Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
27.05.2015 18:59:31
Маълумки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилаётганлиги натижасида салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Ушбу ютуқлар замирида Республикамиз Президенти Ислом Каримов раҳбарлигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва соҳани модернизация қилиш тадбирлари изчиллик билан олиб борилаётганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мустақиллик йилларида мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим стратегик дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётганлиги ўзининг юксак самарасини бермоқда. Буни қишлоқ хўжалигида эришилаётган салмоқли натижалар ва йиллик барқарор ўсиш суръатларида ҳам яққол кўриш мумкин.
Айни пайтда бугунги кунда дунёнинг барча давлатларида озиқ-овқат таъминоти масаласи устувор вазифалардан бирига айланди. Хусусан, сайёрамизда рўй бераётган глобал исиш жараёни туфайли баъзи ҳудудларда сув тошқинлари, баъзи ҳудудларда эса ҳаддан зиёд сув танқислиги юз бераётганлиги, турли табиий офатларнинг кўпайиши биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги соҳасига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Шундай мураккаб вазиятлар кузатилаётган бир пайтда мамлакатимиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдаги барқарорлик, бозорларимиздаги мўл-кўлчилик амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижаси сифати баҳоланса ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.
Дунё шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда аграр илм-фани давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги, соҳа олимларига кенг имкониятлар яратиб берлаётганлиги, кадрлар тайёрлаш тизимида жорий этилган илғор замонавий усуллар эришилаётган натижаларнинг асосини ташкил этмоқда.
Жумладан, мустақиллик йилларида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари томонидан соҳани ривожлантириш билан боғлиқ яратилган илмий натижалар сифатида қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш жоиз:
- қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган экин майдонлари тупроқ унумдорлиги ва ердан фойдаланиш самарадорлиги ошишини таъминлайдиган ва чорва молларини парваришлашнинг истиқболли технологиялари ишлаб чиқилди;
- янги деҳқончилик тизимига мос, соҳани модернизациялашга асосланган, тупроқ унумдорлигини оширадиган ва қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олишни таъминлайдиган қисқа навбатлаб экиш тизимлари ишлаб чиқилди;
- ғўзанинг – 20, буғдойнинг – 30, арпа ва третикалининг – 10, маккажўхорининг – 5, шолининг – 10, мойли экинларнинг – 10, мевали дарахтларнинг – 25, узумнинг – 10, озуқабоп экинларнинг – 10, картошка ва сабзавотнинг – 40, полиз экинларининг – 15 та нав ва дурагайлари, қоракўл қўйларининг 5 та завод типлари, паррандаларнинг 5 та кросслари яратилди;
- ўсимликларни ҳимоя қилишнинг биологик ва уйғунлашган усуллари амалиётга жорий этилди;
- соҳа учун юқори унумли механизм ва қурилмаларнинг 40 дан ортиқ турлари ҳамда макет нусхалари яратилди ва уларнинг параметрлари асосланди;
- маҳаллий хом-ашёлар асосида тайёрланадиган самарали, арзон ветеринария препаратлари ва даволаш-профилактика усуллари яратилди ва ҳ.к.
Шу билан биргаликда дунё олимлари томонидан яратилаётган самарали илмий натижалардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш йўналишида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунги кунда Марказ ва унинг тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари халқаро FAO, ICARDA, CIP, CIMMIT, IAEA, IWMI, ICRISAT, Кореянинг KOICA, Япониянинг JAICA, Россиянинг ВИМ, ГОСНИТИ, Краснодар ва Саратов Қишлоқ хўжалик институтлари, Сербиянинг Новый сад илмий-тадқиқот институти, Пекин Қишлоқ хўжалиги академияси каби халқаро марказлар, институтлар ва ташкилотлар билан манфаатли ҳамкорлик олиб бормоқда.
Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида давлатимиз хазинасининг асосий валюта манбаи бўлган пахтачилик тармоғини ривожлантириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилгани боис тармоқда туб ўзгаришлар рўй бермоқда. Буни жаҳон бозорида ўзбек заминида етиштирилган пахта толасининг нуфузи ортиб, тобора харидоргир бўлиб бораётганлигидан ҳамда Ўзбекистон пахта хомашёси етиштиришда дунёда олтинчи, уни экспорт қилиш бўйича бешинчи ўринни эгаллаб турганлигидан ҳам билиш мумкин.
Бугунги кунда илмий муассасаларимизда жаҳоннинг 107 мамлакатидан келтирилган ғўзанинг ёввойи, ярим ёввойи ва маданий шакллар ҳамда маҳаллий нав намуналаридан ташкил топган жами 12800 га яқин генофонд намуналарини ўзида жамлаган дунёда етакчи бўлган коллекция мавжуд. Ушбу намуналарни наботот жонлантириш асосида фитотронларда мунтазам равишда экиб, жонлантириб борилмоқда ва ноёб белгиларга эга бўлганлари амалий селекция ишларига жалб қилинмоқда.
Истиқлол йилларида 23 та янги ғўза навлари районлаштирилди, 17 та нав эса истиқболли деб топилди, 50 дан ортиқ навлар ДНС шохобчаларида синалмоқда. Ўтган даврда тола чиқишини 26-31 фоиздан 34-40 фоизгача, узунлигини 20-28 миллиметрдан 32-35 миллиметргача, битта кўсакдаги пахта вазнини эса 3-5 граммдан 6-7 граммгача оширишга эришилди.
Серҳосил, тезпишар, тола сифати жаҳон андозаларига мос, турли экстремал шароитларига бардошли, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, янги ғўза навлари яратилиб, жорий этилмоқда.
Бир гектар майдонга сарфланган чигит миқдори 1998 йилда 123,7 кг. ни ташкил қилган бўлса, ҳозирги кунга келиб 2,5 баробар камайган.
Суғориладиган майдонларни асосий қисмини ғўза ва буғдой эгаллашини ҳисобга олиб, асосий эътиборни тупроқ унумдорлигини оширадиган, дуккакли-дон, дон ҳамда сабзавот экинларини экиш, уларни асосан такрорий ва оралиқ экин сифатида, қолаверса, алмашлаб экиш тизимига тўлиқ амал қилган ҳолда асосий экин сифатида ҳам етиштириш йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, самарали ва ресурсларни тежашга асосланган қатор агротехнологиялар яратилди. Жумладан, чигитни қўшқаторлаб экиш, плёнка остига экиш, кўп қаторли сеялкалардан фойдаланиш, тупроққа минимал ва комбинацияланган ишлов бериш усуллари жорий этилди.
Бундан ташқари, ўғитлардан фойдаланиш, маҳаллий хомашёлар – бентонит ва глауконитлардан фойдаланиш, ғўзани баргдан озиқлантириш (суспензия), стимуляторларни қўллашнинг самарали технологиялари яратилди.
Сувдан самарали фойдаланиш, тежаш бўйича ҳам бир қанча усуллар ишлаб чиқилди (томчилатиб, дискрет, полиэтилен плёнка билан мульчалаб, қатор оралатиб ва бошқалар) ва жорий қилинди.
Ғўза баргини суний тўкишда асосий эътибор ярим юмшоқ ва юмшоқ таъсир этувчи дефолиантлар қўлланилмоқда. Асосан ўзимизда ишлаб чиқарилган дефолиантлар ишлатилмоқда.
Ўзбекистон мустақилликка эришгунга қадар 221,0 минг гектар суғориладиган майдонларда бошоқли дон экинлари экилган.
Кейинги йиллар мобайнида бошоқли дон экинлари майдони сезиларли тарзда оширилди. Агар 1991 йилда республикада жами бошоқли дон экинлари экилган ер майдони 549,3 минг гектарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2014 йилга келиб 1 млн. 340 минг гектарни ташкил этиб, 6,1 баробарга ошди. Шу давр ичида ялпи бошоқли дон экинларининг ялпи ҳосили 1 млн 250 минг тоннадан 8 млн 50 минг тоннага етказилди.
Сувли майдонларда ҳосилдорлик 17,0 центнердан 55,0 центнергача ошди.
Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти томонидан кузги юмшоқ ва қаттиқ буғдойнинг 45 дан ортиқ навлари яратилиб, Республика қишлоқ хўжалик экинларини синаш Давлат комиссиясига топширилди.
Кузги бошоқли дон экинларнинг Аср, Андижон-1, Андижон-2, Андижон-4, Бобур, Дурдона, Марс-1, Омад, Матонат, Муфтало, Чиллаки, Шодлик, Звезда, Қахрабо, Садаф, Олмос, Яксарт, Туркистон, Хазрати Башир, Дўстлик, Баҳор-1, Шавкат, Турон навлари салмоғи йилдан-йилга ортиб бориб, умумий ғалла майдонларининг 30-35 фоизини ташкил этмоқда.
Хорижий навларни синовлари натижасида четдан, жумладан, Краснодар ўлкасидан келтирилган Купава, Крошка, Половчанка, Уманка, Краснодарская-99, Таня, Москвич, Кума, Есаул, Память, Восторг, Нота Гром навлари, Сербиянинг Нови Сад селекциясига оид Рапсодия, NS 40S, Драгана навлари танлаб олиниб, экиш учун Давлат реестрига киритилди.
Республикамизда йилдан-йилга кузги буғдойнинг маҳаллий навлари салмоғи ортиб бормоқда. Маҳаллий навлар салмоғи 2015 йилда 859 минг гектар (59%) ни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2020 йилга бориб 1076 минг гектар (76%) га етказиш кўзда тутилган.
Боғдорчилик, узумчилик соҳасида. Соҳа олимлари томонидан мевали, резавор мевали, ёнғоқсимон, субтропик, цитрус ўсимликлар ҳамда узумнинг янги навларини яратиш, маҳаллий ва интродукция қилинган навларни ўрганиш, уларнинг технологияларини ишлаб чиқиб, деҳқон-фермер хўжаликларига татбиқ қилиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, республикамиз ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитига мос, серҳосил, сифатли, янги мева навларинининг пакана ва ярим пакана кўчатларини кўпайтириш, боғларда ресурстежамкор технологияларни татбиқ этиб, тупроқ унумдорлигини ошириш, тоғ ва тоғолди ҳудудларини ўзлаштириб, боғ-токзорлар барпо этиш, боғ-токзорларда касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш чоралари, мева-узум маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш усуллари ҳамда виночилик бўйича янги вино маркаларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.
Соҳа олимлари томонидан Марказий Осиёда биринчи бўлиб селекцион йўл билан уруғли, данакли, резавор, ёнғоқмевали экинлар селекцияси йўлга қўйилиши натижасида янги навлар яратишга асос солинди. Кўп йиллик илмий тадқиқотлар натижасида 170 дан ортиқ янги мева-узум навлари яратилиб, ҳозирги кунда улардан 75 та нав Давлат реестрига киритилган.
Мустақиллик йиллари давомида мева-узумнинг 35 та янги нави районлаштирилди. Шунингдек, 33 та янги истиқболли навлар Давлат нав синаш комиссиясига синовга топширилди.
Қурғоқчиликка чидамли олманинг Малика, Қизил тарам олма, Чўлпон, Ойдин, Нафис навлари, нокнинг Кулола-2, Зимняя Нашвати-2, беҳининг Изобильная, Самаркандская крупноплодная, Мушк беҳи, олхўрининг Чернослив Самаркандский, гилоснинг Клон Эльтона, ўрикнинг Бобо Ражаби, шафтолининг Шарқ, қорағатнинг Сиюма, Рухшона, Ирода, узумнинг Ризамат, Кишмиш Ботир, Ранний Шредера навлари яратилди.
Олманинг Сўғд Маликаси, Ҳаёт, нокнинг Тўёна, Азамат, беҳининг Ўзбекистон, шафтолининг Чеҳра, Подарок Узбекистана, ўрикнинг Мароканд, узумнинг Хусайни мускатный, Кишмиш, Малика навлари Давлат нав синаш комиссиясига топширилиб, синовдан ўтказилмоқда.
Интенсив боғлар учун илдиз бўғзига пайванд қилинган пакана кўчатларни етиштириш технологияси ишлаб чиқилиб, тошлоқ, қумлоқ, лалми ерларда интенсив боғлар барпо қилиш имконияти яратилди.
Янги йирик донали Кишмиш Ботир, Кишмиш Согдиана, Кишмиш Хишрав навларини экспортбоп қуритилган маҳсулот олишда уларни плёнка билан ёпиб, штабелл усулида қуритилганда юқори сифатли маҳсулот олиниши аниқланди. Бундай усулда қуритиш майдонини 10 баробар камайтириш, қуритилган маҳсулот ҳажмини эса 10 баробар кўпайтириш имконияти яратилди.
Илм-фан ютуқларидан фойдаланиш, илғор тажрибаларни жорий этиш натижасида сабзавот, полиз ва картошка етиштириш ҳажмлари йил сайин ошиб бормоқда. Республикамизда 2014 йилда 9120 минг тонна сабзавот, 1756 минг тонна полиз, 2400 минг тонна картошка етиштирилди.
Тиббий меъёрларга кўра бир йилда киши бошига Ўзбекистонда камида 113 кг сабзавот, 19,3 кг полиз, 50,4 кг картошка истеъмол қилиш тавсия этилган. Республикада 2014 йилда аҳоли жон бошига 284 кг сабзавот, 75 кг картошка ва 52 кг полиз маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Мустақиллик йилларида соҳа олимлари томонидан сабзавот экинларининг 64 та, полизнинг 18 та ва картошканинг 9 та нав ва F1 дурагайлар яратилди ҳамда Давлат реестрига киритилди. Помидорнинг иссиқхоналар учун 6 та, очиқ майдонлар учун 15 та, ширин қалампирнинг 6 та, пиёзнинг 4 та, бақлажон, карам, бодринг, сабзининг 3 тадан, ош лавлагининг 2 та, чеснок, патиссон, редис, салат, кашнич, исмалоқ, райхон, аччиқ қалампир, петрушка, фенхел, укроп, салатбоп шолғом, дайкон, турпнинг биттадан навлари, тарвузнинг 5 та, қовуннинг 11, қовоқнинг 2 та, картошканинг 9 та навлари шулар жумласидандир.
Ушбу навлар республикамизнинг фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларида 350 минг гектардан ортиқ майдонларда экилмоқда. Жумладан, очиқ майдон учун помидорнинг Ситора, Боҳодир, ширин қалампирнинг Наргиза, Зумрад бодрингнинг Наврўз, Зилол, карамнинг Саратони, Термиз-2500, пиёзнинг Сумбула, Оқ дур, тарвузнинг Дилноз, Манзур, қовуннинг Суюнчи, Зар гулоби, картошканинг Пском, Сарнав каби навлари экиб келинмоқда.
Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини таъминлашда чорвачилик муҳим ўрин тутиб, ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари таркибида тармоқнинг улуши 42,2 фоизини ташкил этади.
Кейинги йилларда чорвачиликни ривожлантириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 23 мартдаги ПҚ-308-сонли ва 2008 йил 28 апрелдаги ПҚ-842-сонли қарорларга мувофиқ чорвачиликни ривожлантиришга мўлжалланган Дастурларнинг қабул қилиниши чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик соҳаларини ривожланишини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Республикамизда қорамолларнинг Қора-ола, Қизилчўл, Швиц, Бушуев зотлари районлаштирилган.
Олимлар томонидан қўй ва эчкичилик бўйича ҳам кўплаб илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиб, узун тивитли “Жундор” эчки зоти, Ҳисор зотли қўйларнинг юқори маҳсулдор “Кенг Гузар” ва “Хуш Баҳор” тизимлари яратилган.
Қорабайир зотли отлар қадимий ва ягона миллий от зотлари ҳисобланиб, маҳаллий иқлим шароитига яхши мослашган. Қорабайир зоти ичида 10 та тизим, 31 та оила 14 та генеологик гуруҳ ва яратилган.
Маҳаллий асалари зоти – иссиқ иқлим шароитига яхши мослашган ва кенг тарқалган бўлиб оила маҳсулдорлиги 20-25 кг асални ташкил этади. Ушбу асалари маҳсулдорлигини ошириш мақсадида сунъий усулда она асалари ва эртаки эркак асалариларни етиштириш технологиялари ишлаб чиқилган.
Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан товуқларнинг юқори маҳсулдор иккита кросси, куркаларнинг кумушсимон зоти, бройлер жўжаларни 35 кунда етиштириш технологиялари ишлаб чиқилиган ва жорий этилган.
Республикада балиқчиликни ривожлантириш Дастурини амалга ошириш натижасида 2006 йилда балиқ овлаш 6500 т. ташкил этган бўлса, 2014 йилда 46 531 тоннани ташкил этди ёки 7 баробар ўсиш таъминланди.
Қоракўлчилик соҳасида. Кейинги йилларда зот структураси қоракўл қўйларнинг экспортбоп маҳсулот берувчи 7 та юқори маҳсулдор завод типлари билан бойитилди ва улар Давлат патентлари билан тасдиқланди. Булар Қорақалпоқ сур рангли қоракўл қўйларнинг «Турткўл», зармалларанг қоракўл қўйларнинг «Нурота», сур рангли қалам гул типли қоракўл қўйларнинг «Ўзбекистон», сур рангли яссигул типли қоракўл қўйларнинг «Сарибел», қора рангли қовурғасимон типли қоракўл қўйларнинг «Авазчўл», «Саржал» ва сур рангли яссигул типли қоракўл қўйларнинг «Бухорои шариф» завод типларидир.
Яйлов озуқабоп ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйиш мақсадида Навоий вилоятидаги «Маданият», «Ўзбекистон», Самарқанд вилоятидаги «Саҳоба ота» ширкат хўжаликлари ҳудудида махсус уруғчилик тажриба майдонлари ташкил қилинди.
Сўнгги йилларда жаҳон ипак бозори талабларидан келиб чиқиб ипак қуртининг пиллалари ва ипак толасининг технологик кўрсаткичлари бўйича хориж дурагайлари билан рақобатлаша оладиган толанинг сифат кўрсаткичлари юқори бўлган янги Наврўз-1, Наврўз-2, Олтин водий-1, Олтин водий-2, Зарафшон, Гулшан х Нафис, Нафис х Гулшан саноатбоп дурагайлари яратилди ва республикамизда районлаштириб Давлат реестрига киритилди.
Ушбу дурагайларнинг ҳозирда республикамизга кириб келаётган хориж дурагайларидан бир қанча устунликлари мавжуд. Биринчидан, 1 қути қуртдан олинадиган пилла ҳосилдорлиги мақбул агротехник шароитларда парваришланганда - 65-75 кг, пиллалардан хом ипак чиқиши – 44-46%, толанинг умумий узунлиги – 1200-1500 метр ва толанинг метрик номери (ингичкалиги) – 3200-3400 м/г. Бу дурагайларнинг яна бир муҳим хусусияти шундан иборатки, 1 кг хом ипак олиш учун сарф бўладиган қуруқ пилланинг миқдори 2,5-2,7 кг. ни ташкил этади. Ҳозирги даврда пиллани қайта ишлаш корхоналаридаги бу кўрсаткич 3,2-3,5 кг. ни ташкил этмоқда.
Ипакчилик ИТИда тут ипак қуртининг (117 зоти) ва тут навларининг (238 нави ва турлари) ноёб жаҳон коллекциялари (генофонди) сақланмоқда. Улар республикамизнинг миллий бойлиги ҳисобланади.
Ипакчилик илмий-тадқиқот институтининг селекционер олимлари томонидан 10 дан ортиқ истиқболли тут навлари Давлат нав синаш комиссиясига топширилди. Республика ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига 17 та янги нав киритилган, шу билан бир қаторда мақсадли дурагайлаш йўли билан маҳсулдорлиги юқори бўлган тутнинг Жарариқ-1, Жарариқ-2, Жарариқ-4, Жарариқ-5, Жарариқ-7, Жарариқ-8, Топкросс-2, Топкросс-3 ва Ўзбекистон дурагайлари яратилган.
Ветеринария соҳаси олимлари томонидан ҳайвонларнинг қутириш касаллигига қарши универсал ва донадор, қорамолларнинг қорасон касаллигига қарши ГОА формол, пастереллёз, қўзиларнинг колибактериоз бузоқ, қўзи ва чўчқа болаларининг колибактериоз ва сальмонеллёз касалликларига қарши, паррандаларнинг колибактериоз, эхинококкоз, қўйларни ценуроз касалликларига қарши вакцина ва бошқа самарали ветеринария препаратлари яратилди.
Қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш соҳасида. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида техника воситаларидан фойдаланиш иш унуми ва сифатини кескин ошириш, меҳнат ва бошқа сарф-харажатларни сезиларли камайтиришга хизмат қилади.
Мустақиллик йилларида кенг қамровли (6 ва 8 қаторли) пахтачилик машиналари билан 60 ва 90 см қатор ораларида ишлашга мўлжалланган тракторлар яратилди.
Янги авлод икки ярусли плуглар (ПД-4-45, ПНЯ-3+1-45, АМР-2/3-45) ГРП3/5 ва ГНУ-1МС чуқур юмшаткичлари саноат нусхалари “Чирчиққишлоқмаш” ОАЖ ва НМЗда ишлаб чиқарилди, LT-4 лазер назоратли ер текислагичнинг тажриба нусхаси “Чирчиққишлоқмаш” ОАЖда тайёрланиб, хўжалик синовларидан ўтказилди.
Чигит ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини экиш олдидан ерларга ишлов беришга мўлжалланган комбинациялашган машина, тупроққа минимал ишлов берувчи комбинациялашган агрегат, РТП-5-ОУ.СК.1 органик ўғитларни сочувчи машина, уруғлик чигитларни саралайдиган электр саралагич ЭЧС-М қурилмаси, турли қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини аниқ миқдорда экадиган энергия-ресурстежамкор, кўп функцияли пневмомеханик сеялка, ғўза қатор оралари ва очиқ майдонларга бир йўла ишлов бериб донни қаторлаб экиб кетадиган комбинациялашган агрегат, ғўзапояли далаларда бир ўтишда ер тайёрлаш билан бирга буғдой экадиган комбинациялашган машина, таназзулга учраган ва кам ҳосилли чўл-яйловларни яхшилашга мўлжалланганкомбинациялашган машина каби техника воситалари яратилган.
Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги соҳасида. Республикамизда ўрмон хўжалиги, чўл ва тоғли ҳудудларда маданий ўрмонларни барпо этиш, манзарали ва ёнғоқмевали дарахт навларини етиштириш, кўпайтириш ва бошқа турдаги янги технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишда бир қанча ютуқларга эришилди. Жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида янги технологиялар ва усуллар асосида иҳота (ҳимоя) ўрмонзорлари барпо этилди.
Республикамизнинг тоғли ҳудудларидаги лалми ерларни ўзлаштириш, маданий ўрмонларни, шунингдек, ёнғоқмевали плантацияларни барпо этишда ишлаб чиқилган янги технологиялар асосида ўрмон дарахт кўчатларининг кўкарувчанлиги 80-90% га оширилди.
Сўнги 10 йил ичида ёнғоқмевали, асосан хандон пистанинг янги серҳосил ва қурғоқчиликга чидамли Альбина, Орзу, Ўрмон марвариди, Октябр, Дангаринка, Си-5 (Зорька), А-56 (Ҳосилдор), А-55 (Отрада), А-85 (Озарбойжон) селекцион нав ва шакллари яратилиб, замонавий етиштириш агротехнологиялари яратилди.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида. Жаҳонда ҳар йили қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилининг 30 фоиздан ортиғи зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлар зараридан нобуд бўлади. Ривожланган давлатларда бундай нобудгарчилик 20-25 фоизни ташкил этса, кам ривожланган давлатларда 40, ҳатто 50 фоизгача етади.
Республикамизда экинлар зараркунандаларининг табиий кушандаси бўлган энтомофагларни (бракон ва олтинкўз) саноат асосида кўпайтириш бўйича механизациялашган линиялари ишлаб чиқилди. Трихограмма ишлаб чиқариш линияси модернизация қилинди. Бу линиялар ҳозирда республикада 50 дан ортиқ биолабораторияларда ўрнатилган бўлиб, ҳар йили ғўзада 450 минг, ғаллада 300 минг, сабзавот экинларида 100 минг гектар майдонда қўлланилади ва 90-95% биологик самарадорликка эришилмоқда.
Мухтасар айтганда, қишлоқ хўжалиги илм-фанини янада ривожлантириш, илғор ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш кўламини ошириш асосида қишлоқ хўжалиги тармоғи иқтисодиётини янада юксалтириш вазифаларига хизмат қилади.




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech