Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
23.04.2015 15:30:00

Ҳисобот даврида Сув хўжалиги бош бошқармаси ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан сув ресурсларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ирригация тизимларини ҳавзалар бўйича бошқариш принциплари асосида ер усти сув ресурсларининг давлат бошқарувини амалга ошириш ва барча даражаларда сувдан фойдаланишнинг бозор принципларини жорий этиш, давлат сув хўжалиги тизимидан фойдаланилишини ва унинг замонавийлаштирилишини таъминлаш, илгаридан суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш борасида муаяйн ишлар амалга оширилди. Жумладан:

Мелиорация соҳасида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан мелиоратив тадбирларни амалга оширишга тизимли ва комплекс ёндошган ҳолда бир қатор ишлар амалга оширилди.

2014 йилда жами 261,3 млрд сўмлик мелиоратив тадбирлар амалга оширилди, бунинг ҳисобига 921,7 км очиқ коллекторлар, 140,9 км ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқлари, 8 дона мелиоратив насос станциялари (агрегат), 159 та мелиоратив тик қудуқлар, 35 та йирик гидротехника иншоотлари, 4,6 км инспекторлик йўли ва 1378 дона мелиоратив кузатув қудуқлари қурилди.

Шу билан бирга, Давлат дастури доирасида, 11 минг 137,7 км очиқ ва 490,6 км коллектор дренаж тармоқлари, 514 дона вертикал дренаж қудуқлари, 35 дона мелиоратив насос агрегатлари, 1357 дона мелиоратив иншоотлар ва 2521 дона кузатув қудуқлари таъмирланди ва тикланди.

2014 йилда Давлат дастури доирасида танлов савдолари асосида жами 171 дона мелиоратив техника ва ускуналар, шу жумладан, 66 дона экскаватор ва 27 дона бульдозерлар харид қилинди.

2014 йилда белгиланган тадбирларни амалга оширилиши натижасида республика бўйича 266 минг гектардан ортиқроқ суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди.

Ирригация тадбирларида. 2014 йилда жами 5402,0 километр узунликдаги хўжаликлараро суғориш тармоқлари тозаланди. Бу ишларни бажаришга 262 та экскаватор жалб этилди. Ҳисобот даврида 5278 дона гидротехник иншоот ҳамда 4854 дона гидропостлар таъмирланди.

Сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 124024,0 километр масофадаги хўжалик ички суғориш тармоқлари тозаланди. Ушбу тармоқлардаги 16415 дона гидротехник иншоот ҳамда 21205 дона гидропостлар таъмирланди. Шунингдек, фермерларнинг 35349 дона сув олиш қулоқлари жиҳозланди.

Насос станцияларидан фойдаланиш ва энергетика таъминотида. Йиллик режага 2726 дона насос агрегатларини таъмирлаш киритилиб, амалда 2807 дона агрегат таъмирланди ёки режа 103,0 фоизга ошириб бажарилди. Суғориш қудуқларини таъмирлаш йиллик режасига 1292 дона қудуқлар киритилиб, амалда 1439 дона қудуқлар таъмирланди ёки режа 111,4 фоизга бажарилди. Ички хўжалик насос агрегатларини таъмирлаш йиллик режаси 1851 донани ташкил қилиб, амалда 2061 дона таъмирланди ёки режа 111,3 фоизга бажарилди.

2014 йил давомида вазирлик тизимидаги сув хўжалиги ташкилотлари томонидан 7364,1 млн кВт/соат электроэнергия сарфланиб, режага нисбатан 633,67 млн кВт/соат электр энергия тежалди.

Ирригация объектларини қуриш соҳасида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 2014 йил қурилиш манзилли дастургаа жами 97 та объект, шу жумладан, 59 та йилдан-йилга ўтувчи ва 38 та янгидан бошланувчи объектлар киритилди.

2014 йилда жами 279,6 км умумий узунликдаги каналлар,
68,2 км узунликда лоток тармоқлари, 10 дона гидротехник иншоотлар, 4,2 км қирғоқ ҳимоя ишлари, умумий қуввати 9,5 м3/сек насос станциялари, 31,8 км узунликдаги босимли қувурлар, 1,5 млн/м3 сиғимли сув омбори эксплуатация ташкилотларига фойдаланишга топширилди. Натижада ушбу бажарилган ишлар туфайли 227,174 минг гектар ер майдонинг сув таъминоти яхшиланди.

Сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятида. Бугунги кунда республикамизда 1496 та Сув истеъмолчилари уюшмалари умумий майдони 3,9 млн гектар бўлган экин майдонларига, жумладан, фермер хўжаликларига сув хўжалиги хизматини кўрсатиб келмоқда. 2014 йил давомида СИУлар томонидан сув истеъмолчиларига жами 47,1 млрд сўмлик хизмат кўрсатилди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда. Вазирлик тизимидаги саноат корхоналари томонидан 125,6 млрд сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2013 йилга нисбатан ўсиш 97,2 фоизни ташкил этди.

Ҳисобот даврида 1141 дона насос агрегатлари, 256 дона электродвигатель, 21,6 минг м3 йиғма темир-бетон буюмлари, 97,0 минг м3 норуда материаллари ва 944,9 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 4 февралдаги “2014–2016 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қабул қилинган дастур доирасида 78 дона турли қувватдаги электродвигателлар, 56 дона ЭЦВ 8-40-60 МК, 496 дона ЭЦВ 10-160-35 МК ва 5 дона Д2500-62 насос агрегатлари ишлаб чиқарилди – умумий қиймати 6388,0 млн сўмни ташкил қилиб, прогноз 150,5 фоизга бажарилди.

VII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида тизимдаги корхона ва ташкилотлар томонидан мамлакатимиз саноат корхоналаридан 2014 йилда маҳсулот харид қилиш бўйича умумий қиймати 47071,2 млн сўмлик (ҚҚСсиз), экспортга маҳсулот чиқариш бўйича 8692,0 минг АҚШ доллари миқдорида шартномалар тузилди.

Мазкур шартномаларга асосан 47072,1 млн сўмлик маҳсулотлар харид қилиниб, режа 100,0 фоизга бажарилди. Экспорт шартномалари бўйича 9838,0 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар импортёрларга жўнатилиб, йиллик прогноз 113,0 фоизга бажарилди.

Сув хўжалиги бош бошқармаси





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech