Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
12.01.2012
      Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимидаги илмий муассасалар 2009-2011 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш Қўмитаси танловидан ўтган 7 та Давлат илмий-техник дастурлари асосида жами 444 та, шу жумладан, 31 та (5 ёш олимлар) фундаментал (15 та ташкилот), 345 та (9 ёш олимлар) илмий-амалий (35 та ташкилот), 19 идоралараро илмий-амалий (8 та ташкилот), 41 та инновацион (25 та ташкилот) грант лойиҳалари устида ҳамда 8 та (7 та ташкилот) ноёб объектларда тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар.  
     Тадқиқотлар қишлоқ хўжалигининг пахтачилик, дончилик, мева-узумчилик, сабзавот-полизчилик, чорвачилик, ветеринария ва бошқа соҳаларини янада ривожлантиришга, деҳқончилик маданиятини кўтариш, ер, сув, минерал ўғит ва бошқа моддий-техника ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларини ишлаб чиқиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, аграр соҳада ислоҳотларни чуқурлаштириш, фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш ва иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш каби муҳим масалаларни ечишга қаратилган. 
     2011 йил якунида иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари бўйича қишлоқ хўжалиги фани олдида тўрган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб тегишли чора-тадбирлар белгиланди ва тизимдаги илмий муассасалар томонидан қуйидаги асосий натижалар олинди. 
      Пахтачиликда. Дефолиантлар таъсирида ғўза тупида физиологик ва биокимёвий жараёнларнинг ўзгаришини илмий асослаш бўйича Тошкент вилояти шароитида турли морфо-биологик, хўжалик белгилари билан фарқ қилувчи ўрта толали С-6541 ғўза навида Авгурон-экстра дефолианти 0.15 л/га ва Садаф 8.0 л/га меъёрларда қўлланилганда ҳосилдорлик назоратга нисбатан 2.6-2.3 ц/ га; Андижон-36 ғўза навида Авгурон-экстра дефолианти 0.10 л/га ва Садаф 7.0 л/га меъёрларда қўлланилганда ҳосилдорлик назоратга нисбатан 2,7-2,4 ц/га кўп бўлиши аниқланди. Турлараро дурагайларнинг стериль ҳолатини камайтириш ва фертил ўсимликларни кўпайтириш учун мураккаб турлаларо дурагайлаш ўз самарасини кўрсатди. Вилт билан табиий кучли зарарланган муҳитда мураккаб дурагайлаш йўли билан олинган янги тизмалар андоза С-6524 навига нисбатан 3-4 баробар бардошлилиги аниқланди. Селекция ишлари натижасида янги, вилтга чидамли, тола сифати 4 типга жавоб берадиган сермаҳсул 2 та тизма Л-1094, Л-403 кичик нав синаш кўчатзорига топширилди. “Шодиёна” нави 2011 йилда грунтконтролга топширилди. “Барҳаёт” нави Самарқанд вилоятининг Иштихон, Пастдарғом ва Пойариқ туманларида 1800 гектар майдонда кўпайтирилди. Истиқболли С-2610 нави Наманган ва Жиззах вилоятларида 2100 гектарга экилиб, ундан 485 тонна уруғлик пахта териб олинди. Ғаллачилик ва дончиликда. Суғориладиган майдонлар учун ташқи муҳитнинг ноқулай шароитларига мос бўлган юқори ҳосил берувчи, сифат кўрсаткичлари жаҳон андозасига жавоб берадиган баҳорги буғдой нав намуналарини яратишда намуналар майдонида баҳорги юмшоқ буғдойнинг андоза Замин-1 навига нисбатан 2-5 кун эртапишарлиги, ётиб қолишга чидамлиги бўйича: К-1189, К-2098 (Ҳиндистон), К-2291, К- 2431 (Япония), К- 954, К- 1029, К-1065 (Покистон), К-01011, К-09964, К-03035, К-03236, К-03347 (Мексика), Эритроспермум 650 (Қирғизистон), Ekiz, Nair- 68, Stetanus, NS 84/07, Katya, Povaga (СИТ) нав намуналари танлаб олинди. Ушбу навлар маҳаллий Санзар 4, Шавкат, Замин-1 навлари билан чатиштирилиб, 34 та дурагай комбинациялар олинди. Ҳосилдорлиги андоза нав – Замин-1 (27,1 ц/га) навига нисбатан 9,0 - 18,3 ц/га юқори бўлиши билан бирга, 1000 дона доннинг вазни 4,3-7,5 граммга юқори эканлиги аниқлади. Мазкур навлардан № 16/2009 линияси иқлимнинг иссиқ ва қурғоқчил келишига чидамли ва қимматбаҳо белги ва хусусиятлар юқори бўлганлиги сабабли 2012 йил ҳосили учун рақобат нав синовига ўтказилди.  
    Тоғли лалмикор майдонлар учун юмшоқ буғдойнинг тупроқ унумдорлигидан, ўғитлардан тежамли фойдаланадиган, ташқи муҳитнинг ноқулай шароитларига бардошли ва дон сифати юқори бўлган коллекция нав намуналарини баҳолаш ва танлашда юмшоқ буғдойнинг ИКАРДА Халқаро Илмий Марказидан келтирилган 200 та янги нав намуналари ва линиялари экилди. Қурғоқчиликка ва иссиқликка чидамли янги намуналар, маҳсулдорлиги юқори бўлган, тупроқ намлиги ва унумдорлигидан самарали фойдаланадиган намуналар селекция жараёнининг келгуси босқичлари учун ажратиб олинди. 
    Лалмикор минтақалар учун нўхат, ясмиқ, бурчоқ экинларининг эртапишар, ташқи муҳитнинг биотик ва абиотик омилларига чидамли, юқори оқсилли навларини ва нав намуналарини яратиш бўйича дурагайлар кўчатзорида ўрганилган 120 дурагайларни 60 та чатиштириш комбинациялари асосида F1 дурагайлари олинди. Селекция 1-йил майдонида 429 та линиялар ўрганилиб, шундан абиотик ва биотик омилларга чидамли, юқори ҳосилли 200 таси танлаб олинди. 2-йил селекция майдонида 140 та линиялардан 70 та линиялар қимматли хўжалик белгилари бўйича танланди. Қиёсий таққослаш майдонида бурчоқнинг 562-линияси, хашаки нўхатнинг Восток-84, ГК-89 навлари юқори ҳосилдорлиги жиҳатидан ажралиб чиқди. 
     Шоличиликда муттасил ва алмашлаб экиш тизимида минтақалар шароитига мос келадиган шоли етиштиришнинг илғор агротехнологияларини ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган тадқиқот ишида ўтлоқи тупроқ шароитида шолининг ўртапишар “Авангард” навидан муттасил 38 йил экилганда гектаридан 34,7 ц/га, агротехник тадбирларни кўллаш ҳисобига 52,1 – 58,8 центнер ҳосил етиштириш мумкинлиги аниқланди. Андижон вилояти шароитида шолининг “Искандар” навини уч хил усулда экиб синаш асосида кўчат усулида экиб етиштириш усулнинг бошқа усулларга нисбатан устунлиги олинган 13 ц/га кўшимча ҳосилда намоён бўлди. Шолининг “Искандар” навини қуруқликда ва сувда ҳамда қўчат усулида экиш бўйича жорий йилда ҳосилдорлик 91,8 ц/га ни ва 3 йиллик ҳосилдорлик натижасига кўра вариантлар бўйича ўртача 90,3 ц/га ни ташкил этди. Олиб борилган изланишлар натижасида 1 гектар кўчат экилган майдондан 90,5 ц/га ҳосил олишга эришилди. 
     Тупроққа сувда ишлов бериш ва ўстирувчи моддаларни қўллаб экологик тоза ва арзон маҳсулот етиштиришда шолининг “Искандар” навидан 15 тонна сертификатланган уруғлиги тайёрланди. Шоли экишдан олдин тупроққа сув ичида ишлов бериш ва ўсимликка биостимулятор қўллаш, уни ўсиши, ривожланиши ва маҳсулдорлигини оширди. Иқтисодий самарадорлик гектаридан 960 минг сўмни ташкил этди. Бошланғич уруғчиликни барпо этиш мақсадида районлаштирилган ва истиқболли шоли уруғлари суперэлита, элита уруғлик далаларидан ҳамда уруғчилик питомникларидан олинган якка танланган оилаларни лаборатория шароитида таҳлилдан ўтказиб, стандарт талабларига тўла жавоб берадиган қилиб тайёрлаш ишлари олиб борилди. Шолининг “ЎзРОС-7-13”, “Лазурный”, ”Авангард”, ”Искандар”, ”Мустақиллик”, ”Истиқлол”, ”Истиқбол” навларини таҳлил қилиш ишлари давом эттирилмоқда. 
      Ўсимликшуносликда. Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институтининг Сурхондарё тажриба станциясида жорий йилда узумнинг 956 намунаси инвентаризациядан ўтказилди ва 6,3 га майдонда янги узум колллекция боғи (дублет) барпо этилди. Шу билан бир қаторда анорнинг истиқболли навларидан 2 га майдонда оналик боғлари, ўрикнинг 81 навидан 1,9 га майдонда, ўрик, олхўри ва тоғ олчанинг 52 навидан, гилоснинг 36 та навидан, олманинг 47 навидан, нокнинг 50 та навидан коллекция боғлари яратилди. Истиқболли навларни кўпайтириш мақсадида шафтолининг 11 та, гилоснинг 4 та, олхўрининг 4 та нави 4,7 га майдонга экилиб, оналик боғлари барпо этилди. Дублет коллекцияларини барпо этиш ишларини давом эттириш учун 0,5 га ерга мева кўчатзорининг биринчи даласи ташкил этилиб, узумнинг 250 дан ортиқ намунасидан қаламчалар тайёрланди. 
     Сабзавотчилик ва картошкачиликда. Сабзавот, полиз экинларининг бирламчи уруғчилиги ва юқори сифатли уруғ етиштиришнинг истиқболли усулларини ишлаб чиқишда уларнинг нав тозалигини юқори даражада сақлаб туриш мақсадида якка, оилавий ва линияли танлов боғчаларида уруғчилик ишлари ташкил этилди. Жумладан бодрингнинг “Наврўз”, “Зилол”, помидорнинг “Ситора”, редиснинг “Лола”, бақлажоннинг “Алмаз”, қовуннинг “Зар гулоби”, ош лавлагининг “Диёр” навларининг нав тозалиги 99-99,5% га етказилди. Пиёзнинг “Сумбула”, “Истиқбол”, “Зафар”, карамнинг “Тошкент-10”,турпнинг “Андижон-9”, ош лавлагининг “Диёр”, шолғомнинг “Муяссар”, “Наманган маҳаллий” ва “Самарқанд маҳаллий”, сабзининг “Мшак”, “Зийнатли”, “Нурли” навларининг оналикларини етиштириш учун якка танлов ва суперэлита боғчалари ташкил этилди. Умуман олганда, помидорнинг 9 та, бодринг, ширин қалампир, бақлажон ва тарвузнинг 2 тадан, пиёзнинг 3 та, қовуннинг 7 та, патиссон, қовоқча, редиска, ош лавлаги, сабзи, укроп, кашнич, петрушка ва карамнинг 1 тадан навлари бўйича уруғликлар ҳосили йиғиштирилиб, жами бўлиб 12371,8 кг юқори сифатли навдор сабзавот ва полиз уруғлари тайёрланди. 
      Шунингдек, помидор ва ширин қалампирнинг уруғини тўғридан тўғри далага экиб, улардан сифатли уруғлик етиштириш технологияси ишлаб чиқилди. Сабзавот, полиз экинларини юқори самарадор, иссиққа, касалликларга чидамли, истеъмол, товар ва технологик сифати яхши бўлган нав ва дурагайларини яратишда Ўзбекистон Республикаси Давлат реестрига помидорнинг Нурафшон F1 дурагайи ва бодрингнинг “Сафар” нави киритилди. Давлат нав синаш комиссиясига топширилган пиёзнинг “Оқ дур” навидан 120 кг супер элита, 180 кг элита оналик уруғлари тайёрланди. 
       Мевачиликда. Тошкент, Фарғона, Наманган ва Самарқанд вилоятларида олма навларининг оналик боғларини яратиш ва кўчатларни кўпайтириш учун ишлаб чиқаришга бериш бўйича Р.Шредер номли Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-ишлаб чиқариш корпорацияси томонидан яратилган ҳамда Давлат реестрига киритилган олманинг “Детское”,“Чўлпон”,”Қизил тарам олма”, “Малика”, “Ойдин”, “Фарангиз” навларининг оналик боғлари ташкил этилди. 
    Ўзбекистоннинг жанубида мевали, субтропик ўсимликлар ва узумнинг янги истиқболли маҳаллий интродукция қилинган юқори ҳосилли навларини ўрганиш ҳамда ишлаб чиқаришга тадбиқ қилишда олманинг “Саратони” ва “Яхок” навлари стандарт навларга тенглаша олмасада, бошқа навларга нисбатан устунлиги аниқланди. Ўрикнинг “Мароканд” ва “Моҳир” навлари юқори кўрсатгича эга бўлди. Анорнинг “Салаватский”, анжирнинг “Белый Адриатический” ва “Бианко Гроссо”, шарқ хурмосининг “Сеянец-10/22” навлари ҳар томонлама бошқа навларга нисбатан устун бўлиб Давлат нав синаш комиссиясига топширилди. 
      Қашқадарё вилояти шароитида мева ва узумнинг истиқболли навларини ўрганиш ва ажратиш бўйича нокнинг 18 хил, беҳининг 5 хил, гилоснинг 20 хил ва бодомнинг 4 хил навидан коллекцион боғлар яратилди. Коллекцион боғ шафтолининг 20 хил, ўрикнинг 20 хил навлари билан тўлдирилди. 
      Тоғ ва тоғолди ҳудудларида бодомнинг «Малика» ва фундукнинг «Далер» навлари Давлат реестрига киритилди ва ёнгоқнинг “Истиқлол” нави синаш учун Давлат нав синаш комиссиясига топширилди. 
      Чорвачиликда. Компьютерлаштирилган “Гавиш” дастури асосида молларнинг маҳсулдорлик ва бошқа асосий селекция кўрсаткичлари республикамизнинг чорвачиликка ихтисослашган бир қатор фермер хўжаликларида ўрганилди. 
       Жундор эчкиларни сақлаб қолиш ва такомиллаштириш бўйича тадқиқотлар Наманган вилояти Ш.Рустамов фермер хўжалигида олиб борилди. 200 бош она эчкилар ҳамда 14 бош юқори маҳсулдор элита такалар гуруҳлари барпо этилди. Она эчкиларнинг тирик вазни 38-40 кг, жун қирқими 1,2-1,5 кг, такаларники 55-60 кг ва жун қирқими 2,8-3,4 кг ни ташкил этди. 
       Сут йўналиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари Тошкент вилояти, Қибрай тумани “Алишер Чорвадор” фермер хўжалигида олиб борилмоқда. Дастур асосида 60 кун мобайнида ҳар 10 кунда назорат соғими ўтказилиб, сутининг кимёвий таркиби аниқланди. Т.Тожибоев номли фермер хўжалигида қўй ва қўзиларнинг ўсиш ва ривожланиш, уларни парваришлар ишлари олиб борилди. 
       Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти томонидан 2011 йилда “Қоракўл зотини сифатли такомиллаштиришнинг 2015 йилгача мўлжалланган селекцион-генетик Дастури”га асосан республиканинг 20 та наслчилик заводлари ва 10 та наслчилик хўжаликларида экспорт талабларига жавоб берадиган қоракўлчилик маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришга йўналтирилган селекция-наслчилик ишлари бажарилди. Шу билан бир қаторда “Ўзбек қоракўли” компанияси билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида наслли қоракўл қўчқорларининг кўргазмаси ва уларни товар хўжаликларига аукцион орқали сотиш тадбири ўтказилди. Натижада хўжаликларда наслни яхшилаш ва экспортбоп қоракўл маҳсулоти салмоғини 10-15% га ошишига замин яратилди. 
      Самарқанд вилояти “Қарнаб-ота” наслчилик хўжалигида мол бош сонини, гўшт ишлаб чиқаришни кўпайтириш, сурув таркибида она қўйлар салмоғини ошириш мақсадида институт олимлари томонидан маҳаллий хом ашёдан тайёрланган биологик актив воситалар ҳамда биотехнологик асбоб-ускуналардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Чўл ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш мақсадида Навоий вилоятининг “Сарибел” наслчилик заводида қоракўл ва қўй териларига технологик ишлов берувчи, “Конимех” наслчилик заводида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи кичик корхоналарни ишга тушуришга доир консалтинг хизматлари кўрсатилди. 
     Ветеринария илмий-тадқиқот институти томонидан янги бентонитли антигельминт-туз аралашмалар Р.Жаҳонгиров номли “Абай”, “Сарибел”, Ф.Хўжаев номли ва “Нурота” наслчилик ширкат хўжаликларида синалиб, қоракўлчилик хўжаликларида гельминтозларга қарши даволаш-профилактика қилишнинг замонавий услуб-воситаларини қўллаш бўйича таавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур масалага доир “Сарибел” наслчилик ширкат хўжалигида кўргазмали семинар ўтказилди. Навоий, Сирдарё, Жиззах вилоятлари хўжаликларида пираплазмоз ва бабезиозни эпизоотик ҳолатлари ўрганилди. Жиззах вилояти Жиззах тумани “Совуқ сув” яйловларида боқилаётган аҳоли молларидан пироплазмоз ва бабезиоз штаммлари ажратилиб, тажриба молларни юқтиришда фойдаланилди, сўнг криоконсервация қилиниб, криобанк ташкил этилди, натижада бабезиоз билан касалланган молларни даволашда 3 мг/кг миқдорда қўлланилган Узбикарб препарати самарадорлиги паст, 4-5 мг/кг миқдорда қўлланилганда эса юқори бўлганлиги аниқланди. 
      Паррандачиликда. Юқоримаҳсулдор дурагай товуқларни яратишда “Ўртачирчиқпарранда” паррандачилик фабрикасида 16500 бош дурагай товуқларда ишлаб чиқариш синови ўтказилди. Дурагай товуқларнинг 11 ой даврдаги серпуштлиги 241 дона тухумни, 1000 дона тухумга озуқа сарфи 1,83 ц, 12 ойлик ёшда тухум вазни 62,4±0,2 г ни ташкил қилди. Ишлаб чиқариш синовида товуқларнинг сақланиши юқори бўлиб, 91,4% ни ташкил қилди. 
      Бройлер жўжалари учун янги ингредиентлар – нутрицентлардан (мультиэнзимфермент препаратлари, микотоксинларни зарарсизлантирувчи преператлар, маннанооли-госахаридлар) фойдаланиб, омухта ем рецептлари ишлаб чиқилди ва илмий-амалий тажрибаларда зоотехник кўрсаткичларга ижобий таъсири асослаб берилиб, ишлаб чиқаришга жорий қилинди. 
       Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштиришда. Қисқа агротехник муддатларда минимал қувват-ресурс харажатлари билан тупроққа асосий ишлов бериш ҳамда сабзавот экинлари ва картошка етиштириш учун ТТЗ-100SP сабзавотчилик трактори билан ишлайдиган плугнинг макет нусхаси тайёрланди. Сабзавот култиватори ва айланма плуг бўйича ишлаб чиқилган дастлабки талаблар юқори ташкилотлар томонидан тасдиқланди. 
      Пахта етиштиришда қатор ораларига сифатли ишлов бериш, энергия-ресурстежамкор ҳамда ўғитни локал солиш самарадорлигини таъминловчи технология ва техник воситаларни такомиллаштириш бўйича ғўза вегетация даврида ўғитни табақалаб чуқур берувчи сошник ҳамда пушта олишда бир йўла қаватлаб ўғит солиш иш органлари яратилди. Энергия-ресурстежамкор култиватор иш органлари билан синовлар ва дала тажрибалари ўтказилди ҳамда унинг параметрлари “БМКБ-Агромаш” ОАЖга топширилди.  
       Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётида. 2011 йил давомида Бозор ислоҳотлари илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялаш жараёнида қишлоқ хўжалиги тармоқларининг инвестицион жозибадорлиги ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш даражасига мос равишда давлат томонидан мувофиқлаштириш стратегиясини белгилаш бўйича илмий асосланган амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.  
     Республика ҳудудларида хизмат кўрсатувчи “Ҳисоб-таҳлил марказ”лари билан фермер хўжаликлари ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммолар анкета сўровномалари асосида аниқланди, уларни бартараф этиш бўйича илмий таклифлар ишлаб чиқилди. 
    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш Қўмитаси томонидан иқтидорли ва ташаббускор олимларнинг илмий тадқиқотларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида фан ҳамда технологиялар тараққиётининг устувор йўналишлари бўйича эълон қилинган танловга Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий ва олий таълим муассасалардан 62 фундаментал, 426 амалий, 14 ёш олимлар ва 70 та инновацион, жами 572 та лойиҳа топширилди. 
     Ушбу топширилган лойиҳалар техник кўрикдан ўтказилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасининг йўналишлари бўйича эксперт гуруҳлар томонидан ҳар бир лойиҳага иккитадан юқори малакали экспертлар тайинланди ва уларнинг хулосалари олинди. Ҳозирги кунда 200 тага яқин ғолиб деб топилган лойиҳаларни молиялаштириш ҳажмларини белгилаш ишлари олиб борилмоқда. 
     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 9 мартдаги 122-Ф фармойиши билан 2011 йил 13-15 апрель кунлари “Ўзэкспомарказ”да “Инновация ғоялари ва лойиҳалари IV Республика ярмаркаси” ўтказилди. Ушбу ярмаркада Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 15 илмий ва олий таълим муассасалари 69 та ишланмалари билан иштирок этишди ва турли ташкилотлар билан ўзаро манфаатли, жами 650,0 млн. сўмлик 85 та шартномалар имзоланди. 
     2011 йилда Илмий Марказнинг Ҳайъати 4 марта йиғилиш ўтказди (23 январь, 31 март, 2 август ва 22 ноябрь). Ҳисобот даврида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ва унинг тизимидаги илмий муассасалар томонидан чоп этилган илмий мақолалар сони қуйидагича бўлди (ўтган йилнинг шу даврига солиштирма равишда): хорижий нашрларда 89(144) та, маҳаллий нашрларда 759(721) та, монографиялар 34(30) та, дарслик ва ўқув қўлланмалар 111(110) та; илмий анжуманларда чоп этилган мақолалар сони: халқаро илмий анжуманларда 155(300) та, Республика илмий анжуманларида 901(563) тани ташкил қилди.  
      О.Олимжонов




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech