Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Боғбонларимиз бу йил ҳам боғ ва токзорлардан юқори ҳосил олишни кўзлаб астойдил меҳнат қилишмоқда. Мева-узум ҳосилдорлигини ошириш кўп жиҳатдан агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказишга боғлиқ. Бунда айниқса, турли касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш муҳим аҳамиятга эга. Жорий йилги шароитда боғ-роғларда монилиоз касаллиги кўпайиши кузатилмоқда. Бундай шароитда 1% ли Бордо суюқлигини пуркаш мақсадга мувофиқ. 
Олма, нок ва олхўри қурти ва нок шира бургасига қарши июнь ойининг иккинчи ярмида 10–15 кун оралатиб, боғларга кимёвий ишловлар берилади. Бу тадбир мевахўр қуртларнинг 2-наслига қарши бўлиб, олмалар гуллаб бўлганидан 45–47 кун ўтгач бажарилади. Бунда қуйидаги препаратлардан бири қўлланилади: Бензофосфат (Золон), Карбофос (100 л сувга 200–300 г ҳисобида), Циперфос (100 г), Децис, Суми-альфа (50 г), Каратэ, Талстар, Циракс (30–40 г), Фуфанон (100 г). Олманинг эртапишар Первенец Самарканда, Мелба, Старк Эрлист ва Тошкент боровинкаси каби нав­ларига июнда препаратлар билан ишлов берилмаса ҳам бўлади. 
Июнь ойи бошларида ёғингарчилик бўлса, ўрик, шафтоли ва олхўри дарахтларида учрайдиган клястероспориоз, барг бужмалоқлиги ва ун шудринги каби замбуруғли касалликларга қарши ҳам Бордо суюқлигининг 1%ли эритмасини ёки намланувчи олтингугуртни пуркаш зарур. Шунингдек, дарахтлар атрофини ағдариб чопиш, уруғ мевали дарахтларнинг тана ва она шохларига тутқич белбоғлар боғлаб, тушган қуртларни йўқотиш, тўкилган меваларни териб олиш каби тадбирларни ҳам бажариш талаб этилади. 
Токзорларда оидиум (кул), антракноз ва мильдю касалликларига қарши 8–10 кун оралатиб икки марта олтингугурт (1 гектар токзорга 25–30 кг сарфи билан) чанглатиб чиқиш зарур. Олтингугуртга 10 кг оҳак кукуни қўшилса, самарадорлиги янада ошади. Кичик майдондаги ток тупларини даволашда олтингугуртни қўллаш имкони бўлмаса, Вектра, Топаз, Титул (10 л сувга 3–5 г.) ёки Топсин (10 г), томорқа шароитида калий перманганат (марганцовка) (5 г) ёки 10 л сувга 50 г ҳисобида кир содаси эритмасини қўллаш яхши самара беради. 
Оидиум билан зарарланган токзорлар ҳосилининг катта қисми нобуд бўлади. Ушбу касалликни қўзғатувчи замбуруғ мицелиси билан тиним давридаги куртаклар ва новдалар ҳамда зарарланган органларда клейстатесиялари ёрдамида қишлайди. 
Баҳорда касалликларнинг биринчи белгилари шу куртаклардан ўсаётган новдаларда пайдо бўлади. Касаллик қўзғатувчи замбуруғ споралари шамол ёрдамида тез тарқалади. 
Оидиум токнинг барча яшил қисмлари – барг, барг банди, яшил новда, гўл, тўпгўл попуги, гажаги, узуми ва узум бошларини зарарлайди. Токнинг зарарланган қисмларида, олдин унинг устки томонида, дастлаб оқ, сўнгра оқиш-кулранг, сийрак, нозик гифалардан ташкил топган, ун ёки чангга ўхшаш кўзга ташланмайдиган ғубор пайдо бўлади, кийинчалик у баргнинг остки томони, барг бандлари ва новдаларига ўтади. 
Эрта зарарланган узум шингиллар қуриб, мавсум охиригача тўкилмасдан, токда осилиб қолади. Кейинроқ зарарланган узумлар чатнайди ва уруғигача ёрилади. 
Боғбонларимиз ушбу касалликни бартараф этиш чора-тадбирларини ўз вақтида амалга оширмаса, ҳосилдорлик камайиб, кетади. Оидиум касаллиги ёғингарчилик кўп бўлган шароитда узумнинг ғўра даврида агротехника тадбирлари яхши ўтказилмаган токзорларда кучли ривожланади. ¤ртача кунлик ҳарорат 19–20°С бўлганда ток новдаси ва барглари орасидан қуёш нури ва шамол ўтмай қолганда, ҳаво дим бўлганда бу касаллик тез ривожланиб тарқалади. Токни симбағазларга елпиғичсимон шаклда тараб, бир-бирига қўшмасдан алоҳида-алоҳида боғлаб чиқилса, новдалар орасидан шамол ўтиб туришига шароит яратилади. 
Шуни ҳам айтиш керакки, токзорларда хомток ўтказиш ҳосилдорлик ва маҳсулот сифати ошириши баробарида, турли касалликларнинг ривожи сусаяди. Шунинг учун июнь ойининг иккинчи ярмида ғўра хомтогини сифатли ўтказиш ва новдаларни яхшилаб кун тушадиган қилиб тараб, боғлаш зарур. 
Кейинги йилларда айрим боғ-токзорларда девпечак (кускута) тарқалиши кузатилмоқда. Девпечак дарахт ва ток новдаларига чирмашиб, аста-секин экинни батамом қуритади. Шу боис боғбонларимиз дарахт­ларга чирмашган кускута пояларини синчковлик билан тозалаб, куйдиришлари ёки чуқур кўмиб ташлашлари керак. Ариқ атрофида тарқалган девпечаклар уруғлагунга қадар кимёвий препарат пуркалиб йўқотилади. Бунда аммиак селитраси 10 л сувга 1,5 кг ёки карбамид 1 кг ҳисобида эритилиб, жиққа ҳўлланиб пуркалади.

Р. Абдуллаев, Х. Утаганов, М.Зупаров, Ғ.Жуманазаров





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech