Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
04.09.2011
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази (ЎзҚХИИЧМ) тизимидаги илмий муассасалар 2009-2011 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси танловидан ўтган 7 та Давлат илмий-техник дастурлари асосида жами 444 та, шу жумладан, 31 та (5 та ёш олимлар) фундаментал (15 та ташкилот), 345 та (9 та ёш олимлар) илмий-амалий (35 та ташкилот), 19 та идоралараро илмий-амалий (8 та ташкилот), 41 та инновацион (25 та ташкилот) грант лойиҳалари устида ҳамда 8 та (7 та ташкилот) ноёб объектларда тадқиқот ишларини олиб бормоқдалар. Ушбу тадқиқотлардан 2011 йилнинг 9 ойи якуни бўйича қуйидаги натижалар олинди: 
Пахтачиликда. Серҳосил, тезпишар, вилтга ва сувсизликка бардошли, толаси IV типга мансуб, тола чиқими 37% бўлган “Наманган-34” янги ғўза нави яратилди ва сув танқис бўлган ҳудудларга экиш учун тавсия этилиб, ушбу ғўза навининг супер элита материалларининг нав тозалигини жаҳон андозаларига етказиш ва экин майдонларини кенгайтириш мақсадида Андижон, Фарғона, Наманган ва Навоий вилоятлари учун районлаштирилди. Наманган вилоятнинг Қизил-Равот ҳамда Фарғона вилоятининг Қува элита хўжаликларида уларнинг уруғчилигини ташкил этиш ишлари олиб борилди. 
Ғаллачилик ва дончиликда. Давлат нав синаш комиссиясида Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий-тадқиқот институтининг Ғаллаорол филиали томонидан топширилган қишлоқ хўжалик экинларининг 14 та нави турли иқлим-тупроқ шароитларида экологик синовлардан ўтмоқда. Нўхатнинг “Ирода-96” ва қаттиқ буғдойнинг “Жавоҳир” навлари лалмикор ерларда экиш учун Давлат реестрига киритилди. 
Шоличиликда. Бошланғич уруғчиликни барпо этиш мақсадида районлаштирилган ва истиқболли шоли уруғлари суперэлита, элита уруғлик далаларидан ҳамда уруғчилик питомникларидан олинган якка танланган оилаларни лаборатория шароитида таҳлилдан ўтказиб, стандарт талабларига тўла жавоб берадиган қилиб тайёрлаш ишлари олиб борилди. Якка танлаш йўли билан олинган оилалар жами бўлиб 1660 донани ташкил қилди. Шу жумладан, “УзРОС-7-13” 250 дона оила, “Лазурный” 300 дона, “Мустақиллик” 200 дона, “Авангард” 250 дона, “Искандар” 300 дона, “Истиқлол” 120 дона, “Илғор” 20 дона, “Гулжаҳон” 20 дона ва “Истиқбол” навидан 200 дона оила экилди. П-2 кўчатзорига (питомнигига) 2009 йилда П-1 кўчатзоридан олинган жами 470 дона оилалар экилди. Шу жумладан, “ЎзРОС-7-13” 125 дона, “Мустақиллик” 115 дона, “Авангард” 100 дона ва “Искандар” навининг 130 дона оилалари экилди. 
Маккажўхоричиликда. Республикамизнинг турли шароитларида синалиши режалаштирилган маккажўхорининг “Ўзбекистон 601 ЕСВ” ва “Қорасув 350 АМВ” дурагайлари, оқ жўхорининг “Ўзбекистон 18”, “Ўзбекистон паканаси” ва “Қорабош” навлари тупроқ шўрига ва қурғоқчиликка чидамлилиги, экстремал шароитда уларнинг ўсиши, ривожланиши ва кўк поя, дон ҳосилдорлиги бўйича маълумотлар олинди. Ушбу ўсимликларнинг тупроқ мелиорацияси унумдорлигига таъсирини аниқлаш бўйича агрокимёвий ва агрофизикавий таҳлиллар натижалари олинди ва ҳосилни йиғиб олиш ишлари олиб борилмоқда. 
Ўсимликшуносликда. Ўсимликлар генофондини генетик бутунлигини уруғлар унувчанлигини тиклаш ва вегетатив кўпаювчи экинларни тирик ҳолда ушлаб туриш йўли билан сақлаш ҳамда бойитиш бўйича селекцияга бирламчи манбалар ажратиш учун жаҳоннинг турли мамлакатига мансуб 10 хил қишлоқ хўжалик экинларнинг 700 та интродукция этилган намуналари устида карантин кўчатзорида фитопатологик ва энтомологик кузатув ишлари олиб борилмоқда. 24 хил қишлоқ хўжалик экинларнинг 3031 намунасининг эски репродукция уруғлари экиш учун сақланиб, коллекция кўчатзорига экилди ва ҳозирги кунда улардан пишиб етилганларининг уруғлари олинмоқда. 
Сабзавотчилик ва картошкачиликда. Сабзавот, полиз экинларини юқори самарадор, иссиққа, касалликларга чидамли, истеъмол, товар ва технологик сифати яхши бўлган нав ва дурагайларини яратишда пиёзнинг “Оқ дур”, бақлажоннинг “Феруз”, аччиқ қалампирнинг “Саид”, тарвузнинг “Шарқ неъмати” навлари Давлат нав синаш назоратида синовдан ўтказилди. Ўзбекистоннинг иқлим шароитига мос, ҳар хил муддатда пишадиган картошка навларини яратиш ва уларнинг бирламчи уруғчилигини барпо этишда картошканинг “Серҳосил” ва “Кўксарой” навлари 2011 йилдан қишлоқ хўжалиги Давлат реестрига киритилди. Ушбу экиннинг “Умид-2”, “Сарнав” ва “Пском” навлари Давлат нав синаш назоратида синовдан ўтмоқда. 
Мевачиликда. Ўзбекистоннинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида ўстириш учун мевали ўсимликлар ва узумнинг истиқболли тур ва навларини танлаш, уларни ўстириш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича бодомнинг совуққа чидамли, истиқболли, янги - “Малика”, фундукнинг “Далер” ва шароббоп узумнинг “Олтиндай” навлари Ўзбекистон Республикаси Давлат реестрига киритилди. Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Наманган вилоятларида янги яратилган ҳамда Давлат реестрига киритилган олманинг “Чўлпон”, “Қизил тарам олма”, “Малика”, “Ойдин”, “Фарангиз” навларининг оналик боғлари ташкил этилди. 
Чорвачиликда. Бўғоз ғўнажинлардан соғлом бузоқ олиш учун, 10 кун мобайнида бузоқларни онаси билан сақлашда туғиш хоналари ва ветеринария профилакторияси жиҳозланди. Янги туққан сигирларни серсутлаш мақсадида тўйимли озуқа рациони ишлаб чиқилди. Йилнинг фасллари ва ҳаво ҳароратига қараб бўғоз ғўнажинлар очиқ майдонларда ва молхоналарда боқилди. Бўғозликнинг 6-7 ойидан бошлаб елинни уқалаш йўли билан ривожлантириш амалга оширилди. 
Қоракўлчиликда. Қоракўл қўйларининг экспортбоп маҳсулот берувчи завод сурувларини яратишда юқори самарали селекция усулларини жорий этишда “Жонгелди”, “Сарибел”, “Қораката”, “Нурота”, “Томди”, “Оёққудуқ” ва “Сайхон” наслчилик заводларида турли рангли қўйлардан жами 24363 бош сифатли қўзилар олинди. Экспортбоп қоракўл маҳсулотини берувчи селекцион сурувлардаги танланган қўйлар сони 21440 бошга етказилди. Турли рангли қўйлар генотиплари билан завод типи сурувларининг массиви кенгайтирилди. 
Ветеринарияда. Республикамизнинг Самарқанд, Навоий ва Жиззах вилоятлари хўжаликларида ёш моллар касалликларининг тарқалиш даражаси ўрганилди. Вилоятлардан келтирилган патологик намуналар бактериологик текширилганда, текширишлар натижасида Жиззах ва Навоий вилояти хўжаликларида диплококкоз, стрептококкоз касалликларининг учраши 17,3% ни, Самарқанд вилояти хўжаликларида эса бузоқларнинг пастереллёз касаллиги 9,2% ни, қўйларнинг энтеротоксемия, брадзот касалликларининг учраши эса 4,5% ни ташкил этди. 
Паррандачиликда. Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилда паррандачиликни ривожлантириш Дастурига асосан жорий йилда Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида паррандачилик фермер ва деҳқон хўжаликларига товуқларни асраш, жўжаларни ўстириш ва озиқлантириш бўйича тавсиялар бериб, амалий ёрдам кўрсатилди. Бройлер жўжалари учун ноанъанавий озуқа турлари ва биологик актив моддалардан фойдаланиб, омухта ем рецептлари ишлаб чиқилди ва тажриба ўтказилди. 
Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштиришда. Пахта етиштиришда тупроққа минимал ишлов берилишини таъминловчи комбинациялашган агрегат конструкцияси ишлаб чиқилиб, унинг саноат намуналари тайёрланди ҳамда синовлари ўтказилди. Пахтачилик культиваторининг такомиллаштирилган (комбинациялашган) иш органининг ҳамда қатор ораларига ўғитни чуқур солувчи сошникларнинг чизмаларига ўзгартиришлар киритилди ва улар асосида иш органлари тайёрланмоқда. МТПларнинг оптимал таркиби танланиб, модернизация дастурига киритилди. 
Ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишда. Кемирувчи зараркунандаларга қарши браконнинг тезкор, экологик соф, биологик усули ишлаб чиқилди. У амалдаги усулга нисбатан 1,5-2 маротаба арзон бўлиб, меҳнат кучи сарфини 2-3 марта қисқартиради ва кўпайтиришда ишлатиладиган озуқа маҳсулотини 2-3 баравар тежайди, ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиради ҳамда вилоятлардаги биолабораториялар фаолияти самарадорлигини оширади. 
Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётида. Республика ҳудудларида ташкил этилган қишлоқ тадбиркорларига хизмат кўрсатувчи “Ҳисоб-таҳлил марказ”лари билан фермер хўжаликлари ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммолар анкета сўровномалари асосида аниқланди, уларни бартараф этиш бўйича илмий таклифлар ишлаб чиқилиб, уларни жорий этишнинг ташкилий механизми яратилмоқда. 
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш Қўмитаси томонидан иқтидорли ва ташаббускор олимларнинг илмий тадқиқотларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида фан ҳамда технологиялар тараққиётининг устувор йўналишлари бўйича танлов эълон қилинди. Ушбу танловни ўтказиш бўйича вазирлик тизимидаги илмий ва олий таълим муассасаларнинг 2012-2016 йилларга мўлжалланган фундаментал, 2012-2014 йилларга мўлжалланган илмий-амалий ҳамда 2012-2013 йилларга мўлжалланган ёш олимларнинг фундаментал ва амалий лойиҳаларини тайёрлаш, расмийлаштириш, электрон рўйхатдан ўтказиш ва танловларга тақдим этиш тартиб-қоидалари бўйича ЎзҚХИИЧМда ўқув-семинари ташкиллаштирилди. Ушбу танловга 62 фундаментал, 426 та амалий ва 14 та ёш олимларнинг, жами 502 та лойиҳалар тегишли тартибда расмийлаштирилиб топширилди. 
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 9 мартдаги 122-Ф фармойишига асосан 2011 йилнинг 13-15 апрель кунлари “Ўзэкспомарказ”да “Инновация ғоялари ва лойиҳалари IV Республика ярмаркаси” ўтказилди. Ушбу ярмаркада Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 15 илмий ва олий таълим муассасалари 69 та ишланмалари билан иштирок этишди ва турли ташкилотлар билан ўзаро манфаатли, жами 650,0 млн. сўмлик 85 та шартномалар имзоланди. 
Ҳисобот даврида чоп этилган илмий мақолалар сони (ўтган йилнинг шу даврига солиштирма равишда): хорижий нашрларда 63(56)та, маҳаллий нашрларда 376(365)та, монографиялар 11(15)та, дарслик ва ўқув қўлланмалар 69(41)та; илмий анжуманларда чоп этилган мақолалар сони: халқаро илмий анжуманларда 99(110)та, республика илмий анжуманларида 414(388)тани ташкил қилди. Сотилган лицензиялар мавжуд эмас. 

Ахборот хизмати 
4.09.2011 йил




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech