Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Бу йилги об-ҳаво шароитида зараркунанда ва касалликларга қарши курашишга ҳар қачонгидан ҳам жиддий эътибор бериш зарур. Таъкидлаш жоизки, бу йил сўрувчи зараркунандалардан — шира ва трипс деярли барча ғўза майдонларида ривожланиб, тарқалиши кутиляпти. Бу зараркунандалар, айниқса, ёш ғўза ниҳолларини кучли зарарлайди. Зарарланган ёш ғўза ниҳолларининг барглари бужмайиб, ўсув нуқтаси қаттиқ шикастланади. Натижада ниҳоллар ўсишдан тўхтаб, барглари қуриб, тўкилиб кетади. Мазкур зараркунандалар кўпайишининг олдини олиш учун, ғўза ниҳоллари барг орқали минерал ўғитли суспензия билан қўшимча озиқлантирилиши мақсадга мувофиқ. Бунинг учун ғўза 2–3 чинбарг чиқарган даврида гектарига 5 кг карбамид ўғитини фосфорли ва калийли ўғитлар билан бирга суспензия ҳолида берилса, ғўза ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга зараркунандаларга чидамлилигини оширади. Ғўзанинг шоналаш даврида ҳам бу ўғитларни суспензия ҳолида бериш тавсия қилинади. 
Майнинг иккинчи ярмидан бошлаб ғўза майдонлари ва унинг атрофларидаги бегона ўтларда ўргимчаккана пайдо бўла бошлайди. Бу хавфли зараркунанданинг кўпайиб тарқалишининг олдини олиш учун ғўза майдонлари ва уватларга гектарига 500 тадан 1500 тагача олтинкўз тухумларини профилактика мақсадларида чиқариш лозим. Олтинкўзлар табиатда кўпайиб, ўргимчаккана билан бирга трипс, ширалар ва бошқа зараркунандаларга ҳам доимий қирон келтириб туради. 
Трипс ва шира ниҳоятда кўпайиб кетган далаларга ўз вақтида кимёвий препаратлар пуркаш зарур. Бунда препаратлардан гектар ҳисобига: Камелот – 0,15 кг, Дельтафос ёки Примаголд – 1 л, Би-58 (янги) – 1,5–2 л, Багира-Н ёки Далприд – 0,15–0,2 л, Энджео – 0,15–0,2 л, Карбофос ёки Фуфанон – 0,6 л, Циперфос 55% эм.к. – 1 л пуркаш яхши натижа беради. 
Шунингдек, ўргимчаккананинг даст­лабки кўпайиш даврида гектарига: Ниссоран ёки Тетрасан – 0,1 кг, Хексорун – 0,2 л, Ортус 0,75 л, Зум – 0,25 л ҳисобида ишлатиш мақсадга мувофиқ. Ўргимчаккана кўпайган далаларга эса гектарига: Вертимек (Абалон, Акаринсект, Даламектин, Пилармектин) – 0,3–0,4 л ёки Неорон – 1–1,2 л, Омайт ёки Узмайт – 1,5 л, Политрин К – 1 л ёки ООҚ - оҳак олтингугурт қайтнатмаси (Боме бўйича 1 градусли қилиб) препаратларининг бири билан кимёвий ишлов ўтказиш тавсия этилади. 
Май ойида зараркунанда илдиз кемирувчи — тунлам ривожланишини ҳар бир ғўза даласига феромон тутқичларни ўрнатиб, доимий кузатиш ишларини олиб бориш зарур. Бу йилги қишнинг мўътадил ва баҳорнинг илиқ келиши тунлам авж олиб ривожланишига қулай шароит яратади. Шу боис биомаҳсулотлардан унумли фойдаланишга катта эътибор бериш зарур. 
Юқорида санаб ўтилган чораларни ҳудудлар бўйича зараркунанданинг ривожланиш потенциалини чуқур таҳлил қилган ҳолда, кимёвий препаратлар захирасини яратишга ҳозирда киришиш лозим. 
Бундан ташқари, ғўза ниҳолларида илдиз чириш ва гоммоз касалликлари хуруж қилиши мумкин. Бу ҳолат экиннинг ўсишдан орқада қолишига, айрим кучли зарарланган пайкалларда эса кўчатларнинг бутунлай нобуд бўлишига сабаб бўлади. Бундай салбий оқибатларни бартараф этиш учун ниҳоллар парваришига чуқур ёндошиш зарур. Аввало, агротехника (қатқалоқни юмшатиш, культивация) ва минерал ўғитли суспензия билан қўшимча озиқлантириш тадбирларига алоҳида эътибор бериш лозим.

А.Саъдуллаев, Ш.Хўжаев, З.Пўлатов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech