Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.03.2018

Эртаги сабзавотларнинг бир қисмини дастлабки ўсув даврида шаффоф плёнка остида парваришлаш ниҳолларнинг барвақт пайдо бўлиши ва ҳосили оддий усулга нисбатан камида 15–20 кун барвақт пишиб етилишини таъминлайди. Шу билан бирга, плёнкадан фойдаланилганда кечикиб экилган сабзавотларнинг ривожини жадаллаштиришга имкон беради.

Кўчати орқали кўп етиштириладиган иссиқсевар сабзавотлардан помидор, ширин қалампир, бақлажон экинларини кўчат қилиш ишлари кўчатхоналарда давом эттирилади. Ниҳоллар 2–3 барг чиқарганда ораси 5х6 см қилиб кўчириб ўтқазилади. Кўчириб ўтқазилган кўчатлар 10–12 кундан сўнг биринчи озиқлантирилади. Бунда 10 л сувда 5 г аммоний сульфат ёки карбамид, 40 г суперфосфат ёки аммофос ва 10 г калий ўғитлари эритилиб, барг устидан берилади. 6–7 кундан кейин иккинчи маротаба юқоридаги миқдор икки маротаба кўпайтириб озиқлантирилади. Учинчи озиқлантириш кўчатларни очиқ далага экишдан 4–5 кун олдин амалга оширилади.

Кўчатларни парваришлашда кўчатхона ҳарорати ва тупроқ намлигига катта эътибор қаратиш лозим. Кўчатхонада ҳаво ҳарорати юқори бўлса тупроқдаги намлик тез буғланиб кетиши мумкин.

Мамлакатимизнинг марказий минтақасида жойлашган вилоятлардаги сабзавотчилик хўжаликларида эртаги экинларни экиш 20 февралдан 20 мартгача, жанубий минтақаларда бу муддатдан 15–20 кун илгарироқ, шимолий минтақаларда эса 15–25 кун кейинроқ, амала оширилади. Бу муддатда карам кўчатлари, пиёз, сабзи, редис, кўкат сабзавотлар (укроп, кашнич, петрушка, салат) уруғлари ҳамда уруғлик картошка туганаклари экилади. Плёнка остига уруғ экиш ва кўчат ўтқазиш очиқ ердагига нисбатан анча эртароқ бошланади. Помидор, ширин қалампир ва бақлажон сингари иссиқсевар ўсимлик кўчатлари мартнинг 2-ярмидан экила бошланади.

Эртаги карам кўчатлари республикамизнинг марказий минтақаларида 10 мартгача, шимолий минтақаларида 30 мартгача экилади. Далага экиш учун 40–45 кунлик, барглари тўқ яшил, илдизлари дуркун ривожланган, соғлом кўчатлар танлаб олиниб, 70x25 (30) см схемада экилади. Кўчатлар экиб бўлгандан сўнг тупроқ намлигига эътибор қаратиш, талаб этилса суғориш лозим. Орадан 2–3 кун ўтгач эгатлар кўздан кечирилиб, хато жойларга кўчат экилади. Эгатларнинг ораларини КРН-2,8А русумли культиватор билан 15–16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимликлар атрофи юмшатилади, маъданли ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади.

Эртаги пиёз 2–3 марта, дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор ораларини юмшатиш ва бегона ўтларни йўқотиш мақсадида КРН-2,8А русумли культиватор билан 15–16 см чуқурликда ишлов берилади.

Баҳорги сабзи уруғи республикамизнинг жанубий вилоятларида 15–28 февраль, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 1–15 март, шимолий минтақларида 15–30 мартда сепилади. Уруғ сарфи гектарига 3–5 кг. Парваришлаш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири бу – ниҳолларни бир текис ундириб олиш ҳисобланади. Намлик маромида бўлганда ниҳоллар 10–12 кунда униб чиқади.

Ниҳоллар униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалашга киришиш лозим. Сабзи икки марта ўталади: дастлабкиси сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3–4 барг чиқарганда. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади. Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланиш қўл келади. Кўп йиллик бошоқли бегона ўтларга қарши 10,5 фоизли “Зеллик Супер” 1 л/га меъёрда сепилади. Бир йиллик бегона ўтларга қарши эса уруғ экишдан олдин 50 фоизли “Гезагард” – 2–3 кг/га, 20 фоизли “Набу” – 1,5 кг/га меъёрда бегона ўтлар 1–2 чинбарг чиқарганда, 12,5 фоизли “Фюзилад Супер” препарати 1–2 кг/га ҳисобида бегона ўтлар 2–4 та чинбарг чиқарган вақтида пуркаш яхши самара беради.

Помидор, ширин қалампир ва бақлажанни уруғидан етиштириш учун уруғларини очиқ майдонларга экиш ишлари об-ҳаво шароитига қараб март ойининг 3-декадасида амалга оширилади. Бунинг учун майдонларни тайёрлаш ишлари ўта сифатли бажарилиши лозим. Куз ойларида 30–40 см чуқурликда шудгор қилинган майдонлар март ойида икки марта чизелланади ва молаланади. Шундан сўнг 70 см оралиғида КРН-2.8А, КОН-2.8 ёки КРО-4 русумли культиваторлар ёрдамида эгат олинади.

Эгат олингандан сўнг унинг устига чиринди ва фосфор-калий ўғитлари аралашмаси лента усулида тўшаб чиқилади. Бу аралашма эгат тўғриланганда тупроқ билан қоришиб кетади. Эгатлар эни 50 см кенгликдаги қора полиэтилен плёнка билан мульчаланади. Плёнканинг ҳар икки тарафидан 10 см қисми тупроқ билан ёпилади. Плёнкани эгат юзасидаги очиқ қисмини симметриясидан ҳар 25–30 см оралиқда 2–2,5 см кенликда тешилиб 1,5–2 см чуқурликда помидор, ширин қалампир ва бақлажон уруғлари экилади. Қора плёнка остига экилган уруғлар эрта ва тўлиқ униб чиқади. Плёнка остида бир йиллик бегона ўтларнинг униб чиқиши ва ўсиб-ривожланиши тўхтайди, тупроқ юмшоқ ва нам ҳолда сақланади. Ушбу усул қўлланилганда ўсимликларнинг илдиз қисми бақувват бўлиб ривожланади, тупроқнинг чуқурроқ қатламигача ўсиб бориши таъминланади.

Эртаги картошка экиш ишлари республикамизнинг марказий, шимолий ва қисман жанубий минтақаларида олиб борилади.

Эрта баҳорда картошка экишнинг энг мақбул муддати: Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Бухоро, Навоий ва Фарғона водийси вилоятлари учун 10 мартгача; Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари учун 1 мартгача; Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти учун эса 20 мартгача ҳисобланади. Экиш схемаси 70х25-30 ёки 90х25 см, экиш чуқурлиги 7–9 см. ни ташкил этиши лозим.

Эрта баҳорда экиш учун картошканинг эртапишар “Агаве”, “Санте”, “Гранола”, “Зарафшон”, “Ред Скарлет”, ўрта эртапишар “Альвара”, “Аринда”, “Белуга”, “Виктория”, “Драга”, “Кондор”, “Карлена”, “Латона”, “Марфона”, “Пикассо” ва бошқа навлари тавсия этилади.

Эртаги картошкадан ўртача 20 т ҳосил олиш учун 25–30 т маҳаллий гўнг, 200 кг азот, 170 кг фосфор, 100 кг ўғити соф ҳолда солинади. Бунда органик ўғитнинг ҳаммаси ва фосфорли, калийли ўғитларнинг 70 фоизи ҳайдовда бериш ва фосфор ва калий ўғитларининг қолган қисми ҳамда азотнинг 50 фоизи картошка униб чиққандан сўнг биринчи ишловда, азотнинг қолган қисми гуллашдан олдин берилади.

Ўсув даврида сизот сувлари чуқур жойлашган ерларда 7–8 марта суғорилади. Суғориш ҳар ҳафтада 1 марта, ҳосил туганаклари пайдо бўлиши билан 5–6 кунда гектарига 400–500 м3 ҳисобида амалга оширилади. Ҳар икки суғориш оралиғида қатор оралари 10–12 см чуқурликда юмшатилади. Бу тадбир КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор билан картошка шоналагунча амалга оширилади.

Эртаги муддатда барвақт экилиб, ўсув давридаги барча агротехника тадбирлари ўз вақтида амалга оширилган майдонлардаги картошка ҳосили ҳам эрта етилиб, йиғиштириб олинади. Ушбу майдонларни ўз вақтида қайта экишга тайёрлаб, такрорий сабзавот экинларини қулай муддатларда экиб, улардан мўл ҳосил етиштиришга эришилади.

     Р.Ҳакимов, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech