Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
05.10.2017 18:46:00

Тиббиёт нуқтаи назаридан олиб қараганда, одам озиқ-овқат рационида балиқ маҳсулотлари бир йилда ўртача 12–16 кг.ни ташкил қилмоғи лозим, чунки балиқ маҳсулотларининг бош мия фаолиятини яхшилашда, одам организмидаги моддалар алмашинуви жараёнида аҳамияти ниҳоятда катта.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан 2009 йилларгача республикамизда йилига ўртача 6–9 минг тонна атрофида балиқ етиштириб келинган. 2009 йилдан бошлаб ҳукуматимиз томонидан тармоққа эътиборнинг ортиши ва тегишли қарорларнинг қабул қилиниши натижасида бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилиб, 2016 йилда мамлакатимизда балиқ етиштириш 70000 тоннадан ошди.

Ҳозирги кунда бизда мавжуд технологиялардан унумли фойдаланиб балиқ етиштиришдаги ишларни жонлантирсак яна 20–25 минг тоннага оширишимиз мумкин. Бу эса ниҳоятда оз, чунки республикамизнинг балиқ ва балиқ маҳсулотларига йиллик эҳтиёжи ўртача 350–450 минг тоннани ташкил этади. Шунинг учун, Президентимизнинг 2017 йил 1 майдаги “Балиқчилик тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Балиқ ва балиқ маҳсулотлари етиштириш ҳажмини оширишга республикамиз ҳудудидаги сув ҳавзалари бугунги ҳолатини кенг қамровли илмий изланишлар олиб бориш йўли билан ўрганиб, шулар асосида берилган тавсияларга мувофиқ ишларни ташкил этиш орқали эришимиз мумкин бўлади.

Бу борада малакали мутахассислар масаласи жуда долзарбдир. Шу боис балиқчилик тармоғидаги ходимларнинг билим ва малака-кўникмаларини шакллантириш, уларни тайёрлаш учун Аграр университет негизида балиқчилик факультети фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ташкил қилинди. Мазкур институтнинг асосий вазифалари сифатида, илғор интенсив технологияларни республика шароитида синаб кўриш, қайта ишлаш саноати (консерва, просерва, дудланган) объектларини ўрганиш, ўлкамиз шароитига мос келадиган турларни иқлимлаштириш кабиларнинг белгиланиши балиқчилик тармоғида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун катта имкониятлар яратади.

Масалан, олиб борилган илмий ишлар самараси сифатида институт тажриба участкасида намунавий-кўргазмали хўжаликлар ташкил қилиб, балиқчилик йуналишида таълим олаётган талабалар малака, кўникмаларини шакллантиришда фойдаланиш, шунингдек балиқчиликда тадбиркорлик қилмоқчи бўлган ишбилармонлар учун кўргазмали дарслар ўтказилиши назарда тутилган. Бундай ишларнинг амалга оширилиши балиқчиликдаги амалий ишларнинг олға силжишига сабаб бўлиб, балиқ маҳсулотлари етиштиришнинг ошишига олиб келади. Зеро, балиқ етиштириш сердаромад соҳа, бежизга балиқ етти хазинанинг бири сифатида тилга олинмайди.

Бугунги кунда балиқ чавоқларини етиштириш, улар билан ҳовузларни, кўлларни, сув омборларини балиқлантириш каби муаммолар бизнинг тадқиқотчиларимизга яхши таниш, балиқчилар уларнинг бу соҳадаги тавсияларига амал қилиб келишса-да, экологик асослар ва иқлим даврийлиги каби муаммоларга дуч келишмоқда. Натижада биз озуқа занжирининг дастлабки бўғинларида гектаридан уч тоннадан ортиқ балиқ ололмаймиз (энг маҳсулдор балиқлардан) кўл ва сув омборларидан эса ривожланган балиқ хўжаликлари ҳам гектаридан 40–50 кг.дан ортиқ балиқ овлаша олмайди.

Интенсив аквакультуранинг янги назарияларини, балиқларни янги тип озуқа бирликлари билан озиқлантиришни, уларни янги тизимда боқишни ўзлаштириш орқали балиқ боқишнинг янги технологияларини ишлаб чиқиб, балиқ маҳсулдорлигини 100–200 марта (бир метр куб сувда 40 кг) оширишимиз мумкин бўлади. Бундай технологиялар сув ҳавзасининг катта қисмини эгалламайди (сув ҳавзасининг 1% дан кам қисми), асосийси сув режимини ўзгартиришни талаб қилмайди, балиқ ҳўжаликлари сув сифатини ифлослантирмайди, бажариладиган барча ишлар сувдан комплекс фойдаланиш тамойили асосида қурилади.

Бу борада Балиқчилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан кейинги уч йил учун африка лаққаси, карп ва бошқа балиқларни илғор технологиялар ёрдамида етиштириш бўйича комплекс амалий изланишларга асосланган ишончли ишланмалар ишлаб чиқилган.

Мамлакатимизнинг балиқчилик тармоғида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Келгусида бу алоқалар янада ривож топади.

Бу ҳамкорлигимиз элимиз дастурхонининг балиқ ва балиқ маҳсулотлари билан тўкин бўлишига хизмат қилиши шубҳасиз албатта.

    М.Юлдашов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech