Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Халқимиз дастурхонининг файзиёблиги, бозорларимизнинг тўкинлиги-ю озиқ-овқат маҳсулотларининг сероблиги, арзонлиги, бир сўз билан айтганда юртимиз фаровонлиги бободеҳқонларимизнинг меҳнати маҳсулидир. Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида соҳибкорларимиз айни кунларда эртаги сабзавот экинларини экмоқда. 
Марказий минтақада жойлашган вилоятлардаги сабзавотчилик фермер хўжаликларида пиёз, сабзи, редиска, картошканинг эртаги навлари ҳамда кўкат сабзавотлар (укроп, кашнич, петрушка ва ҳ.к.) уруғларини 10 мартгача экиш мумкин. 
Айтиш жоизки, эртаги сабзавотларнинг бир қисмини плёнка остида парваришланса, ҳосилни оддий усулга нисбатан 15—20 кун барвақт йиғиб олиш имкони яратилади. 
Асосий экинлардан бири — помидор уруғларини далага тўғридан-тўғри март ойининг иккинчи ярмида экиш мумкин. Бунда уруғ экилган уялар усти қипиқ ёки чиринди билан мульчаланса, ниҳол тез униб, яхши ривожланади. Экиш схемаси 70х30 ёки 90х25 см. 
Майда уруғли сабзавотлардан пиёз, сабзи ҳамда кўкат сабзавотлар уруғларини СОН-2,8 русумли сеялка ёрдамида лента шаклида, қўш қаторлаб (50+20 см оралиқда) ёки қўлда сочма усулда экиш ҳам мумкин. Бу экинлар уруғини эккандан сўнг эгатлар усти кетма-кет чириган гўнг ёки ёғоч қипиғи билан мульчаланса, тез кунда ва тўлиқ униб чиқиши учун қулай шароит (тупроқни қиздиради ва намликни сақлайди) яратилади. Бундан ташқари ҳосилнинг пишиш муддати тезлашади. 
Эртаги муддатда экиш учун пиёзнинг Истиқбол, Зафар, Испан—313, Қоратол, Марғилон узунчоқ ва сабзининг Мшак—195, Нурли, Зийнатли, Барвка, Нантская каби навлари тавсия қилинади. 
Эртаги картошка экишнинг мақбул муддати: Сурхондарё ва Қашқадарёда 1 мартгача; Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Фарғона водийси вилоятларида 10 мартгача; Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 20 мартгача. Бунда эртапишар Агаве, Санте, Гранола, Зарафшон, Ред Скарлет, ўрта эртапишар Альвара, Аринда, Белуга, Виктория, Драга, Кондор, Карлена, Латона, Марфона, Пикассо ва бошқа навларнинг ундирилган (яровизация қилинган) туганакларни экиш керак. Ундирилган туганакларни экиш ундирилмаган туганакларга нисбатан ҳосилдорликни 12—15% ошириб, 10—15 кун олдин пишишига имкон беради. 
Маҳаллий картошка туганакларини ундиришга экишдан 30—35 кун, хориждан келтирилган уруғликларни эса 20—25 кун аввал қўйиш зарур. Ундириш хонасида ёруғлик ва ҳарорат 18—220С атрофида бўлиши мақсадга мувофиқ. 
Уруғликларни майда-йириклигига қараб (40—60, 60—80, 80—100 га) саралаб, хонанинг полида, сўкчакларда ёки 20—25 кг. ли яшикларда ундириш мумкин. Уруғлик сажалкада экилса, уларнинг нишлари 0,5—1 см. дан ошмаслиги зарур. 
Картошка бузилган бедапоя ўрнига ёки ўтган йили карам, сабзи, пиёз, айниқса полиз экинларидан бўшаган майдонларга экилса мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга замин яратилади, бозорларимиз янада тўкин-сочин бўлади.

А.Аббосов, Ф.Қирғизбоев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech