Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
26.07.2016

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ пиллачиликда ҳам юксак самараларга эришилмоқда. Жорий йилги мавсумда пиллакорларимиз 26,3 минг тоннадан зиёд пилла хомашёси етиштириб, йиллик шартнома мажбуриятларини муваффақиятли бажардилар.

Бу йил пиллакорларимиз томонидан “Ипакчи–1”, “Ипакчи–2”, “Наврўз–1”, “Наврўз–2” каби маҳсулдор, иқлим шароитимизга мос, касалликларга чидамли маҳаллий навлардан иборат 451,7 минг қутидан ортиқ ипак қурти уруғи парваришланиб, ҳар қутидан ўртача 58,3 килограммдан ҳосил етиштирилди.

Бу кўрсаткич Фарғона вилоятида 61,7, Қашқадарё вилоятида 60,8, Бухоро вилоятида 59,2, Наманган вилоятида 58,8, Сурхондарё вилоятида 58,7 кг. ни ташкил этди. Жарқўрғон, Қумқўрғон, Жондор, Вобкент, Бешариқ, Фарғона, Боёвут, Гулистон, Касби, Китоб, Хатирчи, Янгиқўрғон, Чуст, Қизилтепа, Каттақўрғон, Ургут, Амударё, Элликқалъа, Қўрғонтепа, Олтинкўл, Бўка, Оққўрғон Ғаллаорол, Дўстлик, Боғот, Хонқа туманларида ҳар қути ипак қуртидан 60–68 килограммдан ҳосил олишга эришилди.

Уйчи туманидаги “Усмонжон домла” фермер хўжалигида ҳар қути уруғдан 78, Жондор туманидаги “Болинлик Миржон Мақсуд” фермер хўжалигида 75, Юқоричирчиқ туманидаги “Ҳамиджон Мирзаодил” фермер хўжалигида 72, Бешариқ туманидаги “Йигитали пахтакор замини”, Дўстлик туманидаги “Эшбек ота” ва Навбаҳор туманидаги “Бугамбой” фермер хўжаликларида 70, Жалақудуқ туманидаги “Вафо маликаси” фермер хўжалигида 69 килограммгача сифатли “кумуш тола” олинди.

Мавжуд тут қаторлари ва тутзорларга ўз вақтида агротехника қоидалари асосида ишлов берилганлиги, тут дарахтлари зараркунандаларига қарши кураш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ипак қуртларини сифатли озуқа-тут барги билан тўлиқ таъминлаш имкониятини берди. Қолаверса, давлатимиз раҳбарияти томонидан пиллачилик соҳасига алоҳида эътибор берилаётганлиги, пилла етиштирувчи фермер хўжаликларига ипак қурти парваришлаш учун зарур бўлган моддий-техника ресурслари ҳамда жиҳозлар ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилганлиги, шунингдек, пиллакорларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлаганлиги соҳада эришилган ютуқларнинг энг асосий омиллари бўлмоқда.

Ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 14269,5 минг туп тут кўчатлари экилди, кўплаб майдонларда янги тутзорлар барпо этилди.

Айни вақтда республикамизда пилла хомашёсини қайта ишлаш баробарида келгуси йил пилла мавсумига ҳозирлик кўриш, мавжуд якка тут қаторлари ва тутзорларга ишлов бериш, уларни зараркунандалардан асраш ишлари давом эттирилмоқда.

Ахборот хизмати


Файл
Файлни юкламоқ
Размер: 14.10 KB




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech