Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Республикамиз ғаллакорлари ғалладан юксак хирмон кўтариш ниятида остойдил меҳнат қилмоқдалар. Тез кунлар ичида ғалла ўрим-йиғими ҳам бошланиб, омборларимиз донга тўлиб-тошади. Хўш, техника ғалла ўрим-йиғимига, омборхоналар эса ҳосилни қабул қилиб олишга тайёрми? Дон ва дон маҳсулотларини кўпайтириш билан бир қаторда ҳосилнинг нест-нобуд бўлиши ва уни етиштириш, йиғиб-териб олиш, ташиш ҳамда сақлаш ва қайта ишлаш жараёнларининг барча босқичларида миқдор ва сифати пасайишини бартараф қилувчи қатъий чоралар кўрилиши зарур. 
Республикамизнинг об-ҳаво шароити, кўплаб омбор зараркунандаларининг ривожланиши ва кўпайишига ўта қулайдир. Шунинг учун қишлоқ хўжалик корхоналарида, қайта ишловчи, ташувчи ва сақловчи ташкилотларда, фермер хўжалиги омборхоналарида дон ва дон маҳсулотларини сақлаш даврида доимо кузатувдан ўтказиш, зараркунандаларга қарши кураш чораларини кўришни тақозо этади. 
Зараркунандаларнинг кўпгина турлари дон ва дон маҳсулотлардан ташқари чигит, кунжара, қуруқ мева ва бошқа маҳсулотларни ҳам зарарлайди. Бу зараркунандаларнинг ичида узунбурунлар, унхўрлар (суринам, сарғиш, калта мўйловли), миталар (катта ва кичик ун миталари), дон пармаловчилар, терихўрлар, капалаклар, жанубий омбор парвонаси ва бошқалар ҳосилга кўп зарар келтиради. 
Омбор зараркунандаларга қарши курашда, омборхоналарни янги ҳосилни қабул қилиб олишга тайёрлаш ўта муҳим босқичдир. Бунинг учун омборхона атрофида учрайдиган зараркунандаларга қарши профилактик (зараркунандаларни омборхонага киритмаслик) чораларини кўриш зарурдир. Дон ва бошқа маҳсулотларни омборхонага олиб келишдан олдин омборхона ичидаги зараркунандаларга қарши кураш муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Аввало, омборни ҳар хил супринди чиқиндилардан тозалаш, девор тешикларини ямаш, оқлаш, кемирувчилар инларини қум, алебастр аралашмаси билан суваб кимёвий дорилардан бирини ишлатиш мақсадга мувофиқдир. 
Омборхона атрофидаги бостирмаларда, дон тозаловчи цехларда, техника жиҳозларида қолиб кетган дон ва бошқа маҳсулот қолдиқларида, чиқиндиларда кўпгина омбор зараркунандалари, айниқса, узунбурунлар (омбор, гуруч), миталар, дон куялари, каналар ва бошқа ҳашаротлар ҳаво ҳарорати пасайиши билан омборхоналарга кириб маҳсулотларга зарар келтиради. Бунинг олдини олиш учун энг аввало дон ва бошқа маҳсулотларни назоратдан ўтказиш керак. 
Омборхона, шийпон ва махсус майдончаларнинг атрофлари доимо тоза бўлиши, чанг, ахлат, суприндилар дарҳол 0,5 метрдан кам бўлмаган чуқурликка кўмиб ташланиши керак. Бундан таш­қари зараркунандалар ўтаолмаслиги учун майдон атрофи 2-3 м кенгликда ҳимоя воситалари билан ўралиши керак. 
Бўш омборхонага янги дон қабул қилишдан аввал профилактика ҳамда зараркунандаларга қарши кураш учун 30% намловчи кукун Бензофосфатдан ҳар 1 м2 га - 1, 50%, э.к. Актелликдан 0,6, 10% н.кукун Титандан 0,1-0,2 г сарфлаб ишлов берилади. Ишчи эритмаси барча ҳолларда ҳар бир м2 га 300-500 сарфланади. 
Дудлашга жавоб берадиган омборхоналарда фумигантларни ишлатиш ҳам катта аҳамиятга эгадир. Уларни ишлатиш даврида омборхона ҳаво ҳароратини ҳисобга олиш шарт. Бу мақсад учун 50% Квикфос ҳаво ҳарорати 10-16° бўлганда - 5 г/м, 560 г/кг Фостоксин, ҳарорат 17-35°С бўлганда - 3 г/м, 660 г/кг, Магтоксин, 15°С дан паст бўлмаган ҳароратда -3 г/м меъёрда сарфлаш тавсия қилинади. Паст ҳароратда (10-16°С) - 5, баланд ҳароратда эса (17-35°С) - 3 кеча-кундуз дудланади. Булардан ташқари, дондор ёки майдаланмаган олтингугуртни 1 м2 га 50 г қўллаш ҳам яхши натижа беради. 
Дудланган бино-омборхонага, обдон шамоллатилгандан кейин одам кириши ва маҳсулот қўйилишига рухсат этилади. 
Омбор атрофидаги зараркунандаларга қарши қуйидаги дориларни ишлатиш мумкин: ҳар бир квадрат майдонга 10% н. кук. Титан 0,1-0,2 г., 50% э.к. Актеллик - 0,8 г ёки 30% э.к Бензофосфат 1,9 г меъёрда қўллаб, ишчи эритмасини 500 мл сарфланган ҳолда ишлов бериш тавсия этилади. 
Омборхоналарда кимёвий дорилар билан ишлаганда техника хавфсизлиги ва санитария талабларига риоя қилишни асло ёддан чиқармаслик зарур. 
Юқорида тавсия этилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ғалла ва ғалла маҳсулотларини зараркунандалардан асраш имконини беради.

Н. Махмудходжаев 




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech