Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.10.2017 18:40:00

Мамлакатимизнинг иқлим шароити ва мавжуд салоҳият қишлоқ хўжалигининг ҳар бир тармоғи каби пиллачиликни ҳам истиқболда янада ривожлантириш муҳим омилдир. Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш, жаҳон бозорида ипак маҳсулотларимиз ассортиментини кўпайтириш ва уларнинг рақобатдошлигини ошириш учун давлатимиз раҳбарияти томонидан бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" Вазирлар Маҳкамасининг 11-августда қабул қилинган "2017-2021 йилларда пиллачилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги қарорлари тармоғни янги босқичга кўтариш борасида устувор йўналишларни белгилаб берди.

Бунда, аввало, "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишчи гуруҳ тузган ҳолда жойларда якка тут дарахтлари ва тутзорларни хатловдан ўтказилиб, тутзор майдонлари ўлчанди, ташландиқ ва яроқсиз ҳолга келган тутзорлар аниқланиб, йўқотилган тутзорлар майдонлари аниқ ҳисоблаб чиқилди.

Иқлим шароитларига мос келадиган, озуқа қиймати юқори бўлган хорижий ва маҳаллий кўчатларни экиш орқали тутзорларни янгилаш ва реконструкция қилиш, ипак қурти парвариш қилинмайдиган пайтларда, иккиламчи фаолиятни ташкил этиш ва амалга ошириш (асаларичилик билан шуғулланиш, қишлоқ хўжалиги экинлари, доривор ўсимликларни етиштириш) ҳамда етиштирилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорда сотиш тизими яратилди. Ижарага бериладиган тутзорлар билан банд бўладиган ерларда шартлар бажарилмайдиган ёки мақсадсиз фойдаланиш йўлга қўйиладиган бўлса, меъёрий ҳужжатларга асосан чоралар кўрилади. Шунингдек, ҳар бир ҳудудда тутчиликка (тут уруғи ва тут кўчати етиштиришга) ихтисослашган хўжаликларни ташкил қилиш учун 30 гектардан кам бўлмаган суғориладиган ер майдонларини ажратилиши кўзда тутилган.

Дастурга кўра, 2017-2021 йилларда "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси таркибидаги ташкилотларни модернизация қилиш бўйича лойиҳаларнинг манзилли дастури белгилаб берилган бўлиб, унга кўра 30 га яқин пиллани қайта ишлаш корхоналари техник-технологик модернизация қилинади натижада пиллани қайта ишлаш, ипак толасини йигириш, ярим хомашё ипак толасидан ипакли матолар яратиш, пиллачилик қолдиқларини қайта ишлаб, ипак момиғи ишлаб чиқариш, тайёр кийим-кечаклар, хўжалик истеъмоли буюмлари, бежирим ипак гиламлар каби маҳсулотлар миқдори сифат ва сон жиҳатдан кескин ошади. Бу эса корхоналар экспорт қувватининг бир неча баробар ортишини таъминлайди.

Шу билан биргаликда, соҳага хорижий ва салоҳиятли маҳаллий инвесторларни жалб қилган ҳолда наслчилик ва уруғчилик ташкилотларини тўлиқ модернизация қилишни ҳамда улар негизида техник базаси мустаҳкам ва ипак қурти уруғи етиштириш бўйича замонавий технологияларга эга бўлган ипак қурти уруғи етиштириш амалга оширадиган уруғчилик корхоналарини ташкил этилади. Натижада мавжуд ипак қурти уруғчилик ташкилотлари ҳамда улар томонидан етиштириладиган супер элита, элита ва саноатбоп ипак қурти уруғларининг давлат реестри янгиланиб, истиқболда уруғчилик ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш орқали республикага импорт килинадиган ипак қурти уруғларига бўлган талабни 2022 йилгача тўла қондириш ва ипак қурти уруғларини экспорт қилиш имкони яратилади.

Манзилли дастурда ипак қурти уруғларини жонлантирувчи инкубаторлар, ипак қурти парваришланадиган ва пиллани қабул қилиш, дастлабки ишлов бериш масканларини, шунингдек пиллани қайта ишловчи ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ташкилотларни узлуксиз электр энергия ва техник ҳамда ресурс имкониятлардан келиб чиққан ҳолда табиий газ билан таъминлаш, пилла парваришланадиган маскан (хонадон)лар учун тўғридан-тўғри шартномалар асосида кўмир етказиб бериш каби ташкилий тадбирлар жадаллаштирилиб, ишлаб чиқариш объектлари инфратузилмаси ривожланади. Пиллани қайта ишлаш ташкилотларида бир нечта мавсумда фойдаланиш мумкин бўлган сунъий даста, махсус пилла боқиш мосламалари (сўкичак) ва саватлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйилади.

Пиллачилик тармоғи ва ипакчилик соҳаси учун зарур бўлган кадр­лар тайёрлаш йўналишлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини такомиллаштириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мақсадида, илмий-тадқиқот институтлари қошида ўқув марказларини ташкил этиш, мутахассисларни хорижий давлатларга тажриба алмашиш ва илғор агротехникаларни ўрганиш учун юбориш ҳам манзилли дастур орқали белгилаб берилган вазифалардан бири ҳисобланади.

Бугун соҳада ишлаб чиқарилаётган ипакли маҳсулотлар ва гиламлар ўзининг кўркамлиги ва нафислиги билан сайёҳда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу муносабат билан маҳсулотларимизни кенг тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида экскурсия қилиш учун ипакни қайта ишлаш корхоналарини туризм маршрутларига киритиш, Республиканинг туризм ривожланган ҳудудларида, шу жумладан Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларида туристлар гавжум ерлардан ипак матолар ва тайёр ипак маҳсулотлари дўконларини (ёки савдо мажмуаларини) ташкил қилиш, ипакдан тикилган либослар ва буюмларнинг мода кўргазмалари, концерт дастурлари ташкил этиш учун Уюшма ва унинг таркибидаги ташкилотларга, тарихий обидалардан жой ажратиш тармоқнинг янада жадал ривожланишига хизмат қилади.

    Б.Шарипов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech