Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
22.01.2016

Аграр соҳани илм-фан ютуқлари асосида ривожлантириш, илмий натижаларни амалиётга жорий қилиш, илмий-тадқиқот муассасалари моддий-техник базасини мусҳакамлаш, илм-фан соҳасига иқтидорли ёшларни кенг жалб қилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 10 февралдаги “Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳужжат қишлоқ хўжалигида илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, илмий муассасалар фаолиятини такомиллаштириш асосида тадқиқотларни самарали амалга ошириш ва олинган натижаларни ишлаб чиқаришга изчил жорий этишга хизмат қилмоқда.

2015 йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари ва қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий-ўқув юртлари томонидан Давлат илмий-техник дастурлари асосида жами 286 та лойиҳа, шу жумладан 34 та фундаментал, 152 та амалий, 11 та ёш олимларнинг фундаментал ва амалий, 81 та инновацион грант лойиҳалари ҳамда 8 та ноёб объектлар бўйича илмий изланишлар олиб борилди.

Илмий тадқиқотлар қишлоқ хўжалигининг пахтачилик, дончилик, мева-узумчилик, сабзавот-полизчилик, чорвачилик, ветеринария ва бошқа соҳаларини янада ривожлантириш, ер, сув, минерал ўғит ва бошқа моддий-техника ресурсларидан самарали фойдаланиш усулларини ишлаб чиқиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, аграр соҳада ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш ва иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш каби муҳим масалаларга қаратилган.

Умуман олганда, кейинги йилларда олимларимиз томонидан қишлоқ хўжалиги экинларинингҳосилдорлиги ва сифат кўрсаткичлари юқори янги навларини яратиш, уларни оқилона жойлаштириш, селекция ва уруғчилик ишларини такомиллаштириш борасида изчиллик билан фаолият юритилмоқда.

Бу борада истиқлол йилларида сабзавотнинг олтмишдан зиёд, полизнинг йигирмага яқин, картошканинг салкам ўнта янги нав ва дурагайи яратилди.

Олимларимиз мевали, резавор мевали, ёнғоқсимон, субтропик, цитрус ўсимликлар ҳамда узумнинг янги навларини яратиш, маҳаллий ва интродукция қилинган навларни ўрганиш, парваришлаш технологияларини ишлаб чиқиш, деҳқон-фермер хўжаликларига жорий қилиш бўйича кенг миқёсда тадқиқотлар олиб бормоқда. Натижада Марказий Осиёда биринчи бўлиб селекцион йўл билан уруғли, данакли, резавор, ёнғоқ мевали экинлар селекцияси йўлга қўйилиб, янги навлар яратишга асос солинди. Кўп йиллик илмий тадқиқотлар туфайли 170 дан ортиқ мева-узум навлари яратилиб, уларнинг саксонга яқини Давлат реестрига киритилди.

Сувсизликка ва қурғоқчиликка чидамли навларни яратиш доимий эътиборда. Олманинг Малика, Чўлпон, Ойдин, Нафис, беҳининг Мушк беҳи, ўрикнинг Бобо Ражаби, шафтолининг Шарқ, қорағатнинг Рухшона, узумнинг Ризамат, Кишмиш Ботир навлари кенг оммалашди.

Келгусида сифати ва таъм хусусиятлари бозор талабига жавоб берадиган, тупроқ шўрланишига чидамли пакана ва ярим пакана мева ва узум навларини яратиш борасидаги селекция ишларини кенгайтириш, интенсив типдаги мевалар кўчатчилигини кўпайтириш асосида деҳқон ва фермер хўжаликларига сифатли, сертификатланган мева кўчатларини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш борасида изланишлар олиб борилмоқда.

Кейинги йилларда қорамоллар маҳсулдорлик даражасини ошириш учунуларнинг қатор зотлари районлаштирилди. Қўй ва эчкичилик бўйича ҳам кўплаб тадқиқот ишлари олиб борилиб, жундор эчки, ҳисор қўйларнинг юқори маҳсулдор Кенг гузар ва Хуш баҳор зотлари яратилди. Чўл озуқабоп ўсимликларини кўпайтириш ва уруғчилигини йўлга қўйиш мақсадида Навоий вилоятидаги “Маданият”, “Ўзбекистон”, Самарқанд вилоятидаги “Саҳоба ота” ширкат хўжаликлари ҳудудида махсус уруғчилик-тажриба майдонлари ташкил қилиниб, озуқа экинлар уруғлари кўпайтирилмоқда.

Олимларнинг кўп йиллик изланишлари боис қоракўл қўйларнинг экспортбоп маҳсулот берувчи юқори маҳсулдор завод типлари бойитилиб, давлат патентлари билан тасдиқланди. Сур рангли қаламгул типли қоракўл қўйларнинг Ўзбекистон, Қорақалпоқ сур рангли “Тўрткўл”, зармалларанг “Нурота”, сур рангли яссигул типли “Сарибел”, қора рангли қовурғасимон типли қоракўл қўйларнинг “Авазчўл”, “Саржал” завод типлари шулар жумласидандир.

Экспортбоп қоракўл терилари етиштириш йўналишидаги селекция ишларини янада кенгайтириш, қоракўл қўйларини озиқлантиришнинг интенсив усулларини яратиш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида техника воситаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш,қулай, тежамкор техникаларни яратиш бўйича олиб борилган изланишлар туфайли чигит ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини экиш олдидан тупроққа минимал ишлов берувчи комбинациялашган агрегат, органик ўғитларни сочувчи машина, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини аниқ миқдорда экадиган ресурстежамкор, кўп функцияли пневмомеханик сеялка, ғўза қатор оралари ва очиқ майдонларга бирйўла ишлов бериб, донни қаторлаб экадиган агрегат, ғўзапояли далаларда ерни тайёрлаш билан бирга буғдой экадиган комбинациялашган машиналар яратилган.

Уларнингҳарбиринингўзигахосафзалликлари бор. Айни вақтда 6 ва 8 қаторли уруғ экиш мосламалари, пахта териш машиналари, катта ва кичик қатор ораларида ишлашга мўлжалланган трактор, икки ярусли плуглар ва чуқур юмшаткичлар, лазер назоратли ер текислагичнинг тажриба нусхалари тайёрланиб, синовдан ўтказилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги илмини янада ривожлантириш, фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш кўламини ошириш чоралари кўрилмоқда.

    Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech