Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
08.10.2012
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан эълон қилинган 2012-2016 йиллар учун фундаментал, 2012-2014 йиллар учун амалий, 2012-2013 йиллар учун ёш олимларнинг фундаментал ва амалий хамда 2012-2013 йилларга мўлжалланган инновация лойиҳалари танловида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази (Илмий Марказ) тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари иштирок этишди. Танлов якунларига кўра 8 та Давлат илмий-техник дастурлари асосида жами 272 та лойиҳа, шу жумладан 31 та фундаментал, 207 та амалий, 10 та ёш олимларнинг фундаментал ва амалий, 24 та инновацион грант лойиҳалари ҳамда 8 та ноёб объектлар ғолиб, деб топилди ва молиялаштиришга тавсия этилди. 
    Тадқиқотлар қишлоқ хўжалигининг пахтачилик, дончилик, мева-узумчилик, сабзавот-полизчилик, чорвачилик, ветеринария ва бошқа соҳаларини янада ривожлантиришга, ер, сув, минерал ўғит ва бошқа моддий-техника ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларини ишлаб чиқиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, аграр соҳада ислоҳотларни чуқурлаштириш, фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш ва иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш каби муҳим масалаларни ечишга қаратилган. Илмий Марказ ва унинг тизимидаги илмий муассасаларда 2012 йил 9 ойида иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича қишлоқ хўжалиги фани олдида турган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, қуйидаги асосий натижалар олинди: 
   Пахтачиликда. Янги ва районлашган ғўза навларининг турли тупроқ-иқлим шароитларида шўрланишга, сувсизликка чидамлилигини аниқлаш ҳамда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларини ишлаб чиқишда ғўзанинг ўсиши ва ривожланиши бўйича фенологик кузатув олиб борилганда, ўсимликнинг бўйи ўртача 12-16 см, чинбарглари сони 3,5-5,3 донани ташкил этди. Тажриба Пахтачилик илмий-тадқиқот институти (ИТИ)нинг Сирдарё филилали тажриба хўжалигида 23 апрелда ўтказилди. Унда ўсимликнинг бўйи ўртача 10-13 см, чинбарглари сони 6-7 донага тенг бўлди. Тажриба майдонидан тупроқ намуналари олиниб, бугунги кунда тупроқ намуналари таҳлил қилинмоқда. 
    Ўрта толали ғўза навлари барг ва кўсакларида кечадиган физиологик-биокимёвий жараёнларнинг ўзгаришига дефолиантлар таъсирини илмий асослаш бўйича танланган тажриба даласига ғўзанинг “С-6541” ва “Андижон-36” навлари экилиб парвариш қилинмоқда. Дастлаб чигитнинг униб чиқиши аниқланди, даланинг ўртача кўчат қалинлиги гектарига 86 минг/тупни ташкил этди. Июнь ойининг 1-кунида олиб борилган фенологик кузатув натижаларига кўра, ўсимлик бўйи ўртача 18,7 см ни, чинбарглар сони 3,3 донадан иборат бўлди. Ўсимликлар намуналари олиниб, барг сатҳи ва қуруқ масса тўплаши аниқланди. Ҳозирги кунда республика пахта далаларида жадал суръатлар билан пахта терими олиб бориляпти. Тажриба далаларида жорий йилнинг 1 август ҳолатига ҳар бир ғўза тупида 6-9 та очилмаган кўсаклар борлиги кузатилди. Ушбу ҳолат пахта терими охирида ҳосилдорлик яхши бўлишидан далолат беради. 
    Ғаллачиликда ва дончиликда. Кузги юмшоқ ва қаттиқ буғдой навларининг биринчи йилги авлодларини синаш кўчатзорида кўчатзорга экишга тавсия этилган, истиқболли, яратилган 14 та кузги юмшоқ буғдой навларидан 19446 та оилалари, кузги қаттиқ буғдойнинг 2 та навидан 2000 та оилалари, Краснодар селекциясига мансуб 12 навларидан 11810 та оилалари, Сербия селекциясига мансуб 2 та навидан 2810 та оилалари, жами 38033 та оилалар экилиб, кузатув, ҳисобга олиш ва танлаш ишлари олиб борилмоқда. Кўчатзорда нав хусусиятларига хос бўлмаган, касалланган, ётиб қолига чидамсиз оилаларни ёроқсизга чиқариш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 2 майдаги ПП-1749-сонли “Қисқа муддатларда ғаллани сифатли йиғиб олиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Ушбу Қарорга асосан Илмий Марказ тизимидаги илмий-тадқиқот институтларининг тажриба хўжаликларида етиштирилган ғалла экини жадаллик билан йиғиб-териб олиниб, режа ўз вақтида, ортиғи билан бажарилди. 
    Ўсимликшуносликда. Ўсимликшунослик ИТИнинг Сурхондарё тажриба станциясида олма, нок, гилос, шафтоли, ўрик, тоғолча ва узум коллекция намуналаридан дублет коллекцияларни яратиш бошланган. Тажриба станциясида ташкил этилган узумнинг 956 намунасидан иборат дублет коллекция узумзорида инвентаризация ишлари ўтказилди. Ўрик ва узумнинг коллекция боғларида фенологик кузатувлар олиб борилмоқда. 2012 йил баҳорида экилган ниҳолларнинг кўкариш миқдори аниқланди. Коллекцион намуналар кўчатларини етиштириш учун питомникнинг биринчи даласига экилган уруғлар униб чиқиб, улар парваришланмоқда. Сурхондарё вилоятига экспедиция ташкил этилиб, Шеробод, Термиз, Ангор, Жарқўрғон туманлари фермер хўжаликларида тарқалган мевали экинларнинг маҳаллий навлари, жумладан, ўрик, олма навлари тўпланиб, уларни пайванд ишлари ташкил қилинди. Ушбу пайвантаглар 2013 йилнинг баҳорида экишга тайёрлаб қўйилди. 
    Сабзавот-полизчилик ва картошкачиликда. Турли типдаги иссиқхоналарда сабзавот етиштириш самарадорлигини оширишнинг агротехнологик ва ташкилий-иқтисодий механизмларини ишлаб чиқиш бўйича иссиқхоналарни иситишда қайта тикланадиган энергия манбааларидан (биогаздан) фойдалиниш бўйича халқаро ташкилот Глобал Экологик Фонднинг Кичик Грантлар Программаси билан ҳамкорлик қилишни амалга оширувчи имкониятлар излаб топилиб, сабзавот маҳсулотлари етиштиришни ривожлантиришнинг назарий асосларини тадқиқ қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Картошканинг юқори ҳосилдор, иссиққа, қурғоқчиликка, касалликларга чидамли навларини яратиш ва вирусдан соғломлаштирилган бирламчи уруғчилигини ташкил этишда эртаги муддатда 12 та истиқболли клон намуналари “Санте” нави билан таққослаб, синаш учун экиб, фенологик, биометрик кузатув ишлари олиб борилди. Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги Пском тажриба участкасида май ойининг охири июннинг 1-чи 5 кунлигида 32 та клон ва 9 та оила дурагай намуналари 4-чи авлоди якка танлов олиш учун экиб қўйилди. Шу билан бирга картошка бўйича ёзги муддатда экиладиган тажрибаларнинг тайёргарлиги кўрилмоқда. Бодринг ва помидорнинг селекцияси бўйича чуқур изланишлар олиб борилди. Переноспориоз касаллигига чидамлилиги бўйича 21 та селекцион линиялар ўрганилиб шулардан истиқболли, касалликларга чидамли, истеъмол ва қайта ишлашга мос линиялар ажратилди. Республиканинг Тошкент, Андижон ва Самарқанд вилоятларида Картошкачилик Халқаро маркази билан ҳамкорликда ихтисослашган фермерларни малакасини оширишга доир ўқув-семинар ўтказилди. 
     Мевачилик ва узумчиликда. 2012 йилнинг 1-ярмида шароббоп узумнинг “Рангдор”, ўрикнинг “Бобо Раджаби” ва беҳининг “Мушк” каби навлари Давлат реестрига киритилди. Давлат нав синаш комиссиясига топшириш учун эса қишки ва кўкламги ноқулай об-ҳаво шароитларига чидамли бодомнинг битта гибриди ва фундукнинг битта формаси ажратилди. Уруғли, ёнғоқ мевали ўсимликлар ва узумнинг нав, шакл (форма) ва дурагайларининг фенологик ўзгарувчанлиги аниқланиб, ҳосилдорлиги олдиндан белгиланди. Фермер, деҳқон ва бошқа давлат хўжаликларига 18 мингдан зиёд мевали, ёнғоқ мевали ва узумнинг янги, истиқболли навларининг кўчатлари тарқатилди. 25 мингга яқин мевали, ёнғоқ мевали ва узумнинг истиқболли нав кўчатлари пайванд қилинди. Жорий йилнинг 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси билан биргаликда республика интенсив боғларининг ҳолати, уларни ривожлантириш истиқболлари мавзусида республика миқёсида семинар йиғилиши ўтказилди. Ушбу семинарда жами 115 ортиқ иштирокчилар жалб этилиб, илмий-тадқиқот институтлар раҳбарлари, фермерлар ва бошқа қатнашдилар. 
   Чорвачиликда. Ўзбекистоннинг шимолий минтақалари озуқа ресурсларини ҳисобга олган ҳолда сутбоп сигирларни аралашма озиқлантириш типини жорий этиш бўйича тадқиқотлар ва жорий этиш ишлари Хоразм вилояти Хонқа туманидаги “Илҳом-Комил” чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалигида олиб борилмоқда. Подадаги сигирларни аралашма типдаги озиқлантириш давом эттирилиб, хўжаликдаги мавжуд озуқалардан намуналар олиниб, улар институт лабараториясида аниқланди ва аралашма озиқлантириш рационларининг таркиби ишлаб чиқилди. Озуқалар сарфи ойлар бўйича таҳлил қилиниб, унинг мақбул салмоғи жорий этилди. Ҳисобот даврида сигирларнинг кунлик ўртача сут маҳсулдорлиги 3,74 ёғлиликдаги 12,5 кг ни ташкил этди. Ҳисор зотли қўйларнинг генофондини сақлаш, юқори маҳсулдор тизимли сурувлар барпо этиш, уларнинг наслдорлик ва маҳсулдорлик сифатини такомиллаштиришда жорий йилнинг иш дастуридаги режага асосланиб, ҳисор зотли қўйлар урчитилаётган хўжаликлардан бири Сурхондарё вилоятидаги “Бойсун-Чоштепа” фермер хўжалигида тажрибалар олиб бориляпти. Шунингдек, гўштдор ва сутдор туячиликни ривожлантиришда илмий ишлар олиб бориляпти. 
    Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштиришда. Экишда тупроқ ва қатор ораларига ишлов бериш машиналарини ишлаб чиқиш ва уларни трактор билан агрегатланишини тадқиқ қилишда дискли плуг ва тупроққа экиш олдидан ишлов берувчи комбинациялашган агрегатга дастлабки талаблар ишлаб чиқилди. Култиватор-озиқлантиргич универсал иш органлари параметрлари “БМКБ-Агромаш” ОАЖга топширилиб, улар билан ҳамкорликда дискли плуг ва комбинациялашган агрегат конструктив схемалари ва универсал иш органлари билан жиҳозланадиган культиватор - озиқлантиргичга техник шартлар ишлаб чиқилди. 
  Ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишда. Ғўзада вилт касаллигини қўзғатувчи Ўзбекистоннинг ҳар хил географик минтақаларидан ажратилган янги Fusarium moniliforme Sheld. замбуруғининг тур ичидаги ўзгаришини, истиқболли ва туманлаштирилган навларга нисбатан вирулентлик, агрессивлик хусусиятларини илмий асослаш бўйича ғўзанинг туманлаштирилган “Омад”, С-6524, “Наманган-77”, “Ан-Баяут-2”, “Бухоро-6” ва “Бухоро-12” навларини янги Fusarium moniliforme патогенига нисбатан чидамлилиги лаборатория шароитида Кноп эритмасида ўрганилди. Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларининг айрим туманларида ғўзада фузариоз вилт касаллигининг тарқалиши ва ривожланиши мониторинг қилинди. Касалланган ўсимлик аъзоларидан намуналар лабораторияга олиб келинди ва касаллик қўзғатувчи замбуруғлар ажратиб олинди. 
    Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётида. Республиканинг сув танқислиги мавжуд ҳудудларида шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда экинлар таркибини такомиллаштириш мақсадларини аниқлаш юзасидан ҳамда сув таъминоти ёмонлашган ҳолатлар учун маъмурий ҳудудларда экинлар таркибини такомиллаштиришнинг мақсад, вазифа ва мезонлари тизимини илмий асослаш ҳамда улардан фойдаланиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди. 
    Илмий Марказ тасарруфидаги илмий-тадқиқот институтларида жорий йилнинг 9 ойида халқаро ва республика миқёсида илмий-амалий конференциялар ўтказилди. Булар: Ўзбекистон Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида 5 сентябрь куни “Пиллачилик соҳасининг муаммолари ҳамда замонавий ресурстежамкор технологияларни қўллаш асосида уларнинг ечими” мавзусида, Ўзбекистон Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтида 5-6 август кунлари “Чўл-яйлов чорвчилигини модернизациялаш муаммолари” мавзусида, 21 сентябрь куни Р.Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида “Ўзбекистон Республикасида интенсив (жадаллашган) боғдорчилик ва узумчиликнинг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари” мавзусида. Илмий-амалий конференцияларда МДҲ ва хориждан 150 дан ортиқ қатнашчилар иштирок этдилар. 
    Ҳисобот даврида чоп этилган илмий мақолалар сони (ўтган йилнинг шу даври солиштирма равишда): хорижий нашрларда 31(63)та, маҳаллий нашрларда 343(376)та, монографиялар 7(11)та, дарслик ва ўқув қўлланмалар 31(69) та; илмий анжуманларда чоп этилган мақолалар сони: халқаро илмий анжуманларда 54(99)та, Республика илмий анжуманларида 479(414)тани ташкил қилди. 
      О.Олимжонов 




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech