Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Мамлакатимиз мустақиллигининг 20 йиллиги муносабати билан жойларда ҳар бир фуқаро 20 тупдан кўчат экиш тадбири ўтказилди. Эндиликда кўчатларни парваришлашда нималарга эътибор бериш зарур? 
Терак турли эрозияларнинг олдини олиш, экинларни иҳоталаб ҳимоялаш ва энг муҳими қурилишбоп материал тайёрлашда ўрни бениҳоя катта. Терак кўчатлари тупроқнинг механик таркиби, сизот сувининг чуқурлигига қараб 8—12 марта суғорилади. Қаламчалар кўкариб, бир метрга етгунга қадар қатор орасига 3—4 маротаба ишлов берилиб, ўғит солинади. Дастлабки 2 ойлик даврида ҳар 10—15 кунда суғорилиб турилиши керак. Ҳар галги суғоришда гектарига 600—800 м3 меъёрда сув берилади. 
Шўрланишга мойил бўлган ерларда Франция теракларининг дурагайли навлари Бопре ва Доршкамсдан ташкил қилинган плантациялар парваришига жиддий эътибор бериш зарур. 
Қаламчалар вегетация даврида 7—8 марта суғорилади: 15 ва 30 июнь, 15 ва 30 июль, 15 август ва 5 сентябрда. Суғоришлар оралиғи июнь ва июль ойларида 15 кундан ошмаслиги керак. Вегетация даврида суғориш меъёри 800 м3/га бўлиб чуқур ва кенг ариқлар орқали суғорилади. 
Суғориш тупроқни юмшатиш билан бирга олиб борилса янада самарали бўлади. Қатор орасидаги тупроқни юмшатиш, ер «пишган» ҳолда, одатда суғоришдан кейин иккинчи ёки тўртинчи куни ўтказилади. Биринчи йили кўчат қатор орасини тўрт марта юмшатиш етарли. Шох-шаббалари туташа бошлаши билан тупроқни юмшатиш сони қисқартирилади. 
Шўрланишга мойил тупроқ унумдорлигини ошириш учун минерал ўғитлар қўлланилади. Бир йиллик минерал ўғитлар миқдорини таъминлаш учун (плантация барпо этилган йили) азот 120 ва фосфор 90 кг/га миқдорида баҳорда, кейинчалик азот 60 кг/га, фосфор 60 кг/га миқдорда берилади (май, июнь ойларида 30 кг азот, фосфор эса августда 30 кг/га). 
Озиқаси суғоришдан олдин ўсимликларнинг қаторлари бўйлаб, ариқлар тубига 4—6 см чуқурликка солинади. Плантация­нинг иккинчи йилида минерал ўғитлар озиқлантириш шаклида берилади. Иккинчи йилдан бошлаб танасидаги пастки ён шохлар кесиб ташланади. Зараркунанда ва касалликлар пайдо бўлса, бартараф этиш чоралари кўрилади. Бунинг учун энг аввало зараркунанда ва касалликнинг тури аниқланади ва амалиётда қўлланиб килинаётган кураш чоралари амалга оширилади. 
Теракни қалин қилиб ўстириш усули асосан томорқа участкалари, шунингдек, кўп қаватли уйларнинг атрофларида қўлланилади. Бундай теракзорларнинг агротехника тадбирлари қўл кучи ёрдамида амалга оширилади. Биринчи йили 10—15 марта суғорилади. Тупроқ қумли ва тошлоқ бўлса, суғориш сони оширилади. Ҳар галги суғоришда гектар бошига 600—800 м3 миқдорда сув берилади. Бу миқдор йилнинг сер­ёғин ёки қурғоқ келишига қараб ўзгартирилади. 
Биринчи йили тупроқни ўз вақтида юмшатиш катта аҳамият касб этади. Шунга кўра, қатор оралари культиватор билан 4 мартагача юмшатилади ва камида икки марта ўсимлик оралиқлари чопиб чиқилади. Кузги охирги культивация олдидан тупроққа гектарига соф ҳолда 60—80 кг фосфорли ўғит берилиши мақсадга мувофиқ. 
Ўсиш даври охирларида ўсимликнинг тури ва навига қараб, асосий танаси узунлиги 100—200, йўғонлиги 3—4 см. га етади. Шу билан бир қаторда, асосий тана бўйлаб ён новдалар ҳам ўса бошлайди. 
Иккинчи йили эрта баҳорда эгатлар олиниб, 600—800 м3/га миқдорда сув берилади. Ўсиш даври охирига қадар яна 6 марта суғорилиб, кузда қатор оралари культивация қилинади. 
Иккинчи йилнинг кузига бориб, теракнинг бўйи 4 м ва ҳатто ундан ҳам ошади. Танасининг йўғонлиги эса 3,5—4 см. ни ташкил этади. Ана шу даврда ўсимликнинг шох-шаббаси шаклланиб, қатор ораларини қоплаб олади. 
Учинчи йили эрта баҳорда теракларга шакл бериш ишлари амалга оширилади. Дарахтнинг қийшиқ ва шикастланган шохлари олиб ташланади, танасининг ер бетидан 1,5—2 м. гача бўлган ён новдалари ҳам кесилади. 
Теракзорлар учинчи йили гектарига 600 м3/га миқдорда 6—8 марта суғорилади. кейинги 4—5-йилларда ҳам шу миқдорда суғорилади. Бешинчи йили кузга бориб, дарахтларни сийраклатиб кесиш бошланади. Бунда теракзордаги дарахтларнинг 50 фоизи қаторда бир тупдан оралатиб қирқилади. Шундан сўнг тупроққа гектарига 60—80 кг ҳисобида фосфорли ўғит бериш ва қатор ҳамда ўсимлик оралиқлари юмшатилади. Келаси йили эрта баҳорда теракзорга гектарига 120—160 кг азотли ўғитлар берилиб, чуқур суғориш эгатлари олинади. Шу эгатлар орқали йил давомида ва келаси йилларда ҳам гектарига 600—800 м3 миқдорда 6 мартагача сув берилади. 
Теракзорлар 10 ёшга етганда биринчи кесишда қолдирилган теракларнинг ярми, 20 йил бўлганда эса ҳамма терак қирқилади. Терак етиштириш ва улардан фойдаланишнинг шу тартиби гектар бошига 1000 м3 гача хилма-хил ёғоч материаллари олиш имконини беради.

Р. Султонов, М. Собиров





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech