Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
21.12.2015

Тавсия Фарғона вилоятининг тупроқ-иқлим шароитлари ва етиштирилаётган бошоқли дон экинлари навларининг биологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда экиш меъёр ва муддатлари, озиқлантириш режими, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминловчи ғалла етиштиришда ўтказиладиган агротехник тадбирларни ўз ичига олади. Унда навларни жойлаштириш, ерни ва уруғни экишга тайёрлаш, экиш, озиқлантириш, суғориш, бегона ўт, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш, уруғлик майдонларни апробация кўригига тайёрлаш ва ўтказиш ҳамда ҳосилни йиғиб олиш тадбирлари келтирилган.

Тавсия Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Илмий кенгашининг 2015 йил - сонли йиғилишида тасдиқланган. Тавсия қишлоқ хўжалиги мутахассислари, фермер хўжалиги раҳбарлари ва кенг ўқувчилар оммаси учун мўлжаланган.

Муаллифлар: қишлоқ хўжалик фанлари докторлари: Б.Сулаймонов, Б.Халиков, Р.Сиддиқов, А.Аманов, қишлоқ хўжалик фанлари номзодлари: Қ.Тўрақулов, А.Курбанбоев, И.Эгамов, С.Ортиқов, А.Махмудов, М.Сатторов, илмий ходимлар: Н.Туфлиев, А.Мансуров, Ж.Эргашев.

К И Р И Ш

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимиз ҳукумати томонидан аҳолини дон ва дон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, дон мустақиллигини янада мустаҳкамлаш борасида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Ушбу чора-тадбирлар негизида Республикамизнинг ўзгарувчан ва мураккаб тупроқ-иқлим шароитида маҳаллий шароитларда мос, серҳосил, дон сифати юқори, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бошоқли дон экинлари навларини яратиш, уруғчилигини ривожлантириш, турли тупроқ-иқлим шароитида бошоқли дон экинларидан юқори ва сифатли дон ҳосили олиш агротехникасини ишлаб чиқиш ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этиш каби вазифалар белгиланган.

Дарҳақиқат, аҳолини турмуш фаровонлигини яхшилаш дон маҳсулотларига бўлган талабни қондириш, дон маҳсулотларини экспорт қилинадиган маҳсулотлар қаторига киритиш, соҳа олимлари ва мутахассисларидан ушбу соҳани янада ривожлантириш учун жонкуярлик ва фидоийлик намуналарини кўрсатишни тақозо этади.

Муҳтарам Президентимиз “Дунёда нон деган шундай тенгсиз ва буюк бир бойлик, улуғ ва табаррук бир неъмат борки, унинг баҳоси, қадр-қимматини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди. Бундан 23 йил олдин биз
21 миллиондан зиёд аҳолимизнинг эхтиёжи учун зарур бўлган 5 миллион тонна ғаллани четдан, катта-катта маблағлар эвазига, кимларгадир мухтож бўлиб, ялиниб-ёлвориб олиб келишга мажбур эдик. Бугунги кунда эса биз
31 миллиондан ортиқ аҳолимизни ўз донимиз, ўз беминнат нонимиз билан тўла таъминлабгина қолмасдан, балки чет элга ғалла экспорт қиладиган мамлакатга айландик. Аслида эса бундай ютуқларимиз замирида аввало деҳқон ва фермерларимиз, механизаторларимизнинг машаққатли мехнати ва фидойилиги, селекционер ва олимларимизнинг билим ва тажрибаси, барча қишлоқ хўжалиги мутахасисларининг неча йиллар давомида ягона бир мақсад йўлида қатъият ва сафарбарлик намунасини кўрсатиб қилган хизматлари, ташаббускорлик ва изланувчанлик фазилатлари мужассам бўлиб, бунинг учун уларга ҳар қанча тасаннолар айтсак арзийди” деб таъкидлаб ўтган эдилар ғаллакорларимизга йўллаган табрикларида.

Фарғона вилояти худудий жойлашуви ва минтақаларига кўра ўзига хос тупроқ ва иқлим шароитига эга. Шу сабабли ҳам ғаллачилик соҳасида экилиши режалаштирилаётган кузги бошоқли дон экинларининг махаллий ва хориждан келтирилган навлар жойларда илмий-амалий тажрибаларда синовдан ўтиши керак. Шу билан бир қаторда янги истиқболли навлар учун қўлланиладиган янги агротехнологик тадбирлар мажмуи шу жойнинг табиий шароитидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилиб, ғаллакорларга тавсия этилиши керак.

Бошоқли дон ҳосилини кўпайтириш илғор тажрибаларни, фан ютуқларини, янги, юқори ҳосилли, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, вилоят туманларининг турли тупроқ-иқлим шароитларига мос кузги буғдой навларини жорий этиш ва уларни илмий асосланган агротехник қоидалар асосида парвариш қилишни талаб қилади.

Вилоятининг тупроқ-иқлим шароити

Фарғона вилояти иқлим шароитига кўра 2 та минтақага:

1. Фарғона гуруҳи - Риштон, Олтиариқ, Қўштепа, Ёзёвон, Тошлоқ,Қува, Фарғона туманлари ва Қувасой шаҳри;

2. Қўқон гуруҳи - Бешариқ, Ўзбекистон, Фурқат, Данғара, Учкўприк, Бувайда, Боғдод туманларига бўлинади.

Қўқон гуруҳ туманлари шимолий томондан Сирдарё, ғарб томондан Қайроққум сум омбори, жануб томонидан Катта Фарғона канали бўйлаб ва шарқ томонидан эса Андижон вилояти билан чегарадош. Фарғона гуруҳи туманлари Шимолдан Катта Фарғона канали, жануб ғарб томонидан Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари билан чегарадош. Юқоридаги туманлар ўзига хос иқлим шароитларига эга. Жумладан, Қўқон гурух туманларида 1-апрелдан
1-сентябргача самарали ҳарорат Фарғона гурухига нисбатан ўртача 92 даражага кўп бўлади. Шунингдек Қўқон гуруҳ туманларининг ўзига хослиги шамолли кунлар бир йилда ўртача 53-63 кунгача давом этиши кузатилган. Шунинг учун кузги бошоқли дон навларини танлашда ушбу ҳолат эътиборга олинади. Ғалла майдонларнинг 68 минг гектари унумдор соз тупроқлар, 8 минг гектари
тош-шағалли ерлар, 29 минг гектарини чўл худуди ташкил қилади. Чўл худудининг 11201 гектари механик таркиби енгил қумлок, тупроқлардан иборат. Ғалла экиладиган майдонларнинг 25759 гектари ўртача, 5692 ектари кучли даражада шўрланган, сув билан 56946 гектар майдон яхши, 26695 гектар майдон ўртача, 19959 гектар майдон ёмон таъминланган. 75847 гектар майдонда ғалла оқин сув, 23043 га майдонда насос, 4776 га майдонда тик қудуқлар ёрдамида суғорилади.

Бошоқли дон экинлар навлари тавсифи

Фарғона вилояти суғориладиган ер майдонларида кузги бошоқли дон экинларининг асосан Чиллаки, Бобур, Андижон-4, Дурдона, Аср, Звезда, Таня, Нота, Краснодарская-99, Грация, Первица, Гром, Яксарт навлари етиштирилади.

Кузги буғдойнинг Чиллаки нави

Нав ўта-эртапишар, паст бўйли (85-95 см), ётиб қолишга чидамли. Эритроспермум тур хилига мансуб. Совуққа чидамлилиги ўртача, қурғоқчиликка чидамли, ўртачадан паст даражада сариқ занг ва бошоқ фузариози билан касалланиши мумкин. Чанг ва қаттиқ қоракуя касалликларига чидамли. Нав ўта эртапишарлиги сабабли касалликлар нав ҳосилдорлигига ўз салбий таъсирини кўрсатаолмайди. Юқори агротехника шароитида гектаридан ўртача ҳосилдорлиги 65-70 центнерни ташкил этади. Дон сифати бўйича «қимматбаҳо» дон беради.

Кузги буғдойнинг Бобур нави

Эртапишар, ўрта бўйли, ётиб қолишига чидамли. Эритроспермум тур хилига мансуб. Совуққа ва қўрғоқчиликка чидамли, 1000 дона дон вазни 41-44 г. Нав ҳосилдорлиги юқори агротехника шароитида гектаридан 90-100 центнер, ўртача ҳосилдорлик гектаридан 78 центнер.

Кузги буғдойнинг Андижон-4 нави

Эртапишар, ўрта бўйли (90-100 см), ётиб қолишга чидамли. Эритроспермум тур хилига мансуб. 1000 дона дон вазни 38,4-42,4 г. Юқори агротехника шароитида гектаридан 85,0-90,0 центнер дон ҳосили бериш имкониятига эга. Ўртача ҳосилдорлиги гектаридан 75,0 центнерни ташкил этган. Дон сифати яхши, «қимматбаҳо» дон беради. Сариқ занг билан жуда кам даражада зарарланиши, қўнғир ва поя занги, ун шудринг касалликлари билан ўртадан паст, бошоқ фузариози билан эса ўртача касалланиши мумкин. Қишга чидамлилиги ўртачадан юқори, қурғоқчиликка ва шўрга чидамли.

Кузги буғдойнинг Дурдона нави

Ўрта кечпишар, бўйи 90-95 см, пояси ётиб қолишга чидамли, тупланиши яхши. Лютесценс тур хилига мансуб, Хосилдорлиги гектаридан 82,9 центнер, нав «қимматбаҳо» дон беради. Нонбоплиги яхши. Агрофон танламайди.

Кузги буғдойнинг Аср нави

Ўрта эртапишар, ўсимлик бўйи 95-105 см, ётиб қолишга чидамли. Лютесценс тур хилига мансуб. Потенциал дон хосилдорлиги юқори гектаридан 110-120 центнер. Совуққа чидамли. 1000 дона дон вазни 46-48 гр. Етиштириш технологиясига қараб кучли ва «қимматбахо» дон беради. Касалликларга ва ташқи мухитнинг ноқулай омилларига чидамлилиги.

Кузги буғдойнинг Звезда нави

Нав ўта эртапишар, пакана бўйли (80-85 см) ётиб қолишга чидамли, Эритроспермум тур хилига мансуб. 1000 дона дон вазни 41-43 гр. Совуққа ва қурғоқчиликка чидамлилиги юқори. Қоракуя касалликларига чидамли. Ҳосилдорлиги нормал агротехника шароитида 65-75 центнерни ташкил этади. Минерал ўғитлар нисбати тўғри қўлланилагнида “қимматбахо” дон шакллантиради. Дала шароитида қўнғир ва сариқ занг касалликларига чидамли.

Кузги буғдойнинг Грация нави

Ўртапишар, ўсимлик бўйи 95-100 см., ётиб қолишга чидамли. Лютесценс тур хилига мансуб. Бошоғи йирик, 1000 дона дон вазни 37-45 г. Ҳосилдорлиги потенциал дон маҳсулдорлиги гектаридан 110 центнер. Нав «қимматбаҳо» буғдойлар гурухига киради. Қўнғир занг касаллигига чидамли, ун шудринг касалликларига чидамли, қурғоқчиликка чидамлилиги юқори.

Кузги буғдойнинг Таня нави

Ўртапишар, ярим пакана нав, ётиб қолишга чидамлилиги юқори. Лютесценс тур хилига мансуб. Ҳосилдорлиги юқори агрофонда гектаридан
122 центнерни ташкил этади. Сифат кўрсаткичлари бўйича «қимматбахо» буғдой гурухига киритилган. Сариқ ва поя занги, ун шудринг, чанг қоракуя касалликларига чидамли. Қўнғир занг, септориоз ва бошоқ фузариози касалликларига ўртача чидамли. Совуққа ва қурғоқчиликка чидамлилиги юқори.

Кузги буғдойнинг Нота нави

Ўрта эртапишар, ўсимлик бўйли, 85-90 см., ётиб қолишга чидамли. Лютесценс тур хилига мансуб. Дони ўртача йирикликда 1000 дона дон вазни
40-42 гр. Навнинг ҳосилдорлик потенциали юқори. Республикамизда суғориладиган шароитларда ҳосилдорлик гектаридан 75,0-80,0 центнер. Занг касалликларига чидамлилиги юқори, ун шудринг ва бошоқ фузариозига ўртача чидамли. Совуққа ва қурғоқчиликка чидамлилиги ўртача.

Кузги буғдойнинг Краснодарская-99 нави

Ўртапишар, паст бўйли, ўсимлик бўйи 90-95 см., ётиб қолишга чидамлилиги юқори. Лютесценс тур хилига мансуб. 1000 дона дон вазни 41-43 гр. Ҳосилдорлиги гектаридан 90-107 центнерни ташкил этади. Дон сифати юқори, дон сифати бўйича «қимматбаҳо», минерал озиқлантириш тўғри нисбатларда ўтказилганда «кучли» дон ҳам бериши мумкин. Чанг қоракуяга чидамлилиги юқори, сариқ ва поя зангига чидамли, қўнғир занг касаллигига берилувчан. Қурғоқчиликка чидамли, совуққа чидамлилиги ўртачадан юқори.

Кузги буғдойнинг Грация нави

Ўртапишар, ўсимлик бўйи 95-100 см., ётиб қолишга чидамли. Лютесценс тур хилига мансуб. Бошоғи йирик, 1000 дона дон вазни 37-45 г. Ҳосилдорлиги потенциал дон маҳсулдорлиги гектаридан 110 центнер. Нав «қимматбаҳо» буғдойлар гурухига киради. Қўнғир занг касаллигига чидамли, ун шудринг касалликларига чидамли, қурғоқчиликка чидамлилиги юқори.

Кузги буғдойнинг Гром нави

Ўртапишар нав, паст бўйли, бўйи 85-90 см, ётиб қолишга, дон тўкилишига чидамли. Лютесценс тур хилига мансуб. Нав ҳосилдорлиги 85-110 центнерни ташкил этади. Дон сифати бўйича “қимматбаҳо” навлар гуруҳига киради. Нав касаллик сунъйи юқтирилган фонда ун шудринг, сариқ ва қўнғир зангга ўта чидамли, септариозга чидамли, бошоқ фузариози ва қаттиқ қоракуяга бироз берилувчан. Совуқ ва қурғоқчиликка чидамлилиги юқори.

Кузги буғдойнинг Яксарт нави.

Маҳаллий нав. Эритроспермум турига мансуб. Мазкур нав интенсив технологияда етиштириш учун мос. Ўсув даври 205-210 кун. Тупланиш коэффициенти жуда юқори. Донининг сифат кўрсаткичлари бўйича кучли буғдойлар туркумига мансуб. Ҳосилдорлиги 85-90 ц/га, минг дона донининг вазни 40-42 г. Донининг таркибида оқсил миқдори 14,5 %, клейковина миқдори 31,7 %, дон ялтироқлиги 86 %. Ун шудринг, сариқ, қўнғир ва поя занг ҳамда фузариоз касалликларига, совуққа, иссиққа ҳамда қурғоқчиликка бардошлилиги юқори.

Кузги буғдойнинг Первица нави

Ўртапишар нав, ўсимлик бўйи 85-95 см. ётиб қолишга чидамлилиги юқори. Лютесценс тур хилига мансуб. Ҳосилдорлиги гектаридан 102 центнерни ташкил этади. Нав табиий шароитда қўнғир, сариқ занг, септориоз, ун шудринг чидамлилиги ўртача, Совуққа, қурғоқчиликка чидамлилиги юқори.

Навларни жойлаштириш

Вилоятда 2016 йил ҳосили учун жами 114725 гектар майдонга қуйидаги: Гром (22210 га), Аср (20569 га), Нота (16646 га), Яксарт (11376га), Андижон-4 (11423 га), Таня (10576 га), Чиллаки (5028 га), Краснодар-99 (3532 га), Замин-1 (Жайхун) (3335га), Грация (3518 га), Восторг (801га) ва янги Первица, Зимница, Дурдона, Бардош (1968 га) навларини экиш режалаштирилган бўлиб, етарли миқдорда уруғлик захираси яратилган.

Ғалла навларини жойлаштириш: тупроқ ва иқлим шароити, сув билан таъминланганлик даражаси, навларнинг биологик хусусиятларига қараб ташкил қилинади. Тупроқ механик таркиби оғир майдонларга ҳосилдорлик кўрсаткичи бўйича потенциал имконияти юқори бўлган-ўртапишар Гром, Грация, Таня, Аср навлари.

Механик таркиби енгил қумоқ, қумли Марказий Фарғона ва Қолгандарё массивларига, сув танқис бўлган минтақаларга–ўта эртапишар Чиллаки, Андижон-4, Есаул навлари жойлаштириш. Адирли, тош-шағалли худудларга–эртапишар сувсизликка чидамлилиги юқори Бобур, Яксарт, Замин-1 (Жайхун) навларини жойлаштириш тавсия қилинади.

Ерни экишга тайёрлаш

Очиқ майдонларда – Ғалла ва такрорий экинлардан бўшаган майдонлар вилоятнинг унумдорлиги юқори, қишлоқ худудларида 30-35 см чуқурликда адир, тош - шағалли худудларда шағал кўчмайдиган, 25-30 см чуқурликда ҳайдаш. Ҳайдалган ерларни П-2,8, П-4 маркали узун базали ҳамда лазерли текислагичлар ёрдамида, беда, маккажухори кейин дон экиладиган майдонлар занжирли тракторларга ўрнатилган ГН-2,8 русумли механизмлар билан узунасига ҳамда кўндалангига текислаш, намни сақлаш мақсадида бораналаш ва мола босиш ишларини ўтказиш;

Бегона ўт босган майдонларни ажриқ, ғумай илдизларидан тозалаш, симёғоч таглари ва хар бир ғалла экиладиган дала атрофларини шудгорлаб, чизеллаб, ерга ер қўшиш, тўлиқ майдонни (конверт усулида) экилишига ва дала маданиятига алоҳида эътибор қаратиш;

Ер тайёрлаш билан бирга дала четларида фойдаланмасдан турган ерлар ва уватларни текисланиб ерга қўшиб юбориш; (20 гектарлик контур уватлари текисланса, ерга бир контурга ўртача 1,5-2,0 гектар ер қўшилади).

Ғўза қатор орасида-Ғалла экиш учун ер тайёрлашда энг муҳим агротехник тадбир бу эгатларнинг тўлиқ бузилиши ва камида 18-20 см ли тупроқнинг юмшоқ қатламини ҳосил қилишдир. Бунинг учун ғўзанинг охирги вегетация сувидан сўнг албатта культивация қилиш.

Пахтанинг биринчи теримидан сўнг ғалла экиладиган контурларни аниқлаб, пахта терими билан ғалла экишни уйғунлаштириш. Биринчи терим изидан сифатли культивация ўтказиб. Экишни 2-3 кун ичида якунлаш. Бунда эгатларни тўла бузиш учун ярим лапка мосламасидан фойдаланиш, эгатларни етарли миқдорда тупроқ ҳосил қилиш учун яхши самара беради, бунда уруғ тушадиган текис сатх яратилади.

Ғалла экиладиган контурларни гектарига соф ҳолда 90-100 кг фосфорли, 50-60 кг калийли ўғитларини бериш.

Ғўзаси қўшқатор, 60х40 см, оралиғига дон экиладиган майдонларни тайёрлашга алоҳида эътибор бериш. Бунда 40 см оралиқни катта лапкалар билан бузиш, дон экилгандан кейин суғоришни 40 см оралиқ орқали амалга ошириш имкониятини беради. Натижада ғўза қатор оралиғида очиқ майдондаги сингари юза ҳосил бўлиб, тўлиқ кўчат ҳосил қилишга эришилади.

Уруғни экишга тайёрлаш

Кузги буғдойни юқори сифатли навдор уруғлик билан экиш юқори ва сифатли дон ҳосили олишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Экиш учун белгиланган давлат андозалари талабига жавоб берадиган бир ҳил йирикликда ва текис, соғлом, массаси бўйича ўртача соғлом, бегона ўтлар уруғидан тоза, унувчанлиги 92-95 фоиз ва униб чиқиш кучи 80 фоиздан кам бўлмаган уруғликдан фойдаланиш, ҳосилдорликни гектаридан камида
3-4 центнерга оширади.

1-жадвал.

Юмшоқ буғдой уруғининг сифат кўрсаткичлари (Давлат андозаси)

Буғдой

тури

Синфи

Тозалиги, (фоиз)

Бошқа ўсимлик уруғи аралашмаси,

(дона кг. уруғда)

Лаборатория унувчанлиги (фоиз)

Жами

жумладан бегона ўт уруғи

Юмшоқ буғдой

1

2

3

99

98

97

10

40

200

5

20

70

95

92

90

Уруғни экиш меъёр ва муддатлари

Вилоятда экиладиган навларнинг худудларнинг иқлим шароитига қараб, Қўқон худудидаги Боғдод, Бувайда, Учкўприк, Ўзбекистон, Бешариқ, Фурқат туманларида ётиб қолишга чидамли Краснодарская-99, Таня, Гром, Дурдона, Первица, Зимница навлари, Фарғона худудидаги Фарғона, Олтиариқ, Кувасой, Ёзёвон, Тошлоқ ва Қува туманларида эртапишар навлардан Чиллаки, Андижон-4, Есаул, Звезда, Нота навларини экиш.

Навларни биологик хусусиятларини ҳисобга олиб экиш муддатларини тўғри белгилаш, бунда: ўрта ва кечпишар навларни муддатларда 20-сентябрдан 10-октябргача, эртапишар навларни 1-октябрдан 20-октябргача якунлаш.

Кузги ғалла экиш муддатларини вилоятнинг Боғдод, Риштон, Учкўприк, Бувайда, Олтиариқ, Ёзёвон, Қўштепа туманларининг Марказий Фарғона, чўл ҳудудларидаги ерларида 20-сентябрдан 10-октябргача якунлаш.

Вилоятнинг самарали ҳарорат нисбатан юқори бўлган Бешариқ, Ўзбекистон, Фурқат, Данғара туманларида 1-октябрдан 20-октябргача, ҳарорат нисбатан паст бўлган Қува, Тошлоқ, Фарғона туманлари ва Қувасой шаҳрида экишни 20-сентябрь 10-октябрь оралиғида якунлаш.

Ғалла очиқ майдонларда СЗТ-3,6, СЗУ-3,6 русумли экиш сеялкаларида, ғўза қатор ораларига махсус сеялкалар ва КРХ-4,2 русумли культиватор экиш мосламасида экилади:

Ҳудудларнинг табиий иқлим шароити ва навларининг биологик ҳолатига қараб қуйидаги меъёрларда уруғ сарфланади:

эртаги муддатда 220-230 кг/га;

ўрта муддатда 230-240 кг/га;

кечки муддатда 250 кг/га;

Экиш чуқурлиги ўртача 3-5 см ни ташкил этиш лозим. Вилоятнинг унумдорлиги юқори ерларида уруғ 3-4 см, қумли ерларда 4-5 см чуқурликда экиш, шамол таъсирида бўлувчи қор нисбатан кам ёғадиган Қўқон гуруҳи туманларида буғдой уруғи Фарғона гуруҳ туманларига нисбатан 1 см чуқурроқ экилса, майсаларни қишдан беталофат, совуқ урмай чиқишини таъминлайди. Арпанинг совуқдан зарарланмаслиги учун буғдойга қараганда 1 см чуқурроқ экилади.

Ғаллани озиқлантириш

Кузги буғдой учун йиллик минерал ўғитлар меъёри, таъсир этувчи модда ҳисобида гектарига соф холда 230 кг азот, 110 кг фосфор ва 60 кг калий белгиланиши мумкин. Аниқланишича кузги буғдой 1 центнер дон ва шунга тенг сомон ҳосил қилиши учун 4 кг азот, 1,5 кг фосфор ва 2,5 кг калий ўзлаштиради.

Кузги ғалла экинларида йиллик азотли ўғитлар меъёри соф ҳолда гектарига 180-230 кг меъёри белгиланганда азотли ўғитларни табақалаштирилган ҳолда 25-30 фоизи туплаш даврида (15.02-5.03), 50-55 фоизи найчалаш даврининг бошланишида (15.03-25.03), 20-25 фоизини бошоқлаш даврларида (25.04-5.05) озиқлантириш.

Ғаллани озиқлантириш куздан бошланади. Кузда ғалла 1-2 чинбарг ҳосил қилган майдонларни карбамид ўғити билан гектарига 50 кг миқдорда озиқлантириш тупланиш жараёнини тезлаштириб, ўсимликда қишнинг ноқулай шароитига чидамлиликни оширади.

Озиқлантириш ишларини навларнинг биологик хусусиятларидан келиб чиқиб, биринчи навбатда эртапишар навлар, кейинги ўринларда ўрта ва кечпишар навларни озиқлантириш.

Дастлабки озиқлантириш ишларини вилоятнинг Боғдод, Риштон, Учкўприк, Бувайда, Олтиариқ, Ёзёвон, Қўштепа туманларининг Марказий Фарғона чўл ҳудудларининг енгил қумоқ тупроқларга эга бўлган майдонларидан бошлаш.

Озиқлантириш ишларини НРУ-0,5, РУМ-8 мосламалари ёрдамида амалга ошириш. Қишловга тупламасдан кирган (ноябр ойининг охири декабр ойининг бошлари) ҳамда қишловдан қийинчилик билан чиққан (феврал ойининг охири) ўсимликларни, қўшимча тартибда 100 кгдан озиқлантириш яхши самара беради. Эрта баҳорги озиқлантириш кўчат қалинлигини барқарорлаштиради. Ўсимликда тупланиш жараёни жадаллашади, 1 м2да 550-600 тагача махсулдор поя ҳосил қилишга эришилади. Эрта баҳорги озиқлантиришни ўз муддатида ўтказиш ҳисобига 1 гектар ердан 4-6 центнергача қўшимча ҳосил олишга эришилади.

Ғаллани фосфорли ва азоотли ўғитлар билан озиқлантиришда тупроқ иқлим шароити ҳисобга олиниши шарт. Жумладан, экинларнинг вегетация даврида фойдали ҳарорат йиғиндиси нисбатан паст бўлган Фарғона гуруҳ туманларида, ҳамда тупроғи кузда тез совуб, баҳорда кеч исийдиган, Марказий Фарғона ерларида фосфорли ўғитларни меъёрга нисбатан 30-40 фоизга кўпайтириб бериш

Ғаллани дастлабки, баҳорги 1-озиқлантиришда азотли ўғитни карбамид шаклида бериш буғдойнинг баҳорги вегетация даврида ривожланиш фазаларининг ўз вақтида, оптимал муддатларда ўтишини таъминлайди. Шунингдек, ғаллани комплекс, яъни макро ва микроэлементлар билан тўлиқ озиқлантириш, шўр ерларда шўрланиш даражасини пасайтириш, қуёшли кунларда ғалла майдонларига қўшимча иссиқлик тўплаш, ҳаво илиши билан ғаллада тупланиш жараёнини тезлаштириш, айниқса, дон энди униб чиқаётган майдонларда ғаллани совуқ уришидан сақлаш мақсадида барча ғалла майдонларига гектарига ўртача 1 тоннадан чириган гўнг сепиш тавсия қилинади.

Қиш чилласида, ғалла майдонларига чиритиб, эланган гўнг сепиш( 1тн/га), ғалла майсаларини органик ўғитга нисбатан эҳтиёжини қондириш билан бирга, баҳорда бериладиган минерал ўғитлар самарадорлигини оширади. Чириган гўнг Қолгандарё ҳамда Марказий Фарғона худудларидаги шўр ерларга сепилганда, бу ерларда шўр кўтарилиши камаяди, майсаларнинг шўр таъсирида сийраклашиб кетишидан сақлайди.

Барг орқали озиқлантириш (суспензия)

Ғаллани барг орқали озиқлантириш эрта баҳорда, ҳаво ҳарорати, барқарор, 15 даоажага етгач (феврал ойи охири-март ойи боши) бошланади. Бунда ўсимлик томонидан азотли ўғитнинг қисқа муддатда ўзлаштирилиши ҳисобига, эрта баҳорги ўсиш ва ривожланиши тезлашади. Барг орқали озиқлантириш–буғдойнинг туплаш, найчалаш ва бошоқлаш фазаларида жами, 3-4 марта ўтказилади.

Суспензия таркиби 1-гектар майдон ҳисобига 10 кг карбамид, 8 кг суперфосфат, 7 кг калий тузи миқдорида тайёрланади. Фосфорли ўғитлардан (оддий суперфосфат) суспензия тайёрлашда 5-6 кун олдин махсус идишларда ивитиб қўйиб, сувда эриган қисми “шира”си суспензия тайёрлашда ишлатилса, самараси юқори бўлиши амалиётда исботланган. Суспензия таркибига бегона ўтларга қарши ишлатиладиган гербицид, хашаротларга қарши ишлатиладиган кимёвий воситаларни қўшиб ишлатиш юқори самара бериши Фарғона вилояти фермер хўжаликлари ғалла майдонларида исботланган.

Ғалла майдонларини суғориш

Дон экилган майдонлар зудлик билан суғорилиши шарт. Ернинг нишоблигига, тупроқнинг ҳолатига қараб, 50-60 м масофада ўқ-ариқлар олишни ташкил этиш, далани суғоришга тайёрлаш. Ғаллани суғоришда ҳар 10-15 л/с. сувга 1 тадан тажрибали сувчиларни бириктириш. Уруғ экилгандан кейин бир текисда ундириб олиш мақсадида гектарига 700-800 м3. меъёрида суғориш.

Биринчи сувдан кейин 7-8 кун ўтгач, уруғ тўлиқ униб чиқмаса, такрорий суғоришни ташкил қилиш. Ўзбекистон, Риштон, Олтиариқ, Фарғона, Қува туманларининг нишоблиги юқори, эррозияга мойил дашт худудларидаги ерларда суғориш учун ўқ ариқлар 40-50 м олиниб, сув кичик, 500-600 куб.метр меъёрларда оқизилади.

Вегетация даврида тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда сувнинг мавсумий меъёри 3000-4500 м3/га бўлиб, шундан ғаллани туплаш даврида суғориш меъёри 700-800 м3/га, найчалаш даврида 900-1100 м3/га, бошоқлаш даврида 800-900 м3/га, гуллаш-сут пишиш даврида 700-800 м3/га ни ташкил этади.

Ер ости сувлари яқин жойлашган Боғдод, Риштон, Учкўприк, Бувайда, Олтиариқ, Ёзёвон, Қўштепа туманлари чўл ҳудудларида мавсумий суғориш меъёри 2500-3000 м3/га ни, бунда ғаллани туплаш даврида суғориш меъёри 550-600 м3/га, найчалаш даврида 750-800 м3/га, бошоқлаш даврида эса 650-700 м3/га, гуллаш-сут пишиш даврида 550-600 м3/га ни ташкил этиб, бутун мавсум давомида 3-5 марта, сизот суви юза жойлашган ерларда 1-2 (3) марта суғориш тавсия этилади.

Эгатлар узунлигини қисқартириш йўли билан пайкаллар бир текис намланиши, сув иқтисодига эришиш мумкин. Ғўзага сув эмас, балки нам кераклиги дехқонларни эсларида бўлиши лозим. Шуни инобатга олиб, сувни яхши ўтказадиган ўтлоқ ва енгил қумоқ тупроқларда ғўза қатор оралари 60 сантиметр бўлган майдонларда эгатлар узунлиги 60-70 метрдан, сувни суст шимадиган, оғир тупроқли ерларда эса 70-90, қатор оралари 90 сантиметр бўлган майдонларда эса тегишли равишда 80-90 ва 90-100 метрдан ошмаслиги керак.Қияли, ирригация эррозияси рўй берадиган худудларда эгатлар узунлиги 50-60 метрдан ошмаслиги керак.

Суғориш шарбат усулида амалга тоширилади. Бунинг учун дон экилиши билан майдонннинг сув кириш жойларига ҳар 4-5- гектар ғалла майдони учун биттадан 5х3х1,5 хажмларда шарбат чуқурлари кавланиб, гўнг билан тўлдирилади. Чириган гўнг ҳар бир суғоришда гектарига 3-4 тоннадан миқдорида оқизилади. Шарбат усули қўлланилганда чириган гўнг ғалланинг макро ва микроэлементларга бўлган талабини қондириши билан биргаликда мулча фазифасини бажаради, сувнинг буғланишини камайтиради, унинг тупроққа сингишини яхшилайди.

Вилоятнинг Марказий Фарғона, Қолгандарё массивларининг ерлари шўрланган майдонларини қиш чилласида чилла суви билан қондириб суғориш бундай майдонларнинг шўрланиш даражасининг пасайишига, шўр ювилишига хизмат қилади.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш

Бегона ўтларга қарши кураш чоралари

Бегона ўтлар тупроқдаги озуқа моддаларни ва намликни ўзлаштириб, маданий экинларни меъёрида озиқланишига имкон бермайди, ҳосилни камайтириб юборади, донни ифлослантириб, сифатини бузади, комбайнлар билан ўриб олишни қийинлаштиради.

Бегона ўтларга қарши курашда қўлланиладиган агротехник тадбирларга бир далага икки йилдан ортиқ буғдой экмаслик, бегона ўт босган майдонларни қўш ярусли омочлар билан ағдариб ҳайдаш, буғдой экишдан олдин нам суви бериб, бегона ўтлар уруғини ундириб олиш ва унган бегона ўтларни чизеллаш ёки бороналаш орқали йўқотиш, куз ва баҳор ойларида қўлда ўтоқ қилиш киради. Бегона ўтларга қарши курашнинг энг самарали усули гербицидлардан фойдаланишдир.

Ғаллазорларда учрайдиган бир йиллик икки паллали ўтларга (жағ-жағ, шўра, бурган, ола бўта, мачин, итузум, бангидевона ва бошқалар) қарши ғалланинг туплаш даврида (25-февраль-15-март), Гранстар ДФ 75 % 15-20 г/га, Биостар 15-20 г/га, Далстар 15-20 г/га, Экстрим 15-20 г/га, Энтостар 15-20 г/га каби гербицидларда бирини қўллаш. Бу гербицидларни ғалла 2-3 чинбарг чиқарган давридан то байроқ барг ҳосил қилгунча бўлган даврда қўллаш мумкин. Бир йиллик ва кўп йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши (Димет, Биозин) гербицидлари эрта баҳорда бегона ўтларнинг асосий қисми униб чиққандан сўнг ва бегона ўтлар 2-6 чинбарг даврида, ғалланинг туплаш давридан кечикмай ёппасига пуркалади.

Кўп йиллик бегона ўтларга (печак, отқулоқ, латтатикон, какра, эшакмия сингари), қарши (1-апрелгача) Гранстар плюс 30 г/га, Старане 200 0.75-1.0 л/га, Энторане 0.75 л/га. Шунингдек, бошоқдошлар оиласига мансуб бегона ўтларга (ёввойи сули, буғдойиқ, тулкидум, райграс, курмак, ғумай, қамиш, қўнғирбош) қарши Атлантис 3.6 % с.э.г. 0.25-0.3 г/га, Топик 8 % 0.3-0.5 г/га, Тердок 8 % 0.3-0.5 г/га, Далзлак 0.6-0.8 л/га эрта баҳорда бегона ўтларнинг асосий қисми униб чиққандан сўнг ва бегона ўтлар 3-5 барг чиқарганда, айрим ўсимликлар 6-7 чинбарглигида, ғалла эса туплаш даврида ёппасига пуркалади.

Гербицид сепилгач, бегона ўтларнинг гербицидга мойиллари 2-3ҳафтадан сўнг қуриб қолади. Амалда гербицид сепилгшандан 2-3 соат ўтгач бегона ўтлар ўсишдан тўхтайди ва маданий экин билан тупроқдаги озуқа ва намлик учун рақобат қила олмайди. Гербицидлар меъёрини белгилашда гербицидни ўз вақтида ёки кечикиб ишлатиш, даладаги бегона ўтларнинг ривожланиш даври, кам ёки кўплиги, таркиби, биологик хусусиятлари ва гербицид таъсирига бардошлилиги ҳамда ҳаво ҳарорати ҳисобга олинади.

Касалликларга қарши кураш чоралари

Ўзбекистонда бошоқли дон экинларида бир қатор касалликлар учрайди. Уларнинг асосийларига қоракуялар, ун-шудринг, занг ва доғланиш касалликларини киритиш мумкин. Шулардан бугунги кунда ғалла экинлари учун сариқ занг касаллиги ўта хавфли ҳисобланади.

Сариқ занг ҳатто дон тўлиш фазасида учраганда ҳам 30-35 фоизгача ҳосил нобуд бўлади. Касаллик экинларда эрта бошланган бўлса, мисол учун бошоқ чиқариш арафасида сариқ занг ривожланиши даражаси ўртача 50-60 фоизга етса ҳосилнинг 34-40 фоизи йўқотилади. Занг касалликларига чидамли бўлган кузги буғдой навларини экиш мақсадга мувофиқдир.

Занг касалликлари кузатиладиган учоқлар ҳамда вилоятнинг тоғ олди минтақасидаги дарёларга яқин жойлашган майдонларга занг касалликлари пайдо бўлишини доимий мониторинг қилиб бориш ҳамда касаллик споралари кузатилган ҳолда кимёвий ишлов бериш, касалликлар тарқалишини олдини олади.

Буғдойнинг занг касаллигига чидамлилигини ошириш учун ўсимликни фосфорли ва калийли ўғитлар эритмаси билан барги орқали озиқлантирилади. Бунда гектарига 8-10 кг хлорли калий ва 7-10 кг суперфосфат ёки аммофосни
200-300 литр сувда эритиб буғдойнинг туплаш даврида махсус ОВХ-14 ёки
ОВХ-28 агрегати билан пуркалади.

Зангга карши кимёвий курашиш ишлари занг билан 5 % зарарланганда бошланади. Захкаш ва олдиндан занг билан касаланишга мойил худудларда эса зангга қарши профилактик кимёвий кураш ўтказилади. Кимёвий курашда занг касаллигига қарши фунгицидлардан Фоликур БТ 0.3-0.5 л/га Коласал 0.3-0.5 л/га, Фолкон 0.3-0.5 л/га, Импакт 0.3-0.5 л/га, Алто-супер 33 фоизли э.к 0.3 л/га қўллаш яхши натижа беради.

Юқорида қайд этилган агротехник чор–тадбирлар мажмуини сифатли ва белгиланган муддатларда оғишмай амалга ошириш келгуси йилда мўл ва сифатли ғалла етиштиришга пухта замин яратади.

Зараркунандаларга қарши кураш чоралари

Республикада суғориладиган майдонларнинг кенгайиши билан ғалла зараркунандаларининг ҳам йилдан-йилга кўпайиши кузатилмоқда. Зараркунандаларга қарши агротехник кураш чораларидан бири экинлар ҳосили йиғиб олингандан сўнг, ерни суғориб ағдариб ҳайдаш, далалар атрофида бегона ўтларни мунтазам равишда йўқотиб туриш, атрофдаги дарахтларнинг қуриган пўстлоғи ва шохларини майдондан чиқариб куйдириш лозим.

Дон экинларини зараркунандалардан ҳимоя қилишда кимёвий курашни ташкил қилиш ва ўз вақтида ўтказиш яхши самара беради. Шунинг учун ҳам зарарли хасвага қарши кураш ишлари тизимли олиб бориш лозим. Бунинг учун зарарли хасванинг эрта баҳорда қишлов жойи аниқланиб (чунки, зарарли хасва имогалари тўп–тўп бўлиб қишлайди) агротехник ва механик усулда қарши курашилади.

Қишловдан чиққан хасва имогалари, баҳорда уйғониши билан энг яқин масофадаги буғдой даласига етиб келиб, дала четидан бошлаб, дала ичига
25–30 м масофагача кириб боради. Айни шу даврда имогаларга қарши кимёвий кураш ишлари бошланади.

Хасва билан зарарланган майдонлардан олинган уруғлик доннинг униб чиқиши 50 фоизгача камаяди. Битта урғочи хасва 100-180 ва ҳатто 300 донагача тухум қўяди, 14–15 кундан сўнг личинкалари пайдо бўлади. Лекин, личинкалар
2 ёшдан 3 ёшга ўтгандан сўнггина кимёвий курашни бошлаш керак.

Бунда кимёвий курашнинг самараси юқори бўлади. Агар далада
1 м2 хасвадан иккита қўнғиз шилимшиқ қуртнинг личинкаси бештагача учраса, кимёвий курашни албатта ўтказиш лозим. Бунда хасванинг имога холида ёки
2-3 ёш личинкаси даврида кимёвий ишлов беришлар кимёвий дориларни суспензияга аралаштириб бериш мумкин.

Дон экинларига катта зарар келтирувчи сўрувчи ҳашоратлардан шира, трипс, зарарли хасва, шилимшиқ қурт. Буларга қарши курашда Булдок
2.5 фоиз э.к. 0.5 л/га, Карате 5 фоизли 0.15-0.20 л/га, Сумми–Алфа 20 фоизли э.к 0.07 л/га, Атилла 0.2-0.3 л/га, Суперфос 55 фоизли э.к 0.5 л/га ишлатилади.

Юқорида келтирилган зараркунанда ва ҳашоратлардан энг кўп зарар келтираётгани зарарли хасвадир. Хасва буғдой ва арпа поялари бошоғининг ширасини сўриши натижасида ҳосил анча камайиб кетади. Хасва пояни кечроқ зарарласа унинг ичидаги дон пуч ва оқсил миқдори камаяди ва натижада бундай дондан тайёрланган нон сифатсиз, хамири ёпишқоқ бўлмайди.

Ғалла ўрим йиғимга тайёргарлик ва уни ўтказиш

Ўрим – йиғим мобайнида дон тўкилиб нобуд бўлишининг олдини олиш муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.

Нобудгарчиликнинг асосий сабаблари:

Биринчидан ўрим-йиғимнинг ташкилий шароитлари: Ўрим -йиғимнинг вақтида бошланмаслиги ва чўзиб юборилиши, далаларни бўлакларга нотўғри тақсимланиши, ишнинг ёмон ташкил қилиниши.

Иккинчидан агротехник сабаблар: Ғалла парваришлашда агротехник талабларнинг бузилиши, даланинг нотекислиги, кучли бегона ўт босганлиги, ўсимликларнинг ётиб қолиши ва бошқалар.

Учинчидан техник сабаблар: Ўрим комбайнларининг ишчи қисмлари талаб даражасида соз ҳолга келтирилмаганлиги, техника ишига ёмон тайёрланганлиги.

Тўртинчидан технологик сабаблар: Ўрим-йиғимни узлуксиз давом эттирмаслиги, ишни нотўғри ташкил қилиниши натижасида комбайнлар кўпроқ тўхтаб қолиши.

Бешинчидан биологик сабаблар: Ғалла тупларининг ётиб қолиши, доннинг паст сочилувчанлик хусусиятига эгалиги, қийин янчилиши ўрим-йиғим графигининг ғалла навлари пишиш даврини (эртапишар, ўртапишар, кечпишарлигини) ҳисобга олмасдан тузилиши.

Олтинчидан ўрим-йиғим даврида табиий офатлар: Жала, ёмғир, дўл, қаттиқ шамол таъсирида, донни зараркунандалар, кемирувчилар ва қушлар ейиши.

Еттинчидан, комбайнчининг касб маҳоратининг пастлиги, тажрибасизлиги сабабли нобудгарчиликка йўл қўйилиши.

Бундай сабаблар етиштирилган доннинг нобуд бўлишига турлича таъсир қилади. Шунинг учун ўрим-йиғим бошланишидан олдин, бу сабаблар чуқур ўрганилиб, қуйидаги чора тадбирларга аҳамият берилса, ҳосил нобудгарчиликсиз йиғиштириб олинади:

1. Ғалла пишгандан сўнг бегона ўтлар (қамиш, қора шўра, қўйтикан ва бошқа) босадиган майдонларни аниқлаш;

2. Ўримни биринчи навбатда бегона ўтлар босадиган ғалла майдонларидан бошлаш;

Ўзбекистонда буғдойнинг пишиб етилиши йилнинг энг иссиқ муддатларига тўғри келади. Буғдой пишгандан кейин қисқа вақт давомида йиғиштириб олнмаса, унинг бошоқларидаги дон ўз-ўзидан тўкила бошлайди. Шамол, ёввойи қушлар ва кемирувчиларнинг зарарли таъсири натижасида ҳосил нобудгарчилиги белгиланган миқдордан ошиб кетади.

Кузатишлар шуни кўрсатадики буғдой пишиб етилгандан кейин бир хафта ичида йиғиштириб олинмаса, бошоқдаги доннинг ўзидан-ўзи тўкилиши натижасида кунига 1-1.2 фоиздан ошиб бораверади. Тўлиқ пишиб етилган ғаллани ўриб-йиғиб олишда бир хафта ичида нобудгарчилик 7-9 фоиз бўлса, иккинчи хафтасидан бошлаб 12-15 фоизга ошади. Демак, пишиб етилаётган ғалла майдонлари бешюзбошилар томонидан доимий кузатувга олиниб, қайси далада ўрим ишлари биринчи бошланиши ва кейин комбайн қайси далага ўтиши лозимлиги аниқ кўрсатилиши керак.

Ўрим бошлашга 2-3 кун қолганда комбайн жаткасининг қирқиш аппаратига тушиш қийин бўлган дала четларида жойлашган ҳосил қўлда ўрилиб, тик турган пояларга суяб кетилади, даладаги бегона ўтлар йўқотилади. Шундан кейин дала бошидан, ўртасидан ва охиридан ўтган ўқ ариқлар текислагичлар ёрдамида текисланади, далага кирадиган йўллар тайёрланади. Даладаги ҳосилнинг 90-95 фоизи тўлиқ пишиб етилганда ва доннинг намлиги 18-20 фоиз бўлгандан сўнг уни комбайнлар ёрдамида тўғридан-тўғри йиғиштириб олишга киришилади.

Ғалла етиштирадиган фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик корхоналарида ғалла ўримидан камида 10 кун аввал йўл, кўприк, тарози хўжалиги, хирмон, дала шийпонларини тайёрлаш, дон ташиш транспорт воситаларини тахт қилиб қўйиш керак. Ғалла ўриш камбайнлари, дон тозалагич машиналари, техник хизмат кўрсатадиган воситалар ва транспорт воситаларини ёнилғи ва мойлаш материаллари билан таъминлайдиган воситалар тайёр туриши шарт. Ўрим техникасини тайёрлаш вақтида барча машиналар таъмири ва уларни тайёрлаш сифати жиддий назорат қилинади, бунда камчилликлар бўлган, айниқса ўриш, янчиш ва тозалаш қисмларининг носозлигига ва салник ва бриктириладиган жойлардан мой ёки ёнилғи оқадиган комбайнлар, машиналар мутлоқо ишга қўйилмайди.

Ғалла ўримига камида 10 кун қолгунга қадар ғалла ўриш комбайнларининг механик хайдовчиларини тайёрлаш, қайта ўқитиш ва уларга камбайн ҳамда пайкалларни бриктириб бериш ишлари тугалланиши керак. Ғалла ўрими бошлангунга қадар мутахасисларни жалб қилган холда механик хайдовчилар учун комбайнлардан самарали ва унумли фойдаланиш, ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиштириб олиш бўйича кўрик семинар ўтказиш керак.

Юқорида келтирилан шарт бажарилмаган жойларда дон камбайнларининг иш унуми 15-20 фоизга камайиб кетади ва уларнинг тез ишдан чиқиш холатлари кузатилади, дон нобудгарчилиги ортади, баъзи холларда бункердаги дон ифлосланиб унинг сифати пасайишига олиб келади.

Дон нобудгарчилигини аниқлашда 0.25 м2 ли рамкадан фойдаланилади, жумладан рамка ўрилган даланинг 5 та хар хил жойига қўйилади. Сўнгра олдиндан ҳисоб китоб асосида тузилган жадвал ёки номограмма бўйича тўкилган доннинг умумий сони ҳисобланади. Комбайнчилар учун комбайннинг иш сифатини қуйидаги яна бир жуда оддий усулда баҳолаш қулайдир. Буғдой массаси ўрилгандан кейин даланинг ихтиёрий 1м2 ли қисми кўриб чиқилади. Бу майдонда 20 тадан ортиқ дон топилиши ва 3 тадан ортиқ ўрилган бошоқлар учраши, дон нобудгарчилигига йўл қўйилганлигидан далолат беради.

    Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази олимлари





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech