Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
25.05.2016

Ушбу тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти олим ва мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган.

Сирдарё вилоятининг турли тупроқ-иқлим шароитларида ғўза парваришида ўзига хос агротехник тадбирларни амалга оширишини тақозо қилади. Жорий йил баҳорининг серёғин келиши вилоятда ғўза парваришида омилкорлик билан иш юритишни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан фермерлар ва жойлардаги масъул ходимлар ғўза навларини морфологик ва биологик хусусиятларини ва вилоятнинг турли тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олиб, ғўза навларини парваришлашда олим ва мутахассислар томонидан жорий йилда пахтадан кафолатли, мўл ва сифатли ҳосил олинишини таъминлаш мақсадида кўп йиллик тажрибалар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.

Об-ҳаво серёғин йилларда ғўзани парваришлаш

Ғўза ниҳолларини яганалаш. Ғўзанинг бир гектар майдондаги кўчат қалинлиги ҳосил ҳажмини белгиловчи муҳим омилдир. Ғўза ўта қалин бўлганда кўсаклар сони камайиб, тола сифати пасайиб, кўсаклардаги пахта вазнини камайишига олиб келади. Аксинча кўчатлар ўта сийрак бўлса ғўза ғовлайди. Ғўзанинг кўчат қалинлигини белгилаш тупроқ унумдорлигига боғлиқ. Сирдарё вилоятида С-6524, “Султон” ғўза навларини яганалашда кўчат қалинлиги 90 см ғўза қатор оралиғида 1 м да 8–9 дона кўчат қолдирилиб, гектарига 90–100 минг туп, қатор ораси 60 см бўлганда 1 м масофада 6–7 та ниҳол қолдирилиб, гектарига 100–110 минг туп, “Ан-Боёвут–2” навида 90 см ғўза қатор оралиғида 1 м да 9 дона кўчат қолдирилиб, гектарига 100–110 минг туп, қатор ораси 60 см бўлганда эса 1 м масофада 7–8 та ниҳол қолдирилиб, гектарига 105–115 минг туп кўчат қалинлигини таъминлаб яганалаш лозим.

Кам унумдор тупроқларда С-6524 нави қўш қатор экилган майдонларда кўчат қалинлиги гектарига 120–130 минг туп қолдирилади. Юқори даражада шўрланган ерларда яганалаш пайтида 10–15 фоиз кўпроқ қолдириш лозим, чунки ғўзанинг ўсиш даврида тахминан шунча кўчат, тузларнинг юзага кўтарилиши натижасида нобуд бўлиши мумкин.

Баҳор серёғин бўлганлиги сабабли механик таркиби ўрта ва оғир қумоқ ерларда, айниқса шу ерларда қатқалоқ ҳосил бўлган ҳудудлар анча майдонни ташкил этади. Қатқалоқни дарҳол йўқотиш талаб этилади. Кўп йиллик тадқиқотларнинг кўрсатишича, ўз вақтида ғўза қатқалоқдан халос бўлганда ҳосил 100 фоизни, 3 кунга кечиктирилганда 90 фоизни, 6 кун кечикканда 73 фоизни ташкил этган. Қатқалоқни юмшатиш усулларидан бири эрта кунда тракторни энг юқори тезликда боронани эгатга кўндаланг қилиб юришдир.

Ғўза қатор ораларига ишлов бериш. Культивация ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши гоммоз, илдиз чириш касалликларининг олдини олиб, ғўзани дуркун ўсиб, ривожланишини таъминлайди. Ғўза қатор ораларига ишлов беришда энг аввало культиватордаги ишчи органлар сонининг тўлиқ бўлиши ва ишлов бериш чуқурлигига алоҳида эътибор бериш керак. Бундан ташқари чигит эрта экилган майдонларда культивацияни озиқлантириш билан бирга ўтказиш, кеч экилган, ёки сел ва дўл таъсирида қайта экилган нами юқори бўлган майдонларда қўшимча 1–2 марта ишлов бериш лозим. Бунда ўртадаги ишчи орган чуқурроқ ўрнатилса намлик тез йўқотилишига эришилади.

Тупроқнинг механик таркиби ўрта, оғир ерларда ғўза қатор орасига ишлов беришда 1- ва 2-культивация ўртасида чизель-культиватор ёрдамида чуқур (60 см қатор оралиғида 25–30 см; 90 см. ли қатор оралиғида 35–40 см) юмшатишни амалга ошириш бу йилги серёғин шароитда яхши самара беради. Ғўза қатор ораларига кечиктириб ишлов бериш натижасида ўсимликнинг озиқланиш тизими бузилади, бегона ўтлар зарари кўпаяди, ёш ниҳоллар илдиз чириш ва гоммоз касалликлари билан зарарланади, далага қўйилган сувнинг 50 фоизигача қисми беҳуда исроф бўлади. Эрта ўтказилса тупроқдаги нам юқори бўлганлиги сабабли кесак кўчишига олиб келади. Натижада тупроқ майин ҳолга келмай нам тез буғланади. Шунинг учун тупроқнинг етилган пайтида культивация ўтказилади. Зарур бўлганда тупроғи етилган ерларда танлаб культивация қилиш керак. Культиваторни тўлиқ жиҳозлаб табақалаштирилган ҳолда ўтказиш, бунда ККО иш органларидан кўпроқ фойдаланиш керак. Эгатларни ҳаддан ташқари чуқур ишлов бериш натижасида тупроқдан лой чиқариб, кесак кўчиришга ва илдизларнинг шикасланишига йўл қўймаслик керак. Шунингдек, бегона ўтларни вақтида ўтоқ қилиб туриш ҳам зарур ҳисобланади.

Культивация билан бирга суғориш учун жўяк олинганда биринчи сувда 60 см қатор оралиғида эгат чуқурлиги 12–14 см, 90 см қатор оралиғида 15–18 см, кейинги суғоришларда ушбу чуқурлик тегишлича 14–15 см ва 18–20 см бўлиши лозим. Қатор ораси 60 см бўлганда культиваторда 5 та ғозпанжа, 22–28 та ККО, агар бегона ўт босган дала бўлса 20 та ККО ва 8 та пичоқ ўрнатилиб, жами ишчи органи камида 33 та бўлиши, қатор ораси 90 см бўлганда 5 та ғозпанжа, 28–30 та ККО, бегона ўт тарқалган майдонда 8 та пичоқ 24–26 та ККО, жами 37 ишчи органи ўрнатилиши лозим.

Кейинги культивацияларда қатор оралари 60 см бўлган далаларда культиваторнинг четки ишчи органлари 8–10 см, ўртадагиларини 12–14 см, қатор оралари 90 см бўлган далаларда эса шунга мос равишда 8–10 ва 15–16 см чуқурликда ўрнатилади.

Қўшқатор очиқ майдонларда ғўза парваришланганда культивация юқорида тавсия этилгани бўйича олиб борилади, лекин тор қатор орасини шоналаш даврига қадар 1 ёки 2 марта юза ишланади. Биринчи ишлов ғўза 4–5 чинбарг вақтига тўғри келса, ККО органи ўрнатилиб ишлов берилади, бунда трактор текис юришини таъминлаш лозим, чунки биринчидан кесаклар пайдо бўлиб, ниҳолларни кўмиб кетишга олиб келса, иккинчидан текис юрмаслиги ҳисобига ниҳолларни кесиб кетади ва натижада кўчатни сийраклашишига олиб келади.

Ғўза қатор орасига ишлов бериш жараёнида кесак ҳосил бўлишига йўл қўймаслик керак. Чунки, муддатидан кечиктирилиб қатор орасига ишлов берилса, тупроқдаги намликнинг ортиқча буғланиши кўпаяди, тупроқ ёрилиши оқибатида ўсимлик илдизлари зарарланиб, вилт касаллигига чалиниш эҳтимоли ошади, ўсиб-ривожланиши 10–15 кунга кечикиб, ҳосилдорлик 4–5 ц/га камаяди.

Сув яхши шимилмайдиган, сув ўтказиш хусусияти паст, механик таркиби оғир (Меҳнатобод, Сардоба туманлари) тупроқларда қатор оралари 60 см бўлганда, ўртадаги ишчи органлари 15–16 см, 90 см бўлса, 16–18 см гача ўрнатилиши мумкин. Ҳар иккала кенгликда экилган далаларда ҳимоя майдони 12–15 см. дан ортиқ бўлмаслиги лозим.

Механик таркиби енгил тупроқларда ғўзанинг ўсув даврида 5–6, ўрта ва оғир тупроқларда 6–7 марта қатор орасини ишлаш тавсия этилади. Лекин серёғин йиллари культивация тез-тез ўтказилиши, ғўза қатор ораси кўпроқ ишланиши талаб этилади. Шундагина ғўза ривожи жадаллашиб, юқори ҳосил етиштирилади.

Суғоришдан сўнг тупроққа чуқур ишлов бериш шарт эмас. Асосан ККО ўрнатилиб, 10–12 см чуқурликда тупроқни юмшатиш, ортиқча намликнинг буғланиши олдини олади ва тупроқда намлик яхши сақланади. Бу эса суғоришлар орасидаги муддатни 4–5 кунга узайтиришга ва ўсимликнинг ўсиши, ривожланиши ҳамда ҳосил тўплашига зарар етказмаган ҳолда мавсум давомида бир маротаба суғориш сувини тежаш имконини беради.

Бегона ўтларга қарши кураш, чопиқ ва ўтоқ ўтказиш. Бу йилги шароитда ёғин сочин кўп бўлганлиги учун далаларда бегона ўтлар тез ўсиб кетиб, ниҳолларни сиқиб қўйиши ва кўп зарар етказиши кузатилмоқда. Бегона ўтларга қарши курашишда чопиқ ишларини ҳам сифатли ва ўз муддатида бажарилишини ташкил этиш зарур. Шунингдек, кўп йиллик бегона ўтларга (ғумай, ажриқ ва бошқалар) қарши курашда ғўзанинг шоналаш даврида (бегона ўтларнинг бўйи 10–15 см бўлганда) “Энтерра” 1,5 л/га меъёрда ёки бошқа тавсия этилган гербицидларни ОВХ мосламалари ёрдамида белгиланган меъёрларда пуркаш ҳам мумкин.

Ғўзани озиқлантириш. Маъдан ўғитлар билан ғўзани озиқлантириш кечи билан 1 июлгача, плёнка қўлланилган майдонларда эса 20 июнгача тугатилиши керак. Минерал ўғитлар билан қўшимча маҳаллий ўғитлар қўлланилса, ғўзанинг ўсиши жадаллашади, ҳосили кўпаяди, тола ва чигит сифати ошади. Ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантиришда, фосфорли ва калийли ўғитларни йиллик меъёрлари мўлжалланган ҳосил учун белгиланган азотли ўғитларнинг йиллик меъёрларига (N:P:K – 1,0:0,7:0,5) нисбатан олинади ҳамда тупроқдаги ҳаракатчан фосфор ва алмашинувчи калий миқдорларига боғлиқ ҳолда табақалаштирилиб солинади.

Бу йилги ёғингарчиликлар оқибатида тупроқда тўпланган озиқа моддаларнинг бир қисми пастки қатламларига ювилди. Шунинг учун пахта майдонларига ўғитни эрта муддатларда солишни ташкил этиш керак. Одатда ўғитни суғоришдан олдин эгат олиш билан бирга солинади.

Жорий йил шароитида органик ва минерал ўғитларнинг аралашмаларидан фойдаланиш зарур. Бунда, ғўза қатор ораларига 2-ишлов бериш даврида гектарига 250–300 кг чириган, қуритилган ва элакдан ўтказилган маҳаллий ўғитларни махсус мосламалар ёрдамида ғўза қатор ораларига (14–16 см узоқликка ва 15–17 см чуқурликка) солиш яхши самара беради.

Ғўзани шоналаш ва гуллаш даврларида гектарига 400–500 кг қуруқ гўнгни азотли ўғитлар билан биргаликда қўллаш ҳам пахта ҳосилини гектарига 2,0–3,0 центнергача оширади. Айрим тупроқ унумдорлиги паст ерларда ҳамда механик таркиби енгил қумлоқ тупроқларда ғўзалар шонага кирган майдонларда гектарига соф ҳолда 70–75 кг азот ва 30–50 кг калий бериш керак, бу эса гектарига 210–225 кг аммиакли селитра ёки 150–160 кг мочевина ва 55–90 кг калий хлоридни ташкил этади.

Ғўзалар гулга кира бошлаган пайкалларда азот ва фосфорли ўғитлар гектарига соф ҳолда 70–75 кг азотни (аммиакли селитра 210–225 кг) ва 40–50 кг соф ҳолда фосфорни (аммофос 80–100 кг ёки оддий суперфосфат 280–350 кг ёки супрефос 170–215 кг) ташкил қилади.

Таъкидлаш жоизки, фосфорли ва калийли ўғитлар қўлланилмасдан фақат азот ўғитлари солинса, кўсакларни очилиши 15–20 кунга кечикиб, ҳосил сифати пасаяди. Шунинг учун, фосфорли ва калийли ўғитларни тегишли меъёрлари ва муддатларда қўлланилиши зарур. Қўш қатор экилган майдонларда минерал ўғитлар солишда ернинг озиқа билан таъминлангани ва кўчат қалинлигидан келиб чиқиб 5–10% ошириш мақсадга мувофиқ.

Ғўзани баргидан озиқлантириш. Ниҳолларнинг яхши ўсиб-ривожланиши, юқори ва сифатли ҳосил бериши учун уларни қўшимча равишда баргдан озиқлантиришда суспензия ва стимуляторлар сепиш тақозо этилади. Бунда, ўсимлик озиқа моддаларни барг ва поялари орқали ўзлаштиради.

Ғўза ривожи орқада қолган майдонларда суспензия сепиш яхши самара беради. Бунда гектарига физик ҳолда 7–10 кг карбомид ёки КАС ўғитини 7–9 литр ишлатиш тавсия этилади. Суспензия сепишда ҳар гектарига 300 литрдан кам бўлмаслиги зарур.

Суспензия билан ишлов беришда “Фитовак” (200–300 мл/га), “Гумимакс” (0,15–0,20 л/га”, “Узгуми” (0,3–0,4 л/га) ва бошқа шунга ўхшаш стимуляторларни қўшиб ишлатилса, ғўзанинг ўсиши ва ривожланишига ижобий таъсири янада ортади. Суспензияни эрталаб ва кечқурун ҳаво ҳарорати 20–25 оС дан ошмаган пайтда сепиш тавсия қилинади. Ҳаво илиқ ва булутли кунларда суспензияни кун давомида сепиш мумкин. Ёмғир ёғаётган пайтда суспензия сепиш тавсия қилинмайди, чунки озиқа моддалари ювилиб, ўғитларнинг самараси пасайиб кетади.

Ғўза зараркунандаларига қарши кураш. Ғўза амал даврида кузги тунлам, акация ёки беда бити, полиз ёки ғўза бити, катта ғўза бити, дала ва беда қандалалари, тамаки трипси, ўргимчаккана ва кўсак қурти ҳар йили ривожланиб, тарқалади ва ҳосилга катта зарар етказиши мумкин. Зараркунандаларга қарши биологик, агротехник ва кимёвий усулда кураш ишларини ўз вақтида олиб боришни ташкил этиш лозим.

Ҳозирги кунда дала четларини, ариқ, зовур ва уватларни бегона ўтлардан тозалаш, уват ва ариқ четларига ҳамда далага профилактика мақсадида гектарига 500–1000 донадан олтинкўз тухумини чиқариш, кейинчалик ҳар 10 кунда гектарига 1000 донадан 2–3 марта олтинкўз тарқатиш тавсия этилади.

Шира ва трипсларни зарарини биологик усулда олдини олиш имконияти бўлмаса албатта кимёвий кураш усулларини қўллаш лозим бўлади. Бунда, инсектоакарицидлардан системали ва узоқ муддатга таъсир этувчи “Багира”, “Далприд”, “Даклоприд” ва бошқа препаратларни қўллаш яхши самара беради.

Ўргимчакканага қарши курашда дала четлари, уватларга ИСО қайнатмаси билан ишлов берилади, олтинкўз энтомофагини гектарига 1000–3000 донагача меъёрда 4 кун оралатиб 3 марта чиқарилади, ўргимчаккана кўпайган ўчоқларда унинг тухуми ва личинкаларига таъсир қилувчи “Ниссоран”, “Тетрасан” ва “Энтосоран” препаратларини гектарига 0,1 л қўлланилади. Июнь ойининг иккинчи яримидан бошлаб махсус пропаргит асосли (“Омайт”, “Тетрамайт”, “Узмайт”) препаратлари билан гектарига 1,5 л меъёрда ишлов берилади. Ҳаво ҳарорати 30 °С дан юқори бўлганда олтингугурт кукунини гектарига 40 кг ҳисобида чанглатиш мумкин.

Кўсак қуртига қарши курашда дала назоратчилари томонидан кунлик кузатув ишларини амалга ошириш, ҳар 2 гектар майдонга 1 донадан ферамон тутқич ўрнатиш лозим. Ферамон тутқичларга 1 суткада 1–2 та капалак тушиши билан трихограмма энтомофагини гектарига 1 граммдан 3–4 кун оралатиб 3 марта қўйиш талаб этилади.

Кичик ёшдаги қуртларга қарши 1000 донагача олтинкўз тухумларини далага чиқариш тавсия этилади. Кўсак қуртининг ўрта ва катта ёшдаги қуртларига қарши гектарига дастлаб профлактика мақсадида 500 донадан, кейинчалик ҳашаротнинг тарқалиш зичлигига қараб 1000–2000 донадан 3–4 кун интервалида 3 марта габробракон биомаҳсулотини далага чиқариш тавсия этилади.

100 туп ўсимликда 7–8 донадан кўсак қурти аниқланса, ушбу майдонларга кимёвий препаратлар билан ишлов берилади.

САДШ эритмаси тайёрлаш. Кўсак қурти капалакларини тутиб олиш ва ғўзага зарар келтиришини камайтириш мақсадида САДШ эритмасини тайёрлаб, пахта майдонларига 1 метр баландликда ҳар гектарига 10 донадан ўрнатиш лозим.

Ғўзани суғориш. Ғўзани шоналаш даврида суғориш меъёри енгил тупроқларда гектарига 600–700 м3, ўрта ва оғир тупроқларда 700–800 м3 бўлиши керак. Ғўза гуллаш даврида эса суғориш меъёри енгил тупроқларда гектарига 900–950 м3, ўрта ва оғир тупроқларда 1050–1300 м3 ни ташкил этиши керак.

Ғўзани чанқатиб қўймаслик учун суғориш олдидан суғориш учун эгат олиш керак. Тупроқ механик таркибини инобатга олиб, суғориш эгатлари узунлигини тўғри белгилаш сувдан самарали фойдаланиш билан бирга ўсимликни дуркун ва баравж ривожланишини таъминлайди.

Бунинг учун суғориладиган эгатларнинг узунлигини 90 см қатор оралиғида 80–100 метрдан, 60 см ли схемаларда 60–80 метрдан ошмаслик керак. Чунки эгат узун бўлса охирига еткунча 2–3 суткалаб сув оқади, сув эса исроф бўлади.

Суғоришнинг давомийлиги енгил тупроқларда ғўза гулга киргунча 10–12, ўрта ва оғир тупроқларда 12–14, гуллаш даврида эса мос равишда 14–16 ва 16–18 соатдан ошмаслиги керак. Сизот чуқур жойлашган бўз тупроқларда суғориш сони ўртача 3–4 мартани, меъёри гектарига 800–900 м3 ни ташкил қилади ва суғоришни 14–16 кун оралатиб ўтказиш мумкин.

Сизот чуқурлиги 2–3 метрга борадиган бўз-ўтлоқи тупроқларда ғўза гектарига 700–800 м3 меъёрда 2–3 марта суғорилиб, бу ҳолда суғоришлар орасидаги даврлар 18–20 кунгача узайтирилади. Сизот сатҳи 1–2 м чуқурликда бўлганда 20–25 кун оралатиб икки марта суғорилади.

Бу йилда кутилаётган шароитда ғўза парваришида сувдан самарали фойдаланишда эгилувчан қувурлар ёрдамида ҳамда эгат орасига плёнка (сув сарфини 10–15%, қатор орасига ишлов беришни 2–3 мартага камайтиради) тўшаб суғоришга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

    Ахборот хизмати


Файл
Файлни юкламоқ
Размер: 84.50 KB




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech