Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун

Қишлоқ хўжалигида экинлардан мўл ва сифатли ҳосил олишнинг муҳим омилларидан бири — бу ер-сув ресурсларидан унумли фойдаланишдир. Бунда айниқса, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини барқарор ҳолатда сақлаш муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшиламасдан, шўрланишга қарши чора кўрмасдан туриб экинлардан юқори ҳосил олиб бўлмайди. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 29 октябрда қабул қилинган «Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада бар­қарор ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, уларнинг унумдорлигини ошириш ва шу асосда қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини кўпайтириш, шунингдек мелиорация ишларини ташкил қилиш ва молиялаштириш механизмини такомиллаштириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилашга қаратилган мелиорация тизимларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш комплекс тадбирларни амалга ошириш мақсадида 2008—2012 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ишлаб чиқилиб, бос­қичма-босқич амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси томонидан молиялаштирилмоқда. 
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мелиоратив техниканинг кўп профилли паркини янгилаш ва шаллантиришни рағбатлантириш, сув хўжалиги қурилиши ва эксплуатация ташкилотларини замонавий мелиорация техникаси ва асбоб-ускуналар билан таъминлашда ихтисослаштирилган “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси ташкил этилгани айни муддао бўлди. 
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш, мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган пудрат ташкилотларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган 50 га яқин давлат унитар корхоналари ташкил этилди. 
2008 йилдан бошлаб зовур-дренаж тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишларини бажаришга янгича ёндашилиб, бу ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. 
Ўтган йил мобайнида зовур-дренаж тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш ишларини бажариш учун республика бўйича 15 млрд сўм маблағ ажратилиб, тасдиқланган графикка асосан 2008 йилнинг 1 октябрига қадар 427 та объект бўйича лойиҳалаш ишлари тугатилиб, экспертиза муассасалари томонидан хулосалар олинди. Лойиҳа-қидирув ишларини бажариш учун тегишли корхоналар ва вазирлик тизимидаги лойиҳалаш ташкилотлари жалб этилди. 
2008—2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастурига мувофиқ белгиланган дастурга мувофиқ қуйидаги ишлар амалга оширилди: 
- 10400 километрдан кўпроқ зовур-дренаж тармоқлари тизимли тозаланди; 
- 880 километрдан ортиқ ёпиқ-ётиқ дренажларда ювиш ишлари амалга оширилди; 
- зовурлардаги 350 га яқин қувурли ўтиш жойлари таъмирланди; 
- 32 та сув ўлчаш (гидропостлар) иншоотлари, 1224 та мелиоратив тик қудуқлар, 62 та мелиоратив насос станциялар (агрегатлар) таъмирланди. 
Жамғарма маблағлари ҳисобига яқин беш йил мобайнида ихтисослаштирилган қурилиш ва эксплуатация ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 508 дона экскаватор, 116 дона бульдозер, 75 дона ёпиқ-ётиқ зовур-дренаж тармоқларини ювувчи агрегатлар, 91 дона механизмларни ташиш учун ёрдамчи техникалар имтиёзли лизинг шартлари асосида харид қилиш белгиланган. 
Ҳозирга қадар жойларга 126 дона гидравлик экскаватор етказилиб берилди. Бу замонавий техникалар албатта мелиорация тадбирларини сифатли ўтказиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш имконини бермоқда. 
Мамлакатимизда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни янада кўпайтириш, фермерлар даромадини ошириш, халқимиз турмушини фаровонлаштириш, давлатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожлантириш имконини беради.

Ерларни мелиорациялаш бошқармаси





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech