Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.02.2018 17:28:00

Жорий қиш фаслининг нисбатан қуруқ, ёғинсиз, илиқ ўтиши яқин йиллар давомида кузатилмаган эди. Бундай об-ҳаво шароити майсаларнинг ривожланишига ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун фермерлар ва соҳа мутахассислари ғалла парваришига ҳар қачонгидан ҳам эътиборли бўлиб, жиддий ёндашишлари лозим.

Бунда агротехника тадбирларини республикамиз минтақаларининг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда ўтказиш, ниҳолларнинг илдиз тизими яхши ривожланишига эътибор қаратиш, тупроқдаги озиқани етарлича ўзлаштириши учун чилла суви бериш зарур.

Чилла суви бериш олдидан суғориш тармоқларини тозалаш муҳим аҳамиятга эга. Сабаби ариқ-зовурларда турли бегона ўтларнинг ўтган йилги қолдиқ ва уруғлари бўлиб, улар сув орқали пайкалларга тарқалиши мумкин. Кунлар илиб, ҳаво ҳарорати кўтарилиши (15–18оС) биланоқ бегона ўтлар тезда униб чиқиб, озиқа, сув, ёруғликни ғаллага нисбатан кўпроқ ўзлаштириб, ҳосилдорлик ва дон сифати пасайишига олиб келади.

Бу йилги шароитда ғаллани азотли ўғитлар билан биринчи озиқлантириш ишларини Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида январнинг охири-февраль ойининг бошларида, Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларида февраль ойининг ўрталарида, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида февралнинг охири-март ойининг бошларида ўтказиш тавсия этилади.

Мавжуд ўғит сепиш мосламалари (НРУ-0.5), ўғит ташиш учун мўлжалланган транспорт воситаларини тўлиқ таъмирдан чиқариш, ўғитлаш мавсумини қисқа муддатларда якунлаш имконини беради. Шунингдек, фермер хўжаликларида 1 ва 2-озиқлантириш учун етарли миқдордаги минерал ўғитлар захирасини яратиш мақсадга мувофиқ.

Жорий қишнинг нисбатан илиқ келганлиги шароитида зараркунанда, ҳашарот ҳамда бегона ўтларнинг ўтган йилларга нисбатан бирмунча кўп бўлиши башорат қилинмоқда. Шу боис мутахассислар томонидан ҳар гектар ғалла майдонида бегона ўтлар тури аниқланиб, талаб этиладиган ва Давлат кимё комиссияси томонидан рухсат этилган гербицид, фунгицид ва инсектицидлар захирасини яратиш лозим. Шунингдек, ғалла майдонлари ва атрофлари хас-хашаклар, ғўзапоялардан тўла тозаланиши лозим.

Муҳим тадбирлардан яна бири – бу ниҳолларнинг қишловдан қандай чиққанлигини аниқлаш ҳамда ғаллани 1-озиқлантириш ишларини мақбул муддатда сифатли ўтказиш ҳисобланади. Бунинг учун ҳар 200 гектар майдонга биттадан кузатувчи бириктирилиши лозим.

Эрта баҳорги озиқлантиришда азотли ўғитларни йиллик меъёрининг таъсир этувчи мода ҳисобида 25 фоизини бериш тавсия қилинади (физик ҳолда 150–160 кг/га).

Эрта баҳорги азотли озиқлантиришни энг биринчи навбатда кечки муддатларда экилиб, қишловдан қийинчилик билан чиққан, сўнгра уруғлик етиштириш учун экилган ва ниҳоят қолган майдонларда ўтказиш тавсия қилинади. Қишловга тупланмасдан кирган ҳамда қишловдан қийинчилик билан чиққан майдонлардаги ўсимликларни қўшимча тартибда гектарига физик ҳолда 100 кг. дан озиқлантириш яхши самара беради.

Эрта баҳорда тупроқ таркибидаги озиқа моддалари миқдори камайиб кетишидан ташқари, ўсимлик қишдан нозик ҳолда чиқади ва озиқ моддаларга эҳтиёжи ортади. Шу боис эрта баҳорги озиқлантириш кўчат қалинлигини барқарорлаштириб, ўсимликда тупланиш жараёнини жадаллаштиради, яъни 1 м2 майдонда 550–600 тагача маҳсулдор поя ҳосил қилишга эришиш мумкин. Эрта баҳорги озиқлантиришни ўз муддатида ўтказиш ҳисобига бир гектар ердан 5–7 центнергача қўшимча ҳосил олишга эришилади.

Эрта баҳорги озиқлантиришда азотли ўғитлар меъёрини аниқлашда ўсимликларда ўсиш жараёни бошланиши муҳим ўрин тутади. Агарда ўсимликларда ўсиш жараёни кеч бошланса, бу даврга келиб ҳаво ҳарорати тез кўтарилади, ривожланиш фазаларининг ўтиш вақти ва озиқа моддаларнинг ўзлаштирилиши пасаяди. Шу даврда ўсимликда тупланиш ва генератив органлар ривожланишини кучайтириш мақсадида азот меъёрини йиллик меъёрига нисбатан 25 фоиз эмас 30 фоизга оширилиши тавсия қилинади. Эрта баҳорги озиқлантиришда азот меъёри бундан оширилганда ўғитнинг ортиқча қисми сув ёки ёғингарчилик билан ювилиб кетади.

Озиқлантиришдан сўнг ҳар бир минтақада тупроқ намлиги ва иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда гектарига 700–800 м3 ҳисобида суғорилади. Суғориш жараёнида қўшимча озиқлантириш мақсадида жамғарилган маҳаллий ўғитларнинг 60–70 фоизи шарбат усулида оқизилиши яхши самара беради.

Майсалар ривожи суст бўлган майдонларга эрта баҳорда минерал ва маҳаллий ўғитлар берилиши ўсимликларнинг ривожланиш жараёнини жадаллаштиради. Бунда асосан кеч экилган ёки ривожи паст бўлган ғаллалар эътиборга олиниши керак. Суғориш билан бирга маҳаллий ўғит – гўнгни чириган ёки ярим чириган ҳолда оқизиш тавсия этилади.

Дала кузатувчиларини кенг жалб этган ҳолда, касаллик, ҳашарот ва бегона ўтлардан кучли зарарланадиган майдонларни аниқлашга алоҳида эътибор бериш зарур.

Ушбу белгиланган агротехника тадбирларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ҳосилдорликни оширишда муҳим ўрин тутади.

     Р.Сиддиқов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech