Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази (Илмий Марказ) тизимидаги илмий муассасалар 2011 йилнинг I ярим йиллигида 2009-2011 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси танловидан ўтган 7 та Давлат илмий-техник дастурлари асосида жами 444 та, шу жумладан, 31 та (5 ёш олимлар) фундаментал (15 та ташкилот), 345 та (9 ёш олимлар) илмий-амалий (35 та ташкилот), 19 идоралараро илмий-амалий (8 ташкилот), 41 та инновацион (25 ташкилот) грант лойиҳалари устида ҳамда 8 та (7 ташкилот) ноёб объектларда тадқиқот ишлари олиб бормоқдалар. 
Пахтачиликда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг топшириғига асосан Республиканинг турли тупроқ-иқлим шароитлари учун Давлат реестрига киритилган, истиқболли ва янги ғўза навларининг экологик синовини бўйича тажрибалар ўтказилмоқда. Жумладан, пушта олиб экиш технологияси Сурхондарё, Қашқадарё, Андижон, Фарғона, Наманган, Навоий, Самарқанд вилоятларида 250 минг гектар майдонда, суғоришнинг дискрет усули 24 минг гектар, ғўза қатор ораларига плёнка ёки сомон тўшаб устидан суғориш усули 180 гектар майдонда, дарё суви тақчил бўлганда ва сизот сувлари минерализацияси паст (1-3 г/л) бўлган ерларда ғўзани субирригация усулида суғориш 183 минг гектарда ҳамда ғўзани эгат оралатиб суғориш усули Республиканинг барча вилоятларида 340 минг гектар майдондан ортиқ ерларда жорий этилди. 
Ғаллачилик ва дончиликда. Республиканинг ғалла майдонларида сув таъминоти кам бўлган иссиқ иқлимли, тупроғи шўрланган ҳудудларида экиш учун дони сифатли юқори ва серҳосил янги буғдой навларини яратиш ҳамда бирламчи уруғчилигини ташкил этиш бўйича “Замин-1”, “Ёнбош”, “Дўстлик”, “Шавкат”, “Тамара”, “Ҳосилдор” ва бошқа яратилган истиқболли навлар экишга тавсия этилди. Кузги буғдойдан кейин экишга яроқли соянинг янги эртапишар “Олтинтож”, “Тўмарис” ва “Ман-60” навларининг уруғликларидан 40 кг дан ажратиб олиниб, тозалаб, саралаб, уларнинг унувчанлиги ва тозалиги лаборатория таҳлилидан ўтказилди. Шунда “Олтинтож” навининг тозалиги 98,7 фоиз, “Тўмарис” ва “ Ман-60” нави уруғининг тозалиги эса 99,5 фоизни ташкил этди. Суғориладиган ва лалмикор ерлар учун арпа, дуккакли дон, мойли ва ем-хашак экинларнинг иссиққа ва қурғоқчиликка чидамли бўлган юқори сифатли янги навларини яратиш ҳамда бирламчи уруғчилигини ташкил этиш бўйича майдонлар учун арпанинг “Болғали”, “Хонақоҳ”, “Мавлоно”, “Мезон”, “Ихтиёр”, “Лалмикор”, “Нурота”, пивобоп йўналишда арпанинг “Саврук”, “Нозиктам” ва “Абу Ғафур” навлари яратилиб, Республиканинг Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент ва Жиззах вилоятларида амалиётга жорий этилди. Нўхатнинг “Ирода-96”, қаттиқ буғдойнинг “Жавоҳир” нави лалмикор ерларда экиш учун Давлат ресстрига киритилди. 
Ўсимликшуносликда. Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти Марказий Осиё минтақасида қишлоқ хўжалик экинларининг генофонди бўйича энг йирик илмий марказларидан ҳисобланади. Бу ерда 100 дан ортиқ қишлоқ хўжалик экинлари турларининг 43 мингдан ортиқ намуналари сақланмоқда. Ўсимликларнинг бу бебаҳо генетик фонди келажак авлодлар учун юқори маҳсулдор ва сифатли навларни яратишда асосий манба ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда асос бўлиб ҳизмат қилади. Қишлоқ хўжалик экинлари генофондини комплекс ўрганиш асосида селекция учун янги бирламчи манбаларни ажратиб олишда масалан, ғўзанинг 300 дан ортиқ намуналарига комплекс баҳо берилиб эртапишар, юқори ҳосилдорлик, тола чиқиши юқори ва толасининг узунлиги билан фарқ қилувчи намуналар аниқланди. Мойли экинларнинг 150 дан ортиқ, яъни ер ёнғоқнинг – 50 та намунаси эрта пишар, ҳосилдор, мой миқдори юқори 51,8-52,0% ни ташкил этганлари ажратиб олинди. Кунжутнинг ҳам 50 та эртапишар, юқори ҳосилдор, мой миқдори 63-65% ташкил этадиган намуналари ажратиб олинди ва андоз навларидан 6-8% устунлиги аниқланди. 
Сабзавотчилик ва картошкачиликда. Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан яратилган помидорнинг “Заковат”, аччиқ қалампирнинг “Саид”, бақлажоннинг “Феруз” ва пиёзнинг “Оқ дур” навлари Давлат нав синаш комиссиясига топширилди. Картошканинг “Кўк сарой”, “Серҳосил” ва бодирингнинг “Сафар” навлари Давлат реестрига киритилди. Ҳозирда картошканинг “Қувонч”, “Тўйимли”, “Сантэ” ва “Адретта” навлари устида Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари шароитида дала тажрибалари ўтказилмоқда. 
Мевачилик ва узумчиликда. Илмий Марказ тизимидаги Р.Р.Шредер номли “Мева-шарбат” боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-ишлаб чиқариш корпорацияси Давлат нав синаш комиссиясига қулупнайнинг “Баунтифул”, узумнинг “Мотрудий”, нокнинг “Фаризи”, гилоснинг “Молдавская черная” навларини топширди. Республика ҳудудларида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига узумнинг шароббоп “Олтиндай”, бодомнинг “Малика” ҳамда фундукнинг “Далер” навлари киритилди. Давлат нав синаш комиссиясига топшириш учун қуйидаги мева-узум навларининг ҳужжатлари тайёрланмоқда: қулупнайнинг “Редгоунлет”, олманинг “Мантет”, Жиззах оқ олмаси, Қува маҳаллий эртанги олмаси, ёнғоқнинг серҳосил гибриди, узумнинг “Мотрудий” дурагайи. 
Чорвачиликда. Чорвачилик илмий-тадқиқот институти томонидан озуқабоп экинларининг янги навларини тоза ҳолда ёз ва кузда оралиқ экинлар тарзида етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш ва уларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этишда фермер хўжаликлари билан ҳамкорлик шартномалари тузилган. Турли урчитиш усулларида сут ва сут-гўшт йўналишидаги қорамолларнинг асосий селекция белгиларини такомиллаштириш ва юқори насл қийматли селекция подаларини яратиш бўйича олинган натижалар тажриба хўжаликларида жорий этилиб борилмоқда. Жумладан, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги “Аваз” наслчилик фермер хўжалигида Австрия селекциясидаги наслдор буқалардан олинган 36 бош швиц зотли сигирлар ишлаб чиқаришга жорий қилинди. 
Қоракўлчиликда. Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти томонидан камёб ранг ва ранг-барангликдаги қоракўл қўйларининг янгиларини яратишда Навоий вилояти “Истиқлол” наслчилик ширкат хўжалигида Қорақалпоқ сур қўйларининг ҳар хил авлодга хос 1000,0 бошдан зиёд ҳар хил рангбарангликларидан ҳозирги кунгача 420 бош Қорақалпоқ сур қўзилари олинган. Уларнинг 16,7% и шамчироқгулга 18,2% и пулати сур, 23,4% и ўрикгул ва 25,2% и сур қамар рангбаранглигига тааллуқли булган. Хўжаликда 80,0 бош Қорақалпоқ сур қўчқорлари мавжуд бўлиб, уларнинг 80% элита ва 20% и I-синфга тааллуқлилиги аниқланди. Қашқадарё вилояти “Нишон” наслчилик ширкат хўжалигида ҳам Қорақалпоқ сур қўйларнинг 480,0 бош ҳар хил авлодга хос совлиқларидан 56 бош Қорақалпоқ сурига хос қўзилар олиниб, уларнинг 17,4% ини шамчироқгул, 18,2% ини пўлати, 21 % ини ўрикгул ва 24,0% ини қамар рангбарангликлари ташкил этган. Қашқадарё вилоятининг “Муборак”, “Ғузор”, “Нишон”, Сурҳондарё вилоятининг “Сайхон” наслчилик заводларида қора, кўк, сур рангли қоракўл қўйларининг қимматли ассортиментдаги қоракўл терилари салмоғини 15-20% кўпайтириш имконини берувчи 8,5-9,0 минг бошдан иборат яхшиланган генотипли селекцион гуруҳларини яратиш ишлари ниҳоясига етказилди. 
Ветеринарияда Республикамиз хўжаликларида бактериал инфекциялар тарқалишига доир Қашқадарё, Самарқанд, Навоий, Хоразм, Бухоро, Сурҳандарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон чорвачилик хўжаликларининг эпизоотик ҳолати ўрганилди ва ўртача 10 та чорвачилик хўжалигида 852 бош қорамол кўрикдан ўтказилиб, ҳайвонлардан патологик намуналар бактериологик текширилди ва касаллик қўзғатувчиларнинг биологик хусусиятлари аниқланди. Қашқадарё ва Навоий вилоятлари хўжаликларида пастереллёз ва колибактериоз касалликларнинг учраши 17,3 фоизни, Самарқанд вилоятида эса бузоқларнинг ушбу касалликларга чалиниши 9,2 фоизни, қўйларнининг энторотоксемия, брадзот касалликлари учраши 4,5 фоизни ташкил этди. Ушбу касалликларни олдини олишда шартномалар асосида 30 минг доза вакцина жорий этилган ва вакцина қўлланилган хўжаликларда касалликларнинг олди олинди. 
Ипакчиликда. Тут ипак қуртининг маҳсулдорлиги юқори бўлган Ўзбекистон-5 ва Ўзбекистон-6 дурагайлари республиканинг бир қатор вилоятларида катта ҳажмда боқилиб, ҳар қути ҳисобидан қиёсловчига нисбатан ўрта ҳисобда 4,0-5,0 кг қўшимча пилла ҳосили олишга эришилди. Ипакчи 1 х Ипакчи 2 ва Ипакчи 2 х Ипакчи 1 ипак қуртининг дурагайлари республиканинг кўпчилик вилоятларида бу йил 60 фоиз ҳажм атрофида боқилди ва ҳар бир қутидан 3,5-4,0 кг дан қўшимча ҳосил олинди. 
Паррандачиликда. Паррандачилик илмий марказида бажарилган илмий-тадқиқот ишлари натижалари, ишланмалар паррандачилик фабрикаларида ва фермер хўжаликларида жорий қилинмоқда. Республикада 2011 йилда паррандачиликни ривожлантириш Дастурига асосан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида паррандачилик фермер ва дехкон хўжаликларига товуқларни асраш, жўжаларни ўстириш ва озиқлантириш бўйича тавсиялар бериб, амалий ёрдам кўрсатилди. 
Ресурстежамкор, ноанъанавий ва биологик актив моддалардан фойдаланиб, тўла қийматли мувозанатлаштирилган озиқлантириш рационлари ишлаб чиқилган. Бройлер жўжалари учун янги ингредиентлар – нутрицентлардан (мультиэнзимфермент препаратлари, микотоксинларни зарарсизлантирувчи преператлар, маннанооли-госахаридлар) фойдаланиб, омухта ем рецептлари ишлаб чиқилди ва илмий-амалий тажрибаларда зоотехник кўрсаткичларга ижобий таъсири асослаб берилиб, ишлаб чиқаришга жорий қилинмоқда. 
Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётида. Бозор ислоҳотлари илмий-тадқиқот институти томонидан Республика ҳудудларида ташкил этилган қишлоқ тадбиркорларига хизмат кўрсатувчи “Ҳисоб-таҳлил марказ”лари билан фермер хўжаликлари ўртасидаги иқтисодий муносабатларни ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммоларни анкета сўровномалари асосида аниқланди, уларни бартараф этиш бўйича илмий таклифлар ишлаб чиқилиб ва жорий этишнинг ташкилий механизми яратилмоқда. 
Ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишда. Табиатда нобуд бўлган ва касаланган ҳашаротлардан таъсирчанлиги юқори бўлган биологик материалларни йиғиш давом этмоқда. Ажратиб олинган соф бактерия ва замбуруғ намуналарини морфологик хусусияти ўрганилди. Юқори самарали замбуруғ намуналарини арзон чиқиндиларда кўпайтириш технологиясини ишлаб чиқариш усуллари ўрганилмоқда. Лаборатория ва дала тажрибаларида фитономусга қарши бактерия ва замбуруғ намуналарни қўлланилганда унинг самарадорлиги аниқланди. 
Жорий йилнинг 13-15 апрель кунлари “Ўзэкспомарказ”да “Инновация ғоялари ва лойиҳалари IV Республика ярмаркаси” ўтказилди. Ушбу ярмаркада Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий ва олий таълим муассасалари охирги йилларда яратилган ишланмалари билан иштирок этишди. 
Илмий Марказ тизимида ҳисобот даврида чоп этилган илмий мақолалар сони (ўтган йилнинг шу даври солиштирма равишда): хорижий нашрларда 22 (15) та, маҳаллий нашрларда 244 (242) та, монографиялар 8 (7) та, дарслик ва ўқув қўлланмалар 36 (24) та, илмий анжуманларда чоп этилган мақолалар сони: халқаро илмий анжуманларда 83 (76) та, республика илмий анжуманларида 322 (179) та.

Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech