Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг илк ҳосили – пиллани йиғиб- териб олиш мавсуми бошланди. Шимолий минтақаларда эса ипак қуртларининг катта ёшлари парваришланмоқда. Пиллакорларимиз об-ҳаво нисбатан иссиқ, намгарчилик кам бўлган бу йилги шароитда ипак қурти парваришига ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор беришлари керак. 
Қайд этиш керакки, ипак безида ипак моддасининг ҳосил бўлиши қуртнинг бешинчи ёшида, айниқса, даҳага кирган кунлари амалга ошади. Шунинг учун даҳадаги қуртларни тўйдириб боқиш катта аҳамиятга эга. Бу вақтда қуртларга барг беришда узилиш рўй берса, ипакнинг синтез бўлиши сусаяди. Даҳага кирган қуртлар етарли миқдорда барг билан таъминланмаса, пилласи майда, ипак миқдори кам бўлиб, пировардида нави паст баҳоланади. 
Катта ёшдаги қуртлар учун мўътадил ҳарорат 24–250С, нисбий намлик 60–65 фоиз ҳисобланади. 
Қуртларга берилган озуқанинг самарали ўзлаштирилиши, улар жойлашган сўкчаклар юзасига боғлиқдир. Қуртлар бир меъёрда ўсиши ва ривожланиши учун қуйидаги сатҳ бўлиши керак: IV ёшда 25–30 м2,V ёшда 60–70 м2. 
Катта ёшдаги қуртлар кучли нафас олиш жараёнида кўплаб карбонат ангидрид гази ва намлик ажратади. Қурт­хонада тўпланган ис гази ва ортиқча намлик қуртларга зарарли таъсир қилади. Шунинг учун қуртхонани вақти-вақти билан ҳар 2–3 соатда 30 дақиқагача очиб шамоллатиш талаб этилади. 
Бу йилги шароитда ипак қуртларини кундузига нисбатан кечки вақтларда жадал усулда боқиш тавсия этилади. Сабаби кечки пайтда берилган тут барглари сўлиб қолмайди ҳамда қуртлар баргларни тўлиқ еб ҳазм қилишга улгуради. 
Маълумки, қуртлар ҳаёти давомида 4 марта ухлайди ёки пўст ташлайди. Ҳамма қуртлар бир хил ирсиятга эга бўлмаганидек, уларга ташқи муҳит ҳам турлича таъсир қилади, шу сабабли қуртлар бир вақтда уйқуга кирмайди. Шу боис уларнинг барчаси уйқуга киргунча оз-оздан барг бериб турилади. Хона ҳарорати ва нисбий намлиги қуртлар озиқланаётганда қандай бўлса, уйқу даврида ҳам шундай сақланади. 
Қуртлар берилган баргларнинг ҳаммасини еб улгурмайди. Сўкчакларда кўплаб барг новдалари ва экскрементлар тўпланиб қолади. Бу чиқиндилар ўз вақтида олиб ташланмаса, уларнинг чириши натижасида зарарли газлар ажралиб чиқади. Бунинг оқибатида қуртхоналарда турли касалликлар юзага келади. Қуртларни касалликка чалинмаслиги ва сифатли пилла ўраши учун тез-тез ғоналаб туриш лозим. Тўртинчи ва бешинчи ёшларда ғона биринчи марта қуртлар пўст ташлаган кунининг эртасига алмаштирилади. Кейин эса ғона қай даражада тўпланишига қараб олиб турилади. Сўнгги маротаба пилла ўрашдан олдин албатта ғона алмаштирилиши керак. 
Ғоналар олиб ташлангач, қурт- хона, йўлак ва ҳовлилар супурилиб, тозаланиши зарур. Баргга тўйган қуртлар бешинчи ёшнинг 8–9-кунларига келиб озиқланишдан тўхтайди ва организмини чиқиндилардан тозалаб пилла ўраш учун қулай жой излай бошлайди. 
Пилланинг сифати кўп жиҳатдан даста хили ва миқдорига боғлиқ. Даста тайёрлашда мингбоши, оқбош, читир ва сариқ гулли ўтлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Даста сифатида ғўзапоя, терак, тол ва бошқалардан фойдаланиш тавсия этилмайди. 
Агар дасталар яхши қуритилмай, нам ҳолида қўйилса, хонада намлик кўпайиб кетади. Бу пилла ғумбакларига таъсир этиб, кар (глухарь) пиллалар 15–20 фоиз ортишига олиб келади. 
Қуртларнинг асосий қисми дастага кўтарилганда, даста кўтариш усулини қўллаб, уларни мўътадил ҳарорат, нисбий намлик режими таъминланган бошқа хона ёки бўш сўкчакларга олиб қўйилади. Сўкчакда қолган қуртларга қўшимча даста қўйилса, қўшалоқ пиллалар сони камаяди ва ҳосил сифати яхшиланади. Ўсишда орқада қолган қуртлар эса алоҳида сўкчакка кўчирилиб боқишда давом эттирилади. 
Ипак қуртлари дастага оммавий равишда пилла ўрагандан 7 кун ўтгач, пилла теришга киришилади. Пилладаги қуртлар ғумбакка айланганига ишонч ҳосил қилиш учун сўкчакнинг турли жойларидан пилла олиб кесиб кўрилади. Пилла ичидаги қуртлар ғумбакка айланган бўлса, пилла теришга киришилади. 
Пилла теришда аввал дасталарда нобуд бўлган қуртлар олиб ташланади, сўнгра қорапачоқ ва оқпачоқ пиллалар териб олинади. Шундан кейин қолган пиллалар терилади. Пиллалар териб олингач, лосдан тозаланади. Лосдан тозалаш вақтида навдор, яъни бенуқсон пиллалар алоҳида сават ёки бошқа идишларга ажратилади ва қабул пунктларига топширилади. 
Пилла етиштиришнинг технологик ва агротехника қоидалари беками-кўст бажарилса, хато ва камчиликларга йўл қўйилмаса, республикамиз пилла хом ашёси дунё бозори талабларига жавоб берадиган даражага кўтарилади.

Қ. Явқоштиев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech