Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
21.04.2017 12:30:00

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарори асосида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида 2017 йилнинг 1-чорагида 11 та лойиҳа бўйича 15,558 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини ўзлаштириш режалаштирилган. Ҳукумат кафолати остида амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар бўйича ҳисобот даврида 35,598 млн. АҚШ доллари (2,3 карра) миқдорида кредит маблағлари ўзлаштирилган. Жумладан:

1. “Хоразм вилоятидаги Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш” лойиҳасининг умумий қиймати 144,2 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, 90,37 млн. доллари Ислом Тараққиёт Банки кредити, қолган қисми эса Ўзбекистон ҳукуматининг улушидир. Ҳисобот даврида 2,062 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилди.

2. “Аму-Бухоро машина канали тизимини қайта тиклаш” лойиҳасининг умумий қиймати 406,29 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, Осиё Тараққиёт Банки кредити 216,75 млн. долларни, Япониянинг JICA фондининг маблағи 108,97 млн. долларни, Ўзбекистон ҳукуматининг улуши эса 80,57 млн. долларни ташкил этади. Ҳисобот даврида 0,67 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ўзлаштирилди.

3. “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳасининг умумий қиймати 376,714 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 115,924 млн. доллари Ўзбекистон ҳукуматининг улуши ва 260,79 млн. доллари Жаҳон банкининг қарз маблағларидир. Ҳисобот даврида 0,087 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилди.

4. “Сурхондарё вилоятида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш (Хазарбоғ-Оққопчиғай каналлар тизимини қайта тиклаш)” лойиҳасининг умумий қиймати 122,72 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 33,17 млн. доллари Ўзбекистон ҳукуматининг улуши ва қолган қисми Ислом тараққиёт банкининг қарз маблағларидир. Ҳисобот даврида 0,24 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилди.

5. “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. 2-босқич” лойиҳаси Идоралараро тендер комиссиясининг 2013 йил 31 декабрдаги 115-сонли баёни асосида амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22 июлдаги 3-сонли баёни топшириғига асосан лойиҳанинг нархи тупроқ ишлари ҳисобига (263,7 млн. АҚШ долларидан 219,5 млн. АҚШ долларигача) оптималлаштирилди. Ҳозирда лойиҳанинг ушбу оптималлаштирилган техник иқтисодий асослари Жаҳон банки томонидан қўриб чиқилмоқда ва 2017 йилнинг июнь ойида Директорлар кенгаши тасдиғига киритилиши кутилмоқда.

6. “Қашқадарё вилоятидаги “Дўстлик 1-2-3” насос станциясини қуриш” лойиҳасининг умумий қиймати 21,23 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 14,2 млн. доллари Ўзбекистон ҳукуматининг улуши ва қолган қисми Хитой Халқ Республикаси ҳукуматининг қарз маблағларидир. Лойиҳа бўйича 2017 йилнинг январь-март ойларида кредит маблағларини ўзлаштириш кўзда тутилмаган. Лойиҳа тасдиқланган тармоқли жадвал асосида амалга оширилмоқда.

7. “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш” лойиҳасининг умумий қиймати 219,28 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 150,0 млн. доллари Халқаро тараққиёт ва тикланиш банки улуши, 34,20 млн. доллари Ўзбекистон ҳукуматининг улуши, қолган қисми эса лойиҳа ташаббускорларининг улушидир. 2017 йил учун жами 34,6 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилиши режалаштирилган бўлиб, шундан ҳисобот даврида жами 31,75 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилди ёки режага нисбатан 365 фоизни ташкил этди.

8. “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш (Сурхондарё вилоятида мева-сабзавотчиликни ривожлантириш)” лойиҳасининг умумий қиймати 28,33 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 20,44 млн. доллари Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси улуши, 1,67 млн. АҚШ доллари Ўзбекистон Ҳукуматининг улуши, 5,24 млн. доллари бенифициарлар улушидир. Ҳисобот даврида жами 0,788 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилди.

9. “Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида сут маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни кенгайтириш” лойиҳасининг умумий қиймати 39,4 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 23,8 млн. АҚШ доллари Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг улушидир. Лойиҳа бўйича 2017 йилнинг январь-март ойларида кредит маблағларини ўзлаштириш кўзда тутилмаган.

10. “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида мева-сабзавотчиликни ривожлантириш” лойиҳасининг умумий қиймати 39,4 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Шунинг 14,0 млн. АҚШ доллари Жаҳон банкининг улушидир. Лойиҳа бўйича 2017 йилнинг январь-март ойларида кредит маблағларини ўзлаштириш кўзда тутилмаган. Лойиҳа тасдиқланган тармоқ жадвали асосида амалга оширилмоқда.

11. “Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни модернизациялаш” лойиҳасининг умумий қиймати 240,98 млн АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 150,0 млн. АҚШ доллари Осиё тараққиёт банкининг улушидир. Лойиҳа бўйича 2017 йилнинг январь-март ойларида кредит маблағларини ўзлаштириш кўзда тутилмаган. Лойиҳа тасдиқланган тармоқли жадвал асосида амалга оширилмоқда.

           Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech