Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.10.2017 18:17:00

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ селекционер олимлар зиммасига эртапишар, юқори тола сифатига эга ва турли тупроқ-иқлим шароитларида етиштиришга мослашган янги пахта навларини яратиш вазифаси қўйилган эди. Республикамизнинг турли тупроқ-иқлим шароитларига мос ғўза навларини яратиш ва уларни жорий этиш бўйича амалий селекция ишлари натижасида Наманган-77, "Омад", "Султон", Ан-Боёвут-2, Бухора-102, Андижон-35, Андижон-36 каби тезпишар, С-6524, Бухоро-6, Бухоро-8, Хоразм-127, "Меҳнат" каби ўртапишар, толаси жаҳон бозорида харидоргир бўлган ғўза навлари яратилиб, кенг майдонларда экилмоқда. Шунингдек, кейинги йилларда яратилган Хоразм-150, "Бешқаҳрамон", Андижон-37, Порлоқ-2, Чимбой-5018, Наманган-34, С-8284 ҳамда янги ва истиқболли С-8286, С-8290, Порлоқ-4, "Жарқўрғон", "Гулистон", "Сардор" ва бошқа юқори тола чиқими ва сифатига эга ғўза навлари майдони ҳам кенгайиб бормоқда.

Кейинги йилларда ғўза селекцияси борасидаги изланишларда нафақат тезпишарлик, юқори ҳосилдорлик ва тола сифати, касаллик ва зараркунандаларга бардошлилик, балки экстремал даражадаги юқори температура ва сув танқислигига бардошли навларни яратишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Кейинги йилларда, республикамиз олимлари томонидан анъанавий селекция усулларидан ташқари, ноанъанавий усуллар, жумладан, биотехнология ва молекуляр генетика усулларидан кенг фойдаланиш борасида таҳсинга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Геномика ва Биоинформатика марказида, дунёда биринчи бўлиб, Геннокаут технологияси асосида ҳосилдорлиги ва тола сифати юқори бўлган Порлоқ-1, Порлоқ-2, Порлоқ-3, Порлоқ-4 ғўза навлари яратилиб, республикамиз пахта майдонларига кенг жорий этилмоқда.

Мустақиллик йиллари (1991-2017 йй.)да республикамиз селекционерлари томонидан турли хил селекция услубларидан фойдаланиш орқали 206 та янги ғўза навлари яратилиб, улардан 62 таси "Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш комиссияси" хулосаси ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг буйруғига асосан давлат реест­рига киритилган ва мамлакатимизнинг турли минтақаларида экиш учун тавсия қилинган.

Биргина 2016 йилда "Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш комиссияси" нинг турли шохобчаларида ўрганилаётган юздан ошиқ навлардан 4 таси (Наманган-102, Истиқлол-14, "Келажак" ва Пахтакор-1) "Қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестри"га киритилиб 7 таси истиқболли деб топилган ва дастлабки элита уруғчилик хўжаликларида уруғларини кўпайтиришга тавсия этилган. Нав синови натижаларига асосан 2017 йилда С-6565, АН-519, С-8286, ЎзПИТИ-203 ва "Жарқўрғон" навларининг истиқболлиги аниқланиб, уларнинг вилоятларда экин майдонлари кенгайтирилмоқда.

Кейинги йилларда, мамлакатимиздаги илмий-тадқиқот муассасаларида тола сифати IV типга мансуб ғўза навларини яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги вақт­да экилаётган толасининг сифати IV типга мансуб ғўза навлари қаторида, қишлоқ хўжалик экинларини синаш Давлат комиссияси томонидан яна 11 та янги ғўза нави пахтачилик минтақаларида экиш учун тавсия қилинган (жадвал). Натижада, бундай ғўза навларининг экин майдонини кескин кўпайтириш имконияти пайдо бўлди.

Шу ўринда, Республикамиз бўйича 1990 йилда VI типга мансуб ғўза навларининг ҳиссаси умумий майдонга нисбатан 10%, V типга мансуб ғўза навлариники 60%, IV типга мансуб ғўза навлари 20% ва III типга мансуб ғўза навлари эса 10%ни ташкил этганини қайд этиш лозим.

Мустақиллигимизнинг ўтган 26 йили давомида эса, янги тезпишар, тола сифати юқори ғўза нав­ларининг яратилиши ва ишлаб чиқаришга жорий этилиши ҳамда пахтачилик саноати тизимида пахта хом-ашёсини қайта ишлаш жараёнини модернизациялаш натижасида тола сифатининг кескин яхшиланишига эришилди. Яъни, IV типга мансуб тола етиштириш миқдори 5 мартага ошиб, 84% га етди. Шу билан бир вақт­да, V типга мансуб тола етиштириш 82% дан 16% га камайди.

    Р.Назаров, Ш.Намазов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech