майдонлари яқинидаги маккажўхори, помидор, кўпгина дуккаклилар, ёввойи ҳолда ўсувчилардан дағал каноп, бангидевона ва бошқалар ғўза тунламининг севимли озуқаси ҳисобланади. Кўсак қурти капалаклари ғўза шоналай бошлагач учиб кела бошлайди. Унинг ривожланиши ва биологик кураш чораларини ўтказишнинг аниқ муддатларини белгилаш мақсадида феромон тутқичлардан фойдаланилади. Феромон тутқичлар ҳар 2 гектарга 1 донадан қўйилиши ва капалак тушиши ҳар куни таҳлил қилиниб, шунга асосан далага биомаҳсулот чиқарилиши зарур. 
Феромон тутқичларга бир кеча-кундузда 2–3 та капалак тушганда 5–6 кун ўтгач, гектарига 1 грамм­дан трихограмма қўйилади. Ҳар гал биринчи қўлланишдан 5–7 кун оралатиб яна икки марта қўйилади. Янгидан жонланган трихограммани ҳар гектарига камида 100 та нуқтага (10х10 м) қўйишни таъминлаш зарур. 
Ҳар 100 туп ғўзада ўртача 2 та кўсак қурти аниқланганда бракон паразити қўлланилади. Бракон 5–6 кун оралатиб уч маротаба (биринчиси 1:10; иккинчиси 1:5 ва учинчиси 1:10 нисбатда) қўйилади. Бунда бракон урғочисининг 1 гектарга сарфи биринчи маротаба 200, иккинчи маротаба 400 ва учинчи маротаба 200 донани ташкил этиши керак. Браконни қўйишда урғочи ва эркаги нисбати камида 1:1 бўлганда яхши самарага эришилади. 
Ғўза майдонларида зараркунандаларнинг ривожланиши, кўпайиши, яъни далаларнинг фитосанитария ҳолати ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш кураш чора-тадбирларини самарали ўтказишнинг асосий омилидир. Бунинг учун биринчи галда, дала назоратчиларининг ишини юқори савияда ташкил этиш лозим. Ҳар 50 гектарга биттадан дала назоратчиси бириктириб, кунлик маълумот туман ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядлари қошида ташкил этилган штабларда таҳлил этилиши ва зараркунанда аниқланган майдонларда ўтказиладиган тадбирлар белгиланиши зарур.

Ш. Хўжаев, А.Саъдуллаев, З.Пўлатов 





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech