Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 27 апрелдаги «2011 йил бошоқли дон экинлари ҳосилини йиғиштириб олишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида бободеҳқонларимиз қишнинг қаҳратони-ю, ёзнинг жазирамасини писанд қилмай етиштирган ҳосилни саранжомлаб олиш борасидаги вазифалар аниқ белгилаб берилган. Бунда «Клаас», «Кейс», «Нью-Холланд» ва Россияда ишлаб чиқарилган турли русумдаги комбайн­лардан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. 
Ўрим даврида дон нобудгарчилигини жаткада 0,5, унинг янчгичида 1,5, дон шикастланишини 2 фоиздан ошмаслигини ва йиғиштирилган дон тозалиги 95 фоиздан кам бўлмаслигини таъминлаш кўп жиҳатдан комбайн­ларни иш шароитига қараб тўғри ростлаб ишлатишга боғлиқдир. Шунга кўра, ушбу комбайнларнинг агрегат ва узелларининг иш режимлари ва ўлчамларини ишга ростлаш тартибларини келтирамиз. 
Ўрим пайтида комбайннинг иш тезлиги жатканинг қамраш кенглиги, ўриб-йиғиб олинаётган ғалланинг ҳосилдорлиги, майдоннинг текисли­ги, пояларнинг ётиб қолганлиги ва бошқа омилларга қараб ўзгариши керак. 
«Доминатор-130» комбайни 4,27 м, «Нью-Холланд ТС-5060» комбайни 4,5 м ва «Кейс» комбайлари 4,5-6,0 м. ли жаткалар билан жиҳозланган бўлиб, улар босмаган, ҳосилдорлик 40-50 ц/га ва поялар ётиб қолмаган текис далаларда 4-5 км/соат иш тезлигида ишлатилади. Бундай комбайнлар узатмалар қутисининг 2-поғонасига тўғри келади. Ҳосилдорлиги 50 ц/га. дан юқори далаларда иш тезлиги 1,2-1,3 мартага, ўт босган далаларда эса ундан ҳам кўпроқ пасайтирилиши мумкин. Шунда комбайнларнинг янчиш аппаратига катта миқдорда донли масса келиб тушмайди ва уларнинг таркибидаги донлар тўлиқ янчилиб улгуради. 
Комбайн иш тезлиги танлангандан сўнг унинг жаткаси ишчи қисмлари ишга ростланади. Жатканинг асосий ишчи қисмлари мотовило, ўриш аппарати ва шнек бўлиб, улар ўриб олинаётган экиннинг ҳолатига қараб тўғри ростланади­ган бўлса, дон нобудгарчилигини сезиларли даражада камайишига эришиш мумкин. 
Иш даврида мотовило планкаларининг тезлиги ком­байн иш тезлигидан 1,2-1,4 мартага каттароқ бўлиши, ётиб айқашиб қолган далаларда эса яна ҳам кўпроқ бўлиши керак. Лекин мотовило айланишлар сони 58 айл/мин. дан ошиб кетса, бошоқнинг кўп тўкилишига, айланишлар сони 15 айл/мин. дан камайиб кетса, поянинг мотовилога ўралиб қолиши ва қирқиш аппарати билан ўзаро мутаносиблигининг бузилишига сабаб бўлади. 
Мотовило планкалари ўрилаётган ғаллага нисбатан баланд ўрнатилса, яъни унинг планкалари бевосита бошоқларга тега бошласа, бошоқдаги доннинг тўкилишига, аксинча, жуда паст ўрнатилса, бошоқнинг поядан узилиб туши­шига олиб келади. Шу сабабли мотовило планкаларини бошоқдан пастга, поянинг 1/3 баландлигига келиб тегадиган қилиб ўрнатиш керак. 
Мотовилони ўриш аппаратига нисбатан олдинги томонга силжитиб ўрнатилиши, одатда экиннинг баландлиги ва комбайннинг юриш тез­лигига боғлиқ бўлади. Агар поялар баланд ўсган, туп сони кўп бўлса, комбайн мотовиласи қирқиш аппара­тига нисбатан 500-700 мм олдинга силжитилади. Паст бўйли ёки сийрак ғаллани йиғиштиришда эса мотовилони ўриш аппаратидан жуда олдинга чиқариб юбориш ярамайди. 
Пояларнинг тоза ва сифатли ўрилишига эса ўриш аппаратининг сегмент пичоғи ва бармоғи орасидаги тирқиш катта таъсир кўрсатади. Ўрим пайтида сегмент ва бармоқ орасидаги тирқиш 2 мм. дан катта бўлмаслиги керак, агар бармоқлар ейилиши натижасида тирқиш катталашган бўлса, бармоқларни алмаштириш керак. 
Ўриш аппарати пояларнинг узунлигига, ернинг текис-нотекислигига, бегона ўтларнинг бор-йўқлигига қараб, 15-25 см баландликда ўрнатилади. 
Комбайн жаткасини ишга соз­лашда шнек бармоқларининг ишлаши, айланиши ҳам текширилади. Шнек ўрамлари билан жатка ички деворидаги тўсин (стриппер) орасидаги масофа 3,2 мм. дан, шнек ўрамларидан жатка тубигача бўлган масофа эса 12,7 мм. дан кам бўлмаслиги керак. Шнек бармоқларини жатка тубига 3,2-9,5 мм оралиқда яқинлашти­риб ёки узоқлаштириб созлаш мумкин. 
«Доминатор-130» ва «Нью-Холланд ТС-5060» комбайнларида кўндаланг барабан-декали, «Кейс» комбайн­ларида аксиал роторли янчиш аппаратлари ўрнатилган. Янчиш аппарати барабани ёки роторнинг айланишлар сони, уларнинг декаси орасидаги тирқиш экин турига ва янчиш қисмига келиб тушаётган массанинг миқдо­рига қараб ростланади. Шунингдек, янчиш аппаратида донли массани енгил янчиб олиш пояларнинг камроқ майдаланишига ва сомоннинг яхши уюмланишига олиб келади. 
Ўриб-йиғиб олинаётган экиннинг намлиги 15-20 фоиз оралиғида бўлса, «Доминатор-130» комбайни янчиш барабанининг айланишлар сони 1150 айл/мин. дан 1250 айл/мин. оралиғида, «Нью-Холланд ТС-5060» комбайни янчиш барабанининг айланишлар сони 900-950 айл/мин оралиғида, «Кейс» комбайни роторининг айланишлар сони эса 950-1000 айл/мин оралиғида бўлиши керак. 
Намлиги юқори ғаллани ўришда (айниқса, бегона ўт босган далаларда) янчиш барабани ва ротор айланиш тезлигини юқоридаги қийматларга нисбатан 50-100 айл/мин. га ошириш, қуруқ ғаллани ўришда эса (нам­лиги 15 фоиздан паст), айланиш тезлигини юқоридаги қийматларга нисбатан 50-100 айл/мин. га пасайтириш керак бўлади. 
Ғалладаги бошоқларни тўлиқ янчиб олиш барабан ва дека орасидаги тирқишга ҳам боғлиқдир. Буғдой ва шунга ўхшаш бошоқли дон экинларини янчишда «Доминатор-130» комбайни тирқишни ростловчи тортқи - Н асосан 2-3 ҳолатга қўйилади ва янчиш аппарати кириш қисмидаги тирқиш 13-15 мм, чиқиш қисмидаги тирқиш эса 3-4 мм катталикда ўрнатилади. Агар янчилган сомон таркибидаги бошоқлар чала янчилиб ўтаётган бўлса кириш қисмидаги тирқиш 11-12 мм. га, чиқиш қисмидаги тирқиш эса 2-3 мм. га қўйилади. Агар бункердаги донда синган донлар кўпайган бўлса, у ҳолда тирқиш 2-3 мм. га катталаштирилади. «Кейс» комбайнларида ҳам янчиш қисмига келаётган массанинг миқдори кўпай­са, тирқишни 50 мм. гача катталаштириш, кам бўлса, 30 мм. гача камайти­риш керак. 
«Доминатор-130» янчиш аппаратидан чиққан сомон таркибидаги донлар сомонсилкиткичда ажратиб олинади. «Нью-Холланд ТС-5060» комбайнида эса ушбу жараёнга қўшимча битер ҳам ёрдам беради. «Кейс» комбайнида бу ишлар битта роторнинг ўзида амалга оширилади. Янчиб ажратиб олинган донлар ҳаво-ғалвирли тозалагичларда тозалаб олинади. 
Комбайн дон тозалаш қисмининг иши сомон таркибидаги ёки ерга тўкилган эркин донлар ёки бункердаги донларнинг тозалиги билан баҳоланади. Агарда донларнинг нобудгарчилиги меъёрдан ортса, вентилятор айланишлар сонини белгиланганидан 50-100 айл/мин. га камайтириш ёки ғалвир жалюзаларини қисман ёпиш керак. Буғдой учун ғалвирлар секцияси жалюзаларининг очиқлиги 13-17 мм. дан катта бўлмаслиги керак. 
Кам ҳосилли ёки дони бўлиқ бўлмаган ғаллани ўриб-йиғиштиришда ғалвир жалюзалари панжарага кам масса тушади, натижада доннинг вентилятор ҳаво оқими орқали чиқиб кетиш хавфи кўпаяди. 
Бундай ҳолларда вентилятор айланишлар сонини 800-850 айл/мин. га қўйиш, ҳаво оқимини ростлагич тўсиқни қисман ёпиш ва устки панжараларнинг тирқишларини қисман очиш тавсия этилади. Ҳосилдорлик юқори жойларда эса бункердаги донда тўпон йиғилиб қолса, вентилятор айланишлар сонини 950-1000 айл/мин. га қўйиб, пастки панжаранинг тирқишлари қисман ёпилади ва ҳавонинг кучи оширилади. 
Ўрим-йиғим даврида юқорида келтирилган тавсияларга амал қилинса, ўйлаймизки ғалла кам нобудгарчилик билан сифатли йиғиб олинади. 
Бунда шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, комбайн ишчи қисмларини юқорида келтирилган ўлчамларга рост­лаш операторлар учун унчалик ҳам катта қийинчилик туғдирмайди. Чунки ҳозирги комбайнлар замонавий бўлиб, уларнинг ишчи қисмларини тегишли ўлчамларга ростлаш тўғридан-тўғри кабинадан бошқариш пултлари ва торт­қилар ёрдамида амалга оширилади. 
Комбайн операторларидан комбайнни эҳтиёткорлик ва маҳорат билан бошқариш талаб этилади. Чунки ўриш аппаратини нохосдан дала ичидаги темир парчалари ёки тош бўлакларига уриб олиш, комбайнни нам ерларга ботириб қўйиш ишнинг 2-3 соатга тўхтаб қолишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, ўрим-йиғим даврида ёнғин хавф­сизлигига ҳам қатъий амал қилиш ҳам талаб этилади.

М. Тошболтаев, К.Астанақулов, Ш.Азизов 





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech