Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.03.2018

Жорий қиш мавсумининг бироз илиқ, нисбатан камёғин келиши кузги ғалла ривожига ўз таъсирини кўрсатди: аксарият майдонлардаги майса ривожи сустлиги кузатилмоқда. Шу билан бир қаторда, экин қишки тиним даврини тўлиқ ўтамади. Баҳор ойлари сер­ёғин келса, майдонларда бегона ўтлар ҳаддан ташқари кўпайиши ҳамда турли касаллик ва зараркунандаларнинг тарқалиши кучайиб, ҳосилдорликка зарар етказиши мумкин.

Ривожи паст, кечикиб экилган ғалла майдонларида туплаш фазаси об-ҳаво ва тупроқ ҳароратига қараб март ойининг иккинчи ўн кунлигига қадар давом этиши мумкин. Бундай майдонларга баҳорги озиқлантиришдан ташқари қўшимча ишлов бериш баргдан озиқлантириш, яъни суспензия сепиш, шарбат усулида суғориш, таркибида микроэлементлар ҳамда гумин кислоталари бўлган биопрепаратларни қўллаш самаралидир.

Эрта баҳорда ғалла майдонларига минерал ўғит суспензиясини сепиш экиннинг ривожланиш жараёнини тезлаштиради. Бунда туплаш даврида 10 кг, найчалаш даврида 12 кг карбамид минерал ўғитини 300 литр сувда эритиб, махсус пуркагич механизмлар ёрдамида ғалла майдонларига сепилади.

Шунда майсалар барг сатҳи қалинлашиб, экиннинг касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги ошиши баробарида фотосинтез жараёни яхшиланади. Натижада ўсимликнинг ўсиб-ривожланиши жадаллашади.

Энг муҳим тадбирлардан яна бири бу – ғалла майдонларида азотли ўғитлар билан иккинчи озиқлантиришни амалга ошириш ҳисобланади. Кузги буғдойнинг найчалаш фазасида ўсимликнинг вегетатив органлари, энг асосийси поя­лар сони кўпайган бўлади.

Буғдойнинг найчалаш даврида азотли ўғитларга бўлган талаби ортади. Шундан келиб чиқиб, бу давр­да азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 40 фоизини, яъни физик ҳолда аммиакли селитра ҳисобида 300–320 кг/га миқдорида берилади.

Ғалланинг найлаш даврида маҳсулдор поялар, поялар ичида бошоқлар ва бошоқдаги донлар шакл­ланади. Найчалаш фазасининг давомийлиги 25–30 кунни ташкил этади. Ўсимлик бу даврда бутун вегетация давомида тўплайдиган қуруқ модданинг 50–60 фоизини тўплайди. Найчалаш фазасида нам­лик ва озуқанинг етишмаслиги ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади.

Озиқлантирилган майдонлар тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир минтақа шароитидан келиб чиқиб 600–700 м3/га ҳисобида суғорилади. Суғоришни шарбат усулида ўтказиш яхши самара беради.

Бегона ўтлар кучли тарқалган майдонларда март ойининг 3-декадасидан бошлаб, тавсия этилган гербицидлар ёрдамида бегона ўтларга қарши дастлабки ишлов бериш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, зарарли хасва тарқаладиган ва занг касаллигининг ўчоқлари бўлган майдонларда биринчи нав­батда профилактика ишловини ўтказиш талаб этилади.

Ғалла майдонларида тарқалган бегона ўтлар ҳамда турли касаллик ва зараркунанда ҳашаротларга уйғунлашган усулда қарши кураш муҳим аҳамиятга эга.

Майдонлардаги бир ва икки йиллик бегона ўтлар (жағ-жағ, шўра, олабута, бангидевона, қўйтикан, итузум, мачин, сутлама, райграс, тулкидум, ёввойи сули ва бошқа) ғаллага берилган минерал ўғитлар, сув ҳамда қуёш нурини тенгма-тенг, айрим ҳолларда кўпроқ ҳам истеъмол қилиши оқибатида ҳосилдорликни камайтириб, дон сифати пасайишига салбий таъсир кўрсатиши кўп йиллик тажрибаларда ўз исботини топган.

Шу боис бегона ўтлар ривожланган майдонларда уларнинг тури ва сонига қараб бир йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши 75 фоизли “Гранстар ДФ”, “Реситал”, “Далстар”, “Тайфун” (15–20 г/га), 24 фоизли “Химби” (0,15–0,2 л/га), бир йиллик бир паллали бошоқли бегона ўтларга қарши 8 фоизли “Топик”, “Тердок”, “Клодимекс”, “Топ-Дим” (0,3–0,4 л/га), 3 фоизли “Атлантис” (250–300 г/га), 25 фоизли “Атлантис Стар” (0,2–0,3 кг/га), кўп йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши 75 фоизли “Пик” (15–20 г/га), “Гранстар Плюс”, “Энтостар Плюс” (30 г/га), “Химране” (0,375–0,5 л/га), 20 фоизли “Старане–200” (0,75–0,1 л/га) каби гербицидлардан фойдаланиш тавсия этилади.

Ғалла майдонларида замбуруғли касалликлар – сариқ ва қўнғир занг, септариоз, ун шудринг, фузариоз тарқалишининг олдини олиш ёки улар тарқалиш хавфи бўлган майдонларга Давлат кимё комиссияси рўйхатидаги фунгицидлардан 30 фоизли “Алтис Премьер” (1–1,5 л/га), “Броадер” (0,2–0,3 л/га), 28 фоизли “Аканто Плюс” (0,3–0,5 л/га), 25 фоизли “Бампер” (0,5 л/га), “Крест” (0,5 л/га), “Титул Дуо” (0,2 л/га), “Дуазол” (0,2 л/га), 33 фоизли “Альто Супер”, “Файтер” (0,3 л/га), 22,5 фоизли “Тебумекс Плюс”, “Энтоликур” (0,3–0,5 л/га) кабилардан бири билан 200–300 литр ишчи эритма меъёрида ишлов бериш мақсадга мувофиқ.

Зараркунандалар – зарарли хасва, шиллиққурт (пявица), арракаш, шира ва трипс каби ҳашаротларга қарши ишлов беришда инсектицидлардан 20 фоизли “Багира” (0,2–0,3 л/га), “Бестселлер” (0,05–0,075 л/га), 10 фоизли “Далметрин” (0,06–0,08 л/га), 2,5 фоизли “Делцис” (0,25 л/га), 5 фоизли “Далатэ” (0,15–0,2 л/га), 55 фоизли “Агрофос-Д” (0,5 л/га) препаратлари билан ишлов бериш тавсия этилади.

Юқоридаги чора-тадбирлар ҳар бир минтақанинг тупроқ-иқлим шароити ва ғалланинг ривожланиш фазалари ҳамда бегона ўтларнинг униб чиқиш даврига қараб 5–10 кун олдин ёки кейин амалга оширилиши мумкин.

Бошоқли дон етиштиришда белгиланган агротехник чора-тадбирларнинг юқоридаги тавсиялар асосида ўз муддатларида сифатли бажарилиши мавжуд ғалла майдонларидан мўл ҳосил олинишини таъминлайди.

    Р.Сиддиқов, Н.Юсупов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech