Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Жорий йилги мураккаб об-ҳаво шароитида пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида маромига етказиб бажариш, ресурслардан, жумладан, минерал ва маҳаллий ўғитлар, мавжуд сувдан унумли фойдаланиш, ноанъанавий агротехнологияларни қўллаш талаб этилади. Бу борада Нарпай тумани фермер хўжаликларида бир неча йиллардан буён амалга оширилиб келинаётган ғўзани шоналаш фазасида минерал ўғитларнинг юз фоизини бир маротаба бериш тажрибаси эътиборга молик. 
Нарпай тумани Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Д.Дониёровнинг таъкидлашича, ушбу илғор усулни тумандаги барча фермер хўжаликлари кенг қўллаб, кутилган натижаларга эришмоқда. Жумладан, ўтган йили «Бухоро–102» ғўза навини эккан «Омад» фермер хўжалиги (раҳбари Х.Раззоқов) гектаридан ўртача 44, «Ойсулув» фермер хўжалиги (раҳбари Р.Санаев) 42, «Пахтакор» фермер хўжалиги (раҳбари С.Ҳақбердиев) 41 центнердан хирмон кўтариб, асосий ҳосил биринчи теримда териб олиниб, юқори саноат навларига сотилдган. 
Таъкидлаш жоизки, туман пахтакорлари об-ҳаво қандай келишидан қатъий назар ке­йинги ўн йилдан буён шартномий режаларни ортиғи билан мунтазам уддалаб келмоқдалар. Ушбу усулни бажаришда ғўзани яганалаш, қатор орасига ишлов бериш, бегона ўтларга қарши курашиш, суспензия сепиш, озиқлантириш, суғориш ва бошқа агротехник тадбирларни мос равишда олиб бориш талаб этилади. 
Ғўза ниҳоллари тўлиқ униб чиққач, даланинг тупроқ шароити ва ғўза нави хусусиятларини инобатга олган ҳолда яганалашга киришилади. Яганалашнинг энг мақбул муддати 1–2 чинбарг пайдо бўлганда ўтказишдир. Ушбу муҳим тадбир 3–5 кун кечиктириб, сифатсиз ўтказилганда ғўзанинг сув, озиқадан фойдаланиш кўрсаткичи камайиб, 15–20% кам ҳосил олинади. 
Ғўза ривожланишининг дастлабки даврларида ниҳоллар жуда секин ўсади, лекин озуқага (азот ва фосфор) ўта талабчан бўлади. Бу даврда ниҳоллар озиқлантирилмаса, кейинги ривожланиш фазаларининг чўзилиб кетиши ва пировардида ҳосилга салбий таъсир этиши тажрибаларда ўз исботини топган. 
Биринчи суспензия билан ишлов бериш ғўза 2–3 чинбарг чиқарганда ўтказилади. Бу пайтда оналик эритма ниҳолларнинг ёшлигини инобатга олган ҳолда (барг сатҳининг кичиклиги), ўсимликнинг ҳолатидан келиб чиқиб тайёрланади. Бунда эритма тайёрлашда 50 литрлик идишдаги сувда физик ҳолда 5 кг карбомид эритилади, кейин эритмани 100 литрлик идишга қуйиб яхшилаб аралаштирилади. 
Иккинчи суспензиялаш ғўза 5–6 чинбаргга кирган даврда сепилса, ўсимликнинг озиқага бўлган талаби қондириб борилади. Натижада эртаги, мўл ва сифатли ҳосил тўплашга пухта замин яратилади. Иккинчи суспензиялашда карбомид миқдори 8 кг бўлиши керак. 
Тажрибаларда ғўза 5–6 чинбарг даврида қўлланилган суспензия турларининг мақбул меъёрлари таъсирида қўшимча 2 ц/га. ҳосил етиштириш мумкинлиги исботланган. 
Сувдан самарали фойдаланиш ва ўсимликларнинг яхши ўсиб, баравж ривожланишида қатор ораларига ишлов бериш катта аҳамиятга эга. Бунда тупроқнинг сув-физик, микробиологик хусусиятлари, ҳаво алмашинуви ва озиқа режими яхшиланади, бегона ўтларнинг бир қисми йўқотилади. 
Ғўза қатор ораларига ишлов беришда, энг аввало, культиватордаги ишчи органлар сонига эътибор бериш керак. Қатор ораси 60 см бўлганда культиваторда 5 та ғозпанжа, 8 та ККО, 20 та наралник, ўт босган далаларда эса 20 та наралник ва 8 та пичоқ ўрнатилиб, жами иш органи камида 33 та бўлиши, қатор ораси 90 см бўлганда 5 та ғозпанжа, 8 та ККО, 24–26 та наралник, бегона ўт кучли тарқалган майдонда 8 та пичоқ 24–26 та наралник, жами 37–39 та иш органи ўрнатилиши лозим. 
Сув танқислиги кузатилаётган шароитда тупроқдаги намликни сақлаб қолиш мақсадида, культиваторнинг ишчи органлари сонини кўпайтириш керак. Бунда ККО ишчи органлар сонини 2–4 тага, ишлов бериш чуқурлигини 2–3 см. га ошириб бориш мақсадга мувофиқ. Ишчи органлар сони, ишлов чуқурлиги ва қамров кенглигини тўғри белгилаш тупроқдаги намликни кўпроқ сақлаш ҳамда минерал ўғитларни мақбул чуқурликка солиш имкониятини беради. 
Илдиз тизими яхши ривожланишини таъминлаш учун 1- ва 2-культивация орасида махсус мослама ёки чизель культиватор ёрдамида механик таркиби енгил ва ўрта тупроқларда 18–22, механик таркиби оғир тупроқларда 20–25 см. чуқурликкача юмшатиш сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширади, ўсимлик ўсиш ривожланиши яхшиланиб, ҳосилдорлик 5–6 ц/га ортади. 
Республикамиз минтақалари тупроқ-иқлим шароити бир-биридан фарқ қилишини инобатга олган ҳолда, ғўзани шоналаш даврида бир маротаба озиқлантиришда минерал ўғитлар миқдори тўлиқ ўсимликнинг 14–16 см ёнига ва 15–17 см чуқурликка солиниб, уч кун ичида пешма-пеш суғорилади. Ушбу усулда қуйидагиларга эришилади: 
- ғўзани шоналаш фазасида ўғитлаш ҳисобига ўсиб ривожланиши 2 баробарга (1 кеча-кундузда 1–2 см ўрнига 3–4 см ўсади) ортади; 
- ўсимликнинг тез ва бақувват ўсиши ҳисобига берилган ўғитнинг (ғўза ўсув даврида берилган азотли ўғитнинг 35–40 фоизини ўзлаштиради, агарда янада самарали қўлланилса бу кўрсаткич 40–50 фоизгача ошади) ўзлаштириш самарадорлиги 1–1,2 баробарга ортади; 
- бақувват ғўзага турли касаллик ва зараркунандаларнинг зарари камайиб, ҳосилнинг 25–30 фоизини сақлаб қолиш имкони яратилади. Ҳашаротларга қўлланиладиган кимёвий препаратларга сарф­ланадиган маблағ иқтисод қилинади; 
- ғўза ривожининг жадаллашуви ҳисобига чилпиш муддати (11–12 шох) тезлашиб, 15–20 кун (20–25 июлда) барвақт амалга ошириш имкони яратилади; 
- эрта ўтказилган чилпиш эвазига ғўзада тўпланган ҳосил (кўсаклар 3–3,5 г ўрнига 4–4,5 г бўлиб) кўп бўлади ва пахта тез очилади. Натижада етиштирилган ҳосилни 15–20 кун олдин ёки сентябрь ойидаёқ йиғиб-териб олишга эришилади. Бу эса келгуси йил ҳосили учун ўтказиладиган агротехник тадбирларни 18–20 кун олдин бажариш имконини беради; 
- ғўза экини учун ажратилган минерал ўғитларнинг ўз вақтида, тўлиқ солиниши таъминланади. Натижада меҳнат, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари 15–20 фоиз тежалади. 
Сувдан самарали фойдаланишда ресурс тежашга алоҳида аҳамият бериш талаб этилади. Ўғитларни бир йўла эгат олиш билан биргаликда бериш ва суғориш лозим. Бу эса ўз навбатида озиқа моддаларининг тупроқда тўғри тақсимланиши ва ўсимлик илдизига тезроқ етиб боришини таъминлайди. 
Экинларнинг суғориш меъёри, муддати, давомийлиги ва сони, яъни суғориш тартиби об-ҳаво ҳарорати, ҳудуднинг жойлашган ўрни, тупроқ тури, ер ости сувларининг сатҳи, экиннинг ривожланиш фазаси ва бошқа хусусиятларга боғлиқдир. Бунда сувни тежаш учун ўқариқлар орасидаги масофа, эгатларнинг узунлиги ва эгатдаги сувнинг сарфига ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. 
Суғориш самарадорлигини ошириш ва тупроқни эгатнинг бутун узунлиги бўйича бир текис намланиши учун қуйидаги усуллардан фойдаланиш тавсия қилинади: 
- калта эгатлар билан суғоришда оқова сувлар миқдори 15–20 % камаяди, эгатлар бутун узунлиги бўйича бир текис намланишига эришилади. 
- эгатларни оралатиб суғориш усулида тупроқдан сув буғланишини камайиши ҳисобига сув миқдори 20–25 % гача тежалади; 
Нишаблиги кичик ерларда эса оқова сув чиқармаслик учун эгат охирини тўсиб, тўсилган сувни тескари оқизиб, эгатлар охирини намлаш ҳам мумкин. Бунда умумий сув бериш ҳажми 15–20 % га камаяди. 
Суғоришнинг сифатли ўтказилишида ўқариқлар орасидаги масофа, эгатларнинг узунлиги ва эгатдаги сувнинг сарфига алоҳида эътибор бериш лозим. 
Эгат узунлигини дала нишаблиги ва тупроқнинг сув шимиш хусусиятига қараб танлаш талаб этилади. Агар эгат узун олинса, сувнинг кўп қисми эгатнинг бош қисмида тупроққа сингиб беҳуда исроф бўлади. Шунинг учун даланинг шароитидан келиб чиқиб сувни яхши ўтказадиган ўтлоқ ва енгил қумоқ тупроқларда ғўза қатор оралиғи 60 см бўлган далаларда эгатлар узунлиги 50–60, сувни суст шимадиган, оғир тупроқли ерларда 60–65, қатор оралари 90 см бўлган далаларда 65–70 метрдан ошмаслигини таъминлаш керак. Қатор оралари 90 см, нишаблиги юқори майдонларда ғўзани суғоришни барча эгатлар бўйлаб, қолган ҳолларда эгат оралатиб ўтказиш шарт. 
Шунингдек, суғоришни шарбат усулида олиб бориш сувдан самарали фойдаланишда муҳим роль ўйнайди. Бунда гўнг ғўзага озуқа бериш билан бирга мульча вазифасини бажариб, сувнинг буғланишини камайтиради, унинг тупроққа сингишини яхшилайди. Бунда хандақдан ўтаётган сувнинг гўнг билан тўлиқ аралашувига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Мульча сифатида шарбатдан ташқари эски плёнкалар, қоғоз, сомон ёки турли сув ўтларидан фойдаланиш мумкин. 
Тунги суғориш сувни 10 % тежаш имконини беради ҳамда ғўзанинг ривожланиши учун мўътадил микроиқлим шароити яратилади. 
Ҳар бир суғориш давомийлиги тупроқнинг механик таркиби, майдоннинг нишаблиги ва суғориш меъёрига қараб 8–12 соатни ташкил этади. Нишаблиги катта майдонларда эгатларга сув жуда оз миқдорда таралиб, суғориш давомийлиги 15 соатдан ошмаслиги керак. 
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу йилги об-ҳавонинг иссиқ ва қуруқ келиши, сув ресурсларидан тежаб-тергаб оқилона фойдаланиш учун ғўзага бир марта ўғит ва 2 марта сув бериб, уни тезроқ пишириб, кўзлаган ҳосилни йиғиб-териб олиш талаб этилади. 
Ушбу тавсиялар ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити, ерларнинг рельефи ва бошқа омиллар ҳисобга олиниб амалга оширилади.

Пахтачилик ва техника экинларини ривожлантириш бошқармаси





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech