Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
15.02.2017 09:27:00

Вьетнам Социалистик Республикаси – Жанубий-шарқий Осиёда, Ҳиндихитой ярим оролида жойлашган давлат. Умумий ер майдони 331,04 минг км2 ни ташкил этиб, дунёда 65-ўринда туради. Шимолда Хитой, ғарбда – Лаос ва Камбоджа, шарқ ва жанубда эса Жануби-Хитой денгизи билан чегарадош. Гарчи сўнгги бир неча ўн йиллар мобайнида мамлакатда саноат жадал суръатларда ривожланаётган бўлса-да, аграр соҳа иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири бўлиб қолмоқда. Қишлоқ ва ўрмон хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 36,6 фоизни ташкил этади. Меҳнатга яроқли аҳолининг 50 фоизга яқини қишлоқ хўжалигида банд.

Вьетнамнинг шимолий ва жанубий ҳудудлари иқлими бир-биридан фарқ қилади. Жанубида ўртача ҳарорат кам ўзгаради: декабрь ойида ҳарорат 26°С гача тушади. Шимолда энг паст ҳарорат январь ойида кузатилиб, 15°С ни ташкил этади. Вьетнамнинг тоғли ва тоғ олди ҳудудларида ўртачи йиллик ёғин миқдори 2500–3000 мм. ни ташкил этади.

Вьетнамликлар деҳқончилигида шоли асосий ўринни эгаллайди: ҳар йили 3,8-4 миллион гектар майдонда шоли етиштирилади. Қулай иқлим шароити шолидан йилига икки-уч маротаба ҳосил олиш имконини беради. Гектаридан ўртача 51–53 центнердан ҳосил олиниб, йилига 40–42 миллион тонна шоли етиштирилади. Шунинг 7,5–8 млн тоннаси экспорт қилинади.

Бундан ташқари мамлакатда батат, маккажўхори, чой, шакарқамиш, сабзавотлар, ананас, банан, кофе ва бошқа экинлар ҳам етиштирилади. Чорвачиликнинг қорамолчилик, паррандачилик, чўчқачилик, балиқчилик соҳалари яхши ривожланган.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган муносабатлар изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Мамлакатларимиз ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш, кўпгина соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш борасида улкан имкониятларга эга.

Икки томонлама муносабатларни янада кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги Вьетнам тажрибасини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 8-12 февраль кунлари қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, илмий-тадқиқот институтлари олимлари, фермерлардан иборат Ўзбекистон делегацияси мазкур мамлакатда бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Зойир Тоирович Мирзаев раҳбарлигидаги делегацияни дастлаб Вьетнам Президенти Чан Дай Куанг қабул қилди. Учрашувда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Зойир Тоирович Мирзаев Вьетнам Социалистик Республикаси Президентига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг совғаси ва мамлакатга таклифи билдирилган мактубни топширди. Ўз навбатида Чан Дай Куанг Ўзбекистон раҳбарининг фаолиятига муваффақиятлар тилаб, қулай вақтда давлат ташрифи билан Вьетнамга таклиф қилди.

Вьетнам Бош вазирининг иқтисодиёт масалалари бўйича ўринбосари Чинь Динь Зунг учрашув давомида мамлакатлар ўртасидаги бугунги кундаги ҳамкорлик мавжуд имкониятлар даражасида эмаслигини қайд этиб, Вьетнам Ўзбекистонга чой, каучук, денгиз маҳсулотлари текстил ва чарм маҳсулотлари етказиб бериш, Ўзбекистондан эса пахта толаси сотиб олиш, минерал ресурсларни ўзлаштиришга инвестиция жалб қилиш, шунингдек, ҳар икки томонда маданият кунлари ўтказиш, кадрлар тайёрлаш, туризмни ривожлантириш, Тошкент-Ханой авиақатновини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди.

Вьетнам Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқларни ривожлантириш вазири Нгуен Суан Куонг билан учрашувда Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида қишлоқ хўжалиги, жумладан, шоличилик, балиқчилик ва кадрларни тайёрлаш бўйича давлатлараро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан музокаралар олиб борилди.

Тай Бинь провинцияси губернатори Нгуен Ханг Зиен Ўзбекистон делегацияси аъзоларини йирик шоли етиштирувчи ва йилига 7 млн тоннадан зиёд гуруч экспорт қилувчи компания фаолияти билан таништирди.

Таъкидлаш жоизки, Вьетнамда шолининг асосан 2 тури: узун гуручли (indica) ва юмалоқ гуручли (japonica) турлари кенг тарқалган бўлиб, юзлаб хилдаги – оқ, сариқ, қизғиш-жигарранг (суғорилмайдиган шоли) ва қора донли (доривор) шоли, шунингдек, байрам таомлари тайёрланадиган муаттар ҳидли ва ёпишқоқ хилдаги гуруч олинадиган шоли навлари Меконг ва Қизил дарёлар ирмоқларида, шимолий минтақаларидаги тик қоя-тоғ террассаларида етиштирилади.

Юқорида қайд этилганидек шоли уч муддатда етиштирилади: асосий экин сифатида май-август ойларида экилиб, ҳосили сентябрь-декабрь ойларида, қиш-баҳор мавсумида декабрь-февраль ойларида экилган шоли апрель-июнь ойларида, ёз-куз мавсумида апрель-июнь ойларида экилиб, август-сентябрь ойларида йиғиштириб олинади.

Шоли асосан кўчат усулида экилиб, шоли дурагайлари экилган майдонлар констант навлар экилган майдонларга нисбатан катта майдонни эгаллайди.

Бугунги кунда Вьетнам Қишлоқ хўжалиги академияси таркибида 17 та илмий-тадқиқот институти фаолият кўрсатмоқда. Вьетнамлик олимлар томонидан кейинги йилларда шолининг шўрга чидамли, фосфор етишмайдиган тупроқларда ҳам юқори ҳосил берадиган AS996 нави яратилган. Ушбу нав ҳозирги пайтда ноқулай шароитларга мослашган навлар яратишда бошқа навларга нисбатан андоза сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бундан ташқари, “ОМ” коди билан ўнлаб OM4498, OM5930, OM4900, OM6073 каби шўрга чидамли навлар яратилган.

Ўзбекистон делегацияси мазкур академия қошидаги Дала экинлари илмий-тадқиқот институтида бўлиб, шолининг янги нав ва дурагайларини яратиш, агротехникасини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Дала экинлари илмий-тадқиқот институти 1968 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 300 нафар киши, жумладан, 4 нафар профессор, 21 нафар фан номзоди, 112 нафар магистр, 79 нафар бакалавр ва 47 нафар техник ходимлар фаолият юритмоқда.

Институт олимлари томонидан айни пайтга қадар қишлоқ хўжалик экинларининг 100 дан ортиқ навлари яратилиб, амалиётга жорий этилган. Жумладан, шолининг анъанавий селекция йўли билан юқори ҳосил берадиган, шўрга чидамли 10 та эртапишар, 20 та ўртапишар, 22 та кечпишар нави ва 8 та дурагайи, соянинг 11 та, ерёнғоқнинг 12 та, кортошканинг 9 та, ширин картошканинг 8 та, сабзавотларнинг 10 та ва мевали дарахтларнинг 10 та навлари яратилган.

Делегация аъзолари дала тажриба майдонларида бўлиб, шоли экиш учун ер тайёрлаш, суғориш, экиш каби агротехник тадбирлари билан бевосита танишиб, ўзаро фирк алмашдилар. Таъкидланишича, шоли етиштиришда 1 гектар майдонга шимолий ҳудудларда ўртача 60-150 кг азот, 60-90 кг фосфор, 60-120 кг калий, жанубий ҳудудларда 60-120 кг азот, 45-60 кг фосфор, 30-45 кг калийли ўғитлар соф ҳолда қўлланилади. Ёмғир сувларидан ташқари 5-6 минг м3 сув сарфланади.

Шоли етиштиришда Вьетнам тажрибасини Ўзбекистонда кенг жорий этиш бўйича Тошкент шоличилик илмий-тажриба станцияси билан Вьетнам Қишлоқ хўжалиги академияси ўртасида имзоланган келишувга кўра, Тошкент шоличилик илмий-тажриба станциясида қўшма синов лабораториясини ташкил этиш ва замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланади. Олимлар ва мутахассисларнинг ўзаро илмий-амалий ҳамкорлиги йўлга қўйилиб, шолининг ноқулай шароитларга чидамли, юқори ҳосил берадиган нав ва дурагайларини яратиш, Вьетнамда яратилган юқори ҳосилли, касаллик ва зараркунандаларга чидамли шоли навларини Ўзбекистон шароитида синовлардан ўтказиш ва бирламчи уруғчилик ишларини ташкил этиш, шолида учрайдиган касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш тизимини такомиллаштириш каби йўналишларда ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб борилади.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Вьетнам Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институти, Ханой Миллий университети, Хоа Бинь провинциясида сув омборида интенсив усулда балиқ етиштирувчи фермер фаолияти, Вьетнам 1-Акватория илмий-тадқиқот институти ва бошқа бир қатор ташкилотлар раҳбарлари, фермерлар, олим ва мутахассислар билан учрашувлар ўтказдилар.

Вьетнам сув ресурсларига жуда бой мамлакат ҳисобланади ва географик жойлашуви 3260 километр соҳил бўйлаб чўзилган, 3000 дан ортиқ турли хил катта-кичик оролларга эга ва 2860 га яқин дарёлар мавжуд. Бу мамлакатда балиқчилик соҳасининг жадал ривожланишига хизмат қилмоқда. Вьетнам балиқчилигининг улкан салоҳиятга эга бўлиши энг аввало мамлакатдаги умумий майдони 1700000 гектар кўллар мавжудлилиги, шундан 811700 га чучук сувда, 635400 га шўр сувда ва 125700 га денгиз қўлтиқларида сувли майдон мавжудлилиги билан боғлиқ. Шу билан бирга 300000–400000 га майдон аквакультура билан шуғилланиш учун қулай бўлган серсув жойлар мавжудлиги, балиқ ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришни оширишга хизмат қилмоқда.

Асрлар давомида Меконг ва Қизил дарёлардан балиқ ушланиб келинган ва маҳаллий аҳоли учун балиқ овлаш асосий тирикчилик манбаи ҳисобланган. 40000 км2 майдонга эга бўлган Меконг дарёси дунёда балиқ захираларига энг бой дарёлардан биридир. Бундан ташқари мамлакатнинг чекка жойларида 4200 км2 дарё, табиий кўл ва бошқа сув омборлари мавсумий ёғингарчилик давриларида 6000 км2 гача кўтарилади ва шунинг натижасида қўшимча балиқчилик билан шуғулланишга имкон яратади.

Ҳозирги кунга келиб балиқчилик соҳаси мамлакатнинг ялпи миллий маҳсулотининг 4–5 фоизини ташкил этади, балиқчилик соҳасида 4 миллиондан ортиқ киши иш билан таъминланган. Бу эса ишга лаёқатли аҳолининг 10 фоизи балиқчилик билан шуғулланади демакдир.

Мамлакатда аквакультура шароитида балиқ етиштириш сўнгги йилларда сезиларли даражада ошди ва ишлаб чиқарилган маҳсулотни чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш, янги ишчи ўринларин ташкил этилишига сабаб бўлди. Ҳозирги кунга келиб балиқни қайта ишлаш корхона ходимларидан 85 фоизини аёллар ташкил этмоқда.

Балиқчиликда давлат бошқарувини ва сиёсатини юритувчи ҳамда соҳа ривожланиши концепция ва стратегияси белгилаш вазифалари Қишлоқ ва қишлоқ тараққиёти вазирлигига юклатилган.

Шу билан бирга, балиқчилик соҳасини бошқаришда балиқчилик ассоциацияси алоҳида ўрин эгаллайди. Мамлакатда барча балиқчилик хўжаликлари хусусий мулкчилик асосида ташкил этилганлигини инобатга олинган ҳолда Вьетнам балиқчилик ассоциацияси (Vietnam Fisheries society (VINAFIS)) ташкил этилган. Ассоциациянинг вазифаси балиқчилик билан шуғуланувчи фуқаролар, корхоналар, қайта ишловчи заводлар ва шу соҳага хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Ассоциация таркибига 30 мингдан ортиқ балиқчилик билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахслар кирган, шулардан 102 таси йирик корхоналардир.

Ассоциация томонидан, ички бозорни ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоялаш мақсадида, ташқаридан олиб келинадиган балиқ ва балиқ маҳсулотларни импорти қатий назорат қилинади ва ушбу ташкилот рухсатисиз ҳеч қандай балиқ ва балиқ маҳсулотлари ташқаридан Вьетнамга киритилмайди.

Вьетнам балиқчилик соҳаси муттасил ривожланишида балиқчилик йўналишида илмий изланишлар олиб борадиган муассалар алоҳида ўрин эгаллайди. 1963 йилда ташкил этилган №1 Аквакультура илмий-тадқиқот институтида ҳозирги кунда 250 нафар ходим, шу жумладан 15 РhD, 10 аспирант, 70 магистр, 155 муҳандис-техник ходим фаолият юритади. Институтнинг 3 та алоҳида тажриба хўжалиги ва 9 та чавоқ ишлаб чиқаришга мўлжалланган минтақавий питомниги мавжуд. Институт турли йўналишларда илмий тадқиқот ишларини олиб боради. Жумладан, балиқ ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш, балиқ касалликларига қарши кураш, балиқ генетикасини яхшилаш, янги истиқболли балиқ турларини ўзлаштириш ва ҳ.к. Институт лабараториялари халқаро стандартларга жавоб берадиган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Хошимин шаҳрида жойлашган №2 Аквакультура илмий-тадқиқот институтида асосан осиё лаққаси (пангасиус) балиқлари бўйича илмий изланишлар олиб борилади. Нячанг шаҳрида жойлашган №3 Аквукультура илмий-тадқиқот институтининг эса асосий фаолияти креветка маҳсулоти билан боғлиқ илмий тадқиқотларга йўналтирилган.

Мамлакатда балиқчилик соҳасидаги илмий изланишлар ишларини ташкил этиш Вьетнам Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ тараққиёти вазирлиги томонидан тўғридан-тўғри амалга оширилади.

Бунда соҳа ривожланиши учун муаммо ва ечими зарур масалалар Вьетнам балиқчилик ассоциацияси томонидан умумлаштирилади ва Вьетнам Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ тараққиёти вазирлигига тақдим этилади. Вазирликни балиқчилик бошқармаси мутахассислари томонидан мавжуд муаммоларнинг илмий ечими бўйича (1-3 йил) илмий изланишлар Дастури белгиланади ва балиқчилик илмий-тадқиқот институтлари олдига аниқ ишланмалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилади ҳамда ишланмаларни жойларда жорий этиш муддатлари белгилаб олинади.

Умуман олганда, Вьетнамда балиқчилик соҳасидаги илмий изланишлар фақат Вьетнам Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ тараққиёти вазирлиги томонидан аниқ белгиланган тараққиёт Дастур параметрлари бўйича молиялаштирилади. Масаланинг бундай қўйилиши балиқчилик соҳасида илмий изланишларнинг ягона ва долзарб йўналишда жамланишига ва ортиқча кераксиз лойиҳаларни молиялаштириш ишларига барҳам беради.

Илмий изланишлар натижаси ва яратилган технологик ишланмалар ҳуқуқи вазирликка тегишли ҳисобланади. Ишланма муаллифи ўзи яратган технологияни вазирлик рухсатисиз бировга бериш ёки чет элга сотиш қонун билан қатъий тақиқланган.

Вьетнам балиқчилик ассоциацияси маълумотига кўра, 2016 йилда 6,6 млн тонна балиқ ва балиқ маҳсулотлари етиштирилган, шундан 2,8 млн тоннаси денгиз соҳили акваториясидан ва ички табиий ҳавзалардан овланган, 3,8 млн тоннаси аквакультура маҳсулотлари (креветка, пангасиус, тиляпия ва бошқа тур балиқлар) дан иборат.

Вьетнамда осиё лаққаси балиқларини (пангасиус) етиштириш улкан саноатга айланган. Ҳозирги кунга келиб дунёда етиштириладиган осиё лаққаси балиқларининг 50 фоизи ушбу мамлакатда етиштирилмокда. Осиё лаққасини қайта ишлаб, филе ҳолатига келтиргандан сўнг маҳсулот махсус технологияда глазурь (махсус жило берувчи қоришма) билан қайта ишланиб қадоқланади ва дунёнинг ўнлаб мамлакатларига экспорт қилинади.

Мамлакатда балиқ маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган 600 та завод мавжуд бўлиб, уларнинг 480 таси АҚШ, Япония ва Европа Иттифоқи бозорларига кириш ҳуқуқини берадиган сифат сертификатлари асосида иш юритадилар.

Давлатда балиқ маҳсулотлари экспорти 2016 йилда 7,1 млрд АҚШ долларини ташкил этгани ҳолда, музлатилган ва қайта ишланган креветка маҳсулотлари улуши 3,2 млрд АҚШ доллари тўғри келади. Балиқчилик саноати корхоналари осиё лаққаси балиқлари экспортидан мамлакат 1,6 млрд АҚШ доллари миқдорида тушум келтиргани ҳолда, тунец балиқларини сотишдан (денгиз қафасларида етиштирилади) 540 минг АҚШ доллари ва ташқаридан олиб кирилган тунец балиқларини қайта ишлашдан (фақат ташқи бозорда сотилади) 250 млн АҚШ долларига тенг фойда олинади. Умуман Вьетнам давлати балиқ маҳсулотлари экспортининг 65 фоизини сунъий усулда етиштириладин аквакультура маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади.

Вьетнамда балиқ етиштириш ишларидаги, бу каби ижобий ўзгаришлар, мамлакатда омухта ем саноатида олиб борилган кескин иқтисодий ислоҳотлар натижасида юзага келган. Бунда ташкил этилган янги катта омухта ем ем заводлари эгалиги (60-70 фоиз акциялари) трансмиллий корпорацияларга бериб юборилган. Бу корхоналарда (Мару корпорейшн, Био мар, Коппенс ва Алер Аква) технологиялари бўйича қурилган ва улар томонидан ишлаб чиқилган рецептуралар асосида грануланган, экструдерланган балиқ омухта еми ишлаб чиқилади ҳамда балиқчилик хўжаликларига тизимли ва узлуксиз етказиб берилади.

Давлатда балиқ маҳсулотлари экспорти 7,1 млрд АҚШ долларини ташкил этгани ҳолда, ички бозорга 4 млрд АҚШ долларига тенг балиқ омухта ем компонетлари (буғдой, маккажўхори, соя шроти ва турли қўшимча витамин ва премикслар) олиб кирилади.

Вьетнамда ички сув ҳавзаларини балиқлантириш алоҳида ўринда туради. Бунда асосан ўсимликхўр балиқ турлари балиқлантирилади.

Вьетнам давлатида овланган ва етиштирилган балиқ маҳсулотлари маркетинги қуйидаги тартибда амалга оширилади:

• тирик, музлатилган ва қайта ишланган ҳолда маҳаллий аҳоли истеъмолига йўналтирилади;

• қайта ишланган ҳолда ташқи бозорга – экспортга йўналтирилади;

• овланган паст сифатли балиқ турлари, музлатилган ва тирик ҳолда, аквакультура маҳсулотлари етиштиришда, жумладан, креветка ва қимматбаҳо балиқларни боқишда озуқа сифатида фойдаланилади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, ташриф асносида Ўзбекистон балиқчилик илмий-тажриба станцияси билан Вьетнам №1 Аквакультура илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш, “Вьетдик” савдо-инвестиция компанияси билан Оҳангарон сув омборида балиқчиликни ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик меморандуми, Мўйноқ туманида Вьетнам балиқчилик хўжаликлари Марказий Кенгаши ҳамда “Нгуен Ван Чи” корхонаси билан ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этиш, Хива туманидаги “Эшон работ балиқ” фермер хўжалигида “Нгуен Ван Чи” корхонаси билан ҳамкорликда қўшма корхона ташкил этиш бўйича келишувлар имзоланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Вьетнам Қишлоқ хўжалиги миллий университетида бўлиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўқитиш тизими, малакали мутахассис-кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни олиб бориш ва амалиётга жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Вьетнам Қишлоқ хўжалиги миллий университети 1956 йилда ташкил этилган бўлиб, Ханой шаҳрида 200 гектарлик майдонни эгаллаган. Бу ерда замонавий аудиториялар, илмий-амалий бинолар, шинам ётоқхоналар, замонавий ахборот ресурс маркази, йирик гимнастика ва спорт комплекси ҳамда бошқа муҳим тузилмалар барпо этилган.

Университет кўп тармоқли ҳисобланиб, унда 1340 нафар профессор ва педагоглар 39 мингга яқин талабаларга таълим беради. Олийгоҳ таркибида 14 факультет: агрономия, зоотехния, аквакультура, ветеринария, экология, ер ресурсларидан фойдаланиш, инженерия, иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, бухгалтерлик ҳисоби ва бизнесни бошқариш, сиёсий ва ижтимоий фанлар, озиқ-овқат саноати ва технологияси, информацион технологиялар, биотехнология, таълим ва чет тиллари факультети; 4 та илмий-тадқиқот институти: агро-биология институти, иқтисодиёт ва ривожланиш институти, муҳандислик ишланмаларни ривожлантириш институти ҳамда шоли илмий-тадқиқот институти фаолият кўрсатади.

Шунингдек, университетнинг 12 та тадқиқот ва хизматлар маркази, нашриёт ва масъулияти чекланган жамият шаклидаги компанияси мавжуд бўлиб, улар биринчи навбатда аҳоли эҳтиёжини қондириш учун ишланмаларни жорий этишга хизмат қилади.

Университетда таълим тизими уч босқичдан иборат:

бакалавриат – давомийлиги 4 йил бўлиб, талабалар 26 та йўналишда ўқишади;

магистратура – давомийлиги 1,5–2 йил бўлиб, магистрантлар 19 та йўналишда таълим олишади;

докторантура – давомийлиги 3–4 йил бўлиб, докторантлар 17 та йўналишда таҳсил олишади.

Университетда халқаро алоқалар бўйича ишлар яхши йўлга қўйилган. Хитой, Таиланд, Япония ва Чехия каби давлатлар билан қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида мунтазам тарзда мутахассислар, талабалар алмашиш, малакали кадрларни тайёрлаш ва илмий-тадқиқотларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш ва маълумот алмашиш йил сайин ривожлантирилмоқда. Шу орқали мутахассисларнинг малакаси оширилиб, илмий салоҳияти мустаҳкамланмоқда.

Бугунги кунда 80 дан ортиқ хорижий университетлар, илмий-тадқиқот институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро алоқалар ривожлантирилмоқда.

Шу жиҳатдан, Вьетнам Қишлоқ хўжалиги миллий университети билан Тошкент давлат аграр университети ўртасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Умуман олганда, Ўзбекистон делегациясининг Вьетнам Социалистик Республикасига ташрифи ҳар томонлама самарали ва ўзаро манфаатли келишувларга бой бўлди.

Қ.Тўрақулов, Ш.Толибов, Р.Қурбонов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech