Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
03.11.2015

Яқинда пойтахтимизда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ўн биринчи Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси бўлиб ўтди.

Ушбу анжуман пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг энг муҳим тадбирлари реестрига киритилган бўлиб, дунё пахта ва тўқимачилик саноати мутахассислари, олимлар, йирик енгил саноат корхоналари ва савдо компаниялари вакиллари орзиқиб кутадиган нуфузли форумлардан бири ҳисобланади. Ярмарка қатнашчилари икки кун давомида ялпи мажлис ва давра суҳбатларида иштирок этиб, жаҳон пахта бозорининг бугунги ҳолати ҳамда унинг истиқболларини муҳокама қилиш баробарида, Ўзбекистоннинг тўқимачилик саноатига хорижий инвестицияларни жалб этиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. Энг асосийси, биржа савдоларида қатнашиб, юқори сифатли ўзбек пахта толаси ва ундан тайёрланган рақобатдош тўқимачилик маҳсулотларининг олди-сотдиси бўйича тўғридан-тўғри савдо битимлари тузишга эришдилар.

Шуниси эътиборлики, анжуманда иштирок этган давлатлар жуғрофияси ҳам, ташриф буюраётган бизнес тузилмалари вакиллари сони ҳам борган сари муттасил ошиб бораётир. Агар 2005 йилда бўлиб ўтган дастлабки ярмаркага жаҳоннинг 30 давлатидан 170 та компания ва фирма вакиллари ташриф буюрган бўлса, бу йил 40 та мамлакатнинг 1000 дан зиёд компаниялари намояндалари қатнашгани ярмарка жаҳон пахта бозорининг энг муҳим анжуманига айланганидан далолатдир.

Пахта толаси бизнесининг марказига айланган Ўзбекистонда қўлга киритилаётган ютуқларнинг кўплаб омиллари бор. Улардан бири ғўза селекциясига давлат миқёсида жиддий эътибор қаратилиб, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилганидир. Бунинг натижасида кейинги йилларда яратилган ғўза навлари техник кўрсаткичларининг устунлиги билан халқаро миқёсда тан олинмоқда.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасинг “Уруғчилик тўғрисида” ва “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги қонунлари, шунингдек, кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг изчил ижроси таъминланаётгани ғўза селекцияси ва уруғчилиги ишлари ривожида муҳим аҳамият касб этаётир. Мазкур ҳужжатларга асосан илмий муассасаларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, илмий тадқиқот ишларини юритиш учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, малакали кадрлар тайёрлаш ва ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Бу эса кутилган самараларни бераётир. 24 йиллик мустақил тараққиётимиз даврида селекционер олимлар томонидан ғўзанинг 112 та янги нави яратилгани, улардан 30 таси давлат реестрига киритилиб, асосий майдонларда парваришланаётгани шулар жумласидандир. Улар ҳосилдорлиги, эртапишарлиги, толасининг ранги, пишиқлиги, микронейри, шунингдек, бошқа техник кўрсаткичларининг халқаро андозаларга тўла жавоб бериши билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, «Наманган–77», «Омад», «Бухоро–102», «Андижон–36», «Хоразм–150», «Наманган–34», «Султон», С-8284 каби тезпишар, «Бухоро–8», «Хоразм–127», С-6541 сингари ўртапишар ғўза навлари шулар жумласидандир. Шунингдек, С-9085, С-8286, «Пахтакор–1», «ЎзПИТИ–201», «ЎзПИТИ–203», «ЎзПИТИ–202», «Истиқлол–14», «Жарқўрғон», С-6550, «Наманган–201» каби ғўза навлари ҳам истиқболли навларимиздандир.

Маълумки, кейинги йилларда кўплаб қимматли белгиларни ўзида мужассамлаштирган, айни чоғда экстремал шароитлар, яъни гармсел, сувсизлик, шўрланиш ҳамда сув ва шамол эрозиясига бардошли ғўза навларига бўлган талаб тобора кучаймоқда. Геномика ва биоинформатика маркази томонидан ишлаб чиқилган янги генлар нокаути технологияси асосида яратилган ғўзанинг «Порлоқ» навлари ана шундай изланишлар мевасидир.

Юртимизда янги навларни яратиш баробарида, уларнинг уруғчилигини ташкил этиш бўйича ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, уруғчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларини тендер асосида танлаб олиш, уларни ўқитиш тизими яратилган бўлиб, уруғчилар, нав муаллифлари ва фермерлар ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ярмаркада тола намуналари билан яқиндан танишган мутахассислар ўзбек пахта толаси асосий кўрсаткичлари билан бирга, HVI тизимида аниқланган қўшимча кўрсаткичлари бўйича ҳам харидорлар талабларига мос эканлигини эътироф этдилар. Бинобарин, юртимизда ишлаб чиқарилаётган тола ва момиққа оид тойма-той сифат кўрсаткичлари бўйича сўнгги тавсифлар Бремен пахта ассоциацияси ва Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг аъзоси – «Сифат» Ўзбекистон пахта толасини сертификатлаш маркази томонидан HVI тизимлари замонавий ускуналаридан фойдаланган ҳолда берилди.

Ушбу мукаммал синов тизими натижалари ўзбек пахта толаси сифати йилдан-йилга яхшиланиб бораётганини кўрсатмоқда. 2014 йилда ишлаб чиқарилган тола таркибида юқори навларнинг улуши 91 фоизга яқин бўлиб, 4–5 навларнинг улуши атиги 5 фоизни ташкил қилди. Бундан ташқари, толанинг тозалигини ифодаловчи синф кўрсаткичлари ҳам яхшиланаяпти. Чунончи, «Биринчи» ва «Иккинчи» навларда «Олий» ва «Яхши» синфларнинг улуши 95,6 фоизга етди. Бу кўрсаткич 2005 йилдагига таққосланганда 28,6 фоиз кўп.

Шундай қилиб XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ўз ишини якунлади. Икки кун давом этган мазкур нуфузли тадбир доирасида 700 минг тонна ўзбек пахта толаси ҳамда умумий қиймати 800 миллион АҚШ долларидан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари савдоси бўйича шартномалар имзоланди. Бу, кутилганидек, жаҳон пахта бозорининг Тошкент форуми юртимиз ишлаб чиқарувчилари ва хорижий харидорлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилганидан далолат.

Чет эллик экспертларнинг эътироф этишича, Ўзбекистон пахтачилик тармоғи ва тўқимачилик саноатида рўй бераётган сифат ўзгаришларини биргина мисол, яъни экспорт жуғрофияси кенгайиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Негаки, илгари толамиз, асосан, Европа давлатлари томонидан сотиб олинган бўлса, эндиликда уни Хитой, Бангладеш ҳамда Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳам импорт қилмокда. Бунинг сабаби битта: у ҳам бўлса, ўзбек пахта толаси юқори сифат кўрсаткичлари билан чет эллик харидорларнинг ишончини оқлади. Булар тизимда олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, тўғри экспорт сиёсати юритилаётганининг самарасидир.

     Т.Долиев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech