Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
03.02.2017

Тавсиянома Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти томонидан илмий тадқиқотлар ва ишлаб чиқаришда ўтказилган синашлар натижалари асосида яратилган.

Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг илмий кенгаши томонидан 2005 йил 30 декабрдаги 11-сонли қарорига асосан тавсия қилинган.

К И Р И Ш

Ўзбекистон аҳолисининг озиқ-овқат таъминотини яхшилаш, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда қишлоқ хўжалик тармоқларини такомиллаштириш асосий омил ҳисобланади.

Сабзавотларни илмий асосланган йиллик истеъмол меъёри уларни йил давомида бир хилда истеъмол этилишини тақозо этади. Бунга эришиш учун очиқ ва ҳимояланган майдон сабзавотчилигини мутаносиб равишда ривожлантириш лозим.

Аҳолини йилнинг кеч куз, қиш ва эрта баҳор ойларида сабзавот билан таъмин этишда ҳимояланган майдон сабзавотчилиги муҳим аҳамиятга эга.

Кейинги йилларда ҳимояланган майдонлар сабзавотчилигида катта ўзгаришлар содир бўлди. У ривожланиб келаётган тармоқдан илмий ва индустриал асосда ривожланган тармоққа айланди, яъни иситиладиган майдонларни турлари такомиллаштирилди, ҳимояланган майдонлар учун янги нав ва дурагайлар яратилди, парваришлашни янада янги, маҳсулот таннархи пасайишини таъминловчи илғор усуллари ишлаб чиқилди. Ҳимояланган майдонларнинг замонавий босқичдаги алоҳида хусусияти унинг майдонлари кўпайганидир.

АҚШ, Италия, Франция, Руминия, Болгария, Венгрия ва БМТга аъзо давлатларда бир йўла ҳам ойнаванд, ҳам плёнкали иссиқхоналар қурилмоқда. Япония давлатида эса фойдаланиладиган ҳимояланган майдоннинг асосий тури – плёнкали иссиқхоналардир. Замонавий лойиҳада қурилаётган иссиқхоналарда барча ишлаб чиқариш жараёнлари ва иқлим шароитларини бошқариш механизм ва автоматлар зиммасига юклатилгандир. Иссиқхоналардаги автоматлар у ердаги ўсимликларнинг навига, ўсиш даврига ва келиб чиқишига мувофиқ равишда ўсиб-ривожланиши учун қулай шароит яратиш имкониятига эгадир.

Иссиқхоналарнинг Голландияда яратилган лойиҳаси бутун дунё бўйича кенг тарқалгандир. Ушбу туркумга мансуб иссиқхоналар бизда ҳам кенг тарқалган бўлиб, жуда кам чиқимдир, кейинчалик уларнинг кўриниши бироз ўзгартирилиб, 2–3 гектарли корпуслар ўрнига бир гектардан иборат 6 та корпус қурилган.

Япониядаги иссиқхоналарда иқлим шароитларини бошқариш компьютерлари орқали амалга оширилади, ишлаб чиқариш жараёнларини юқори даражада механизациялаштирилиши ва автоматлаштирилиши у ердаги хизматчилар сонини 1 гектар майдон ҳисобига 7 тагача қисқартириш имконини беради, бизда эса бу кўрсаткич икки баробар юқоридир.

Ҳозирги вақтда ишлаб чиқарилаётган плёнкаларнинг сифати яхши, бақувватлаштирилган бўлиб, ушбу плёнкаларни 3–5 йилгача фойдаланса бўлади. Ҳозирги кунларда иссиқхоналарни ёпишда ойна ўрнига ундан анча арзон ва бир неча маротаба енгил бўлган пластик ойналардан фойдаланилмоқца.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда асосан кичик ҳажмли, майдони 6 гектардан иборат бўлган иссиқхона комбинатлари қурилгандир, бундан ташқари, республикамизда оилаларимизни сабзавот маҳсулотлари билан таъмин этиш ва тижорат мақсадида турли кичик ҳажмдаги 50 м2 дан 500 м2 гача майдонга эга бўлган иссиқхоналар кўплаб қурилмоқда.

Иссиқхоналар сабзавот етиштириш самарадорлигини ошириш, уларда экиладиган навларни кўпайтириш, янги навлар ва парваришлаш усулларини қўллашга боғлиқцир.

Кейинги йилларда Сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида иссиқхоналарда экиш учун помидорнинг янги навлари яратилиб, уларнинг уруғларини тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, иссиқхона комбинатларини уруғ билан таъминлаш имконига эгадир.

Шу жумладан, помидорнинг янги яратилган Гулқанд, Тошкент тепличнийси ва АВЕ-Мария, Субҳидам каби навлари амалиётда кенг қўлланилмоқда.

Иссиқхоналарда экиладиган барча помидор навлари 2 га бўлинади:

- индетерминант навлар ёки чекланмаган, палаги доимий равишда ўсувчи, гулшодаси ҳар 3 та баргдан кейин жойлашган навлар;

- детерминант навлар ёки палагининг ўсиши гулшода пайдо бўлиши билан тугалланувчи, гулшодаси ҳар 1–2 та баргдан кейин пайдо бўлувчи навлардир.

Юқорида таъкидланган иккала туркумга мансуб навлар иссиқхоналарда кенг қўлланилади, лекин помидорнинг индетерминант навлари асосан ойнаванд иссиқхоналарда қиш-баҳор ҳамда оралиқ экиш даврларида, детерминант навлар эса тезпишар ва ҳосили бир хил пишиб етиладиган бўлгани учун уларни кузги-қишки, қишки-баҳорги ва баҳорги экиш муддатларида плёнкали иссиқхоналарга экилади. Помидор навлари баъзи хусусиятларига кўра (қайси ўсувчи туркумга мансублиги ва касалликка чидамлилиги) ва уларни намойиш варақасидан тезда фарқлаб олишда нав номларидан кейин қисқартирилган кўрсаткич белги қўйилади:

Ps – дстерминант туркумга мансуб навлар;

Ps+ – индетерминант туркумга хос ўсувчи навлар;

Тм – тамаки мозаикаси вирусига чидамлилиги (ВТМ);

F1, F2 – фузариозни биринчи ёки иккинчи шудрингига чидамлилиги; С234–С4 – кладоспориозни турли шудрингларига чидамлилиги;

N – нематодага чидамлилиги;

V– вертициллёзга чидамлилиги.

Помидор навларининг қисқача тавсифи

АВЕ-Мария нави – иссиқхоналарда иккала экиш муддатида етиштириш учун мўлжалланган. Ўсимлиги индетерминант ўсувчи туркумга мансуб бўлиб, ўртача ўсувчи, яъни баландлиги 2 метрни ташкил этиб, барг сони ўртача. Барги тўқ яшил рангда, оддий ўртача катталикда. Меваси уруғи ердан униб чиққач, 122–125 куни пишиб етилади. Мевасининг ўртача оғирлиги 100–120 г бўлиб, тўқ қизил рангда. Биринчи гулшодаси баландлиги 7–8 та баргдан кейин, кейингилари эса ҳар 2 та баргдан кейин ҳосил бўлади.

Ўзбекистонда етиштириладиган иссиқхона помидор навларидан унинг асосий фарқи тупида кам новдалар ҳосил қилиш хусусияти бўлиб, ўсимликдаги навдаларни қисқартириш ва тупга шакл бериш каби иш турлари учун сарфланадиган маблағни тежашни таъмин этиб, тупи юқори мева ҳосил қилиш хусусиятига эгадир. Иссиқхонадаги ноқулай шароит, яъни юқори ҳаво ҳарорати ва намликнинг ошиб кетиши ҳоллари унинг мева пайдо этиш жараёнига таъсир этмайди ёки камайтирмайди.

Меваси ясси юмалоқ шаклда бўлиб, мазаси жуда яхши (дегустация баҳоси 4–5 балл, таркибида 6 фоиз қуруқ моддаси, 3,5 фоизгача умумий қанди бўлиб, шу жумладан 0,2 фоизгача саҳароза, 25–27 мг/% гача аскорбин кислотаси, ўртача парваришлаш шароитида ҳўл меваси таркибидаги нитрат азоти миқдори 10 мг/кг. дан ошмайди (ушбу кўрсаткичнинг Ўзбекистонда рухсат этилган юқори меъёри ҳар бир кг ҳўл миқдори ҳисобига 60 мг. дан ошмаслиги лозим).

Ушбу навнинг қишки-баҳорги экиш мавсумидаги ҳосилдорлиги ҳар 1 м2 майдондан 12–15 кг. гача етади.

Эртапишар Субҳидам нави – иккала экиш мавсумида ойнаванд ва иситиладиган ҳамда иситилмайдиган плёнкали иссиқхоналарда ва очиқ майдонда плёнка остида етиштиришга мўлжалланган. Ўсимлик ўртача барг қосил этувчи, гулшодаси оддий бўлиб, 4–5 та мева ҳосил қилади. Меваси думалоқ шаклда, текис, мевасининг ўртача оғирлиги 100–120 г. Асосий новдасининг баландлиги 1–1,2 метр.

Экилган уруғлар ердан ялписига униб чиққач, орадан 100–105 кун ўтгач мевалари пишиб етилади. Меваси таркибидаги қуруқ модда миқдори 4,0–4,3, умумий қанд 2,6–3,0%, аскорбин кислотаси 15–18 мг/%, ҳўл меваси таркибидаги нитратли азот миқдори эса 12–18 мг/кг. дан ошмайди. Мевасининг дегустация баҳоси 4,7 балл. Ушбу нав яшил доғланиш, юқоридан чириш каби касалликларга чидамлидир. Ҳосилдорлиги 8,5–9,0 кг/м2.

Турон нави – ойнаванд иссиқхоналарда қишки-баҳорги экиш мавсумида парваришлаш учун яратилган. Ушбу нав индетерминант ўсувчи туркумга мансуб бўлиб, ўсимликларда барг ҳосил қилиши ўртача.

Барги оддий ўртача, тўқ-яшил рангда. Гулшодаси 6–8 та мева ҳосил этади. Меваси юмалоқ, текис юзали. Биринчи гулшодаси 8–9 та баргдан кейин ҳосил бўлади. Новда ҳосил қилиш хусусияти суст бўлиб, уни парвариш ишларини сезиларли даражада енгиллаштиради. Мевасининг ўртача оғирлиги 110–130 г. Мевалари уруғи ердан ялписига униб чиққандан 128–132 кун ўтгач пишиб етилади. Турон нави меваларининг етилиши бошқа навлар, масалан, АВЕ-Мария навига нисбатан сезиларли даражада кеч бошланади, лекин мева етилиши узлуксиз давом этгани сабабли умумий ҳосил юқори бўлишини таъмин этади. Ушбу нав помидорнинг асосий касалликлари бўлган тамаки мозаикаси вируси, қўнғир доғланиш ҳамда юқоридан чириш касалликларига чидамли хусусиятга эга.

Мевасининг биокимёвий таркибидаги қуруқ моддаси миқдори 5,7, умумий қанд 2,58%, аскорбин кислотаси 20–23 мг/%, ҳўл меваси таркибидаги нитратли азот миқдори эса 22,0 мг/кг. дан ошмайди. Мевасини дегустация баҳоси 4,0–4,5 балл. Қишки-баҳорги экиш мавсумидаги ҳосилдорлиги ҳар 1 м2 майдондан 15–16 кг. ни ташкил этади.

Тошкент тепличнийси нави – индетерминант туркумга мансуб, мевалари йирик, юқори ҳосил берувчи нав бўлиб, оралиқ ва қишки-баҳорги экиш мавсумларида парваришлаш учун яроқли. Нав жуда сербарг бўлиб, бақувват илдиз қисмига эга, касалликларга жуда чидамли, галловой нематодага эса ўртача чидамли. Мевасининг ўртача оғирлиги 100–120 г бўлиб, унинг мазаси яхши, яъни 4,4 балл.

Гулқанд нави – жуда йирик мевали детерминат нав, оғирлиги 120–140 г, меваси ўта мазали ва сифатли бўлиб, мева таъми баҳоси 5 баллдир. Иккала экиш мавсумида экиш учун ҳам яроқли ҳисобланади.

Ғ1 Гамаюн нави – ўртапишар индетерминант дурагай бўлиб, барча экиш мавсумларида экиш учун яроқли, мевасининг ўртача оғирлиги 90–110 г, бртимиз шароитида ҳосилдорлиги жуда юқори бўлиб, ҳар 1 м2 майдондан 14–15 кг. ни ташкил этади.

Ғ1 Раиса нави – ўртача мевали (120–150 г) индетерминант дурагай, иккала экиш мавсумида ва оралиқ экиш мавсумларида парваришлашга яроқли, ҳар 1 м2 дан энг юқори ҳосили 15–18 кг. ни ташкил этади.

Иккала гибридлар ҳам тамаки мозаикаси вирус касаллиги ҳамда қўнғир доғланишга чидамлидир.

Ғ1 Бэлла нави – ўртапишар индетерминант дурагай нав бўлиб, мевасининг ўртача вазни 120–150 г, қаттиқлиги юқори, узоқ масофага ташиш учун чидамли. Ўртача ҳосилдорлиги 15–18 кг/м2 бўлиб, ҳар икки экиш мавсумига яроқли ҳисобланади.

Ғ1 Вендетта – эрта-ўртапишар юқори ҳосилли дурагай бўлиб, мевасининг ўртача вазни 130–150 г, ҳосилдорлиги 18–20 м/2. Қишки-баҳорги мавсумга яроқли.

Ғ1 Шарлотта ҒА-1402 – ўртакечпишар дурагай, мевасининг ўртача вазни 120–150 грамм, юқори ҳосилли, қаттиқ мевали, ҳосилдорлиги 15–18 кг/м2 бўлиб, ҳар уч мавсумда экишга яроқли.

Кўчат етиштириш

Помидор уруғларига экишдан олдин замбурғ ва вирус касалликларига қарши ишлов берилиши лозим бўлади. Уруғларни экишдан олдин турли инфекциялардан тозалаш учун қуритиш шкафида олдин икки сутка 50°С ҳароратда ва кейин бир сутка 75–80°С ҳароратда сақланиши лозим бўлади, шундай ҳароратда барча вируслар нобуд бўлади. Уруғларни экиш махсус тайёрланган 35×50×8 см катталикдаги экиш яшикларига ёки тўғри иссиқхона ерига 1–1,5 см чуқурликда амалга оширилади. Ҳар 1 м2 майдон ҳисобига 8–10 г уруғ сарфланиши лозим. Уруғлар тез униб чиқиши учун нам тупроққа экилади. Уруғ экиб бўлингач, устидан чириган гўнг, қипиқ аралашмаси билан мульчаланади, кейин эса устига полиэтилен плёнкаси ёпиб қўйилади. Ушбу тадбир очиқ майдондагига нисбатан тупроқ юзасида намлик ва ҳароратни доимо юқори бўлишини таъминлаб, 5–6 кунда экилган уруғларни ердан тўлиқ униб чиқишига имкон яратади. Лекин қуёшли кунларда плёнкадан фойдаланишда ундаги тупроқ қароратини 35–37°С гача кўтарилиб кетиши уруғни қуритиб қўйиши мумкинлигини унутмаслик керак.

Шунинг учун ҳароратни доимо назорат қилиб бориш, тупроқ ҳарорати меъёридан ошиб кетса плёнкани очиб қўйиш лозим. Помидор уруғларининг ердан униб чиқиши учун иссиқлик меъёри 24–26°С. Уруғларнинг бир қисми ердан униб чиқиши билан устига ёпилган плёнкалар олиб ташланади (акс холда, униб чиққан ниҳоллар жуда ўсиб кетиб, ётиб қолади).

Ниҳолларда 1–2 тадан чинбарг пайдо бўлган даврда уларни 10×10 см катталикдаги озиқали стаканчаларга кўчириб ўтказилади. Ниҳолларни кўчириб ўтказишдан бир сутка олдин уларни қондириб суғорилади, бу эса уларни осон кўчириб олинишини таъминлайди. Кўчириб олинган ниҳоллар хилланади, нозик, ўсишдан орқада қолган нихоллар чиқитга чиқарилади. Кўчатларни суғоришда жуда эҳтиёт бўлиш лозим, уларни ўта намланиб кетиши ёки тупроғи қуриб қолишига йўл қўймаслик керак, суғоришни ҳаво очиқ кунлари эрталаб бажарилгани маъқул.

Юқори сифатли кўчатда 8–9 тадан барги бўлиб, баландлиги 18–20 см, новдасининг қалинлиги эса 0,8–1,0 см бўлиши лозим. Кўчатларни парваришлаш даврида улар орасидаги касалланганлари, ўсишдан жуда орқада қолган, нозик кўчатларни чиқитга чиқариб, олиб ташланади.

Помидор ўсимликлари ташқи муҳит шароитларига жуда сезгир бўлиб, уларнинг бу хусусияти ўсимликларда гулшода пайдо бўлиши даврида яққол намоён бўлади.

Ниҳолларда биринчи иккита чинбарг пайдо бўлиши ва уларни дастлабки ўсув даврида ҳаво ҳарорати кундузи 13–16°С, кечаси 11–13°С гача пасайтирилиши, айниқса, эртаги навларда биринчи гулшодасидаги мева сони кўп бўлиши натижасида ҳосилдорлик юқори бўлишини таъминлайди. Кейинчалик ҳаво ҳароратини очиқ кунларда 20–24°С, булутли кунларда 18–19°С, кечаси эса 16–17°С атрофида сақланиши лозим.

Ҳаводаги СО2 гази миқдори кундуз кунлари 0,15–0,20% бўлиши лозим. Ҳароратни меъёридан юқори бўлиши ўсимликларнинг ўсиб-ривожланишини тезлаштиради, натижада меваларни етилиши тезлашади, новда ҳосил бўлиши камайиб, мевалари майдалашиб қолади. Ҳарорат паст бўлганда эса мева тугиши бошланиши кечикиб, ўсимликларни новдалаши кучайиб, гулшодалардаги мева тугиш сони кўпаяди, натижада умумий ҳосилдорлик юқори бўлади Ҳарорат кечалари 14°С дан паст бўлганда чангдон ўсмайди ва мева тугиш бўлмайди, ҳарорат 33–35°С дан юқори бўлганда ҳам чангдонлари стерил бўлиб мева тугиш жараёни бўлмайди. Ҳаво ҳароратини меъёрда бўлиши учун доимо уни созлаб туриш, помидордан юқори ҳосил олиниши таъминлайди. Тупроқнинг қулай ҳарорати ҳам ёруғликка боғлиқ бўлиб, 16–20°С атрофида бўлади, Тупроқ ҳарорати 16°С дан паст бўлиши фосфор моддаси ютилишини кескин сусайтиради, кейинчалик эса сувни ҳам қабул қилинишини камайтириб, ўсимлик ўсишини чеклаб қўяди. Тупроқ ҳарорати 28°С гача кўтарилиши, шу билан бирга тупроқ таркибидаги нордонликнинг кўпайиши нафақат ўсимликни ўсишдан тўхтатиши, балки унинг фузариоз касалига чидамлилик хусусиятини ҳам йўқолишига сабаб бўлади.

Помидор ўсимликлари ёруғликка жуда талабчан бўлиб, улар кўчатлари иссиқхонага экилгандан кейин декабрь-январь ойларида ёруғлик етишмаслиги натижасида одатдагига нисбатан чангдонларида чанг ҳосил қилиш камаяди. Шу туфайли биринчи гулшодасида қишки-баҳорги ўсув даврида мева тугиши жуда суст бўлади. Маҳсулот олиш учун экилган майдонларда бундай бўлишини олдини олиш мақсадида ТУ (трихлорфеноксиуксус кислотаси) препаратидан фойдаланиш лозим. Уруғлик майдонларида эса ўсимликларни силкитиб чиқиш (ёғоч билан сўри симларига уриб чиқиш) кенг қўлланилади ёки ҳар бир гулшодани тебратгич ёрдамида тебратиб чиқиш яхши тадбир ҳисобланади.

Ўсимликларда фотосинтез жараёнларини тўлиқ амалга оширишда ҳарорат ва ёруғликдан ташқари ҳаво таркибидаги СО2 гази миқдори катта аҳамиятга эга. СО2 газини ҳаводаги таркиби меъёрида бўлиши учун унинг ҳавода 0,15–0,2 фоиз атрофида бўлишини таъминлаш. Помидор ўсимликлари унча кўп бўлмаган ҳаво намлигига қараганда тупроқ нами юқори – 80–90 фоиз бўлишига талабчандир.

Ҳаво нисбий намлиги эса 60–70 фоиз атрофида сақланиши лозим. Ҳаво намлиги бундан ошиб кетиши ўсимликларда мева тугиши ёмонлашиши ва уларнинг кулранг чириш, кладоспориоз ҳамда фитофтора касалликлари билан зарарланишига сабаб бўлади. Ҳаво нисбий намлигини пасайтириш шамол ҳайдовчи парраклар орқали амалга оширилади. Суғориш куннинг биринчи ярмида қуёшли кунларда ўтказилади. Қуёш радиацияси кўпайиб бориши ва ҳаво нами миқдорига қараб бир ҳафтада 1–2 маротаба суғориб, шу билан бирга озиқа бериб борилади. Ўғитларни бериш миқдори тупроқ таркибини аниқлаб, керак бўлса, барги орқали аниқлаб, кейин ҳисоблаб чиқилади.

Экиш ва парваришлаш

Қишки-баҳорги экиш мавсумида (уруғларни, кўчатларни) экиш ишлари куз ойларидан бошланиб, бу даврда ёруғлик жуда камайган бўлади. Помидор уруғларини экишни октябрь ойи охири-ноябрь бошларида бошланади, кўчатларни экиш эса ноябрь ойи охири-декабрнинг биринчи ўн кунлигида амалга оширилади. Помидор учун ҳавони яхши ўтказувчан, зараркунандалар билан зарарланмаган ва патоген тупроқлар лозим. Кўчатларни қўш қатор усулда 80+80х40см оралиқда экилади. Экиш олдиндан ковлаб суғориб олинган кўндаланг чуқурчаларга стаканнинг 3 дан 2 қисми кўмиб бажарилади. Жуда эртаги экиш муддатида экиладиган ўсимликлар гуллаш даврида бўлиши лозим. Кечроқ экиш учун эса нисбатан ёш кўчатларни экишга рухсат этилади.

Кўпинча помидор ўсимликларида вегетатив ўсувчи новдалари кучли ўсиб кстиб, мева тугиши камайиб кетади, бу ҳолатни ғовлаб кетиш деб аталади. Новдалари қалинлиги 2,5–3,0 см. га етиб, юқоридаги барглари тўқ яшил рангга киради ва буралиб ўсади. Бундай ҳолат асосан кўпинча тупроқда (бодрингдан сўнг) нитратли азот миқдори жуда кўпайишидан содир бўлиб, ўсимликлар илдиз қисми жуда кучли ривожланиб ва ортиқча намгарчилик кам сабаб бўлади. Чириган қипиқ солиш ва биринчи мева тугилгунча суғоришни тўхтатиб туриш ўсимликлар меъёрида ўсишини таъминлайди. Бундан ташқари ушбу даврда (биринчи гулшодасида) мева тугишини яхшилаш мақсадида ўсимликларни озиқлантириш даврларида таркибида азоти бўлган озиқа моддалари бермаслик керак.

Агарда иссиқхоналарда қипиқ бир текис солинмаса, баъзи ўсимликларда азот моддасига талаб кучаяди, шунда фақат ушбу ўсимликларни қўшимча озиклантириб чиқиш зарур.

Бизнинг истиқболли навларимиз тупроқлардаги озиқ моддаларга жуда талабчандир.

Экишдан олдин ва ўсув даврида органик ҳамда минерал озиқа моддаларни солишдан фақат тупроқни агрохимик аниқлаш натижаларига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Органик моддалар миқдори 20 фоиз атрофида сақланиши керак, бунинг учун кузги-қишки экиш даврида тупроққа асосий ишлов беришдан олдин ҳар бир гектар иссиқхона майдонига камида 400 тонна чиринди ва 100–150 тонна ғоваклаштирувчи модда (қипиқ, сомон майдаси ва бошқалар) солиниши зарур.

Тупроқ таркибидаги сувда эрувчи фосфор миқдори ҳар 100 г тупроқда 100 мг, нитратли ва аммиакли азот миқдори эса 25–30, сувда эрувчи калий 50–60 мг/100 г атрофида сақланиши керак. Бундан ташқари тупроқ таркибидаги хлор миқдори ҳар 100 г тупроқда 0,02 фоиздан ошмаслиги, магний 25–30 мг/100 г, калций эса камида 100–120 мг бўлиши лозим.

Азотли ўғитларни калийли КNО3 ва калцийли Са (NО3)2 селитра шаклидаги берилгани маъқул, калийли ўгитларни сульфат калий К24 шаклида (таркибда), фосфорлийларни эса қўш суперфосфат Са (Н2РО4)2 шаклида ёки ўсув даврида якка аралашмали калий фосфат шаклда берилади. Экилган кўчатларнинг каноп ипли сўриларга боғлаб чиқилади, боғлашда илдиз бўғизини қаттиқ сиқиб қўймаслик, канопни қаттиқ тортиб боғлаб қўймаслик керак.

Ўсимликларга битта пояли қилиб шакл берилади. Бачки новдалар 6–7 см дан ўсиб кетмасдан уларни ўз вақтида юлиб ташлаш керак. Ўсимлик учини ҳар ҳафтада канопли ипга ўраб турилади, сўрини симли қисмигача ўсгач эса кўндалангига ўраб турилади. Ундаги мевалари пиша бошлаши даврида гулшодадаги барча ундаги пастки баргларини олиб ташланади. Бу ишни ҳар ҳафтада бир маротаба бажарилиб 1 маротаба 1–2 тадан барги олиб ташланади. Ўсув мавсумининг тугалланишигача 6–7 ҳафта давомида ўсимлик учки қисмини юқоридаги гулшода тепасида 2 тадан барг қолдириб чимдиб турилади. Меваларни тўлиқ етилиб пишмасдан ёки қизил бўлиб пишган даврларида ҳар ҳафтада 2–3 маротаба терилади.

Кўкламги экиш мавсуми – ушбу мавсумдаги плёнкалик иссиқхоналарнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уларда очиқ майдонлар учун кўчатлар етиштириб олингандан сўнг помидор экиб парваришланади. Бу даврда экиш учун тезпишар, детерминант, очиқ майдонларга экилганлари ҳосили пишгунча юқори ҳосил олишни таъминловчи Субҳидам помидор навидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Бунда плёнкали иссиқхоналарда помидордан юқори ҳосил етиштиришда экиладиган кўчатнинг сифати катта аҳамиятга эга. Плёнкали иссиқхоналарга экиш учун кўчат етиштириш худди ойнали иссиқхоналар учун кўчат етиштиришдаги каби бажарилади.

Экиш муддати – плёнкали иссиқхоналарга экиш учун кўчат етиштиришда уруғни январь ойининг биринчи ярмида экилади Баҳорда иссиқхонага экиш учун 50–55 кунлик кўчатлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки бундай кўчатлар баландлиги 35–40 см, 1 тадан гулшодаси ва ўртача 8–10 тадан барги бўлади.

Помидор кўчатлари плёнкали иссиқхоналарга экилгандан кейин парваришлаш жараёнлари

Плёнкали кўкламги иссиқхоналарга помидор кўчатларини февраль ойининг иккинчи ярмидан, март ойи бошларигача экилади. Экиладиган кўчат ёши ҳосилининг етилиш муддатларига таъсир этади. Кузатув натижаларига кўра, Субҳидам навининг 55 кунлик кўчатлари экилганда меваларининг етилиши, экилгандан кейин 50–55 кун ўтгач апрель ойи охири-май бошларида бошланади.

Экишнинг ҳар 10 кунга кечикиши ҳар 1 м2 майдондан олинадиган ҳосил миқдорини 1,8–2,0 кг. гача, умумий ҳосил эса 1 кг. гача камайишига олиб келади. Помидор ўсимликларини озиқа майдонининг катта-кичиклиги тупдаги барг пайдо бўлиши ва тупнинг ўсиш кучига қараб белгиланади. Бу эса асосан экиладиган нав хусусиятига ва етиштиришдаги шароитларига, яъни ёруғлик миқдори, озиқа ва иссиқликка боғлиқдир.

Субҳидам нави кўчатларини 80×40 см оралиқда ёки ҳар 1 м2 майдонга 3 тупдан экиш тавсия этилади. Ўсув даврида тупни 1–2 новдали қилиб шакл берилади, ҳар бир новдада 6–8 тадан гулшода қолдирилади.

Ўсимликлардаги бачкилар 3–5 см узунликка етганда уларни доимо олиб ташлаш лозим. Бачкиларни йўқотиш оралиғи об-ҳаво шароити ва ўсимликларни озиқа билан таъминланишига боғлиқ. Шуни назарда тутиш керакки, серёғин кўклам даврида ҳамда азотли ўғитлар билан меъёридан ортиқ озиқлантириш бачки новдаларнинг одатдагидан тез ўсишига олиб келади.

Маълумки, кўчатлар экилгач, орадан 8–10 кун ўтгач, ўсимликлар суриладиган канопга боғлаб чиқилади. Плёнкали иссиқхоналарда помидор учун лозим бўлган қулай шароитни яратиш жуда мураккабдир. Ҳавонинг нисбий намлиги 60–65 фоиздан ошиб кетмаслиги керак. Намлик кўрсатилган меъёрдан ошиб, 70–75 фоизга етиши иссиқхонада қўнғир доғланиш, кулранг чириш ва фитофтороз касалликлири ривожланиши учун шароит яратади.

Помидор учун ҳаво ҳароратининг қулай меъёри ҳаво очиқ кунларда 26°С, булутли кунларда шундан 2–4°С пастроқ ва кечалари эса 18°С атрофида сақланиши зарур. Помидор ўсимликларини парваришлашда уларни шамоллатишга алоҳида эътибор бериш, яъни юқоридан шамоллатиш билан бирга ён атрофларидан ҳам шамол бериш керак.

Ҳаво булутли кунларда ялписига касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳаво намлигини камайтириш керак. Бунинг учун иссиқхона бир йўла ҳам шамоллатилади, ҳам иситилади.

Ҳаво алмашинишини яхшилаш учун меваларининг пишиши бошланиш даврида ўсимликлар гулшодаси пастидаги барги олиб ташланади (1 ҳафтада 2–3 дона). Бу тадбир эрталаб бажарилади ва кейин иссиқхона яхшилаб шамоллатилади. Помидор ўсимликларини кам суғориш, яъни ҳар 1 м2 майдон ҳисобига 15–20 л берилиши лозим. Тупроқдаги намликни ЧДНСдан 70–80 фоиз атрофида сақланади.

Намлик меъёридан кўпайиб кетиши ўсимлик гуллари, мевалари тўкилишига, мевалари ёрилиб кетиши. учидан чириш касаллиги пайдо бўлишига сабаб бўлади, мева таркибидаги кальций миқдори 0,7 фоиздан камайиб кетса, ушбу ҳолат кучаяди.

Суғоришнинг мураккаблиги шундан иборатки, сув қуйилганда фақат кўпроқ намланиши лозим, ўсимлик ва ҳаво қуруқ бўлиши керак. Бундай суғориш учун ер остидан сув бериш ва эгатлардан суғориш усули энг самарали ҳисобланади. Суғоришдан кейин эгатлар устига қуруқ тупроқ сепиб мульчаланади. Сув ҳарорати 20°С дан кам бўлмаслиги керак. Ноқулай об-ҳаво ёки тупроқ шароитларида озиқа моддаларини ўзлаштирилиши, илдиздан ташқари озиқлантириш орқали тўлдириб борилади.

Помидорнинг эртаги экиш мудцатларида ёруғлик етишмаслиги ва намлик кўпайиб кетиши оқибатида унинг гуллари чангланиши қийинлашади, чунки унинг гулдони очилмайди, шунинг учун гул шодаларига ТУ, Бизон ва бошқа ўстирувчи моддалар билан ишлов бериш тавсия этилади.

Помидорни озиқлантиришда бериладиган минерал ўғитлар миқдори кўпроқ таркибини аниқлаш натижаларига мувофиқ ҳисобланади. Ўсимликлар жадал ўсиб, ялписига мева тугиши даврида тупроқдаги азот ва калий ўғитларини мутаносиблиги 1,0:1,5 бўлиши лозим.

Мева пишиши бошланишидан 1–2 ҳафта олдин, баргда хлороз бўлишининг олдини олиш учун озиқлантиришда озиқа таркибидаги магний миқдорини кўпайтириш ёки (MgSO4 – 0,5%) ушбу микроўғит билан илдиздан ташқари озиқлантирилиши зарур.

Ўсимликлардаги биринчи меваси пишиши даврида ва кейинги ойлар давомида уларни тўғри озиқлантирилаётганини аниқлаш мақсадида ўсимлик учидаги 2–3 та барги гулшодасидаги гулларнинг очилиши муддатларини кузатиб бориш катта аҳамиятга эга. Агарда кундузи иккита юқоридаги барг енгил ўралса, кечаси эса тўғриланса, агар гулшодасида бир вақтда 2–3 та гули очилса, демак ўсимликлар нормал шароитда ўсаётган бўлади, шунинг учун тупроқ ва ҳаво ҳароратларини суғоришни ва озиқлантиришни ўзгартириш шарт эмас.

Юқорида тавсия этилган парвариш усулларини иситиладиган плёнкали иссиқхоналарда Субҳидам помидор навини парваришлашда қўллаш ҳар 1 м2 майдондан 8–10 кг. дан, иситилмайдиган плёнкали иссиқҳоналарда эса 6–7 кг. дан ҳосил йиғиб олиш имконини беради.

Бодрингнинг партенокарпик дурагайи –Стелла Ғ1 навини парваришлашнинг айрим хусусиятлари

Гетерозис, партенокарпик Стелла Ғ1 бодрингини дурагай нави Россиянинг Сабзавотчилик илмий-текшириш институти селекционерлари томонидан яратилган. Қишки-баҳорги экиш мавсумида уруғи ердан тўлиқ униб чиққандан то биринчи ҳосили теримигача ўсув даври 48–55 кунни ташкил этади. Бодрингнинг партенокарпик дурагайи, асалари билан чангланувчи навлардан кескин фарқланади, яъни улар жуда ривожланган барг, поя ва илдиз қисмига эга, шу туфайли жуда ҳосилдордир. Шу билан бирга улар ташқи муҳит шароитларига, жумладан, ёруғликка, иссиқликка ва тупроқ таркибидаги намликларга жуда талабчандир. Улар ташқи муҳит шароитларини кескин ўзгаришига чидамсиздир.

Партенокарпик бодринг дурагайларини бошқа навлардан муҳим устунлиги унинг мевасида аччиқтаъми йўқлигидир. Партенокарпик бодрингларни чанглатиш керак эмас, чанглатиш уларга салбий таъсир этади, яъни мевалари қинғир қийшиқ бўлиб, натижада улар сифати пасаяди.

Урғочи гул ҳосил қилиш усули бўйича партенокарпик дурагайлар учта гуруҳга бўлинади:

I – аралаш гулловчи ёки ҳам эркак, ҳам урғочи гул ҳосил қилувчи (Барнацлец, 440 ва бошқ);

II – урғочи гули кўп, эркак гули эса жуда кам миқдорни ташкил этувчи (Кукарача, Зозуля);

III – фақат урғочи гул ҳосил қилувчи, эркак гуллари ҳеч ҳосил қилмайдиган (Бирюса, Лаза,Стелла) дурагайларидир.

Уруғни экишга тайёрлаш

Юқори униб чиқиш ва ўсиш қувватига эга бўлган бодринг уруғларини экишдан олдин турли инфекциялар билан зарарланишига қарши (олдини олиш учун) уларни қуритиш шкафида олдин 2–3 сутка давомида 50°С иссиқликдан кейин бир сутка 75–80оС иссиқликда қиздирилиши лозим. Шундай қиздиришда иссиқлик таъсирида касаллик вируслари барчаси ўлади, лекин уруғнинг униб чиқиш қобилияти пасаймайди.

Уруғларни экишдан бир неча кун олдин ҳар бир кг уруғ ҳисобига 3 г меъёрда Меркуран ёки 8 г ТМТД препаратлари билан дорилаш керак. Касалликларга қарши уруғларни дорилаш ишлари қопқоғи зич ёпилган ойнали, пластмассали ёки эмалланган идишларда бажарилиши зарур.

Қишки-баҳорги экиш мавсуми

Қишки-баҳорги экиш мавсуми давридаги иссиқҳоналардаги ёруғлик тупроқ ва ҳаво ҳароратини аста-секин кўпайиб бориши ўсимликлар маҳсулдорлиги кўтарилишини таъминлайди.

Бодрингнинг партенокарпик Стелла дурагайини қулай экиш муддати декабрь ойининг охирги ўн кунлиги-январнинг биринчи ўн кунлиги даври бўлиб, кўчат тайёрлаш бўлимида тайёрланган тувакчаларга 30 кунлик кўчатлар билан экилади. Экилган уруғларни тўлиқ униб чиқишини таъминлаш учун ҳарорат 26–27°С дан пасайиб кетишига йўл қўймаслик шарт. Тувакчалар усти полиэтилсн плёнка билан ёпиб қўйилгани маъқул. Шунда тувакчалар ҳарорати юқори, намлиги эса меъёрда сақланиб, тувакларнинг юзасидан 1,5–2 см чуқурликдаги намлигини тезда парланиб қуриб қолишдан сақлайди, тувакларга уруғни бир донадан экилади. Экиш олдидан тувакчалар яхшилаб намланади, уруғ униб чиқаётганда суғориш амалга оширилади.

Дастлабки уруғлар униб чиқа бошлаш даврида плёнка олиб ташланади. Стелла дурагайи жуда тез ўсади ва орадан икки ҳафта ўтгач тувакларни ўсимлиги билан шундай қайта жойлаштириш керакки, ҳар 1 м2 га 30 та донадан ошиб кетмаслиги керак.

Кўчат етиштириш даврида ҳароратни ва намликни энг қулай меъерда бўлишини таъмин этиш лозим. Жумладан, ҳаво ҳароратини кундуз қуёшли куни 20–23°С, ҳаво булут кунлари 19–20°С ва кечалари 18–19оС, тупроқ ҳарорати 20–22°С дан пасайиб кетмаслиги, ҳавонинг нисбий намлиги эса 70–75 фоиз атрофида сақланиши лозим.

Бодринг кўчатлари бир текис ўсиши лозим. Экиш учун тайёрланган кўчат сифатли 25–30 кунлик бўлиб баландлиги 25–30 см, беш-олтита чинбарги бўлиши керак. Стелла дурагайини Ўзбекистон шароитида энг қулай экиш оралиғи ((80+80)–2)×50 см бўлиб, ҳар бир м2 майдонга 2,5 тадан ўсимлик жойлаштирилади. Сабзавотчилик илмий текшириш институти (Россия) олимлари эса бодрингнинг барча партенокарпик дурагайларини 160×40 см ва 100×50 см оралиқларда экишни тавсия этадилар.

Ўсимликларни парваришлаш

Бодринг ўсимликларини парваришлашда ҳароратнинг энг қулай меъёрда сақланишига алоҳида эътибор бериш лозим, яъни қуёшли кунларда 25–28°С, ҳаво булут кунлари 20–22°С, кечаси 18–20°С бўлиши керак.

Ҳароратни 18°С дан пасайиб кетишига йўл қўйиш керак эмас, чунки иссиқлик етишмаслигидан ўсимликлар нимжон бўлиб қувватсизланади ва касалликларга чидамлилиги камаяди.

Ҳарорат 15°С дан паст бўлса, ўсимликлар жуда совуқ қотади, 45°С дан юқори бўлганда эса улар қизиб кетиб, мева тугмай қўяди. Бодринг учун иссиқхоналар ичидаги ҳаво намлиги 85–92 фоиздан кам бўлмаслиги лозим.

Бодринг суғориш йил даврига кўра амалга оширилиб, тупроқ намлиги ЧДНСнинг 85–90 фоизидан пасайиб кетишига йўл қўймайди. Стелла дурагайининг фарқланувчи хусусияти – тез ўсиб, жуда кўп кўк масса ҳосил қилишидир. Шунинг учун кўчатларни асосий майдонга экилгандан кейин, ўсимликларни бир ҳафта давомида сўриларга боғлаб чиқилиши ва ҳафта оралатиб уларни осилиб турган каноп ип атрофига ўраб чиқилиши керак. Акс ҳолда ўсимликлар эгилиб ўсиб, ерга тушиб қолади. Каноп ип атрофига ўраб чиқиш кечикиб бажарилиши ўсимликнинг қийшиқ ўсишига ва унинг новдалари ёрилиб кетишига сабаб бўлади. Ўсимликларни сўрига боғлаб чиқиш кечикиши эса ҳосил миқдорини 20 фоизга камайишига олиб келади.

Ҳосилдорликни ошиб боришини ва унинг юқори бўлишини таъмин этувчи энг муҳим агротехник тадбирлардан бири бу ўсимликларга шакл беришдир. Бодринг ўсимликларидан бизнинг шаротимизда эртаги ва мўл ҳосил йигиб олиш мақсадида қуйидагича шакл берилади. Энг пастки ён новдалардан 2 та барг ва 2 та мевачаси, ўрта қисмида 2–3 дона мева ва шунча барг қолдириб чилпинади. Шакл бериш билан бирга бодринг мўйловчаларини ҳам олиб ташлаш керак, негаки улар орқали ўраб олинган баргларда инфекциялар кўп тўпланади.

Ўсимликлардан қийшиқ меваларини ўз вақтида олиб ташлаш жуда муҳимдир, чунки уларнинг ўсишига фотосинтез фаолиятида ҳосил бўлувчи пластик модда сарф бўлмаслиги керак.

Ўсув даврида бериладиган озиқа моддалари

Ўсув даври давомида ўсимликларнинг озиқланиши бир хил эмас. Уруғлари ердан униб чиққандан то гуллагунча ўсимликлар озиқа моддаларининг 10, мева туга бошлагунча 20 фоизини, меваларни териш даврида эса озиқанинг асосий қисмини, яъни 80 фоизини қабул қилади.

Стелла дурагайи озиқланишга жуда талабчан, шунинг учун у нафақат илдизи орқали, балки поя ва барглари орқали ҳам озиқа берилишини талаб қилади. Илдиздан ташқари озиқлантириш айниқса ёруғлик кам бўлиб, тупроқ ва ҳаво қароратлари меъёридан паст бўлган даврларда амалга оширилиши самарали таъсир этади, чунки бундай ташқи шароитнинг пастлиги илдиз фаолияти учун ноқулай ҳисобланади.

Озиқлантириш учун озиқали аралашма тайёрлашда 10 л сувга макроўғитлардан 10–12 г суперфосфат, 7–8 г аммоний сульфати 5–7 г аммиак селитраси ва бор, марганец, мис, цинк, молибден, кобальт каби микро ўғитлар ҳам аралаштирилади. Илдиздан ташқари озиқлантиришдан олдин турли микроэлементлар йиғиндиси ёрдамида ҳар биридан қуйидаги миқдоррда қўшиб аралашма (оналик) тайёрлаб олинади: ҳар 1 л аралашмага 2,86 г борат кислотаси, 1,8 г марганец сульфати, 0,08 г мис купороси, 0,1 г нордон аммоний молибдени, кейин эса ҳар 10 л ишчи аралашмага 10 мл ушбу аралашмадан қўшилади.

1000 м2 майдондаги иссиқхона ўсимликларига ишлов бериш учун одатда 250–300 литр макро- ва микроўғитлар аралашмасидан тайёрланган тайёр ишчи аралашма сарфланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, илдиздан ташқари озиқлантириш тадбири фақат кечқурун соат 17 дан кейин бажарилиши керак.

Иссиқхона тупроғига ишлов бериш ва катта миқдордаги минерал ўғитларни солиш, тупроқнинг сув, физик ва кимёвий хусусиятларини бироз ёмонлашишига, баъзан эса унинг шўрланишига сабаб бўлади. Шунинг учун ўсув даври давомида ҳар ойда бир маротаба тупроқ таркибининг агрокимёвий ҳолатини текшириб бориш парваришлашнинг бажарилиши шарт бўлган тадбир ҳисобланади.

Иссиқхона тупроғи таркибидаги тузлари миқдори қуйидаги формула ёрдамида аниқланади:

К=(2В+15)/100.

бунда В – тупроқ таркибидаги органик моддалар миқдори, %.

Иссиқхона тупроғи шўрланмаслиги учун унга таркибида таъсир кучи кам бўлган ўғитларни, жумладан, оддий суперфосфат ва таркибида калий тузи бўлган, калий хлор ва бошқаларни солмаслик керак.

Ўсимликларни суғориш учун ҳам сифати тоза, яъни таркибидаги туз миқдори ҳар бир литр ҳисобига 1,2 граммдан кўп бўлмаган сувдан фойдаланиш лозим бўлади. Акс ҳолда тузи кўп сувлари олдин тиндириб (тозалаб) кейин фойдаланишга тавсия этилади.

Ҳосилни териш

Мевалари қизиб кетмасдан ҳосилни эрта билан терган маъқул, чунки куннинг иккинчи ярмида тсрилган мевалар кўп сақланмайди, тез айниб қолади.

Тайёр маҳсулот сифатига катта эътибор билан қараш зарур, яъни кўк мевани жуда ўсиб кетишига йўл қўйиш керак эмас, чунки ўсиб кетса, унинг сифати ва мазаси йўқолади. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, партенокарпик бодринглардаги битта чангланган меваси бошқа 20 та тугилган меванинг нобуд бўлишига олиб келади, биринчи мевасининг ўсиб катта бўлиб кетиши ўсимликни ўсишдан тўхтатиб қўяди, шунинг учун тез-тез териб туриш керак.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш

Оқ канот – кенг тарқалган жуда хавфли зараркунандадир. Иссиқхоналарда бутун йил давомида ривожланади ва учраб туради. Ўсимлик шираси билан озиқланиб, ўзидан қандга ўхшаш модда ажратади ва бу моддада кейинчалик ўсимталар ривожланиб, барглар қора майда ғубор билан қопланади. Кураш чоралари: ўсув даврида меваларини теришдан 4 кун олдин 50 фоизли Актеллик билан (гектарига 3–6 л) пуркаш ва кейин ўсимликларни ювиб юбориш керак. 0,1 фоизли Толстарга 0,05 фоизли Апплауд препаратини қўшиб пуркаш яхши самара беради. Оқ қанотга қарши курашишда яна биологик усул – ашерсония ҳам қўлланилади, у оқ қанот личинкаларини ўлдиради. Спор суспензиясининг сув билан аралашмаси ўсимликларга пуркалади (гектарига 1800–2000 л, 5–7 кун оралатиб 3–4 маротаба пуркалади.)

Занг кана – помидор мевалари ва барглари шаклини ўзгартириб ўстирмай қўяди. Унга хос асосий хусусият ўсимлик барги ва меваларида катта-катта гуруҳ шаклида тўпланишидир. Агарда ўз вақтида унга қарши кураш чоралари қўлланилмаса, ҳосилнинг бутунлай ҳаммасини нобуд қилиши мумкин.

Занг канага қарши курашишда ўсимликларни 0,1 фоизли Неорон, Ниссаран препаратлари билан пуркаб ишлов берилса, сепилгандан сўнг 2-куни каналар бутунлай қирилади. Бу препаратларни ҳосилни теришдан бир ой олдин қўллаш лозим. Занг канага қарши курашда синовдан ўтказилган препаратлар бўйича энг яхши натижа таркибида олтингугурти бўлган препаратлар бўйича олинди. Жумладан, бир қисм майдаланган олтингугуртга икки қисм тупроқ аралаштириб чанглатиш жуда яхши натижа беради.

Ўргимчаккана – республикамиздаги иссиқхоналарда кенг тарқалган. У баргларнинг пастки қисмига жойлашиб олиб, ўсимлик шираси билан озиқланади, у билан кучли зарарланган ўсимлик қисми ўргимчак тўри билан қопланади. Ўргимчакканага қарши курашишда 0,1 фоизли Ниссаран, Неорон, 0,2 фоизли Акрекс препаратларидан фойдаланилади.

Полиз шираси – республикамиз иссиқхоналарида йилнинг иссиқ ойларидан ташқари барча даврларида жуда кенг тарқалади. Ўсимликларнинг барча новдаларини, баргини, гулларини ва янги тугилган меваларини зарарлайди. Ўсимликлар шираси билан озиқланади, зарарланган барглар ўралиб қолади.

Курашиш чораси: 0,1 фоизли Актеллик препаратини пуркаш ва 0,2 фоизли Децис препарати билан ишлов бериш лозим.

Қўнғир доғланиш – касаллик аломатлари баргларнинг пастки қисмида қўнғир-сарғиш доғлар пайдо бўлиши билан бошланиб, кейинчалик қораяди ва қурийди. Бу касаллик ривожланиши учун ҳаво намлиги юқори (95 фоизгача) ва ҳарорат 22–25°С бўлиши жуда қулай шароит ҳисобланади. Ушбу касалликка қарши курашишнинг асосий омилларидан бири парваришлаш шароитлари (ҳаво ҳарорати, намлиги ва бошқалар) меъёрида бўлишини таъминлашдир.

Кимёвий курашнинг самарали чораси 0,4 фоизли ярим карбацин (меваларни теришдан 3 кун олдин) ёки 1–2 маротаба 0,1 фоизли Беномил препаратлари билан меваларни теришдан 10 кун олдин ишлов бериш лозим.

Ушбу касалликка қарши курашишнинг энг самарали чораси касалликка чидамли навлардан фойдаланишдир.

Фитофтороз – замбуруғ касаллиги бўлиб, кўпинча иссиқхоналарда ҳарорат юқори бўлиши оқибатида янги ўтказилган кўчатларда учраб туради. Касаллик қорасон касаллигиини эслатади, яъни новдалар ингичкалашиб қурийди ва ёш ўсимликлар бутунлай нобуд бўлади. Кейинчалик касаллик меваларни ҳам зарарлайди, натижада мевалари чирийди ва тўкилиб кетади, айниқса пастки мева шохларидагиси.

Курашиш чораси: кўчатлар мис купоросининг 0,25 фоизли аралашмаси билан суғорилиши, 0,05 фоиз Топаз, Фоликор препаратлари билан ишлов бериш лозим.

Ун шудринг – бодринг ўсимликларида кенг тарқалган касаллик бўлиб, иссиқхоналарда ҳароратнинг тез-тез ўзгариши ва ҳаво намлигининг меъёридан юқори бўлиши ушбу замбуруғ касаллиги ривожланиши учун қулай шароит яратади.

Касалланган ўсимлик барглари аввал оқ ғубор билан қопланади, кейин эса аста-секин сўлийди ва қуриб қолади.

Кураш чоралари: таркибида (коллоид олтингугурт) олтингугурти бўлган Каратин, Беномил, Омайт ва бошқа шунга ўхшаш препаратларни пуркаш керак. Касалликнинг оддини олишнинг энг самарали усули – тупроқни юмшатиб, ҳарорат ва намликларни энг қулай меъёрда бўлишини таъминлаш ёки Бордо суюқлигининг 0,5 фоизли аралашмасини пуркаш.

Тамаки мозаикаси вируси – жуда кенг миқёсда тарқалган бўлиб, айниқса кунлар исиб, ҳарорат кўтарилиши уни жуда кучайтириб юборади. Бу вирус касаллик бўлиб, уруғи орқали, тупроқ орқали, шу билан бирга касалланган ўсимликдан атрофидаги соғ ўсимликларга юқиш йўли билан тарқалади. Ўсимликлар новдаларини, баргларини, меваларини зарарлайди. Касалланган ўсимликлар маҳсулдорлиги кескин пасайиб кетади. Касаллик баргларни сийраклаштириб, шаклини ўзгартириб ёки баргларни ипсимон ҳолатга келтириши билан ўзини намоён этади.

Курашиш чораси: касалликнинг олдини олиш учун уруғларни экишдан олдин ишлов бериш, кўчат етиштириладиган майдон тупроқларини ҳам ишлов бериб зарарсизлантириш, фақат микроэлементлар аралашмасида ивитилган соғлом уруғларни экиш. Помидор кўчатларини 10 фоизли (10 л сувга 1 л ёғсизлантирилган сут қўшиб) пуркаш, уларни доимий жойига экишга 10 кун қолганда эса Боррат кислотаси аралашмаси пуркалади (1 л сувга 100 мг қўшиб).

Ўсув даври давомида ўсимликларни яхшилаб парваришлаш ҳам уларнинг касалликларга чидамлилик самарадорлигини оширади.

Помидорнинг юқоридан чириши – касаллик кўк меваларнинг юқори қисмида енгил ботиқ кўкимтир доғлар кўринишида намоён бўлади, улар секин-аста катталашади, натижада меваларнинг устки қисми силлиқлашади. Касалланган мевалар ўсишдан тўхтайди ва улар соғлом меваларга нисбатан олдинроқ қизаради.

Курашиш чораси: юқоридан чириш касаллигига қарши курашишда ўсимликлар жуда кучли ўсган даврида ҳар 1 га майдон ҳисобига 950 л сувга 4,5 кг миқдорда кальций хлор аралаштириб пуркаш лозим. Бундан ташқари, помидор ўсимликларининг 0,02 фоизли нордон олтингугурт цинки ва 0,02 фоизли Боррат кислоталари билан илдиздан ташқари кўк қисмлари орқали озиқлантирилиши (пуркалиши) меваларнинг юқоридан чиришини камайтириб, ҳосилдорлигини оширади.

   Р.Ҳакимов, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech