Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Бу йилги об-ҳаво ғўза ниҳолларининг ривожланишига бирмунча қулай шароит яратмоқда. Чигит бир текис униб чиққан майдонларда агротехника тадбирларини ўтказишда қуйидаги бир қатор тавсияларга амал қилишни тавсия қиламиз. 
Чигит тўлиқ ундириб олинган далаларнинг тупроқ шароити ва ғўза навларининг биологик хусусиятларига қараб яганалашга киришилади. Яганалашнинг энг мақбул муддати ниҳоллар 1—2 чингбарг чиқарганда ўтказишдир. Ушбу муҳим тадбирни 3—5 кун кечиктириб ўтказиш ҳисобига ҳосилдорлик гектарига 2—3 центнерга, 4—5 чинбарг чиқарганда туганланса 4—5 центнерга камаяди. Энг асосийси, яганалаш кеч ўтказилса, ниҳоллар илдизлари бир-бири билан бирикиб кетиши натижасида яганалаш пайтида қолган ниҳоллар илдизи ҳам шикастланади. Бу ниҳоллар маромига келиши учун 8—10 кун ўтади. Бу ғўза ривожланишини 8—10 кунга кечикишга олиб келади. Яганалаш сифатсиз ўтказилганда кўчатлар қалинлиги юқори бўлади ва ғўзанинг сув, озиқадан фойдаланиши камайиб, 15—20% кам ҳосил олинади. 
Яганалаш мақбул муддатда ўтказилган майдонларда ғўзанинг ўсиши ва ривожланиши жадаллашади, озиқа элементлари билан таъминланиши яхшиланади, эртаги, мўл ва сифатли ҳосил етиштирилади. 
Яганалашни бошлашдан аввал мутахассислар томонидан ҳар бир даланинг ҳолати ўрганилиб, нав ва тупроқ унумдорлигидан келиб чиққан ҳолда яганалаш ишлари 8—10 кун муддатда тўлиқ якунланади. Яганалашдан 7—8 кундан сўнг кўчат қалинлиги яна бир бор текширилиб, қалин қолган, кейин унган ниҳоллар юлиб ташланади. 
Fўзани яганалашда ўлчов таёқчаларидан (шаблон) фойдаланиш яхши самара беради. Бу муҳим тадбирни тупроқ иқлим шароити, ғўза навларининг биологик хусусиятлари ва бошқа омиллардан келиб чиқиб қуйидаги тавсиялар асосида олиб бориш мақсадга мувофиқдир: 
Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида экилган С—6524 ва С—6541 ғўза навларининг биологик хусусияти ва тупроқ унумдорлигидан келиб чиқиб, унумдорлиги юқори ерларда 90 см ғўза қатор оралиғида чигит экилган бўлса, 1 метрда 8—9, 60 см қатор оралиғида 5,5—6 та, гектарига 90—100 минг туп, унумдорлиги паст ерларда 90 см қатор оралиғида 9—10 та, қатор ораси 60 см бўлганда эса 6—7 та ниҳол қолдирилиб, 100—110 минг туп, «Наманган—77», «Ан—Боявут—2» ва «Навбаҳор—2» ғўза навлари экилган унумдор ерларда 90 см ғўза қатор оралиғида экилганда 1 метрда 9—10 та, 60 см қатор оралиғида 6—7 та кўчат қолдирилиб, гектарига 100—110 минг туп, унумдорлиги паст ерларда 90 см қатор оралиғида 10—11 та, қатор ораси 60 см бўлганда эса 7—8 та ниҳол қолдириб, гектарига 110—120 минг туп кўчат бўлишини таъминлаш тавсия қилинади. 
Шунингдек, «Бухоро—102» ғўза навида 90—100, тупроқ унумдорлиги юқори бўлган ҳудудларда эса 90—95 минг туп кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ. Бу ғўза нави кучли шохланиб ўсганлиги сабабли тупроқ шароитига қараб, тупроқ унумдорлиги паст, шамол ва гармсел кучли бўладиган чўл ҳудудларида гектарига 100—110 минг туп кўчат қолдириш яхши самара беради. 
Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари шароитида тупроқ унумдорлиги паст майдонларда «Омад», «АН—Боявут—2», «Наманган—77» ва С—6541 ғўза навлари гектарига 110—120 минг, «Бухоро—102», «Бухоро—8» навлари 100—110 минг (1 метрда тегишлича 90 см қатор оралиғида 10—11 ва 9—10 та, 60 см қатор оралиғида 7—8 ва 6—7 та ) туп, унумдорлиги ўртача тупроқларда «Омад», «АН—Боявут—2», «Наманган—77», С—6541 навлари гектарига 100—110 минг, «Бухоро—102», «Бухоро—8» навлари 90—100 минг (1 метрда тегишлича 90 см қатор оралиғида 9—10 ва 8—9 та, 60 см қатор оралиғида 6—7 ва 5,5—6 та) туп, унумдорлиги юқори тупроқларда «Омад», «АН—Боявут—2», «Наманган—77», С—6541 навлари гектарига 100—110 минг, «Бухоро—102», «Бухоро—8» навлари 90—100 минг (1 метрда тегишлича 90 см қатор оралиғида 9—10 ва 8—9 та, 60 см қатор оралиғида 6—6,5 ва 5,5—6 та) туп қолдириб яганалаш лозим. 
Шунингдек, Бухоро вилоятида экилаётган «Бухоро—6», «Бухоро—8», «Бухоро—102» ғўза навларини яганалаш тадбирини унумдорлиги паст, механик таркиби енгил тупроқларда гектарига 120—130 минг, унумдорлиги ўртача, механик таркиби ўрта тупроқларда 110—120 минг, унумдорлиги юқори, механик таркиби оғир тупроқларда 100—110 минг туп кўчат қолдириш мақсадга мувофиқ. 
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида ғўза ниҳолларини яганалашда асосан учта омилга жиддий эътибор қаратиш талаб этилади: навнинг биологик хусусияти, тупроқ унумдорлиги ва иқлим шароити. Бунда, унумдорлиги юқори бўлган тупроқларда С—6524, С—6541, «АН—Боёвут—2», «Наманган—77» ва «Наманган—34», АН—16, «Андижон—35», «Андижон—36» ҳамда «Андижон—37» ғўза навлари учун гектарига 90—100 минг туп (қатор ораси 90 см бўлганда 1 метрда 8—9, 60 см бўлганда 5—6 та), ўртача унумдор тупроқларда гектарига 100—110 минг (қатор ораси 90 см бўлганда 9—10, 60 см бўлганда 6—7 та), унумдорлиги паст тупроқларда эса, гектарига 110—120 минг (қатор ораси 90 см бўлганда 10—11, 60 см бўлганда 7—8 та), туп кўчат қолдирилади. 
Шунингдек, ер ости суви сатҳи юза бўлган тупроқларда гектарига 110—120 минг кўчат қолдирилиб, қатор ораси 90 см бўлганда 1 метрда 10—11, қатор ораси 60 см бўлганда 7—8 та кўчат қолдирилади. Шунингдек, чигит плёнка остига экилган майдонларда навнинг морфо-биологик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда оддий ҳолатда экилган бўлса, гектарига 100—110, агарда қўш қатор экилган бўлса 140—150 минг туп қолдириш тавсия этилади. 
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида асосий майдонларда экилган «Бухоро—6» ва «Бухоро—8» ғўза навлари биологик ва морфологик хусусиятларига кўра, шохланиб ўсишини инобатга олиб, тупроқ унумдорлиги паст бўлган майдонларда гектарига 110—120, унумдорлиги ўртача бўлган чўл, ярим чўл ва дашт ҳудудларида 100—105, «Бухоро—102» навида 100—105, «Наманган—77» навида 110—115 минг туп, тупроқ унумдорлиги юқори бўлган ерларда «Бухоро—102» навида 95—100, «Наманган—77» навида 100—110 минг туп қолдириш юқори самара беради. Қўшқатор экилганда кўчат қалинлигини 30—35% оширилиши мақсадга мувофиқ. Тошлоқ ва сур тупроқли ерларда юқоридаги кўчат сонидан 1—2 тадан ортиқ ниҳол қолдириш керак. Унумдорлиги паст, қумоқ ерларда кўчат қалинлигини 20 фоизгача кўп қолдирилиши мақсадга мувофиқ. 
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида экилган С—4727, «Чимбой—5018», «Меҳнат», «Хоразм—127», «Хоразм—150» ғўза навларини яганалашда унумдорлиги юқори ерларда 90—100, ўртача унумдор тупроқларда 100—110, унумдорлиги паст ерларда 110—120 минг/га кўчат қолдирилади. «Бухоро—102» ғўза навлари экилган майдонларда кўчат қалинлиги унумдор ерларда 85—90, ўртача унумдор ерларда 95—100, унумдорлиги паст тупроқларда 100—110, «Омад» ғўза навида эса 100—120 минг/га туп кўчат қолдириш тавсия этилади. Шунингдек, қўш қатор экилган майдонларда навнинг морфо-биологик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда гектарига 140—160 минг туп атрофида бўлишини таъминлаш лозим. 
Яганалашда «Бухоро—102» ғўза навида «Меҳнат» ва «Хоразм—127», «Хоразм—150» навларига нисбатан 5—10 фоиз кўчат камроқ қолдирилишига эътибор бериш керак. 
Юқори даражада шўрланган ерларда яганалаш пайтида 10—15 фоиз кўпроқ кўчат қолдириш лозим. Чунки, ғўзанинг ўсиш даврида тузларнинг юзага кўтарилиши туфайли тахминан шунча кўчат нобуд бўлиши мумкин. 
Ғўза қатор ораларига ишлов беришни илмий ва кўп йиллик тажрибалар асосида амалга ошириш мўл ва сифатли ҳосил етиштириш имконини беради. Бу тадбирни ўтказишда механизмларни сифатли ва унумли ишлатиш ҳамда қатор ораларига ишлов берувчи ишчи органларини тўғри танлаш қўл меҳнатини имкон қадар камайтириб, катта иқтисодий самара беради. 
Қатор ораларига шундай ишлов бериш бутун вегетация даврида далаларда бегона ўт бўлмаслигига, сифатли ишлов бериш натижасида, тупроқ майин-донадор ҳолга келиб, тупрокдаги намликнинг узоқ вақт сақланиб, зарарли тузларнинг юқорига кўтарилишининг олдини олади. 
Ёғингарчилик туфайли тупроғи ўта зичланиб кетган пайкалларда ғўза қатор ораларига сифатли ишлов беришни таъминлашда Боёвут тумани фермерларининг тажрибаси диққатга созовор. 
Бунда ғўза қатор ораларига ярим, яъни ўнг ёки чап томони қирқилган ва бутун ғозпанжалар билан ишлов берилади. Чунки бундай ишчи органлар бритва ва юмшатгич панжаларга нисбатан қатор ораларига чуқур ишлов беради, тупроқни яхши увалайди ҳамда бегона ўтлар томири тўлиқ қирқилишини таъминлайди. Натижада тупроқ яхши қизийди, сув-ҳаво ўтказиш режими яхшиланади, минерал ўғитлар чуқур ҳамда бевосита ғўза илдизи ривожланаётган чуқурликка тушиши таъминланади. 
Кенглиги 60 см бўлган қатор ораларига ишлов беришда қамров кенглиги 150 мм бўлган КД 924 ғозпанжалардан, кенглиги 90 см бўлган қатор ораларига ишлов беришда эса қамров кенглиги 250 мм бўлган КРХ-19 ғозпанжаларидан фойдаланиш зарур. 
1 ва 2-культивацияларда ярим ғозпанжалар ғўза қаторларидан 12—15 см узоқликда, 14—16 см чуқурликда юрадиган қилиб ўрнатилади. Қатор ўртасига ўрнатиладиган ғозпанжанинг чуқурлиги эса 18—20 см бўлиши лозим. Кейинги ишлов беришларда ярим ғозпанжалар ғўза қаторларидан камида 15 см узоқликда қўйилиши ва ишов бериш чуқурлиги 10—12 см бўлиши лозим. 
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ярим ғозпанжалар ўрнатилган культиваторларни ғўзанинг гуллаш фазаси бошлангунга ёки июль ойининг бошларигача ишлатиш мақсадга мувофиқ, акс ҳолда ғўзалар кесилиб, фойда ўрнига зиён ҳам келтириши мумкин. 
Белгиланган чуқурликда ва узоқликда ўрнатилмаган ишчи органлари таъсирида ғўза илдизлари зарарланади. Илдизлари зарарланган ғўзадаги ҳосил элементлари тўкилиб, ҳосилдорликнинг 25—30 фоизга камайиб кетишига олиб келади. 
Кесак кўчишининг олдини олиш мақсадида суғоришдан кейинги культивацияларда ярим ва бутун ғозпанжаларнинг олдига юмшаткич панжалар ўрнатилиши лозим. Бунда қатор орасининг икки чеккасига ўрнатиладиган ғозпанжалар ғўза қаторидан 15—16 см узоқликда жойлашиши ва 10—12 см чуқурликда юрадиган этиб ростланиши лозим. 
Ғўза қатор ораларига ишлов бериш билан ўғит ҳам солинганда ўғит сош­никлари ғозпанжалар орқасидан ғўза қаторидан 18—20 см узоқликда ва 16—18 см чуқурликда юрадиган этиб со­з­ланади. 
Fўзани суғориш технологияси алоҳида аҳамият берган ҳолда ҳар бир картада суғориш муддат ва меъёрларини ҳудуднинг сув билан таъминланганлиги, тупроқ хусусияти ва сизот сувлари 
Турли сабабларга кўра, тупроқдаги захира намлиги кам бўлган майдонларда чигит экилган бўлса, тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда 600—800 м3/га атрофида чигит сув беришни ташкил этиш лозим. Акс ҳолда бир текис, соғлом кўчат олиш олиш имконияти бўлмайди. 
Суғоришда бир мартага ғўзага керакли миқдорда сув етказиб бериш учун тупроқ шароитидан келиб чиқиб, 1-суғоришда жўяк чуқурлиги 60 см қатор оралиғида 14—16, 90 см қатор оралиғида 16—18 см. ни ташкил этиши лозим. Акс ҳолда ғўзага талаб қилинадиган сув таъминоти етарли бўлмайди. Бу ўз навбатида ўсимликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. 
Ҳар суғоришдан кейин ғўза қатор ораси тупроқ етилиши билан, кесак ҳосил қилинмай майин культивация қилиниши керак. Бу тупроқда тўпланган намликни узоқроқ муддат сақлашга олиб келади. 
Суғориш тартиби ва унга боғлиқ бўлган суғориш техникаси сувдан режали фойдаланишнинг асоси ҳисобланади. Ҳар бир вилоятда тупроқ тури, ер ости сувлари сатҳи жойлашувини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалик экинларини суғориш графигини тузиш ва ҳар 15—20 гектарга 4—5 кишидан иборат сувчилар гуруҳи белгиланиб, сувни исроф этмаслик учун оқавасиз суғоришни таъминлаш керак. 
Шўрланган, ер ости сувлари яқин жойлашган ҳудудлар нисбатан кам бўлсада, аммо ер ости сатҳи 1,5—2 м чуқурликда жойлашган майдонлар мавжуд. Ана шундай майдонларда ғўза навларидан қатъий назар шоналаш давригача суғормаслик керак. 
Суғоришга сарфланадиган сув миқдори енгил (қумли ва қумоқ) тупроқларда ғўза гуллагунга қадар гектарига 600—700, ўрта ва оғир тупроқларда ғўза гуллагунга қадар 700—800 м3 атрофида белгиланади. Суғориш давомийлиги енгил тупроқларда ғўза гулга киргунча 16—18, ўрта ва оғир тупроқларда 18—20 соатдан ошмаслиги лозим. Ер ости сувлари сатҳи 0,5—2 метргача бўлган тупроқларда сув миқдори 10—15% камайтирилади. 
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси шароитида ғўзани суғориш тупроқнинг механик таркиби ва сув ўтказувчанлигига қараб, ғўза дискрет (такт ёки бўлиб-бўлиб) 3—4 марта суғориш амалга оширилади. 
Суғоришда бир мартага ғўзага керакли миқдорда сув етказиб бериш учун тупроқ шароитидан келиб чиқиб, 1-суғоришда жўяк чуқурлиги 14—18, кейинги суғоришларда енгил тупроқларда 18—20, ўртача механик таркибга эга тупроқларда 20—22, механик таркиби оғир, сув ўтказувчанлиги паст тупроқларда 22—25 см. ни ташкил этиши лозим. Акс ҳолда ғўзага талаб қилинадиган сув таъминоти етарли бўлмайди. Бу ўз навбатида дуплет суғоришга олиб келади, оқибатда ўсимликнинг ривожланишини 10—15 кунга кечиктириб, ҳосилдорликни 5—6 ц/га пасайтиради. 
Тупроқ қуриб қолмаслиги учун эгатларни очиш ҳамда суғориш арафасида амалга оширилиши керак. Эгатлар узунлигини қисқартириш йўли билан далаларни бир текисда намланиши ва сувдан тежамли фойдаланишга эришиш мумкин. Шуни ҳисобга олиб, бу йилги шароитда сув ўтказиш хусусияти яхши бўлган ўтлоқ ва енгил қумоқ тупроқларда ғўза қатор оралиғи 60 см бўлган далаларда эгатлар узунлиги 70—80, сув ўтказиш хусусияти паст, оғир тупроқли ерларда, қатор оралари 90 см бўлган пайкалларда эса мос равишда 80—100 метрдан ошмаслиги керак. 
Далани узунасига бир текисда намлаш учун эгатлар узунлигини белгилаб ўқ ариқлар олинади ва суғоришни даланинг этак қисмидан бошлаб энг охири юқори қисмида тугаллашга алоҳида эътибор қаратилмоғи лозим. Энг муҳими, суғориш тартиби, тизими бўйича даланинг ўқариқлар оралиғида суғориш мақсадга мувофиқ.

Р.Назаров, Ш.Тешаев, Ф.Хасанова





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech