Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
04.02.2013
Сув-бу ҳаёт демакдир. Шу боис сув ресурсларидан, айниқса, трансчегаравий дарёлардан адолатли ва оқилона фойдаланиш масалалари бугунги кунда бутун дунёда ўта долзарб аҳамият касб этмоқда. Негаки, давлатларнинг келгусидаги тараққиёти, аҳоли фаровонлиги, энг муҳими, унинг осуда ҳамда бехатар ҳаёт кечириши айнан шу омиллар билан боғлиқ. 
    Аммо таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Тожикистонда Роғун ГЭСи ва Қирғизистонда Қамбарота ГЭСлар тармоғини қуриш лойиҳаларини илгари сураётган, трансчегаравий дарёларнинг юқори қисмида жойлашган қўшни давлатлар раҳбарларини бу нарса унчалик безовта қилмаяпти. 
  Ҳолбуки, мазкур ҳудуднинг сейсмик жиҳатдан юқори даражада хавфлилиги, лойиҳаларнинг ўзи ҳам пухта ўйланмаганлиги бутун бир минтақанинг хотиржамлиги, миллионлаб кишиларнинг ҳаёти ва саломатлигига жиддий таҳдид солмоқда. Улар келтираётган асосий важлардан бири шуки, ривожланишнинг айни пайтдаги босқичида мустақил давлатлар ўз энергетик салоҳиятини кучайтириб бориши лозим. Гўёки, бундай йирик иншоотлар, уларнинг фикрича, қўшни давлатларга зарар етказмас эмиш. Лекин холис экспертларнинг кўпчилиги бу масалага бошқача қарайдилар. 
   Мутахассислар Роғун гидроэлектростанциясининг қурилиши қимматга тушадиган тадбир ва унинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ошишига ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб таъкидлашмоқда. Табиийки, бундай катта иншоотга кетадиган сарф-харажатни қоплаш учун Тожикистонда ундан йил давомида энергия ишлаб чиқариш учун фойдаланишдан бошқа йўл йўқ. Шундай қилиб, тожикистонлик гидроэнергетиклар йиллик энергия ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб икки марта оширадилар. Вахш ГЭСлар тармоғининг қишки мавсумдаги энергия чиқариш миқдорини кўпайтириб, ёзда эса дарёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатларга сув ўтишини камайтиришади. 
    Шунингдек, Роғун сув омборининг бунёд этилиши ва ундан энергетик тартибда фойдаланиш қуйи ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Капарас сув омборида чучук сув тўплаш амалда мумкин бўлмай қолади. Оқим камайган вақтда дарё сувининг минераллашув даражаси ҳам ошади, натижада устки сувлардан таъминланиб турувчи ер ости сувларининг сифати пасаяди, ичиш учун яроқли ҳисобланган захиралар миқдори қисқариб кетади. Бу эса дарё ва каналларнинг қуйи қисмида жойлашган сув олиш қурилмаларининг ишдан чиқиши хавфини туғдиради, устига-устак, янги сув хўжалиги иншоотларини қуриш билан боғлиқ асоссиз молиявий харажатларни келтириб чиқаради. 
    Нуфузли мутахассисларнинг фикрича, ёзда сув сарфининг камайиши дарё сувининг гидрокимёвий режимига ва минераллашувига таъсир кўрсатади, ўз навбатида, суғориладиган майдонларда тузлар тўпланиши тезлашади. Қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин бўлмайдиган ерлар гўёки туз тўплагич аккумулятор сингари Амударёнинг қуйи оқимини шўрхок тақирга айлантиради. Тузлар эса теварак-атрофга тарқалиб, минтақанинг шусиз ҳам бузилган экологик-мелиоратив ҳолатини янада ёмонлаштиради. 
   Шунга ўхшаш пухта ўйланмаган ҳаракатларнинг аянчли оқибати сифатида Орол денгизининг қуриган қисмидаги чўлга айланиб бораётган ҳудудларни мисол қилиб келтириш мумкин. У ерда шамол кўтариб учираётган туз ва чанг узоқ-узоқ масофаларга тарқалаётгани маълум-ку. Амударёдаги вазият (яъни қишда ортиқча, кераксиз сувнинг кўп бўлишию ёзда етишмай қолиши) анча йиллар давомида такрорланса, тупроққа, унинг унумдорлигига етказиладиган зиён ҳам ортиб бораверади, натижада қуйи бўғинда умуман деҳқончилик қилишга шароит қолмайди. Бундан ташқари, Амударёнинг ўрта ва пастки қисмида сунъий равишда ҳосил қилинадиган сув тақчиллиги унинг ўзани қуриб кетишига ва ҳалокатли эпидемиологик вазиятнинг юзага келишига сабаб бўлади. 
    Ўзаннинг бузилиши ва қишда катта ҳажмдаги сувнинг келиши Амударё сатҳининг кўтарилишига, тиқилмалар ҳосил бўлиб, сувнинг сингиши қийинлашувига олиб келади ва суғориладиган ерлар ботқоққа айлана боради. Шундай қилиб, қишлоқ хўжалик экинларига тузатиб бўлмас даражада катта зарар етади. Охир-оқибат, аҳоли яшайдиган жойларни, шаҳар ва қишлоқларни, муҳандислик иншоотларини сув босади. 
  Минг афсус, Роғун ГЭСи ва Қамбарота ГЭСлар тармоғини қуриш ташаббускорлари бундай гидротехник иншоотларнинг лойиҳасидаги камчиликларга ҳам эътибор беришмаяпти, ваҳолонки, унда йирик сув омборларининг геостатик мувозанатга таъсири ҳисобга олинмаган. Ахир бунчалик гигант иншоотлар кўп тоннали тўғон ва бошқа қурилмалар, сув омбори тубига йиғиладиган балчиқ туфайли тобора кўпайиб, кучайиб борувчи сув массаси ва бошқа омиллар ҳисобига мазкур ҳудуднинг геостатик мувозанатини бутунлай ўзгартириб юбориши ҳаммага ойдек равшан-ку. Ер қобиғи, одатда, кўпгина тектоник блоклардан иборат бўлади, у шундай оғир юкдан ларзага келиши ва блоклар жойидан қўзғалиб, зилзила юз бериши мумкин. 
   Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов БМТнинг Нью-Йоркда бўлиб ўтган Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган саммитидаги маърузасида Амударё ва Сирдарё оқимининг камайиши мазкур кенг минтақанинг шундоқ ҳам заиф экологик мувозанатини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин, деб таъкидлаган эди. Бундай шароитда ушбу дарёларнинг юқори қисмида улкан тўғонли гидроиншоотларни қуриш бўйича 30-40 йил аввал, собиқ шўро тузуми даврида ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга оширишга уриниш, агар бўлажак қурилиш майдонининг сейсмик даражаси 8-9 баллигини ҳисобга олсак, экологияга тузалмас жароҳат етказиши, кейинги йилларда дунёда кузатилаётган ўта хавфли техноген ҳалокатларга сабаб бўлиши янада ойдинлашади. 
  Сув Ер куррасида яшаётган барча инсонларга инъом этилган умумий неъмат ва ҳеч нарса билан алиштириб бўлмайдиган табиий бойликдир. Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги ва қулай экологик вазият айнан у билан боғлиқ. Шундай экан, сувдан алоҳида бир давлат манфаати йўлида фойдаланиш, бу қўшниларга хавф солиши мумкинлигини ҳисобга олмаслик халқаро ҳуқуқнинг тегишли меъёр ва тамойилларини тўғридан-тўғри бузиш демакдир. 
   БМТ ЕИКнинг 1992 йил 17 мартдаги трансчегаравий очиқ сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш бўйича Конвенцияси, шунингдек, БМТнинг 1997 йил 21 майдаги Халқаро сув оқимларидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳақидаги Конвенциясида аниқ белгилаб қўйилганидек, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш, шу жумладан, гидроэнергетик иншоотларни қуришга тегишли ҳамма қарорлар атроф-муҳитга катта зиён етказмаслиги, чегарадош давлатлар манфаатини камситмаслиги керак. 
   Сув муаммосини халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойиллари асосида ҳал этишга қаратилган ушбу икки ҳужжатни Ўрта Осиё давлатлари орасида ҳозирча фақат Ўзбекистон имзолаган. Конвенцияларга қўшилиш билан мамлакатимиз халқаро сув ҳуқуқи меъёр ва тамойилларини ҳурмат қилиши ҳамда уларга содиқлигини исботлади, дарё сувларини, шу жумладан, ўз ҳудудидан оқиб ўтувчи трансчегаравий дарёларнинг сувини эҳтиёт қилиш, сифатини яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. 
   Мамлакатимизда сув хўжалиги тизими ислоҳ қилинди. Сув ресурсларини бошқаришда маъмурий-ҳудудий бошқарув шаклидан ҳавзавий бошқарувга ўтилган. Сув захираларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, мелиорация иншоотларини реконструкция қилиш ва қуриш, магистраль каналлар, коллекторлар, дренаж тармоқлари ва насос станцияларини тиклаш ҳамда таъмирлаш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Соҳага янги инновацион технологиялар жорий этилмоқда, ерларнинг мелиоратив шароитларини яхшилаш ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш учун давлат томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ажратилмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини диверсификация қилиш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилди. Кўп сув талаб қилувчи ғўза, шоли ва беда ўрнига намликка нисбатан камроқ эҳтиёж сезадиган бошоқли дон, полиз экинлари ва бошқа ўсимликларнинг майдонлари кенгайтирилди. Сув, ер ресурсларини бошқариш ва ривожлантириш билан боғлиқ бир қатор миллий концепциялар, стратегиялар, дастурлар ва ҳаракат режалари қабул қилинган ва ҳаётга татбиқ этилмоқда. 
    Яна Роғун ГЭСига қайтсак. Сув омбори энергетик режимда ишлайдиган бўлса, айни вақтдаёқ экинларни суғориш даврида мавжуд бўлган сув етишмовчилиги келгусида янада кўпроқ сезилиб, у 22,2 фоизга ортиши кутилмоқда. Ҳозир сув тақчиллиги билан ажралиб турган айрим йилларда энергетик ва ирригацион режимдаги фарқ Роғунсиз ҳам 5,6 куб метрни ташкил этаяпти. Роғун қурилса, бу фарқ 10 ва ундан ортиқ куб метрга етади. Яъни электр энергиясини энергетик ва ирригацион режимда ишлаб чиқариш ўртасидаги фарқ деярли икки бараварга ошади. Бу эса глобал даражадаги ўзгаришлар, олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатлар деганидир. Шундай қилиб, табиий мувозанатга ҳар қандай аралашув, агар у техноген ўзгаришлар келтириб чиқариши мумкин бўлса, албатта, чуқур экспертизадан. 
    Яқинда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтган БМТнинг барқарор ривожланиш бўйича Конференциясида қайд этилганидек, аҳолининг фаол даражада ўсиши, жадал саноатлашиш, глобаллашув, озиқ-овқат маҳсулотларига талабнинг ортиши, электр энергияси ишлаб чиқариш каби инсоннинг фаолият турлари билан боғлиқ омиллар чекланган табиий ресурсларга босим ўтказмоқда. Иқлим ўзгариши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, сув ва бошқа ресурсларнинг етишмовчилиги шароитида бизнинг экотизимимиз жуда кўп хавф-хатарларга дуч келаётир. Ҳаёт учун энг зарур табиий бойлик ҳисобланадиган сув эса, шубҳасиз, барқарор ривожланишни таъминлашда ҳал қилувчи ресурсдир. Шунинг учун ҳам сув ресурсларини сақлаш ва улардан фойдаланишга тегишли муаммолар бутун дунёда катта ташвиш уйғотмоқда. Афсуски, сайёрамизда ишлатиш учун яроқли ва олиш мумкин бўлган сув захиралари анчайин чекланган, боз устига, нотекис тақсимланган. Ҳозирги даврда қатор мамлакатларнинг аҳолиси сув муаммосидан азият чекаётир, тоза ичимлик суви тақчиллиги айрим давлатларда, айниқса, қишлоқ жойларда, озиқ-овқат маҳсулотлари етишмовчилигига ва турмуш шароитининг ёмонлашувига сабаб бўлаяпти. 
    Беихтиёр савол туғилади: хўш, қурилиш лойиҳасини зўр бериб ҳимоя қилаётган ташаббускорлар мана шундай исботу далиллар ҳақида, бир лаҳза бўлса-да, ўйлаб кўришдимикан? 
  Чамаси, Роғун ГЭСи ва улкан сув омборини қуришдан кўзланган асосий мақсад республика аҳолисини электр энергияси билан таъминлашдан иборат эмас, чунки бундай катта миқдордаги энергия Тожикистонга, ҳатто, узоқ истиқболда ҳам керак бўлмайди. Мақсад -асрлар давомида минтақамиздаги хотиржамлик ва фаровонлик манбаи бўлиб келган азим дарёнинг қуйи бўғинида жойлашган давлатларга сиёсий ва иқтисодий босим ўтказиш “қуроли”ни яратишдир. Ҳаммаси оддий. Роғун ГЭСидек стратегик объектга эга бўлиш сув ресурслари билан “манипуляция” (айёрона хатти-ҳаракатлар) қилиб, ўз ғаразли манфаатларини илгари суриш, бошқаларга шарт ва талаблар қўйишга имкон беради. Буни тугмачали “қора чамадон”га ўхшатиш мумкин. Тугмачани босиш эса даҳшатли оқибатларга, юз йиллар давомида аҳил-иноқ яшаб келган халқлар орасига рахна солишга олиб келади. 
    Бугунги кунда Амударё ва Сирдарёнинг сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг (МФСА) органи бўлган Сув хўжалиги давлатлараро мувофиқлаштириш комиссияси (МКВК) фаолияти доирасида амалга оширилади. Ушбу комиссиянинг аъзолари-минтақадаги бешта давлат: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг сув хўжалиги органлари раҳбарларидир. Ташкилотнинг вазифаси Амударё ва Сирдарёнинг сув ресурсларини тақсимлаш, ҳар бир давлат учун йиллик сув истеъмоли лимитларини ҳамда йирик сув омборларининг иш режимини тасдиқлашдан иборат. 
   Лекин кейинги йилларда Тожикистон ва Қирғизистон минтақанинг сув ресурсларини бошқаришда энергетика манфаатлари ва “сув -энергия” механизми акс этмаганлигини баҳона қилиб, нафақат МКВК, балки бутун МФСА тузилмасини ислоҳ қилиш тарафдори бўлиб чиқишмоқда. Бунда улар МФСА, МКВК ва уларнинг ижроия органлари бўйича янги келишувни ишлаб чиқишни таклиф этишаётир. Қўшни давлатларнинг бундай ҳаракатларидан мақсад, қандай бўлса-да, минтақанинг сув ресурсларини бошқариш масалаларини МФСА доирасида энергетика билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқишга эришиш, шу орқали ўзларининг гидроэнергетик ҳукмдорлигини ўрнатишдан иборат. 
    Буларнинг ҳаммаси “гидроманипуляция” кўринишлари бўлиб, жаҳон ҳамжамияти лойиҳа ташаббускорларининг шу сингари уринишларини ёқламайди. Масалан, 2012 йилнинг ноябрь ойида Римда Трансчегаравий очиқ сув оқимлари ва халқаро кўлларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш бўйича Конвенция томонлари йиғилишининг олтинчи сессиясида ўтказилган давра суҳбатида Табиатни муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш институти эксперти Э. Карусо Роғун ва Қамбарота ГЭСлари қурилиши масаласига тўхталар экан, трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бир ёки бир неча давлатларнинг имтиёзи бўла олмаслигини, йирик тўғонлар қурилиши дарё бўйидаги барча давлатлар, айниқса, пастки қисмда жойлашганлар билан, албатта, келишилган бўлиши кераклигини таъкидлади. Бунинг устига юқори оқимдагиларнинг ўз гидроэлектростанцияларидан “қуйидагилар” манфаатини ҳисобга олмай фойдаланиши бу мамлакатлар иқтисодиёти ва аҳолиси учун ҳам ҳалокатли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин, бунга эса йўл қўйиб бўлмайди. Эксперт, Европа давлатлари тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, сейсмик ҳудудда анча самарали ва хавфсизроқ бўлган кичик ГЭСлар қуриш мақсадга мувофиқроқ эканлигини таъкидлади. “АQ International” компанияси директори, сув масалалари бўйича эксперт С. Качёла ўз маърузасида Амударё ва Сирдарё сувларидан номақбул фойдаланиш Оролбўйидаги вазиятнинг кескин ёмонлашувига сабаб бўлишини қайд этди. Унинг фикрича, юқорида жойлашган давлатлар сувга катта эҳтиёж сезаётган қўшни давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олишлари керак. Шунинг учун масалани келишган ҳолда, тўпланган тажриба ва амалдаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб ҳал этиш лозим. 
    Италиянинг “La Nostra Gazzeta” журнали муҳаррири Д. Симоне Ўрта Осиёнинг трансчегаравий дарёларида ГЭСлар қурилиши билан боғлиқ воқеаларни бир неча йилдан буён кузатиб бораётганини, мана шундай долзарб масалани ҳал этишда пастки қисмдаги давлатлардан фақатгина Ўзбекистон фаол қатнашиб келаётганидан афсусда эканини айтиб ўтди. Унинг фикрича, Амударё ва Сирдарёнинг пастки бўғинида жойлашган давлатлар қурилиш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини англаб етишлари ва муаммо ечимида янада фаолроқ иштирок этишлари керак. 
   “Ўрта Осиёдаги сув масаласи - умуман тараққиёт ва хавфсизлик масаласининг ажралмас қисми”, дея таъкидлади Геосиёсий тадқиқотлар ва амалий фанлар институти илмий ходими Д. Читати. У трансчегаравий дарёларнинг юқори қисмида жойлашган давлатлар халқаро сувларга тегишли БМТ конвенцияларига, уларнинг асосий талаблари, шу жумладан, дарёдан фойдаланганда атроф-муҳитга ва чегарадош давлатлар манфаатларига зиён етказмаслик шартларига қатъий риоя этишлари лозим, деб ҳисоблайди. 
   Мухтасар айтганда, сув масаласида нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда юз берган вазият ҳамда ортиб бораётган хавф шуни кўрсатмоқдаки, трансчегаравий сув ресурсларидан адолатли ҳамда оқилона фойдаланиш муаммоси фақат ва фақат халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига таянган ҳолда ҳал этилиши лозим. Умид қиламизки, улкан энергетик иншоотларни қуриш ташаббускорлари ниҳоят бу ишга онгли равишда ёндашадилар ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига риоя этадилар. 
     С. Дониёров




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech