Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
02.08.2016

Бу йилги ғўза парваришида август ойида бажариладиган тадбирларга алоҳида аҳамият бериш ниҳоятда муҳим. Чунки, жорий йилда чигит экиш ишлари турли муддатларда ўтказилиб, серёғин ва салқин об-ҳаво, иссиқ жазирама кунлар билан тез-тез алмашиниб туриши натижасида айни пайтда республикамиз далаларида ғўзанинг турли даражада ривожланиши кузатилмоқда. Бу эса ҳар хил ривожланиш даврларидаги ғўзаларнинг ҳар бирига мос агротадбирлар тизимини ишлаб чиқишни тақозо этади. Ғўза қатор ораларига ишлов бериш, суғориш, озиқлантириш ишларини бошқа йиллардан фарқланган ҳолатда ўзига хос тарзда олиб борилишига олиб келди.

Бундай шароитда пахта ҳосилининг эртаки муддатларда пишиб етилиши, унинг сифати юқори бўлишини айни шу ойда омилкорлик билан қилинадиган фидокорона меҳнат белгилайди.

Мазкур ойда ғўза агротехникаси юқори талабларга мувофиқ бажарилса, унинг ривожи тезлашиб, ҳар бир тупга янги-янги кўсаклар қўшилади, унинг салмоғи ҳам ошади, толаси ҳам пишиқ бўлиб етилади. Ушбу сермаҳсул ойда барча пахтакор деҳқонларнинг, мутахассис ва масъулларнинг ўрни далада бўлиши, айниқса сувчи, механизатор, агроном ва энтомологлар ўз ишига ўта жиддий ёндашмоғи даркор.

Бу ойда ғўзани қондириб суғориш, тупроқни оби-тобида культивация қилиш, зарарли ҳашаротлардан кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира кабиларнинг хуружидан ишончли ҳимоя қилиш, вилт ва бошқа хавфли касалликларга қарши чоралар кўриш талаб этилади.

Август ойида бажариладиган юмушларнинг яна бир нозик жиҳати шундаки, бу пайтга келиб, ғўза қатор ораларида шўра, итузум, қўйпечак, ғумай каби кўпгина бегона ўтлар ҳам жадал ўсади. Улар жуда тез ўсиши натижасида ғўзанинг ривожини сусайтириб, ҳашаротларнинг кўпайиши, кўсакларнинг пишиб етилишини кечиктириб, терим ишларида халал беради ва ҳосилнинг сифатини пасайтиради.

Суғориш шарбат усулида олиб борилса, намлик узоқроқ сақланади, суғоришлар оралиғи узаяди, ғўза тез чанқаб қолмайди, ҳосил элементларини камроқ тўкади, ёш тугунчалар тезроқ кўсакка айланади, янги кўсаклар кўпроқ пайдо бўлади.

Ушбу ойнинг бошларида ривожи кечроқ бўлган далалардаги ғўзаларни чилпиш ишларини якунига етказиш лозим. Шу йўл билан кечки далаларда ҳам пахта эрта пишиб етилиши таъминланади, ҳосили ҳам баракали бўлади.

Яна бир жиҳати август ойида кўпгина далаларда ғўза ғовлай бошлайди, ҳосилини тўкади, баравж, кўм-кўк, сербарг бўлиб қолиши мумкин. Бу эса кўсак қуртининг ҳаддан зиёд кўпайишига олиб келади. Ушбу муаммони бартараф этишда кимёвий препаратлардан фойдаланиб чилпиш ўтказишнинг самараси катта. Шунда ғўза қисқа бўғин бўлиб ўсади, ҳосил нишоналари кўпаяди, ғўза қатор орасида ҳаво яхши айланиши, пишиб етилиши тезлашиб, касаллик ва зараркунандалар кўпайишига йўл қўйилмайди.

Айниқса, август ойида ғўзани оби-тобида суғориш жуда муҳимдир. Яъни, ғўзани чўллатиб ҳам, кўллатиб ҳам суғориш мутлақо ярамайди. Акс ҳолда, гул, тугунча ва ёш кўсаклар тўкилиб, етарлича ҳосил тўпланмайди, ғўзанинг биомассаси ортиб, кўсакларнинг очилиши кечикиб, пастдагиларида чириш ҳолати кузатилади, ҳосилга путур етади.

Шу кунларда ғўзани тунги суғориш жуда яхши самара беради. Тунги суғоришда ғўза қониқиб сув ичади, с увдан оқилона фойдаланилади, кундузи далаларда қулай микроиқлим вужудга келади, ғўза туну кун ўсиб-ривожланади.

Ғўзанинг сувга келганини деҳқонларимиз оқ гули тепага чиқиб кетишидан ва ғўза ранги тўқ тусга киришидан билишади.

Турли вилоятларда ғўза навларининг хусусиятларидан келиб чиқиб, суғориш меъёри гуллаш-ҳосил тўплаш даврида гектарига 900–1100, пишиш даврида 700–800 м3 ни ташкил этиши тавсия этилади.

Ғўзанинг ҳосил тўплаш даврида суғориш муддатлари кечикиши ҳисобига 6–7 ц/га ҳосил йўқотилади, тез-тез суғориш ҳам зарарли бўлиб намлик ортиб кетишидан ҳосилга салбий таъсир кўрсатади.

Август ойида ғўза қатор орасини (90 см) культивация қилиш давом эттирилиши, ғўза туплари орасида ҳаво алмашинувини яхшилайди, кўсакларга иссиқ ҳаво ва шамол тегиб, тез етилади. Агар қатор ораларида ғўза туплари туташиб – бирлашиб кетмаган бўлса, бундай далалар 1–2 марта культивация қилиниши мумкин. Культивация шундай ўтказилиши керакки, ғўза тупларига зиён етказмасин, кўсакларни тўкмасин. Бунда культиватор органлари сирти яхшилаб, силлиқ қилиб ўралиши, ғилдираклар олди ҳимояланган, ғўза шохлари ва ҳосил элементларига зарар етказмайдиган бўлиши лозим.

Агар культивация кечиктириб ўтказилса ёки қатор ораси юмшатилмай қолиб кетса, жўяклар қуриб, юзаси ёрилади, ғўза илдизлари шикастланади, вилт касали кўпаяди, тупроқдаги намлик тезда йўқолади, бегона ўтлар ўсиб кетади, ҳосил элементлари тезда тўкилиб, ҳосилдорлик 15–25% пасаяди, бир сўз билан айтганда культивация оби-тобидан 1–2 кунга кечикса 1–2 ц/га, 2–3 кунга кечиктирилса, 3–4 ц/га ва шу тарзда ҳосил камайиб кетаверади.

Шу даврда культивация юзароқ ўтказилиши лозим. Юза культивация далани машина теримига яхши тайёрлаш имконини бериб, пахта териш машиналарининг бир текис юришини таъминлайди.

Қатор оралиғи 60 см ва қўшқатор қилиб экилган майдонлардаги ғўза шохлари бир-бири билан туташгандан сўнг культивация ўтказилмайди, чунки трактор ўтиши натижасида пояларни шикастлаши ва ҳосилга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бу даврда кундузлари ҳаво иссиқ ва қуруқ бўлса-да, тунлари анча салқин бўлиши кузатилади. Бундай шароитда кўсак қурти, ўргимчаккана, беда қандаласи, қора шира каби зараркунандалар тезда кўпайиб, зарар етказиш даражаси ортиб боради. Шу сабабали зарарли ҳашаротларга қарши курашни янада кучайтириш зарур. Чунки озгина эътиборсизлик, кўм-кўк далага маҳлиё бўлиб қолиш туфайли тўпланган ҳосилнинг 30 фоизигача бой берилиши мумкин.

Кўсак қурти мавжуд майдонларда аввал гектарига 1–2 граммдан трихограмма тарқатиш, 5–6 кун оралатиб уч маротаба (биринчиси 1:10, иккинчиси 1:5 ва учинчиси 1:10 нисбатда) 1000–2000 донадан бракон учирилиши лозим.

Ўргимчаккана тарқалган ерларда акарицидлар билан тизимли равишда ишлов берилиши, препаратлардан “Ниссоран”, “Энтосоран”, “Узмайт”, “Энтомайт” ва бошқалар қўлланилиши уларни тезда бартараф этади. Агар тезда зарур чоралар кўрилмаса, ўргимчаккана қисқа муддатда экинга жиддий зиён етказиб, ҳосилнинг нобуд бўлишига олиб келади.

Ғўзани август ойида парваришлашда юқоридаги ҳар бир юмуш ўз вақтида ва сифатли ўтказилса, унинг ривожи янада жадаллашиб, ҳосилига ҳосил қўшилади.

   Ш.Абдуалимов, Ф.Ҳасанова


Файл
Файлни юкламоқ
Размер: 52.50 KB




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech