Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.02.2013
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан эълон қилинган 2012-2016 йиллар учун фундаментал, 2012-2014 йиллар учун амалий, 2012-2013 йиллар учун ёш олимларнинг фундаментал ва амалий ҳамда 2012-2013 йилларга мўлжалланган инновация лойиҳалари танловида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази (Илмий Марказ) илмий-тадқиқот муассасалари иштирок этишди. 
   Танлов якунларига кўра 8 та Давлат илмий-техник дастурлари асосида жами 272 та лойиҳа, шу жумладан, 31 та фундаментал, 207 та амалий, 10 та ёш олимларнинг фундаментал ва амалий, 24 та инновацион грант лойиҳалари ҳамда 8 та ноёб объектлар ғолиб, деб топилди ва молиялаштиришга тавсия этилди. 
   Тадқиқотлар қишлоқ хўжалигининг пахтачилик, ғаллачилик, мева-узумчилик, сабзавот-полизчилик, чорвачилик, ветеринария ва бошқа соҳаларини янада ривожлантиришга, ер, сув, минерал ўғит ва бошқа моддий-техника ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларини ишлаб чиқиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, аграр соҳада ислоҳотларни чуқурлаштириш, фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш ва иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш каби муҳим масалаларни ечишга қаратилган. 
   Пахтачилик. Пахтачилик илмий-тадқиқот институти (ИТИ) ва унинг филиаллари олимлари томонидан яратилган “Бухоро-102”, “Бухоро-8”, “Бухоро-6”, “Хоразм-127”, “Андижон-35”, “Андижон-36”, “Андижон-37”, “Хоразм-150”, “Ибрат”, “Наврўз” ва бошқа янги навлар 509,7 минг/га майдонга экилди. Айни пайтда институтда “Бухоро-9”, “Бухоро-103”, “Оқдарё-8”, “Парвоз”, “Пахтакор-1”, “Наврўз” “ЎзПИТИ-102”, “ЎзПИТИ-201”, “ЎзПИТИ-202”, “ЎзПИТИ-1001”, “ЎзПИТИ-2601” сингари кўплаб янги ғўза навларининг бирламчи уруғчилик ишлари жадал суръатларда олиб борилаяпти. 
    Ғўза селекцияси ва уруғчилиги ИТИ олимлари томонидан яратилган ғўзанинг районлашган С-6524, “Наманган-77”, “Омад”, С-4727, “Султон” ва С-5641 ғўза навлари 486,8 минг гектарга экилган ва улардан кутилаётган иқтисодий самарадорлик тахминан 80-90 млрд. сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, истиқболли С-2610, С-8286, С-6775, С-2510, “Сурхон-14” ва янги С-8284, С-8290, С-8292, С-9085 ғўза навлари жами 20 минг гектарга яқин майдонларга экилди. 
    Ташқи муҳитнинг экстремал шароитларида ҳосилдорлик, тезпишарлик ва вилтга чидамлилик бўйича рақобатбардош, тола сифати IV-типга мос ғўза навлари ва тизмаларини узоқ дурагайлаш услуби асосида яратишда ЎзҒСУИТИнинг Қашқадарё филиалида ғўзанинг “С-9083”, “С-9084”, “Чарос”, “Л-425” нав ва тизмалари, Хоразм филиалида эса “Чарос” нави шўрланишга ва сув танқислигига чидамлиликни аниқлаш учун экилди ва Давлат нав синаш участкаларида синовдан ўтди. “С-9083” ғўза нави 6 та синаш участкасининг 4 тасида ҳосилдорлик кўрсаткичи бўйига андоза навдан 1,8 ц/га дан 3,9 ц/га гача юқори натижа берди. 
   “С-9085” ғўза нави 12 нав синаш участкасидан 6 тасида (Термиз, Жиззах, Қашқадарё, Хива ва Қоракўл) маҳсулдорлик бўйича 1,0 дан 4,5 центнергача андоза навидан устунлигини кўрсатди. “С-9085” ғўза нави бўйича “Чимбой” янги навлар уруғини олдиндан кўпайтириш элита хўжалиги очилди. Жорий йилда ушбу нав бўйича 750 та якка танлов, 350 та намуна ва 350 та оилавий танловлар олиниб 300 кг элита уруғлари тайёрланди. “С-9085” ғўза нави Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли, Элликқалъа, Тўрткўл туманларида умумий 600 гектар майдонда экилиб, кенг ишлаб чиқариш синовидан ўтказилди ва гектаридан ўртача 36.0 ц/га ҳосил олинди. 
   Ғаллачилик. Оилаларни текшириш кўчатзорига 3 хил юмшоқ буғдой навларидан “Омад” навидан 984 та оила, “Матонат” навидан 984 та оила, “Шодлик” навидан 426 та оилалалар экилиб, белгиланган кузатув ва ҳисоблаш ишлари олиб борилди. Юмшоқ буғдой навларининг биринчи йилги авлодларини синаш кўчатзорида жами 2766 та оила авлодлари синалиб, улардан танланган 2394 та оила уруғлари навлар бўйича экилиб, иккинчи йилги авлодларни синаш кўчатзори ташкил этилди. Кўчатзорда навга хос бўлмаган касалликлар билан зарарланган, ниҳоллар униб чиқиши, бошоқлаш ҳамда пишиш фазаларини ўтиш интенсивлиги бўйича навларнинг оилаларини чиқитга чиқариш ишлари амалга оширилди. “Омад” навидан 98 та, “Матонат” навидан 95 та, “Шодлик” навидан 117 та оилалар чиқитга чиқарилди. Танлаб олинган оилалар уруғлари навлар бўйича бирлаштирилиб, 2012 йил ҳосили учун 1-йилги кўпайтириш кўчатзорига уруғларини кўпайтириш учун экилиб, “Омад” навидан 2700 кг, “Матонат” навидан 2970 кг ҳамда “Шодлик” навидан 1500 кг юқори навдор уруғликлар етиштирилди. 
  Республикамизнинг 2 та минтақасида (Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё вилояти) синалиши режалаштирилган маккажўхорининг “Ўзбекистон 601 ЕСВ”, “Қорасув 350 АМВ” дурагайлари, оқ жўхорининг “Ўзбекистон 18”, “Ўзбекистон паканаси”, “Қорабош” ва африка қўноғининг “Хашаки 1” навларинининг уруғлари экилди. Сирдарё вилоятининг кучсиз шўрланган майдонида ўртапишар маккажўхори “Ўзбекистон 601 ЕСВ” дурагайининг кўк масса ҳосили 788,9 ц/га, тезпишар маккажўхорининг “Қорасув 350 АМВ” дурагайининг кўк масса ҳосили 608,0 ц/га, жўхорининг тезпишар “Қорабош” навининг 2-ўримда кўк масса ҳосили 688.1 ц/га, жўхорининг кечпишар “Ўзбекистон 18” нави 895,1 ц/га, дон жўхорининг “Ўзбекистон паканаси” нави 805,6 ц/га, африка қўноғининг “Хашаки 1” навидан 2-ўримда 515,4 ц/га кўк масса ҳосили олинди. 
   Ўсимликшунослик. Ўзбекистон Республикасида экспедицион кузатишлар Бухоро, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида олиб борилди. Қишлоқ ҳўжалик экинлари маҳаллий навларини тўплаш Бухоро вилоятининг Ромитон, Бухоро ва Вобкент туманларида; Хоразм вилоятининг Ургенч, Хазорасп, Хонқа туманларида; Қашқадарё вилоятининг Китоб, Шахрисабз, Якка боғ туманлари ва Сурхондарё вилоятининг Шеробод, Жарқўрғон, Денов ва Дашнабод туманларида ўтказилди. Экспедиция натижасида мева экинларидан 103, сабзавот ва полиз экинларидан 54 намуналари, ёввойи ҳолда ўсувчи пиёзнинг 4 тури, “Сиверс” олмасининг 15 шакли ва бодомнинг 16 шаклидан намуналар олинди. 
    Ўсимликшунослик ИТИда мева кўчатзори барпо этилди ва тўпланган намуналарнинг бир қисми пайванд қилинди. Намуналарнинг бир қисми Карпиологик коллекция сифатида институт генбанкига қўйилди. Субтропик ва мевали экинларнинг генофондини бойитиш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида дублет коллекцияларини яратишда мева кўчатзорининг биринчи даласида лойиҳа доирасида мевали экинлар коллекцион намуналарни пайванд қилиниши мўлжалланган олма, нок, гилос, шафтоли, ўрик, тоғолча намуналари пайванд қилинди. Тажриба станциясида ташкил этилган узумнинг 956 намунасидан иборат дублет коллекция узумзорида инвентаризация ишлари ўтказилди. Ўрик ва узум коллекция боғларида фенологик кузатувлар олиб борилмоқда. Дублет коллекцияси намуналарини тўлдириш учун Қрим тажриба-селекцион станцияси ва Қозоғистон помологик боғидан олма, гилос, нок, шафтоли ва олхўрининг навлари олиб келиниб, кўчатзорда пайванд қилинди. 2012 йил баҳорида экилган ниҳолларнинг кўкариш миқдори аниқланди. Кейинги йилга мева кўчатзори биринчи даласига экиш учун данакли ва уруғли экинлар уруғлари тайёрланди. 
    Сабзавот-полизчилик ва картошкачилик. Сабзавот, полиз экинларининг юқори ҳосилдор, транспортбоп, иссиққа, касалликларга чидамли, товар ва технологик сифати яхши бўлган навларини яратишда Давлат реестрига 2012 йилда тарвузнинг “Шарқ неъмати” нави киритилди. 2012 йилда Давлат нав синаш назоратида помидорнинг “Дархон”, “Заковат”, пиёзнинг “Оқ дур”, бақлажоннинг “Феруз”, аччиқ қалампирнинг “Саид”, қовуннинг “Дилхуш”, гулкарамнинг “Истиқбол”, бақлажоннинг “Сурхон гўзали”, сабзининг “Фаровон”, саримсоқнинг “Чидамли”, ширин қалампирнинг “Юлдуз” каби навлари синовдан ўтмоқда. 
  Давлат реестрига иссиқхоналар учун помидорнинг биринчи авлод “Баҳор” дурагайи, очиқ майдонлар учун помидорнинг “Нурафшон”, бақлажоннинг “Замин”, ширин қалампирнинг “Жайхун” дурагайлари ва картошканинг “Сарнав”, “Пском” навлари киритилди. Суперэлита майдончасида помидорнинг “Дархон”, “Авиценна”, “Ситора” навларидан 1150 гр. суперэлита уруғлари тайёрланди. 
    Пиёзнинг навшунослик боғчасида эртапишар линияни истиқболли танловлари экиб ўрганилди ва селекция жараёни учун 50 та янги танловлар олинди. Ушбу линия эрта кузги муддатда экиб баҳорда ҳосил олиш учун мўлжалланган. 2012 йилда Давлат нав синаш комиссиясига топширилган пиёзнинг “Оқ дур” навидан 100 кг элита оналиклари тайёрланди. Дастлабки манба боғчасида Россия ва Кореядан келтирилган пиёзнинг кўп йиллик батун ва шалот турларидан 11 та навлари синалди ва селекция ишлари учун оналиклар тайёрланди. 
   Мевачилик ва узумчилик. Жаҳон стандартларига мос келадиган юқори сифатли мева ва узум маҳсулотларини қуритиш ва сақлаш технологиясини прогрессив усулларини ишлаб чиқиш бўйича олхўри навларидан – “Исполинская”, “Супериор” ва “Самаркандский чернослив” пленка остида штабель усулида қуритилди. Бу навлар пленкали палаткаларда 12-14 кунда, сунъий ҳолда ЭСПИ-П мосламасида 12 соатда қуриди. “Супериор” нави қора пленкали палаткаларда яхши товар кўринишда қуриди. 
   Узумнинг магиз навларидан “Султони” ва “Катта қўрғон”, “Хусайне Мускатный” навлари ўзининг товар ва сифат кўрсатгичлари билан юқори баҳога сазовор бўлишди. Беҳи ва жилонжийда меваларидан цукат тайёрланди ва янги технология бўйича иш олиб борилди. Бу навлар – “Самарканд”, “Крупноплодная”, “Мягкоплодная 2”. Маҳсулот чиқими 60-65% ташкил қилди. Цукат маҳсулоти 400Сда 12-14 соатда ва пленка остида 6-8 суткада қуриди. Мева-узумларни қуритиш ва совуқхоналарда (+3+40С) узоқ муддат сақлаш бўйича республика вилоятларидан келган фермерларга тавсиялар берилди. 2012 йилда шароббоп узумнинг янги “Рангдор”, ўрикнинг янги “Бобо Раджаби” ва беҳининг “Мушк” беҳи навлари Давлат реестрига киритилди, Давлат нав синаш комиссиясига эса топшириш учун қишки ва кўкламги ноқулай об-ҳаво шароитларига чидамли бодомнинг битта гибриди ва фундукнинг битта формаси ажратилди. Уруғли, ёнғоқ мевали ўсимликлар ва узумнинг нав, шакл (форма) ва дурагайларининг фенологик ўзгарувчанлиги аниқланиб, ҳосилдорлиги олдиндан белгиланди. Фермер, деҳқон ва бошқа давлат хўжаликларига 18 миндан зиёд мевали, ёнғоқ мевали ва узумнинг янги, истиқболли навларининг кўчатлари тарқатилди. 25 мингга яқин мевали, ёнғоқ мевали ва узумнинг истиқболли нав кўчатлари пайванд қилинди. 
   Чорвачилик. Ўзбекистоннинг шимолий минтақалари озуқа ресурсларини ҳисобга олган ҳолда сутбоп сигирларни аралашма озиқлантириш типини жорий этиш бўйича тадқиқотлар ва жорий этиш ишлари Хоразм вилояти Хонқа туманидаги “Илҳом-Комил” чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалигида олиб борилмоқда. Подадаги сигирларни аралашма типдаги озиқлантириш давом эттирилиб, хўжаликдаги мавжуд озуқалардан намуналар олиниб, институт лабараториясида аниқланди ва аралашма озиқлантириш рационларининг таркиби ишлаб чиқилди. Озуқалар сарфи ойлар бўйича таҳлил қилиниб, унинг мақбул салмоғи жорий этилди. 
   Ҳисобот даврида сигирларнинг кунлик ўртача сут маҳсулдорлиги 3,74 ёғлиликдаги 12,5 кг ни ташкил этди. Ҳисор зотли қўйларнинг генофондини сақлаш, юқори маҳсулдор тизимли сурувлар барпо этиш, уларнинг наслдорлик ва маҳсулдорлик каби сифатларини оширишда 2012 йилнинг иш дастуридаги режага асосланиб, ҳисор зотли қўйлар урчитилаётган хўжаликлардан бири Сурҳондарё вилоятидаги “Бойсун-Чоштепа” фермер хўжалигида тажрибалар олиб бориляпти. Шунингдек, гўштдор ва сутдор туячиликни ривожлантиришда илмий ишлар олиб бориляпти. 
  Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш. Экишда тупроқ ва қатор ораларига ишлов бериш машиналарини ишлаб чиқиш ва уларни трактор билан агрегатланишини тадқиқ қилишда дискли плуг ва тупроққа экиш олдидан ишлов берувчи комбинациялашган агрегатга дастлабки талаблар ишлаб чиқилди. Культиватор-озиқлантиргич универсал иш органлари параметрларини “БМКБ-Агромаш” ОАЖга топширилиб, ҳамкорликда дискли плуг ва комбинациялашган агрегат конструктив схемалари ва универсал иш органлари билан жиҳозланадиган культиватор-озиқлантиргичга техник шартлар ишлаб чиқилди. 
  Ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш. Ғўзанинг вилт касаллигини қўзғатувчи Ўзбекистоннинг ҳар хил географик минтақалардан ажратилган янги Fusarium moniliforme Sheld. замбуруғининг тур ичидаги ўзгаришини, истиқболли ва туманлаштирилган навларга нисбатан вирулентлик, агрессивлик хусусиятларини илмий асослаш бўйича ғўзанинг туманлаштирилган “Омад”, С-6524, “Наманган-77”, “Ан-Баяут-2”, “Бухоро-6” ва “Бухоро-12” навларини янги Fusarium moniliforme патогенига нисбатан чидамлилиги лаборатория шароитида Кноп эритмасида ўрганилди. Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларининг айрим туманларида ғўзанинг фузариоз вилт касаллигининг тарқалиши ва ривожланиши мониторинг қилинди. Касалланган ўсимлик аъзоларидан намуналар лабораторияга олиб келинди ва касаллик қўзғатувчи замбуруғлар ажратиб олинди. 
   Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти. Республиканинг сув танқислиги сезиладиган ҳудудларида мавжуд шароитларни ҳисобга олган ҳолда экинлар таркибини такомиллаштириш мақсадларини аниқлаш юзасидан ҳамда сув таъминоти ёмонлашган ҳолатлар учун маъмурий ҳудудларда экинлар таркибини такомиллаштиришнинг мақсад, вазифа ва мезонлари тизимини илмий асослаш ҳамда улардан фойдаланиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди. Шунингдек, жорий йилнинг 3-5 май кунлари “Ўзэкспомарказ”да навбатдаги “Инновация ғоялари ва лойиҳалари V Республика ярмаркаси” ўтказилди. Мазкур ярмаркада Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 25 та илмий ва олий таълим муассалари 45 турдаги ишланмалари билан иштирок этишди. Ундан ташқари, 2013 йилда “Инновация ғоялари ва лойиҳалари IV Республика ярмаркаси” ўтказилиши мўлжалланмоқда. Ушбу ярмаркага тизимдаги илмий ва олий таълим муассасаларидан инновацион ишланмалар йиғилиб, Фан ва технологияларни ривожлантиришини мувофиқлаштириш қўмитага тақдим этилди. 
     Илмий Марказ тасарруфидаги илмий-тадқиқот институтларида 2012 йилда халқаро ва республика миқёсида илмий-амалий конференциялар ўтказилди. Жумладан: Ўзбекистон Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида 5 сентябрь куни “Пиллачилик соҳасининг муаммолари ҳамда замонавий ресурстежамкор технологияларни қўллаш асосида уларнинг ечими” мавзусида, Ўзбекистон Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтида 5-6 август кунлари “Чўл-яйлов чорвчилигини модернизациялаш муаммолари” мавзусида, 21 сентябрь куни Р.Р.Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида “Ўзбекистон Республикасида интенсив (жадаллашган) боғдорчилик ва узумчиликнинг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари”, 15-16 ноябр кунлари Ўзбекистон Ғўза селекцияси ва уруғчилиги илмий-тадқиқот институтида “Турли экстремал шароитларга бардошли ғўза ва беданинг янги навларини яратишда генетик-селекцион услублардан фойдаланиш”, 5-6 декабрь кунлари Ўзбекистон Пахтачилик илмий-тадқиқот институтида “Тупроқ унумдорлигини ошириш, ғўза ва ғўза мажмуидаги экинларни парваришлашда манба тежовчи агротехнологияларни амалиётга жорий этишнинг аҳамияти” мавзуларида. Илмий-амалий конференцияларда МДҲ ва хориждан 500 дан ортиқ қатнашчилар иштирок этдилар. Ҳисобот даврида чоп этилган илмий мақолалар сони (ўтган йилнинг шу даврига солиштирма равишда): хорижий нашрларда 36(89)та, маҳаллий нашрларда 404(759)та, монографиялар 9(34)та, дарслик ва ўқув қўлланмалар 42(111) та; илмий анжуманларда чоп этилган мақолалар сони: халқаро илмий анжуманларда 93(155)та, республика илмий анжуманларида 552(901)тани ташкил қилди. 
     О.Олимжонов 




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech